- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Shaffoflik, ochiqlik va oshkoralik – iqtisodiy taraqqiyotning muhim garovi!

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 16.02.2018 @ 17:33 In Архив статей | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Бугунги глобаллашув шароитида ишончли, очиқ ва ошкора ахборот тарқа­тиш му­ҳим аҳамият касб этмоқда. Дунёни манфаатлар бошқа­раётган ҳозирги пайтда ахборот кўмагида жуда кўп натижаларга эришиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига катта эътибор берил­моқда. Эътироф этиш жоиз, сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кў­лам­ли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, кенг жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғ­рисида янада тўлиқ хабардор қилиш, аҳоли, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг ахборотлардан кенг фойдаланишлари ҳамда бу борада ошкораликни таъминлашга қаратил­ган қонунчилик базаси шакллантирилди.
     Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан ҳамма эр­кин ва очиқ фойдаланиши, ушбу ахборотларнинг ҳаққонийлиги ва ош­коралигини таъминлаш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилди.
     Ўз навбатида, юртимизда демок­ратик ислоҳотларнинг янги босқичи ва ҳозирги давр тенденциялари, ахборот соҳасини эркинлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оши­рилмоқда. Шунга кўра, давлат ста­тистика ахборотлари тўлиқлили­гини, ишончлилигини ва ошкоралигини, мамлакатимизда ижтимоий-иқ­тисодий ислоҳотларнинг қандай бораётганлигини тўлақонли ва холис таҳлил этиш, давлат статистика органларининг роли, масъулияти ва таҳ­лилий салоҳиятини ошириш каби долзарб масалалар давлат иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналиш­ларидан бирига айланди.
     Бу борада, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим пойдевор бўлмоқда. Мазкур стратегияда исло­ҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш юзасидан энг муҳим йўналишлар белгилаб берилган.
     Хусусан, Ҳаракатлар стратегия­сини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган аниқ мақсад ва вази­фалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилишига асос яратиб берди. Жумладан, давлат статистика тизими фаолиятини замонавий талаблар ва халқаро стандартга тўла мослигини таъминлаш ва уни тубдан такомиллаштириш зарурлигини инобатга ол­ган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қў­ми­таси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан статистика тизими фаолиятидаги мавжуд камчиликлар аниқ кўрсатиб берилди ва уларни бартараф этиш мақсадида 2017–2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб бе­рилди.
     Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг юқоридаги муҳим ҳужжати билан белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида Давлат статис­тика қўмитасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, тизим фаолиятини янада такомиллаш­тириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ва ҳар бир устувор вазифа ижроси юзасидан «Ҳаракат режалари» ишлаб чиқилди.
     Қарор ижроси доирасида, Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари ту­зилмалари қайта кўриб чиқилди. Ти­зимдаги тармоқ бошқармалари ва бў­лим­лари бошқарув ходимларининг тўлиқ ротацияси амалга оширилди. Давлат статистика ишларини тўлиқ ва юқори даражада сифатли амалга ошириш бўйича барча тузилмавий бўлинмалар функциялари ва масъулиятини аниқ белгилаб қўйиш юзасидан зарур меъёрий-ҳуқуқий асос­лар яратилди.
     Давлат статистика қўмитасида Ах­боротларни тарқатиш, халқаро ах­бо­рот алмашув ва жамоатчилик ало­қалари ҳамда Ижтимоий соҳа ва бар­қарор ривожланиш статистикаси бош­қармалари ташкил этилди. Шу билан бирга, тайёрланадиган статис­тик ва таҳлилий материаллар кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида, марказий аппарат таркибидаги тармоқ бошқармалари негизида ахборот-таҳлилий бўлинмалар тузилди.
     Мазкур бўлинмаларнинг асосий фаолияти статистик кузатувлар тизи­мини халқаро амалиётга мослаштириш, макроиқтисодий, тармоқ ва ҳу­дудий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни кенг қамраб олган ҳолда ислоҳот­ларни янада тўлиқ акс эттирадиган ишончли статистик ахборотларни шакллантириш, уларни тезкор ҳамда сифатли таҳлил қилиш, миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг қатламлари учун максимал даражада очиқ-ойдинлик ва ошкораликни таъминлашга йўналтирилди.
     Бундан ташқари, статистика кузатувларини такомиллаштириш ва соддалаштириш, танланма кузатувларни кенгайтириш, ҳисобот шаклла­рини қисқартириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисо­бот юкламасини пасайтириш бўйича зарур тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, бирхиллаштирилган ва соддалаштирилган кўрсаткичлар таркибига эга бўлган интеграциялашти­рилган сўровномалар асосида кичик корхоналар, микрофирмалар, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятининг статистик кузатувлари такомиллаштирилди. Шунингдек, уй хўжалик­лари кузатувларини таҳлил қилиш имкониятлари янада оширилиб, иқ­тисодиётнинг турли тармоқлари норасмий фаолиятининг мунтазам статистик кузатувлари тизими кенгайтирилди.
     Шу ўринда таъкидлаш лозимки, агар илгари статистик ҳисоботлар бирламчи ахборот олишнинг асосий манбаи бўлган бўлса, амалга оширил­ган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилдан бошлаб статистик ҳисоботлар улуши 53,8 фоизни ташкил этади (1-расм).
 
