- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Salmoqli yutuqlar va ulug‘vor rejalar

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 12.04.2019 @ 14:35 In Архив статей | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Тошкент вилояти экотуризм, спорт туризми, агротуризм, зиёрат туризми йўналишлари бўйича катта салоҳият ва имкониятга эга. Шу боис ўтган йили бу ерга 3,8 миллион, жумладан, 555 мингга яқин чет эллик туристлар ташриф буюришди. Уларнинг 1,4 миллион нафари Бўстонлиқ туманига, 576,4 минг нафари Зангиота туманига зиёрат учун келишди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида эса маҳаллий аҳолидан 1,4 миллион нафари юртимиз бўйлаб сафарда бўлди. 178 та маданий ва кўнгилочар тадбирда ҳамюртларимиз қатори ўзга давлатлар фуқаролари ҳам қатнашдилар. Бу йил ҳудудга жами 4,7 миллион, чунончи, 898 минг нафар хорижлик туристни жалб қи­лиш мўлжалланмоқда.
     Вилоятнинг ўрмон фонди ҳудуд­лари аҳоли дам олишини уюштириш ва экотуризмни ривожлантириш учун анча қулай. Масалан, 1990 йилда ташкил этилган Угом – Чотқол дав­лат миллий табиат боғини олайлик. Унинг умумий майдони 574,6 минг гектар. Шундан 445,8 минг гектари Бўстонлиқ, 42,1 минг гектари Паркент, 76,6 минг гектари Оҳангарон туманида.
     Ҳудудда туризм индустриясини жадал тараққий эттиришда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги 3217-сонли қарори билан тасдиқ­ланган 2018-2019 йилларда Туризм соҳасини ривожлантириш дастури асосида иш юритиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда сайёҳлар учун энг қулай шарт-шароит, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳит яратиш, соҳада хусусий сектор иштироки устуворлигини таъминлаш, уларнинг рақобат­бар­дошлигини, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, ҳу­дудларнинг иқтисодий салоҳияти ва даромадлари базасини кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш, миллий туризм маҳсулотларини жа­ҳон бозорида фаол ва комплекс тарз­да илгари суриш мақсадида сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, со­ҳадаги муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш борасида диқ­қатга молик ишлар олиб борилмоқда. Натижада ҳозир­гача ялпи қиймати 122,5 миллиард сўмлик 40 та туризм объекти фойдаланишга топширилиб, 784 та янги иш ўрни очилди, замонавий жой­лаштириш воситаларининг меҳмон қабул қилиш қуввати 3148 тага ошди. Замонавий объектларнинг 6 таси меҳмонхона, 6 таси дам олиш, 7 таси спорт-соғломлаштириш маскани, 5 таси тематик парк, 10 таси тамаддихона, 14 таси бошқа корхоналардан иборат бўлди. Жумладан, ўтган йил ниҳоясида Бўстонлиқ туманида «Сурпа» спорт-соғломлаш­тириш мажмуаси, Паркент туманида «Ғалаба» фермер хўжалигига қараш­ли «Эргаш ота» меҳмонхонаси, Чиноз туманида «Фаворит» дам олиш уйи, Бекобод шаҳ­рида майдони 23 гектарлик истироҳат боғи, Қибрай туманида энергетиклар сиҳатгоҳи ишга туширилди.
     Вилоятда махсус лицензияга эга 143 та жойлаштириш воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар таркибидаги меҳмонхона, санаторий, хостел, дам олиш маскани, спорт базаси, клиника, меҳмон уйлари кунига 4592 нафар туристни қабул қилиш қувватига эга. 34 та тадбиркорлик субъекти эса тур­операторлик билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари эко, агро, зиёрат, спорт, экстремал, гастрономик ва бошқа туристик йўналишлар бўйича яратил­ган 114 та туристик маршрут, асосий йўллар бўйидаги туристик объект­ларга тааллуқли йўл кўрсаткичлари, биоҳожатхона ва туризм ахборот марказлари сайёҳлар учун ўзига хос қулайликлар туғдирмоқда.
     2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» биносида бўлиб ўтган «Туризм индустриясига инвестициялар» I халқаро форумида 137 та ер участкаси сармоядорларга туризм объекти барпо этиш учун так­лиф этилди.
     Президентимиз ва ҳукуматимиз­нинг тегишли фармони ҳамда қаро­рига асосан Бўстонлиқ туманида майдони 96 минг гектарлик «Чорвоқ» эркин туристик зонаси (ЭТЗ) ташкил этилди. «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК томонидан унинг бош режасини ишлаб чиқишда шу ҳудудда фаолият юритаётган объектларга уйғунлаш­ган, уларни ва бошқа иншоотларни бузмаган ҳолда янги туристик объектларни жойлаштириш устувор тамойил сифатида белгиланди. Албатта, янги объектларнинг меъморий қиёфаси замонавий, эко муҳитга мос, туристлар учун қулай ҳамда халқаро стандартлар даражасида бўлиши шарт.
     Ҳукуматимиз бошқа давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, юртимизда туризмни ривожлантириш, халқаро талабларга мос замонавий туризм ҳудудларини яратиш борасида олиб борилаётган сиёсат натижасида Франциянинг «Orex-Loisirs», «SCP Geode» ва «Compagniedes Alpes» компаниялари «Чорвоқ» ЭТЗнинг Белдирсой, Чимган-Чорвоқ ҳу­дуд­лари бош режасини ишлаб чиқиш ва замонавий туристик объектлар қуриш учун инвестор жалб қилиш истагини билдиришди. Айни кезларда ЭТЗ ҳудудида 229 та туристик объект бўлиб, шундан 3327 ўринли 19 та меҳмонхона, 6 та сиҳатгоҳ, 4 та дам олиш маскани ва бошқа шохобчалар фаолият юритмоқда. Ҳисоб-китоб­ларга кўра бу ҳудудга ҳар йили ўртача 3 миллионга яқин маҳаллий ва хорижий туристлар келиб-кетади.
 
 
 
Ушбу мақола тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.

Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/arhiv-statey/salmoqli-yutuqlar-va-ulug-vor-rejalar.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/arhiv-statey/salmoqli-yutuqlar-va-ulug-vor-rejalar.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.