(O´zbek) Asrlarga tatigulik 25 yil

3/2016

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Эркин Зокиров, фахрий журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. Матбуот, телевидение ва радиода узоқ йиллар фаолият олиб борган ижодкор кўп йиллик фаолияти давомида халқимиз ҳаёти билан яқиндан танишган, бой ва қимматли маълумотлар тўплаган. Мухбиримиз Муқаддас ЮСУПОВА саксон ёшни қаршилаётган отахон билан «Биз ким эдигу, ким бўлдик?» мавзуида суҳбатлашди.
 
     Маълумки, ҳар бир инсоннинг ёшига ёш қўшилга­ни сайин билими, фикри ва дунё­қа­раши янада кенгайиб, ҳаёт ва жамиятга бўлган муносабати, қарашлари ўзгаради. Аммо ўтган умрининг яхши ва ёмон томонлари, ташвишли ва оғриқли паллалари кўз олдида намоён бўл­ганда эса ёдига кўпроқ болалик дав­ри тушади. Сўнг беихтиёр ўтган даврини ҳозирги кун, турмуш тарзи, ат­рофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан қиёслай бошлайди.
     Уруш йиллари эди. Тошкентнинг Хастимом маҳалласида истиқомат қилардик, отам урушга кетган. Онам, мен ва бир яшарлик укам хола ва аммаларимиз кўмагида кун кўрардик. Куз фаслининг сўнгги ойи, из­ғиринли кунлар эди… Онам бир куни бизни колхозда яшайдиган аммамникига олиб борди. Уйнинг ҳали қу­риб улгурмаган деворидан чиқа­ётган зах ҳиди, эски матолар билан тўсиб қўйилган деразалар ўрни, бир чеккага ўрнатилган сандал, уй сатҳидаги кўсак уюми умрбод хотирамга муҳр­ланиб қолган. Ўшанда ҳаммамиз тун ярмигача ҳолдан тойгунча кўсак чувидик. Сўнгра, бир бурдадан зоғора нон билан қаноатланиб, уйқуга кетдик. Бундай ачинарли ҳолатлар шўро замонига хос оддий воқеа эди.
     Яна бир манзара – талабалик йиллари (чамаси 1955 йиллар эди). Қиш­нинг қорли-қировли кунида ҳам биз пахта теримида эдик. Ниҳоят, изғирин совуққа инсон бардош беролмай қол­гандан кейингина юқори идорадан талабаларни шаҳарга қай­та­риш ҳақи­да буйруқ бўлди. Шундай қаҳра­тон совуқда туман марказигача бўл­ган 10–12 чақиримдан зиёд йўлни яёв босиб ўтдик. Афсуски, автобуслар ҳа­ли етиб келмаган экан, шу боис яна 12–14 соат чамаси совуқда кутишга мажбур бўл­дик. Талабаларнинг аксарияти ўшан­да соғлиқлари­дан айрилиб, анча вақтгача азият че­кишган эди.
     Куни-кеча юз бергандек туюладиган яна бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Пойтахтимиз туманларидан бирида ўтаётган йиғилишда райком секретари илмий текшириш инс­титути раҳбари фикрига қулоқ солмасдан туриб, галстугига ёпишди ва пахтага одам юборишни кечиктираётгани учун куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Тасаввур қиляпсизми, таниқли олим бир зумга бўлса ҳам нигоҳини ердан узолмади. Бу одам ниҳоятда журъатли инсон эди, аммо сиёсатнинг шаф­қатсиз «қуроли» олдида жуда ожиз эди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг янги тарих китоби (2-жилд)да шундай сўзлар ёзилган: «1917 йил октябрида большевиклар зўрлик билан амалга оширган тўнтариш собиқ иттифоқ халқлари тарихида салкам 75 йил давом этган янги мустамлакачилик саҳифасини бошлаб берди. Натижада, чор мустамлакачилик империяси ўрнини «қизил империя» эгаллади. Янги мустамлакачилик зулми остида яшаган ўлка халқлари большевиклар «социалистик тажрибаси»нинг барча мушкулотларини бошдан кечирдилар. Энг ачинарлиси шундаки, рес­пуб­ликадаги ижтимоий-сиёсий, тарихий жараённинг ўта мураккаб ва зиддиятли кечиши кўплаб қурбонлар берилиши, маданий ва маънавий йў­қотишларга олиб келди». Шўро даврида республика раҳбарлари Моск­вадан тайинланиб, ўз ўрнида улар «марказ» манфаатларини кўзлаб сиё­сат юритарди. Компартия ягона ҳо­кими мутлақ бўлиб, унинг айтгани айтган эди.