01_Begalov-1_uz
 
    Статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнларини автоматлаштириш даражасини бошқа­риш ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни туб­дан кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилди. Шу ўринда, «Estat-2.0» автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиб, узлуксиз фаолияти таъминланиши ҳисобот топширувчилар учун статистика ҳисоботларини 100 фоиз электрон кўринишда тақ­дим этиш имкониятини яратди. Бунинг натижасида, юртимизда фаоли­ят олиб бораётган 430 мингдан ортиқ хўжалик субъекти ўз ҳисобот­ларини статистика идораларига элект­рон кў­ринишда Интернет халқаро ахборот тармоғи орқали тақдим эт­моқда.
     Албатта, бу ҳолат, барча ҳисобот топширувчилар учун қулайлик яратиш билан бирга уларга вақтни тежаш, ҳисобот топшириш билан боғ­лиқ транспорт ва бошқа харажатларни қисқартириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, давлат статистика органлари ходимлари ва ҳисобот топширувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келиши мумкин бўлган турли салбий ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун қулай замин яратмоқда.
     Яна бир устувор йўналишлардан бири, Давлат статистика қўмитаси ва ҳудудий органлари расмий сайтларини такомиллаштириш, уларда фойдаланувчилар учун холис ҳамда долзарб статистик ахборотлар ва таҳли­лий материалларни жойлаштириш, маълумотларни визуаллаштириш им­кониятларини, шунингдек, фойдаланувчилар билан «онлайн маслаҳат» режимида тезкор мулоқот ўрнатилишини таъминлаш ҳисобланади.
     Бу борада, 2017 йил 1 ноябридан бошлаб қўмита расмий веб-сайтининг янгиланган шакли ишга туширилиши фойдаланувчилар учун катта қулайликлар яратмоқда. Янги веб-сайтнинг афзалликларини, энг аввало, фойдаланиш учун қулай бўл­ган интерфейси, учта тилда тақдим қили­ниши, эълон қилинаётган статистик қўрсаткичлар бир бўлимда яхлитланганлиги ва таркиби кенгайтирилганлигида кўриш мумкин. Веб-сайт на­фақат статистик кўрсаткичлар, балки ижтимоий-иқтисодий соҳа­ларда эри­шилган ютуқлар ва натижалар тўғ­рисида йиллик, чораклик, ойлик пресс-релиз шаклидаги таҳли­лий маъ­лумотлар билан бойитиб борил­моқда.
     Шу ўринда, ҳисобот йилининг 1 ноябридан буён ўтган қисқа давр ичида, қўмита веб-сайтига 66 мингдан зиёд юртимиз фуқароси, шунинг­дек, 82 та бошқа давлатлар фуқаро­лари ташриф буюрганини кў­риш мум­кин (Россиядан 2700 дан зиёд, Ко­лумбиядан 2200 дан зиёд, АҚШдан қарийб 600, Буюк Британия, Хитой, Нидерландия, Қозоғистон ва Украинадан 200 дан зиёд, Жанубий Корея, Япония, Германия ва Чехиядан 100 дан зиёд ташрифлар амалга оширил­ган).
     Қўмита сайтида ўртача кунлик ташрифлар сони 1700 дан ошаётганлиги, қолаверса, 30 фоиздан ортиқ фойдаланувчилар таҳлилий маълумотлардан фойдаланганликлари (2- расм) эътиборга лойиқ албатта.
 
