- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Innovatsion rivojlanishning yangi bosqichi

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 14.12.2017 @ 13:21 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида меъё­рий ҳужжатлар қабул қилингандан кейин ҳар йили Тошкентдаги «Ўз­экспо­марказ»да «Инно­вацион ғоя­лар, технологиялар ва лойиҳалар Рес­публика ярмаркаси» ўтказиб келин­моқда. 2012–2014 йилларда Респуб­лика ярмаркалари доирасида умумий қиймати 86,7 млрд сўмлик 11 та шартнома тузилган бўлиб, олтита шартнома ижроси тугалланган, иккитаси давом эттирил­моқда.
     Жумладан, Наманган шаҳридаги «ЎзЧАСИС» МЧЖ корхонасида «Спарк, Кобальт ва бошқа автомобилларнинг туманга қарши ёритгичлари учун электр энергия сарфини ҳисоблаш» ишланмаси бўйича Андижон машинасозлик институти ўртасида шарт­нома имзоланган бўлиб, мазкур инновацион ишланма корхона томони­дан молиялаштирилиб, ишлаб чиқа­ришга татбиқ этилди. Наманган му­ҳандислик технология институтининг «Альтернатив энергия ёрдамида пах­та қуритиш ускунаси» инновацион ишланмаси бўйича «Косонсой пах­та толаси» АЖ ҳамда «Наманганпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ўртасида тузилган шартномага кўра, уни молиялаштириш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур институтнинг иккита ишланмаси – «Ўсимлик томиридан шарбат олиш технологияси» бўйича Тўрақўрғон туманидаги «Юнусали, Муҳаммадали, Маҳбуба» ф/х билан ҳамда кичик ҳажмдаги сомон ўтларини майдаловчи ускуна ишланмаси бўйича «Илҳом, Икром Бозоров» ф/х билан шартнома имзоланган. Бугунги кунда мазкур фермер хўжаликлари молиявий имкониятлари йўқлиги ҳисобига ўзаро келишув шартномаларини амалга ошириш кечиктирилган.
     Бундан ташқари, давлат грантлари асосида 2015–2017 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 623,9 млн сўмлик тўртта фундаментал, олтита амалий ва иккита инновацион лойи­ҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 19–21 май кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспо­марказ»да ташкил этилган «VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси»да Наманган вилояти тақдимоти бўйича жами 17 та ишланмага хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уму­мий қиймати 1,5 млрд сўмлик 49 та шартнома имзоланди. Шундан, вилоят ташкилотлари билан 636,7 млн сўмлик 45 та шартнома тузилишига эришилди.
     Саноат-инновацион (махсус ин­дустриал-иқтисодий минтақалар МИИМ) тузилмаларини, технопарк ти­зим­лари, юқори технологик минта­қаларни шакллантириш ҳам бу соҳа­даги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
     Технопарклар ҳозирги замон жа­ҳон иқтисодиётига интеграциялашувда муҳим калитдир. Айни пайтда рес­публикамизда турли харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган технопарклар лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди. Мазкур технопарклар ил­мий ишланма ва тадқиқотлар ўтказиш, соҳалар бўйича инновацион маҳ­сулот намуналарини тажрибавий-индустриал текширув ва ўзлаштиришга ихтисослаштирилади.
     Давлатимиз раҳбари юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқа­ришни ташкил этиш учун етарли даражадаги салоҳият ва имкониятларга эга бўлган хорижий стратегик ҳам­кор­ларни жалб этиш хусусида топши­риқ берди. Бунинг учун, технопарк иши­рокчиларига кенг миқёсдаги им­тиёз ва енгилликлар тақдим этилади.