     Марказнинг мустамлакачилик сиё­сати туфайли юртимиздаги маънавий ҳаёт сал қолса издан чиқаёзди. Ҳат­токи, ўзбек халқининг миллий байрами «Наврўз»ни йўқ қилиб, ўрнига замонавий «Навбаҳор» байрами ўтказиш керак, деган таклифлар пайдо бўлди. Халқимизнинг қадимий урф-одати, эзгу анъаналари оёқости қи­лин­ди. Ўзбек тилига иккинчи даражали тил деб қаралиб, рус тили давлат ва асосий муомала тилига айлан­тирилди. Фожеа шу даражага бор­дики, вафот этган яқинининг жанозасида қатнашган киши, агар у коммунист бўлса партиядан ўчирилиб, ишдан ҳайдалди. Йирик илмий ­нашр – Қомуслар бош таҳририятида ишлаганим боис, бу хусусдаги ишлардан яхши хабардор эдим. Масалан, Қуръ­он, Ислом дини ёки миллатнинг улуғ фарзандлари – Амир Темур, Навоий, Бобур ҳақида ёзилган мақолалар мар­казга – москвалик олимларга тақ­риз учун жўнатилар, нашрга рухсат улар хулосасига кўра амалга ошириларди. Барча соҳада режалаштириш ва молиялаштириш марказ қўлида бўлгани сабабли, ўз хоҳишинг ёки ташаббусинг билан бирон хайрли ишни амалга оширишинг амри маҳол эди.
     Аммо, даврнинг шунча эврилиш ва қийинчиликларига қарамай, хал­қи­миз фидокорона меҳнати эвазига улкан моддий ва маънавий бойлик­лар яратишда давом этди. Афсуски, бу бойликлар халқ фаровонлиги ва миллат равнақи йўлида хизмат қил­мади. Касбим тақозосига кўра вилоятларни кезиб, ўз кўзим билан кўрган манзаралар – хароб қишлоқлар, лой­сувоқ уйлар, инсоннинг яшаши ва кун кечириши учун номуносиб турмуш шароитлари, ночорлик, эрксиз­ликка дуч келар эдим. Хайриятки, ойнинг қоронғу кунлари ортда қолиб, ундан бугун аччиқ хотира, элас-элас эсланувчи воқеалар қолди, холос. Буларнинг бари шўролар замонида биз ким эдик, деган саволга жавоб эмасми?!
     Энди, «Ким бўлдик?» деган саволга мустақил Ўзбекистоннинг эркин ва озод, ҳуқуқлари Конс­титуцияда мустаҳкамланган, ўз ҳаёт тарзини ўзи белгилашга қодир эркин фуқароси­миз, дея оламиз. Мустақил­лик ўзбек миллати қадрини юксак­ларга кўтарди. Ёдимда, 1991 йил сентябрь ойининг боши, яъни Ўзбекистон ўз мус­тақиллигини эълон қил­ган кунлар. Республикамизнинг барча вилоят ва туманларида кўтаринки байрам руҳи, ишда юқори кайфият, ҳамма бир-бирини қутлаган, ҳая­жон­дан кўзларда ёш…
     Сир эмас, дастлабки даврларда биз учун ниҳоятда оғир, бениҳоя кўп синовли йиллар бошланди. Кичкинагина оиласининг юкини кўтаролмай, сабр-бардоши етмасдан, охири йўқ кўчаларга кириб кетганлар бўлди. Мил­лати шаънини, ўзининг инсоний қадр-қимматини оёқости қил­ганлар-чи? Шу ўринда ўзингга савол бериб, ўйланиб қоласан. Ўзбекистон, дея аталмиш катта оиланинг юкини кўтариш учун қанчалар метин ирода, Оллоҳ берган қанчалар куч-қувват, буюк ақл-заковат керак экан Инсонга?! Сабру бардош билан бирин-кетин марралар, чўққилару довонлар забт этилди. Аста-секин оилаларимизга қут-барака, турмуш тарзимизга фаровонлик кирди. Асрлар давомида кутилган фараҳбахш кунларга сабр-матонат билан етиб келдик.
     Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб борган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва бозор иқтисодиёти муносабатларига босқичма-босқич ўтиш сиёсати, ривожланишнинг маш­ҳур беш тамойили асосидаги «ўзбек модели» республикамизда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарор­ликни таъминлашга хизмат қилди.
     Давлат сиёсатининг бош мақса­ди – инсон манфаатларига йўналтирилиб, юртимиз қисқа даврда ғалла ва нефть мустақиллигига эришди, халқ фаровонлиги юксалиши учун ишбилармонлик ва тадбиркорлик йўл­лари очиб берилди. Соғлиқни сақ­лаш ҳамда таълим тизими, қишлоқ хў­жалиги ва ижтимоий ҳимоя, мада­ният ва илм-фан соҳалари замонавий андозалар даражасида ривожланиши учун етарли шарт-шароитлар яра­тиб берилгани эса, Ўзбекис­тонни ҳар жабҳада жадал тараққий этаётган мам­лакатлардан бирига ай­лантирди.