01_Begalov-2_uz
 
    «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ахборотдан фойдаланувчилар, жумладан, ёшларнинг Қў­мита расмий сайтининг мазмуни ва кўрсатилаётган интерактив хизматлардан қониқиши юзасидан сўровлар ўтказиб бориш бўйича «Фейсбук» ижтимоий тармоғида қўмитанинг са­ҳифаси очилиб, «Телеграмм» мессенжерида алоҳида гуруҳ ташкил этилди.
     Ҳозирги кунда қўмита веб-сайтини янада такомиллаштириш, фойдаланувчиларнинг талаб ва таклифларини қаноатлантириш ва улар учун янги имкониятларни яратиш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, мил­лий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг қатлами учун статистик ахборотлар очиқ-ойдинлиги, ошкоралигини максимал даражада таъминлаш, халқаро статистик ташкилот­лар билан ҳамкорлик қилишда ижобий қадамлар қўйилди.
     Хусусан, 2018 йилга тайёрланаётган Давлат статистика ишлари дастури лойиҳасида жамоатчиликни, халқаро молиявий, иқтисодий ва ста­тистика ташкилотларини Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ҳаққоний ва долзарб маълумотлар билан таъминлаш масалалари кўзда тутилди.
     Ўзбекистон Республикасининг хал­қаро рейтингларда холис ва тўғри ба­ҳо­ланишини таъминлаш бўйича жорий йилда 17 та халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик ва статистик ахборотлар алмашинуви йўлга қў­йилди.
     2017 йил 1–2 ноябрь кунлари Давлат статистика қўмитасида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) статистика бўлими директори Лидия Братанова ва ушбу комиссиянинг ҳу­дудий маслаҳатчиси Стивен Вейл иш­тирокидаги семинар ташкил этилди. Семинарда ЕИКнинг статистика соҳа­сидаги фаолияти ҳамда Давлат статистика қўмитаси билан БМТ ЕИКнинг статистика соҳасида техник ҳамкор­лик бўйича фаолияти мавзуларида тақдимот ўтказилди. Мазкур тадбирда статистик бизнес-жараённинг умумий модели, ундан амалиётда фойдаланиш, Барқарор ривожланиш мақ­садлари учун статистика соҳаси билан боғлиқ масалалар кўриб чи­қил­ди. Бу каби тадбирларни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
     Шунингдек, бошқа мамлакатлар статистика идоралари билан ҳамкор­лик қилиш ишлари давом эттирилиб, 2017 йилнинг октябрь ойида Қирғи­зистон Республикаси миллий статис­тика қўмитаси ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Давлат статистика қўмитаси ўртасида статистика соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси элчилари, Халқаро валюта фонди, Европа итти­фоқи комиссияси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан статистик маълумотлар алмашувларини кенг йўлга қўйиш борасида учрашувлар ўтказилди.
     2017 йилда БМТнинг Статистика бўлими, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, ЮНИСЕФ, ФАО, Евростат, СИАТО, Халқаро валюта фонди, Жа­ҳон банки, Европа Эркин савдо уюшмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан Австрия, Швейцария, Франция, Италия, Испания, Венгрия, Греция, Сербия, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Туркия, Белорусь, Литва, Черногория, Грузия, Қозоғис­тон ва Озарбайжон давлатларида ташкил этилган статистика соҳаси билан боғ­лиқ 40 та халқаро илмий-услубий кон­ференциялар, семинарлар ва ўқув курсларида 53 нафар тизим ходимлари халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида иштирок этди.
     Бундан ташқари, Халқаро валюта фонди билан ҳамкорликни амалга ошириш кўлами кенгайтириб бо­рилмоқда. Ушбу жараёнларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси бўйича иқтисодий ва молиявий маълумотлар қулайлиги ва очиқли­гини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши муҳим за­мин яратиб берди.
     Зеро, Халқаро валюта фондининг кенгайтирилган Маълумотларни тар­қатиш умумий тизими (ХВФк-МТУТ)­га қўшилиш, мамлакатлар ўртасида молиявий-иқтисодий маълумотлар алмашинуви, уларни қиёсий таққос­лаш ва таҳлил қилиш имкониятини бериб, пировардида молиявий-инвестициявий оқимлар ва қўйилмалар ҳажмини ошириш ҳамда натижадорлигига эришишга хизмат қилади.
     Бу борада барча ҳуқуқий асослар яратилди. 2018 йил 1 январдан бошлаб тегишли маълумотлар эълон қи­ли­нишини йўлга қўйиш мақсадида, Ҳукумат томонидан Идоралараро ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ва тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида ХВФнинг к-МТУТ саҳифаси очилди ҳамда унда йиғма маълумотлар миллий саҳифаси, йиғ­ма маълумотлар жадваллари, метамаълумотлар ва уларни эълон қилиш тақвимлари белгиланган тартиб асосида жойлаштириб борилмоқда. Бунинг натижасида, Ўзбекистонда инвестицион иқлимнинг янада яхшила­ниши учун рақамларга асосланган ва Халқаро валюта фонди томонидан тан олинган ҳамда тасдиқланган замин яратилишига эришиш кутил­моқда.
