- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) «Ўзсаноатқурилишбанк» фаолиятидаги туб ўзгаришлар

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 18.11.2019 @ 10:59 In Архив статей | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистонда тижорат банк­лари фаолияти изчил ри­вожланмоқда. Бунда етак­чи давлатлар тажрибаларига таяниш ҳам ҳар томонлама қўл келмоқда.
     2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қи­лингач, cоҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Президентимиз 2018 йил 21 декабрда «Тижорат банк­ларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ва кредит сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагандан кейин эса бу борадаги саъй-ҳара­катлар янада жадаллашди. Асосий эътибор тизимни жаҳон молия бозорига интеграциялаш масалаларига қаратилди. Шунга кўра қарорда устав капиталида давлат улуши бўл­ган тижорат банклари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни ил­ғор тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритувчи бар­қарор ҳамда рақобатбардош молия ташкилотларига айлантириш ус­тувор вазифалар сифатида белгиланди. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ уларнинг ижросини таъминлаш асноси Халқаро молия корпорацияси билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, ушбу ташкилот маслаҳатчилари кўмагида Банкни трансформация қилиш дастурини яратди.
     Хизмат кўрсатиш йўналишида трансформация
     Бугунги кунда мана шу йирик ло­йиҳа асосида ишлаб чиқилган ҳамда банкни замонавий талаблар асосида ислоҳ этиш кўзда тутилган янги бизнес модел, 2019–2021 йилларга мўлжалланган банкни стратегик ривожлантириш дастури ҳамда Мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Банк инфратузилмалари ва IT технологиялари давр талабларига монанд такомиллаштирилиб, операцион самарадорлиги оширилди, замонавий банк маҳсу­лотлари ва янги дастурлар қўллани­либ, масофадан кўрсатиладиган инновацион хизматлар қамрови кенгайтирилди. Тизимнинг муҳим йўналишларидан бири саналмиш кредит сиёсати такомиллаштирилди. Банк кредит портфели ва ресурслари янги манбалар ҳисо­бидан шакллантирилиб, таркиблари самарали диверсификация қилинди.
     Шунингдек, риск менежменти ва корпоратив бошқарув тизими халқа­ро стандартларга мувофиқлашти­рилди. Ходимлар малакасини ошириш, кадрлар захирасини юқори са­лоҳиятли мутахассислар билан мус­таҳкамлаш доимий равишда диқ­қат марказида бўлди. Филиалларда мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимлари фронт ва бэк офисларга ажратилиб, аҳоли ва хўжалик субъектларига хизмат кўрсатувчи алоҳида бўлинмалар ташкил этилди. Банк маҳ­сулотлари сотуви бўйича янги тизим вужудга келтирилди. Бевосита мижозлар билан ишлайдиган ходимлар янги хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича ўқитилди. Уларнинг фаолиятини баҳолаш, чунончи, намунали хизмат кўрсатган ва маҳсулотлар сотуви бўйича яхши натижаларга эришган ходимлар учун рағбатлантириш механизми жорий қилинди.
     «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан Ўзбекистонда биринчи бўлиб:
     ● юридик шахс мақомидаги мижозларга 24/7 режимида ишловчи онлайн банк хизматлари тақдим этилди;
     ● кредит карталари муомалага чиқарилди;
     ● банкнинг Яшнобод филиалида Инвестиция фаолиятини мувофиқ­лаштириш ва лойиҳаларни бош­қариш маркази фаолият кўрсата бошлади;
     ● аҳолига жаҳон стандартлари асосида хизмат кўрсатиш мақса­ди­да илғор технологиялар билан жи­ҳозланган Банк хизматлари маркази ишга туширилди (бугунги кунда жойларда 12 та ана шундай марказ фаолият юритмоқда);
     ● банкнинг пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек филиали қошида ихтисослаштирилган бўлим очилди. Унда жисмоний шахсларга мўлжалланган хизматлар мажмуаси махсус хизматлар пакети сифатида таклиф этилмоқда. «SQB Elite», «Visa platinum», «Lifestyle management» ҳамда жамғарма ва кредитлаш бўйича ечимлар дастури шулар жумласидандир. Бунда биргина «Visa platinum» пластик картаси фойдаланувчиларига нафақат юртимизда, балки дунёнинг исталган нуқтасида қатор имтиёзлар берилади. Депозит ячейкалардан фойдаланишда, онлайн харидларни амалга оширишда махсус чегирмалар, сайёҳларга хал­қаро даражада тиббий ёрдам ва ахборот хизмати кўрсатиш, аэропортда кутиб олиш ва кузатиб қўйиш каби хизматлар ҳам шу мажмуадан ўрин олган.
