- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Меҳнат ресурслари мобиллигини диверсификациялаш йўналишлари

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 12.09.2019 @ 13:00 In Архив статей | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Маълумки, юртимизда кейинги йилларда аҳо­ли банд­лиги ва иқ­тисодий фаоллигини ошириш мақ­садида янги иш ўринларини ташкил этиш ва мавжуд иш ўринларининг барқа­рорлигини таъминлашга жиддий эътибор қара­тилмоқда. Бунда асосий эътибор ишсизликни камайтириш, меҳнат бозорига илк бор кириб келувчи олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, аҳоли­нинг ижтимоий заиф қат­лами, хусусан, аёллар, ногиронлар, жазони ўтаб келган шахслар, одам савдоси жабрдийдалари, ташқи миграция иштирокчилари ва бошқалар­нинг иш билан бандлигини оширишга қара­тилмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Пре­зидентининг 2017 йил 24 майдаги «Банд­лик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5052-сонли фармони мамлакатимиздаги меҳнат муносабатларини янги босқичга олиб чи­қишда муҳим ҳужжатлардан бири тариқасида қабул қилинди.
     Меҳнат бозорига кириб келаётган янги ишчи кучи салмоғининг юқори эканлиги, биргина олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ҳисобига йилига ўртача 500 мингга яқин янги меҳнат ресурсларининг кириб келиши мамлакат меҳнат бозоридаги ишчи кучи ортиқчалигини келтириб чиқаради. Мамлакатнинг ички имкониятлари асосида меҳнат ресурсларини тўлиқ меҳнат фаолиятига жалб этишнинг имконияти йўқ.
     Жаҳон амалий тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, кўпгина давлатлар меҳнат ресурсларининг маълум бир қисми бошқа давлатларда, асосан ҳудудий яқин мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишлари ва мамлакат иқтисодиётига сармоя олиб киришлари кузатилади.
     Бугунги кунга келиб дунёнинг деярли 200 та мамлакати жаҳон меҳнат бозорининг таркибий қисми бўлмиш халқаро меҳнат бозорида иштирок этмоқда. Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра дунёдаги жами халқаро меҳнат мигрантларининг сони 258 миллион кишига етган бўлиб, улар томонидан амалга оширилган 601 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги пул ўтказмаларининг 429 миллиарди ривожланаётган мамлакатларга йўналтирилган.
     Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра 2018 йилда 2,4 миллионга яқин фуқаролар хорижий давлатларда меҳ­нат қилганлар, бу жами иқтисодий фаол аҳолининг 16,3 фоизини ташкил этади. Бундай ҳолат ташқи меҳнат миграцияси масалаларига давлат даражасида янада жиддийроқ эътибор қаратиш, уни тартибга солиш бўйича мавжуд механизмларни доимий равишда такомиллаштириб боришни талаб қилади.
     Ўзбекистонлик мигрантларни қа­бул қилувчи давлатларнинг географик кўлами жуда кенг, респондентлар дунёнинг 4 қитъасининг турли жойларида жойлашган 120 дан ортиқ ша­ҳарларда меҳнат фаолиятини амалга оширган. Ўзбекистонлик мигрантларни энг кўп қабул қилувчи давлатлар бу Россия Федерацияси (78,4%) ва Қозоғистон Рес­публикаси (11,9%) ҳисобланади (1-диаграмма).
 