     Яна бир эътироф этиш лозим бўл­ган масала, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқ­ти­содий ислоҳотлар жараёнларини, эришилаётган ютуқлар ва натижаларни кенг жамоатчиликка етказишдир. Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкама­сининг 2017 йил 22 ноябрда алоҳида фармойиши қабул қилинди. Унга кў­ра, Давлат статистика қўми­таси, Иқ­ти­содиёт, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ва Мар­казий банк раҳбарлари таркибида идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
     Ҳозирги кунда ишчи гуруҳи томонидан доимий равишда таҳлилий маълумотлар, пресс-релизлар, кўрсаткичлар ва инфографикаларни ом­мавий ахборот воситалари, оммавий сайтларда эълон қилиб бориш ҳамда ҳар ойда камида икки маротаба хал­қаро пресс-клубда давра суҳбатлари ўтказиб бориш ишлари амалга оши­рилмоқда.
     Шунингдек, мамлакатимизда амал­га оширилаётган ижтимоий-иқти­содий ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида, Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида сайёр семинарлар ва «давра суҳбатлари» ташкил этиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент молия институтида республикамизнинг етук олимлари иштирокида ижтимой-иқтисодий ислоҳотлар натижалари кенг муҳокама қилиниб, атрофлича таҳлил этиб борилмоқда. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
     «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифалардан яна бири, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларга ўз мурожаатларини очиқ-ойдин ва қулай билдириши учун зарур имкониятларни яратишдан иборат. Давлат статистика қўмитаси то­монидан бу борада қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот йили иккинчи чорагидан бошлаб қў­мита расмий веб-сайтида «Раиснинг виртуал қабулхонаси» ишга туширилиб, унинг узлуксиз фаолияти таъминланди. Барча давлат статистика органлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхо­насига интеграция қилинди. Йил давомида келиб тушган 46 та мурожаатда кўтарилган масалаларнинг ижобий ҳал этилиши таъминланди.
     Давлат статистика қўмитаси раҳ­барлари томонидан Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳоли мурожаатлари учун сайёр қабуллар ташкил этилди. Сайёр қабулларда келиб тушган барча мурожаатлар атрофлича кўриб чиқи­либ, улар бўйича зарур ва ижобий қарорлар қабул қилинди.
     Ҳаммамизга маълумки, ҳар қан­дай соҳанинг ривожланишида ва унинг истиқболида кадрлар салоҳия­ти муҳим устуворлик касб этади.
     Давлатимиз раҳбарининг юқори­да тилга олинган қарорида ҳам ста­тистика соҳасида мутахассислар тай­ёр­лаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эъти­бор қаратилган. Қарорда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқ­қан ҳолда, Давлат статистика қў­митаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари марказининг 2017 йилги ўқув-тематик дастурлари янгиланди. Шунингдек, 2018 йил учун тизим ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастури ишлаб чиқилди.
     Шу билан бирга, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент молия институти билан ўқув-амалиёт тадбирларини ўтказиш, битирувчилардан кадрлар захирасини шакллантириш, улар бандлигини таъминлаш, илмий-тадқиқот, ўқув-услубий қўлланмаларни ҳамкорликда чоп этиш каби йўналишларда келишув шартномалари имзоланди.
     Жумладан, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг касб малакасини ошириш орқали, мамлакатимизда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларининг амалга ошириш жараёнларини ҳамда аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларни тўлиқ акс эттирадиган статистик-таҳ­лилий ахборотларни тезкор ва сифат­ли тайёрлаш ишларини самарали таш­кил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
     Қисқача қилиб айтганда, Ўзбе­кистон статистикасини илғор хорижий мамлакатлар статистикаси қато­ридан муносиб жой олиши учун бар­ча илмий-амалий тажрибани, бор куч ва имкониятларни ишга солиш, тизим органлари таҳлилий салоҳия­тини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мақсадли ва юқори савияда ташкил этилади, пировардида муҳ­тарам Президентимиз томонидан тизим олдига қўйилган вазифалар тў­лиқ ва самарали тарзда амалга оширилади.
 
 
Баҳодир БЕГАЛОВ,
Давлат статистика қўмитаси
раиси, иқтисод ф.д., профессор


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/arhiv-statey/shaffoflik-ochiqlik-va-oshkoralik-iqtisodiy-taraqqiyotning-muhim-garovi.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/arhiv-statey/shaffoflik-ochiqlik-va-oshkoralik-iqtisodiy-taraqqiyotning-muhim-garovi.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.