- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) «O‘zIA» – «ЭВУ» № 5/2016

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 07.12.2016 @ 14:17 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журналининг №5-сони нашрдан чиқди. Журнал мақолаларида юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, ривожланиш даражалари, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш соҳасидаги барқарор ўсиш суръатлари, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, мавжуд корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, замонавий технологияларга асосланган янги қувватларни ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар хусусида мулоҳаза юритилган.
     Жумладан, «Кооперацион алоқалар мустаҳкамланмоқда» ва «Муқаддас замин саҳовати – турмушимиз фаровонлиги» сарлавҳали мақолаларни ўқисангиз, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ўзига хос ўрни, у орқали чет эл сармоялари жалб қилиниб, қўшма корхоналар ва фирмалар фаолияти йўлга қўйилаётгани, саноат кооперацияси ривожланаётгани боис, юқори қувватли корхоналарда истиқболли лойиҳалар кенг кўламда  татбиқ этилиб, замонавий технологиялар асосида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани, минтақавий ярмаркаларда саноат тармоқлари эҳтиёжларига баҳо берган ҳолда корхоналар ривожланиш истиқболларини олдиндан белгилаб олишга, ишлаб чиқаришни режалаштиришга ва келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантиришга муваффақ бўлинаётгани борасидаги қизиқарли маълумотлар ўқувчини албатта, ўйлашга, мушоҳада қилишга чорлайди. Шунингдек, мамлакатимизда етиштирилаётган экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли хилдаги маҳсулотлар намойиши, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш борасида амалиётга жорий этилаётган янгиликлар, аграр соҳага инвестициялар жалб этиш масалаларига қаратилган ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ҳақида маълумотлар ҳам ўйлаймизки, барчада катта қизиқиш уйғотади.
     «Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш омиллари» сарлавҳали мақолада эса муаллиф 2015 йил якуни билан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 781,3 млрд сўмни, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари  ҳажми 513,4 млрд сўмни ташкил этгани, кейинги уч йилнинг (2012–2015 йй.) ўзида аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 50,4 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 66,2 фоизга ўсгани хусусида фикр юритган. Аҳоли турмуш даражаси юксалиб бораётгани, ҳудудлар илмий-техникавий ва меҳнат ресурслари салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда бозор иқтисодиёти талабларига ҳамоҳанг даражада ривожланаётгани, ташқи иқтисодий алоқалар, тадбиркорлик, меҳнат бозори ва ижтимоий соҳалар параллел равишда ривожлантирилишига катта эътибор берилаётгани қайд этиб ўтган.  
     Қолаверса, «Озиқ-овқат саноатининг экспорт ҳажмлари ортмоқда» номли мақолада юртимизда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар ўз навбатида, Жиззах вилояти ривожланишига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатаётгани ҳар бир жабҳада кузатилаётган ижобий ўзгаришларда, дадил одимларда намоён бўлаётгани, вилоят аҳли янги-янги марраларни эгаллаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётгани сабабли, Жиззах йирик саноат марказларидан бирига айланаётгани таъкидлаб ўтилган бўлса, «Муваффақиятли жорий этилаётган дастур» номли мақолада эса маҳаллийлаштириш дастури доирасида қабул қилинган лойиҳаларнинг катта қисми Самарқанд вилоятида ҳам амалга оширилаётгани хусусида фикрлар баён қилинади.
     Журналнинг ушбу сонида ҳам, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳалари ривожи ҳақида илмий қарашларини, таклиф ва тавсияларини илгари сурган олимларимизнинг туркум мақолаларига кенг ўрин берилган. Масалан, «Минтақаларда саноат корхоналарини мутаносиб жойлаштириш механизмлари», «Иқтисодий ривожланишни таъминловчи лойиҳалар», «Тўқимачилик саноатида маркетингни ривожлантириш ва унинг услубий жиҳатлари», «Ўзбекистонда туристик хизматларнинг ривожланиш омиллари»  каби мақолалар илмий янгиликни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
     Энг муҳими, ўқувчи ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кутилган натижаларини бераётгани, иқтисодиётни либераллаштириш, ҳар бир жабҳада рақобатбардошликни ошириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, юқори технологияли муҳим қувватларни ишга тушириш натижасида эришилаётган муваффақиятлар ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар олиши мумкин.

Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/ekonomika-4.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/ekonomika-4.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.