     Диаграммадаги динамикага эътибор берилса, Ўзбекистонлик мигрантларни қабул қилишда Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон Рес­публикасининг улуши кейинги йилларда камайиб боришини кузатиш мумкин. Бунинг сабаби сўнгги пайт­ларда ўзбек мигрантларининг узоқ хориж мамлакатларига бориб меҳнат қилишни афзал кўришлари билан боғлиқ. Бу давлатларда кейинги йилларда меҳнат мигрантлари учун пайдо бўлган айрим муаммоли масалалар фуқароларимизни бошқа узоқ хориж давлатларига боришга интилишига олиб келган. Бунда хусусан, Туркия (5,4%) ва Жанубий Кореянинг (2,2%) улуши ортиб бормоқда. Туркияга бўлган мигрантлар оқимининг тез суръатларда ошишини ҳисобга олиб, ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан мигрантларни расмий йўл билан юборилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги 2885-сонли қарори, 2017 йил 21 декабрдаги «Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида»ги ҳукуматлар­аро Битим Россия Федерацияси билан миграция соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
     1995 йилда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ ўзбекистонликлар «Саноат стажировкаси дастури» асосида Корея Республикасига юборила бошланди.
     Ўзбекистон Респубикасининг доимий аҳоли сони мунтазам ортиб бораётган шароитда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш билан бирга республика фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун янги йўналишларни излаш зарурати пайдо бўлмоқда. Бунда мамлакати иқтисодиётини ривожлантириш ва келажакда малакали кадрларнинг чет элга чиқиб кетишини секинлаш­тириш учун ташқи ҳудудий мобиллик меҳнат ресурслари оқимларини қай­та тақ­симлаш учун рақобатлаша­ётган бош­қа мамлакатлар орасида ўз ўрнини топиши, ишчи кучи рақобатбардош­лигини ошириши, республика ҳуду­дидан ташқарида ишлаётган меҳ­нат ресурсларидан инвестициялар жалб қилиш учун устуворликлар яратиши зарур. Бошқа тарафдан ишга жойлашиш учун борадиган мамлакатни танлаш тўғрисида қарор қа­бул қи­лиш­да жўнаб кетувчиларга бош­қа мамлакатларнинг машҳурлиги ва ўзига жалб этувчанлиги ҳақидаги объектив ахборот ёрдам бериши мумкин.
     Чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи мигрантлар учун ўз оиласи билан бирга бўлиш ҳам муҳимдир, бироқ бу қабул қилувчи мамлакатлар учун ҳар доим ҳам фойдали эмас. Меҳнат қилувчилар ўз шах­сий манфаатларини ифодалаши мамлакатдан керакли мутахассисларнинг чиқиб кетишини келтириб чиқа­риши мумкин ва ҳоказо. Ва шу вазият нуқ­таи назаридан донор мамлакат­ларни ҳам, реципиент мамлакатларни ҳам ва жўнаб кетувчиларнинг ўзи­ни ҳам қаноатлантириш анча қийин.
     Австралия, Россия, АҚШ, Канада ва Қозоғистоннинг популяция сиғими юқори. Бизнинг мақсадимиз Ўзбекис­тон Республикасидан меҳнат ресурс­ларининг ташқи ҳудудий мобиллик оқимларини диверсификациялашнинг бошқа йўналишларини танлаш­дан иборат.
     Ўзбекистон Республикаси Ҳуку­ма­ти мамлакат ҳудудидан меҳнат ресурсларини узоқ хорижий мамлакатларга жўнатишнинг бошқа вариантларини, масалан, меҳнат ресурс­ларини бир қатор араб мамлакатларига қайта йўналтириш вариантини ишлаб чиқиши зарур. Бу борада Қу­вайт, Қатар, БАА меҳнат бозорлари имкониятларини ўрганиш ва таҳ­лил қилиш ҳамда бу давлатлар билан мазкур йўналишда тегишли битимлар имзолаш лозим. Шу муносабат билан қуйидаги тавсияларни таклиф қилиш мумкин:
     ● 2030 йилгача мўлжалланган Ўзбекистон Респубикаси фуқаролари меҳ­нат миграцияси миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қи­лиш;
     ● демографик вазият ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжга (шу жумладан, чет мамлакатларнинг меҳнат бозоридаги эҳтиёжга), илғор халқаро таж­рибага мувофиқ миграция сиёсати доим такомиллаштирилишини таъминлаш;
     ● ишчилар келувчи мамлакатларда қонуний бўлиш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш инфратузилмасини кенгайтириш зарур. Фақат ишончли расмий сервислар (ҳуқуқий, ахборот ва ҳ.к.) бозордан номақбул хизматларни суриб чиқариши мумкин. Хусусий бандлик агентликлари фаолияти учун ҳуқуқий майдон яратиш ва ишчи кучи лизинги каби янги кадрлар технологияларидан фойдаланишни (ҳуқуқий доиралар яратиш асосида) тавсия қилиш;
     ● ички ва ташқи меҳнат ресурсларини ҳисобга олишнинг электрон тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;
     ● қайтиб келган ишчиларнинг кўпчилиги ҳозирда ишсиз фуқаролар эканлигини ҳисобга олсак, уларни яшаш жойи бўйича Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ўз вақтида ҳисобга қўйиш ва уларга иш­сизлар мақомини бериш масаласини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш;
     ● тегишли диплом/сертификатлар берилган, касбга ўқитиш марказларида ўртача ва қисқа муддатли курслардан ўтказилган ҳолда малака ошириш, касбий кўникмаларни сертификатлаш, шунингдек, бошқа хизмат турларини кўрсатиш мақсадида бўш иш ўринлари, ўқитиш ва қайта ўқитиш тўғрисида аҳолини хабардор қилиш механизмини такомиллаштириш зарур. Яъни қайтиб келган меҳнат ресурслари давлат у ҳақида ғамхўрлик қилаётганига ҳам­да уни ижтимоий ва иқтисодий реинтеграция қилишга катта аҳамият бераётганига ишонч ҳосил қилиши;
     ● Ўзбекистон Республикаси ҳу­дудларида реинтеграция қилиш марказларини ташкил этиш, қайтиб кел­ган, чиқариб юборилган ва депортация қилинган ишчиларни ички ва ташқи меҳнат бозорида эҳтиёж юқо­ри бўл­ган касбларга, шунингдек, ишчи кучини қабул қилувчи бошқа мамлакатлар тилига ўқитиш зарур. Ке­йинчалик хорижга жўнаб кетувчи меҳ­нат ресурслари сафига қўшилиш­ни хоҳ­ловчи мактабларнинг битирувчиларини ҳам ўқитиш;
     ● хорижда меҳнат бозори эҳтиё­жини, шу жумладан, турли малакадаги кадрларга бўлган эҳтиёжини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг доим амал қиладиган тизимини яратиш, шунингдек, ишга жойлашадиган мамлакатга керак бўлган касблар рўйхатини тайёрлаш зарур.
     Хулоса қилиб айтганда, кўрсатил­ган тавсиялар бажарилиши Ўзбекис­тон Республикаси меҳнат бозорини ривожлантиришда, иқтисодий ўсишини таъминлашда ва аҳолининг яшаш шароитлари ва сифатини яхшилашда меҳнат ресурслари мобиллиги ролини сезиларли даражада кучайтиради.
 
Зафар ШАКАРОВ,
ТДИУ мустақил изланувчиси

Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/arhiv-statey/o-zbek-me-nat-resurslari-mobilligini-diversifikacziyalash-j-nalishlari.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/arhiv-statey/o-zbek-me-nat-resurslari-mobilligini-diversifikacziyalash-j-nalishlari.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.