     Биргина матбуот соҳасини олайлик. Президентимизнинг алоҳида ғам­хўрлиги, матбуотни ривожлантириш ва такомиллаштиришга оид ўнга яқин қонун, кўплаб қарорлар туфайли қа­лам аҳлига эркин ижод қилиш, нашр этиш ва ахборот олиш учун кафолат­лар тизими яратиб берилди. Ўша олис мустабид замонини бугунги имконият ва имтиёзлар, эркинлик даври билан қиёслаб кўриш инсон табиатига хос жиҳат. Чунки, мендек кекса журналистни бир нарса беҳад қувонти­ради. У ҳам бўлса, айнан мустақил­ликнинг дастлабки 15 йилида – радио ва матбуотда ишладим. Ўша йиллари бутун борлиғим билан фаолият юритдим, десам асло муболаға бўлмас. Маз­кур йилларда Мустақиллик эндигина куртак ёзаётган ва жамиятимизда кўп­лаб ижобий ўзгаришлар, янгиланишларга энди-энди биринчи қа­дамлар қўйилаётган эди. Мустақилли­гимизни мустаҳкам­лашга сидқидил­дан ҳисса қўшаётган турли касб эгалари, замонамиз қаҳ­ра­монлари би­лан ҳамсуҳбат бўлдим, улар ҳақида ба­ҳо­ли қудрат мақолалар ёзиб, репортажлар тайёрладим.
     Бугунги журналистларга яратил­ган ижодий ва техник шарт-шароитлар, соҳадаги жиддий ўзгаришларни кузатар эканман, ўтмиш билан бугунги кун орасида жуда катта фарқ борли­гига, мустақиллик даврида бе­қиёс ва залворли ишлар қилинганига гу­воҳ­ман. Инсон омилига эътибор, унинг эркин яшаши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун яратилган шароит, аҳо­ли фаровонлик даражасининг юқо­­рилиги бугун нафақат менда, бал­ки ҳар бир ёшу қарида шукроналик ҳис­сини оширади. Баъзан рўй бераётган давомли янгиликлардан тўлқин­ланиб, беихтиёр қўлга қалам оламан.
     Аммо, бир нарса кундек равшан. Бугунги дориламон кунларга осон­ликча, ўз-ўзидан етиб келганимиз йўқ. Ўзбекистоннинг мустақиллик учун кураши ва ўтган йиллар мобайнида эришган ютуқлари ҳақида фикр юритганимизда, албатта унинг замирида улкан ирода, мислсиз меҳнат, катта куч ва беқиёс салоҳият ётгани, бунда энг аввало, халққа йўл кўрсатган, улуғ ишларга бошлаган, раҳна­молик қилган шахснинг ролини чуқур англаш зарур.
     Юртбошимиз собиқ шўро тузуми­дан кейинги беқарор, нотинч давр­да республикада барқарорликни мус­таҳ­камлаб, халқда буюк келажакка нисбатан ишончни пайдо қилди, олдимизга миллат шаънини юксак­ликка кўтарувчи улкан мақсад ва вазифалар қўйди. У Ўзбекистонда амалга оширилган тарихий ўзгариш­ларнинг ташаббускори ва раҳна­моси, истиқлол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган давлат арбоби сифатида дунё миқё­сида тан олинди.
     Ислом Каримов халқаро мезонларга тўла жавоб берувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асо­сий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг кафолатидир. У Марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бў­ғинларини ислоҳ қилиш, инсон, жамият ва давлат муносабатларини уй­ғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини яратишга муваффақ бўлган, дунёда бармоқ билан санарли шахс­лардан бири сифатида бутун дунёга танилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлари­миз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир қуролли кучлар, чегара ва ички қў­шинларни замонавий исло­ҳот­лар асосида ташкил этди. Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқ авж олган йил­ларда ўзбек номини ноҳақ таҳқирлардан ҳимоя қилиб, халқнинг ор-номусини, миллий ғурурини тик­лашда фидойилик кўрсатди.
     Дарҳақиқат, халқимиз бугун барча соҳаларда улкан ғалабаларни қўл­га киритмоқда. Бугунги ёшлар кенг дунёқараш, эркин тафаккурга таяниб мустақил яшаш, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгилаш салоҳиятига эга бўлди.
     Биз, бугун демократик фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил бораяпмиз. Эзгу ниятга элтувчи йўлимиз, саъй-ҳаракатларимиз ўз мевасини бермоқда. Ўтган чорак аср давомида буюк мақсад сари қўйилган ҳар бир қадамимиз халқимизни юксалиш ва тараққиёт сари етаклаётгани шубҳасиз. Келажак наслимиз асрларга тенг бўлган кураш, интилиш, эврилиш ва янгиланишларга тўлиқ 25 йилни улуғ мақсадлар сари қў­йилган буюк ва мустаҳкам пойдевор сифатида эслашига, эзгу ишларнинг муносиб давомчиси бўлишига ишонаман!
 
 

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.