     Мижозларга масофадан хизмат кўрсатадиган «UzPSB Mobile», «Менинг банким», «Шахсий кабинет», «Корпоратив интернет банкинг», «UzPSB Mobile Business», «SMS Banking» каби дастурларнинг барчаси янги хизматларга мослаштирилди. Жумладан, жисмоний шахс мақоми­даги мижозлар учун «UzPSB Мobile» мобил иловасининг веб талқини – «Менинг банким» иш бошлади. Ҳозир у орқали 60 га яқин турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Банкнинг юридик шахс мақоми­даги мижозлари учун «Корпоратив интернет банкинг» дастури воситасида хорижий валютани онлайн буюртманомага биноан сотиб олиш йўлга қўйилди.
     Мижозларга депозит сақлашга тўсқинлик қилувчи чекловлар сони кескин камайтирилган янги депозит турлари амалиётга киритилди. Масофадан туриб ҳисоб рақами очиш ва бошқариш имконини берувчи 12 турдаги онлайн омонатлар жорий этилди.
Ўз фаолиятини эндигина бошлаётган тадбиркорлик субъектларига банкда ҳисоб рақами очишларига кўмаклашиш ниятида банк ахборот тизими Давлат хизматлари марказлари билан интеграция қилинди. Шунингдек, бу субъектлар учун қулай хизмат тарифлари қўлланилиб, уларга 2 ой давомида бепул хизмат кўрсатиш белгиланди.
     Банк кредитлаш тизимидаги ўзгаришлар салмоғи
     Банкда мижозларга тоифаси (корпоратив, кичик бизнес ёки чакана бизнесга мансублиги) бўйича хизмат кўрсатиш тизими тайёрланди. Унга кўра кичик бизнес субъектларини кредитлаш биринчи босқичдаёқ филиал томонидан амалга оширилади.
     Кредит ажратиш жараёнларини соддалаштириш учун кредит конвейер ва электрон кредит қўмитаси тизими танлаб олинди. Айни кезларда кичик бизнес соҳасига кредитлар скоринг тизими асосида таҳлил қили­ниб, конвейер дастури орқали (қўми­тасиз) ажратилмоқда. Шунинг баробарида битта кредитни расмийлаштиришга сарфланадиган вақт чакана кредитлар бўйича 3 кундан 6 соатга, кичик бизнес субъектлари бўйича эса 10 кундан 3 кунга қисқар­тирилди. Кредит олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 14 тадан 5 тага камайтирилди.
     Тадбиркорларнинг айланма маб­лағларини тўлдиришга оид талаб-эҳтиёжларини қондириш мақсадида қисқа муддатли тезкор хорижий кредит линияларини (савдони молиялаш­тириш мақсадида) ажратиш маъқул деб топилди.Эндиликда бундай савдони молиялаштириш линиялари 8 турдан иборат бўлиб, улар ҳисобидан 2018 йилда 36,4 миллион, жорий йилнинг дастлабки ярмида эса 51 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.
     Пироварида кичик бизнес субъектларига йўналтирилган кредит қў­йилмалари ўтган йили 11, жорий йилнинг биринчи ярмида 9 баробарга ошди. Чакана кредитлар эса мос равишда 2,3 ва 2,2 баробарга ортди.
     Банк баъзи мижозларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси компенсацияларидан ёки кафолатидан фойдаланишни ҳам тавсия қилмоқда.Инчунин, ҳозирга қадар кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар бўйича жамғарма томонидан 4,1 ­млрд. сўмлик фоизлар тўланиб, гаров таъминоти бўлмаган тадбиркорларга 76 млрд. сўмлик кафолатлар тақ­дим этилди.