     Шунингдек, республикамизда АҚШ­даги «Силикон водийси» деб номлан­ган инновацион маконга ўхшаш инновацион марказ лойиҳасини шакллантириш бўйича ҳа­ракат бошлаб юбо­рилди. Ушбу марказнинг дастлаб­ки лойи­ҳаси Тошкентдаги Инҳа университети билан боғланган. Кейин­чалик, тадрижий ра­вишда ушбу лойи­ҳа мам­лакатимиз IT-компаниялари юқо­ри технологик маҳсулотлари жой­лаш­тириладиган эркин иқтисо­дий зо­нага айлантирилиши назарда тутилган. Инновацион марказ ташкил этилиши мамлакатимиздаги мураккаб дастурий маҳсу­лотлар, шу жумладан, экспортга мўлжалланган маҳ­су­лотларни ишлаб чи­қаришга асос бўлади.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ҳамда «Пар­кент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш ҳақидаги фар­мойиши, хорижий ва маҳаллий инвестициялар учун имтиёзлар берилиши, коммуникацион-муҳандис­лик, транспорт-ташиш ва ишлаб чи­қариш тузилмаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимиз фармацевтика соҳаси ривожига ўзига хос тарзда ҳисса қў­шишга қаратилган. Ушбу масалалар ечимига йўналтирилган Вазирлар Маҳ­камаси қарори қабул қи­линди.
     2015 йилда Наманган вилояти иқтисодиёт тармоқларида ўнта корхонада инновацион маҳсулот, хизмат ва ишлар ҳажми 27 млрд сўмни ташкил этган. 2016 йилда эса 13 та корхонада 34,7 млрд сўмлик турли хил маҳ­сулотлар, хизматлар ва ишлар ба­жарилган. Ёки, ўтган йилга нисбатан корхоналар сони учтага, ишлаб чи­қариш ҳажми 1,5 мартага кўпайган. Корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳ­сулотлар ва хизматларнинг деярли тў­лиқ сотилишига эришилган. 2015 йилда сотилган маҳсулотларнинг 28,7 фоизи ва 2016 йилда сотилган маҳ­сулотнинг 40,9 фоизи республикадан ташқарига чиқарилган.
     Инновацион ривожланишни таъминловчи инвестициялар манбаи ни­малардан иборат, деган табиий савол туғилиши шубҳасиз. Яъни, Наманган муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари «Текстиль кластери»ни ташкил этиш бўйича ўн йил давомида илмий-тад­қиқот ишлари олиб бормоқда. Тадқи­қот нати­жалари бўйича тўққизта па­тент олиниб, ишлаб чиқаришга тат­биқ этил­ган, ўнта дарслик, ўқув қўл­ланмалари ва монографиялар, 50 дан ортиқ ил­мий мақолалар нашр этилган.
     Наманган вилоятидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқараётган маҳсу­лотлари сифатини яхшилаш ва рақо­батбардошлигини таъминлаш мақса­дида техник-технологик, инжиниринг, дизайн-мода, реклама ва консалтинг хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш бўйича вилоят ҳокимининг махсус қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан, «Наманган текс­тиль» кластерини шакллантириш схе­маси доирасида «Инжиниринг» ва «Дизайн-модалар» марказларини ташкил этиш кўзда тутилган. Яъни, Наманган муҳандислик-технология институтида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Текс­тиль кластери инновацион моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш» лойиҳаси бўйича 2015–2017 йилларга мўлжалланган Давлат гранти амалга оширилмоқда. Бугунги кунда фаолият юритаётган 50 дан ортиқ пахта тозалаш, тўқимачилик ва енгил саноат корхоналари билан «Текстиль кластери»ни ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланган.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат тасарруфидаги мулкларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига бериш бўйича қўшим­ча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, Ва­зирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 192-сонли қарорлари асосида Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Поп туманларида бўш турган ер майдонлари негизида кичик саноат зоналарини ташкил этиш белгиланган, хусусан:
Наманган шаҳрида ташкил этили­ши режалаштирилган учта кичик саноат зонасига тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилган. Жумладан, «Натурал инвест» МЧЖда 20 та, «Шифо ЛТД» МЧЖда учта ҳамда «Наманганагромаш» АЖда учта тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган. Тўра­қўрғон туманидаги собиқ «148-ХМКК» МЧЖ ўрнида 4 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилиб, учтасида ташаббускорлар ишлаб чиқариш жара­ёнини йўлга қўйиш учун ускуна ва жи­ҳозлар ўрнатмоқда, биттасида қу­рилиш ишлари амалга оширил­моқда.
