- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Mamlakatimizda ekologik turizmni rivojlantirish imkoniyatlari

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 11.09.2017 @ 16:10 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мустақиллик йилларида туризм миллий иқтисодиётимизнинг жадал ривожланиб бораётган тармоғига айланди, ўсиш суръатлари сўнгги 20 йил давомида ўртача 7,6 фоизни ташкил этди, бу кўрсаткич жаҳон туризми суръатидан (4,5 %) юқоридир. 2000 йилда республикамизга 302 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 7,1 бараварга ошиб, 2,16 млн кишини ташкил этди. Туризм экспорти 33,8 млн доллардан 1,2 млрд долларгача ўсди. 2016 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг ЯИМдаги тўғридан-тўғри улуши 2002,6 ­млрд сўмни ёки унинг бир фоизини, жами улуши эса (билвосита ва ҳоси­лавий) 6203,0 млрд сўмни ёки ЯИМнинг 3,1 фоизига тенг бўлди. 2016 йил­да туризм соҳасидаги бандлар сони 140 минг кишини, инвестиция­лар миқдо­ри 1008,0 млрд сўм ёки уму­мий инвестициялар ҳажмининг 2,1 фоизини ташкил этди.
     Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Рес­публикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида иқтисодиётнинг стратегик тар­моғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш, қулай иқтисодий ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди.
     2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­ча Ҳаракатлар стратегиясида ҳам, «Ту­ризм индустриясини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда унинг роли ва улушини ошириш, туристик хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини яхшилаш, туризм инфратузилмасини кенгайтириш, ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон Респуб­ликасида туризм соҳасини ривожлан­тириш концепциясига асосан, аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режаштирилган». Мазкур йўналишнинг таркибий қисми экологик туризмни ривожлантириш мамлакатимиз табиий хилма-хиллиги ва бой рекреация ресурслари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, табиий ва маданий меросни асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ва фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшишни кўзда тутади.
 
10-Xamidov
     ХХ асрнинг иккинчи ярмида оммавий туризмнинг жадал ривожланиши таъсирида табиий экотизим ва ландшафтларда сезиларли даражадаги салбий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Бунда туризм соҳасига йўналтирилаётган капитал сарфи қисқа муддатда катта фойда олиш билан боғ­лиқ бўлди, бу жараёнда атроф-муҳит, табиат ва маҳаллий аҳоли ман­фаатлари ҳисобга олинмади ва уларга фақат фойда олиш воситаси сифатида қаралди. Туризмнинг бир томонлама ривожлантирилиши хорижда «қаттиқ туризм» номини олди ва у атроф-муҳитга, табиий ва иж­тимоий-маданий муҳитга, маҳал­лий аҳолининг ижтимоий тузилмасига катта салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу муносабат билан, ХХ асрнинг 80-йилларида Европа ва Америка қитъасида табиатдан рекреация мақсадларида экологик мақбул йўналишларда фойдаланиш ғояси тарғиб этилиб, экологик, иқтисодий, ижтимоий талабларни мувозанатлаш­тирган «яшил туризм», «экологик ту­ризм» тушунчалари пайдо бўлди. Бу ғоя дунёнинг бошқа қитъалари, мамлакатларига ҳам тез тарқалди. Шу асосда табиатни муҳофаза қиладиган, туристларнинг экологик маданиятини оширадиган, бир вақтнинг ўзида тегишли фойда олишга йўналтирил­ган, маърифат тарқатиш функциясини бажарадиган, маҳаллий аҳоли­нинг анъанавий маданиятига эҳтиёткорона муносабатда бўладиган, уларнинг тур­муш даражаси ва фаровонлигини оши­ришга имкон берадиган туризм­нинг янги йўналиши – экологик туризм шаклланди ва ривожлана бошлади.
 