     Янги моделнинг банк бизнесига таъсири
     Банк мижозларига максимал даражада қулайликлар яратиш чораларини кўрмоқда. Шубҳасиз, бунда жаҳон молия бозорига интеграциялашиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам муассаса манфаатларига ижобий таъсир кўрсат­моқда. Натижада сўнгги икки йил мобайнида банкни трансформация қилиш жараёнида унинг асосий молиявий кўрсаткичлари жадал суръатларда ўсди. Масалан, жами активлари ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 115 фоизга кўпайиб, 34,9 трлн. сўмга, жами капитали ҳам 115 фоизга ортиб, 3,3 трлн. сўмга, ялпи депозитлари миқдори 130 фоизга ошиб, 6,3 трлн. сўмга етди (шундан аҳоли омонатлари 1,2 трлн. сўм).
     Ажратилган кредитлар 6,9 трлн.сўмга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки ҳисса кўп), жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган кредитлар 3,4 трлн. сўмга тенглашди.
     Даромадлилик даражаси кескин ошиши туфайлисоф фойда 2018 йилда 2,8 баробарга, жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса 2 баробарга ортди.
Эътиборлиси, банкнинг муваффа­қиятлари халқаро рейтинг компаниялари томонидан муносиб баҳолан­моқда. Fitch Ratings ва Standard & Poor’s агентликларининг истиқболи «Барқарор» дея берган рейтинглари фикримизнинг яққол исботи бўла олади.
     Ўзгаришлар ва тараққиёт мақсади бардавом
     «Ўзсаноатқурилишбанк»АТБ юртимиздаги йирик инвестиция муас­сасаси ҳисобланади. У айни йўналишдаги фаолиятини узлуксиз ривожлантириб бормоқда. Чунончи, яқин келгусида ишлаб чиқариш объектларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш ва энергия тежамкорлигини оширишга доир «Green banking» тизими асосидаги молиялаштириш механизмлари ва хизмат турларини ўзлаштирмоқчи. Бундан ташқари исломий молиялаш­тириш бўйича ҳам хизмат кўрсатиш тарафдори сифатида Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси билан музокаралар олиб бораётир. Ёки айтайлик, банкда мижозларнинг ўзаро алоқаларини кенгайтириш мақсадида ушбу муассаса хизматидан фойдаланаётганлар ва улар томонидан таклиф этилаётган товарлар, хизматлар тўғрисидаги маълумотлар базаси – маркетплейс тизими шакллан­тирилмоқда. У тадбиркорларга банк­да хизмат кўрсатилаётган ҳамкор­ларни топишларига кўмаклашиб, ўзаро товар ва хизматлар олди-сотдисини 24/7 режимида амалга оширишлари учун имкон туғдиради.
     Яна бир муҳим гап. Халқаро молия корпорацияси бу йил «Ўзсаноат­қурилишбанк»ка 50 млн. доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш­ни режалаштирган. Банк қимматли қоғозларини сотиш эвазига қўлга киритиладиган бу сармоя муассасанинг ресурс базасини кўпайтиришга ва инвестицион фаолиятини кучайтиришга катта ҳисса қўшади. Айниқса, банк капиталининг етарлилиги бўйича ўрнатилган минимал талабни бажаришда муҳим аҳамият касб этади.
     Навбатдаги янгилик шундан иборатки, жорий йил охиригача банк томонидан тадбиркорлик субъектларини «яхши», «стандарт» ва «ёрдамга муҳтож» тоифаларга ажратган ҳолда ҳар томонлама молиявий қўллаб-қувватлаш тизими амалиётга татбиқ этилади.
     Мухтасар қилиб айтганда, «Ўзса­ноатқурилишбанк» фаолиятидаги туб ўзгаришлар ва янгиланишлар аҳоли ҳамда хўжалик субъектларига кенг кўламли чакана ва молиявий хизматлар кўрсатишда, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция му­ҳитини юксалтиришда муҳим омил вазифасини ўтайди. Пировардида миллий иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисо­диётига интеграциялашувини жадаллаштириб, давлатимизнинг халқаро молия майдонидаги мавқеи ҳар қачонгидан ошишига хизмат қилади.
 
 
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ахборот хизмати

Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/arhiv-statey/o-zbek-zsanoat-urilishbank-faoliyatidagi-tub-zgarishlar.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/arhiv-statey/o-zbek-zsanoat-urilishbank-faoliyatidagi-tub-zgarishlar.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.