     Шунингдек, Тўрақўрғон туманидаги собиқ «Деҳқонмаштаъминот» АЖда саккизта тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган бўлиб, ҳо­зирда улардан биттасида маҳсулот ишлаб чи­қариш жараёни йўлга қў­йил­ди ҳам­да еттита корхонада ишлаб чиқа­риш биноларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.
     Поп туманидаги «Ўзрубероид» АЖ ҳудудидаги бўш турган ер майдони негизида ташкил этилиши белгиланган саноат ҳудудига ўнта тадбиркорлик субъекти жойлаштирил­ган. Айни пайтда ишлаб чиқариш би­ноларини қуриш ҳамда коммуникация тизимларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар IX – Республика ярмаркаси якуний натижаларига кўра вилоятдан 83 та 1,333 млн сўмлик шартнома имзоланган.
     Илм-фан, таълим, ишлаб чиқа­ришнинг самарали интеграциясини таъминлаш ва саноатнинг инновацион ривожланишида технопарк ва технокомплекслар катта аҳамиятга эга. Ўз навбатида, институтда амалга оши­рилаётган «Текстиль кластери» инновация моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш доирасида қуйидаги мақсадлар кўзда тутилган. Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар ишлаб чиқариш жараёнларига мос ва мувофиқ тайёрланишига хизмат қилади.
     Республикада ташкил этилган бар­ча Бизнес-инкубаторларга 120–350 кв/м.дан иборат офис бинолари аж­ратилган, материал базалари мустаҳ­камланиб, замонавий оргтехникалар билан таъминланган. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари бизнес-инкубаторда мустақил фаолият олиб бориши учун кўмаклашиш мақсадида инкубация жараёнига жалб этилмоқда. Бунда ҳар йили ўртача 600–850 нафар тадбиркорга тадбиркорлик асослари, бухгалтерия ҳисо­би, инглиз, рус тиллари ва компьютер саводхонлиги, инновация ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бўйича қисқа курслар ташкил этилмоқда.
     Бугунги кунда Наманган вилоятида 300 нафардан ортиқ илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улардан 17 нафари фан доктори, профессор, 248 нафари фан номзодлари бўлиб, педагогика фанлари бўйича 45, психология фанлари бўйича бир, тарих 20, филология 11, фалсафа фанлари олти, социология фанлари уч, физика-математика фанлари 39, география фани ўн, биология фанлари 15, тиббиёт фанлари бир, санъатшунослик фанлари уч, техника фанлари 94, қиш­лоқ хўжалиги фанлари етти, иқтисод фанлари 41, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича икки нафар олим мавжуд. Ушбу статистик маълумотлар, ўз нав­батида, муайян маҳсулот ишлаб чи­қариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ инновацион фао­лиятга табиий ҳамда техник жи­ҳатдан таъсир этиши шубҳасиз. Мавжуд илмий салоҳият вилоятнинг илмий-амалий муаммоларини аниқлаш ва ечимини топиш учун етарли бўли­шига қарамай, айни пайтда ушбу са­лоҳият назарий ва экспериментал соҳаларга йўналтирилганлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.
     Сўнгги йилларда олимларимиз то­монидан маҳаллий саноат учун керак бўлган металлни қайта ишлаш соҳасида қўлланиладиган импорт ўрнини босувчи қуруқ сурков компо­зитлари ишлаб чиқилди. Ушбу ишланма «Ўзэкспомарказ»да ўтказилган VIII Республика «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» ярмаркасида намойиш этилди.
     Жорий йилда мустақил изланувчилик институти орқали бешта ихти­сослик бўйича саккиз нафар илмий-педагогик кадрлар тайёрланмоқда. Икки нафар мустақил изланувчи док­торлик диссертациясини якунлаб, ҳужжатларини илмий кенгашга топширган. НамМТИ ўқитувчиси докторлик диссертациясини Италиянинг Болонья университетида муваффа­қиятли ҳимоя қилди. Шунингдек, яна бир ўқитувчи докторлик диссертациясини Швеция давлатида ҳимоя қилишни режалаштирган.
     Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлашти­риш қўмитаси томонидан эълон қи­линган 2012–2014 йилларга мўлжалланган тўртта амалий ва битта инновацион тадқиқотлар дастурлари дои­расидаги лойиҳалар амалга оширилди. Лойиҳа ва ишланмалар бўйича 113 та илмий мақола ва тезислар чоп этилиб, 14 та лойиҳа ва ишланмаларга патентлар олинди, жумладан:
     ● пахта тозалаш заводларида то­ла сифатини яхшилаш ва миқдо­рини ошириш;
     ● пахта хомашёсини янги усулда тозалаш ва толали чигитни ажратиб олиш;
     ● пишитилган иплар тайёрлаш технологиясини яратиш;
     ● қуёш энергиясидан фойдаланиб чигитли пахтани қуритиш;
     ● маҳаллий хомашёлар асосида болалар овқатланиши учун биоқў­шимча ишлаб чиқариш технологияси каби йўналишларда ишланмалар яратилди.
     Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тармоқ институтлари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда катта илмий ходим-изланувчилар ва магистрлар иштирокида илмий-тад­қиқот ишлари бўйича тақдимотлар ўтказиш кўламини кенгайтиришга эътибор берилмоқда, яъни:
     ● инновацион ҳамкорликни амал­га оширишда ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали иштирокини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкор­ликни йўлга қўйиш;
     ● чет элда соҳалар бўйича малака ошириш, тажриба алмашиниш, шу­нингдек, илмий-тадқиқот ишлари ба­жарилишини жадаллаштириш масалаларини ҳал қилиш учун грантлар олишга эътиборни янада кучайтириш;
     ● бизнес-инкубаторларни етарли миқдордаги замонавий жиҳозлар, бино ва оргтехника билан таъминлаш;
     ● инвестицион фаолиятни рағ­батлантиришда маълумот ошкорали­ги ҳамда муҳимлигига эътибор бериш.
     Инвесторлар ва аҳолининг кенг қатламларига фонд бозорига кириш ҳуқуқини тақдим этиш, омонатларни шакллантириш ҳамда уларга иқтисо­диётнинг реал секторига инвестиция киритишнинг муқобил имкониятларини яратиш ҳам муҳим талаблардан бири ҳисобланади.
     Транспорт ва телекоммунуникация тузилмаларини инновацион технологиялар ҳамда инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига ривожланишини тезлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, чет элларда амалиёт ўташларига эришиш, бу йўлдаги самарали натижалар гаровидир.
     Бу борада инновацион ва ижодий фаолиятга фаол жалб этилаётган ёш олимлар ишланмалари ҳам эътироф­га сазовор бўлмоқда. Бизнес-инкубаторлар бўйича бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан иш олиб борил­моқда, жумладан: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган филиали, «Ёшлар иттифоқи» ва бошқа нодавлат ташкилотлари шулар жумласидандир.
     Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар Агентлиги томонидан 2018–2020 йилларга мўлжалланган давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида 35 ёшгача бўл­ган ёш олимлар танлови эълон қи­линди. Шу жумладан, танловда ил­мий даражага эга бўлмаган ёш изланувчилар, иқтидорли ёшлар ҳам иш­тирок этишлари мумкин. Ушбу танловда кўплаб ёшлар ўз ғоялари билан иштирок этишлари учун турли ло­йиҳалар устида иш олиб бормоқ­далар.
 
 
Акбаржон ҲАКИМОВ,
«O‘zIA» мухбири


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/iqtisodiy-rivojlanish-asoslari.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/iqtisodiy-rivojlanish-asoslari.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.