10-Xamidov2
     Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ)нинг баҳолашига кўра, халқаро сайёҳларнинг 40–60 фоизини табиат ажойиботлари объектларини кўришни истаган экотуристлар ташкил этади. Илмий адабиётлар тахминий ба­ҳолаш ҳисобларига кўра, жаҳон туризм бозорларида барча сайёҳлар­нинг 9–10 фоизи экотуризм улушига тўғри келади. Дунёда экотуризмга энг катта талаб Шимолий Америкада, сўнгра Ғарбий Европада (Германия ва Буюк Британия), Австралия ва Янги Зеландияда мавжуд. Тадқиқотларда сайёҳларнинг анъанавий равишда Европага саёҳат қилиши, табиати хилма-хил бўлган ривожланаётган мамлакатларга бориш истаги ортаётганини кўрсатади. (Жанубий Африка Республикаси, Коста-Рика, Индонезия, Эквадор, Белиз, Непал, Кения ва б.). ЖАРда даромад олиш бўйича экологик туризм олмос қазиб олиш­дан кейин иккинчи, Аляскада (АҚШ) нефть қазиб олишдан кейин иккинчи ўринда туради. Коста-Рика, Кения, Эквадорда туризм даромадларининг катта қисми экотуризм ҳисобига тўғ­ри келади.
     Дунё амалиётида экологик туризм­ни ривожлантириш асосан муҳо­фаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ)да амалга оширилади. Айнан МЭТҲ­лар таркибида маъмурий, иж­рочи ва илмий ходимлар штати мавжуд бўлиб, ҳудудий яхлит тузилмага эга ташкилот ҳисобланади. Улар рекреация фаолиятини илм-фан ва амалиёт талабига мос ҳолда ташкил этиши, туризмнинг экологик маърифат ва маданият йўналишини таъминлаши, рекреация ҳудудлари ҳола­ти мониторингини ташкил қилиши, бузилган, ифлосланган экотизимларни қайта тиклаш (рекультивация) тад­бирини, тегишли даромад олиш ва бошқаларни амалга ошириш имкониятига эга энг мақбул муассаса сифатида фаолият юритади.
     Мамлакатимизда МЭТҲлар тизимининг барча тоифаларида рекреация-экотуристик ҳудудларни ташкил этиш ва тегишли қулайликлар яратиш, истиқболда ушбу тизимни барпо этишда маъмурий-ҳудудий тизим яхлитлиги тамойилига амал қилиш зарур.
 
10-Xamidov3-1
     Тадқиқот натижасига кўра, мамлакатимиз минтақаларида экотуризм истиқболлари катта эканлиги аниқ­ланди. Истиқболда мавжуд 36 та МЭТҲни яна 29 тага кўпайтириш, улар умумий майдонини мавжуд 2604,1 минг гектардан 8144,2 минг гектарга (жами 10748,3 минг га), яъни қарийб 4,2 баробарга кенгайтириш, 10 фоиздан кўпроқ майдонини рекреация ҳудудларига ажратиш асосида мазкур ҳудудлар майдонини 1074,8 минг гектарга етказиш тавсия этилади. Ўзбекистонда экотуризмдан олинган даромадлар динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 1999 йил (3,5 млрд), 2002 йил (8,6 млрд) ва 2004 йил (11,7 млрд сўм)ларда олдинги йилларга нисбатан, пасайиш тенденцияларини кузатиш мумкин. Қолган барча йилларда эса, мазкур кўрсаткичнинг барқарор ўсиш тенденциялари кузатилади.
     Ўзбекистонда экотуризмдан олинадиган даромадлар динамикасининг 2017–2020 йиллардаги прогноз қийматига кўра, 2017 йилда 942 ­млрд сўмни, 2018 йилда 1269 млрд сўмни, 2019 йилда 1709 млрд сўмни ва 2020 йилга бориб, 2301 млрд сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
     Демак, аниқланган прогноз қий­матига кўра, 2020 йилда экотуризм­дан олинадиган даромадлар ҳажми 2015 йилнинг мазкур кўрсаткичига нисбатан 4,42 марта кўп бўлади. Математик моделлар прогноз хусусиятларини баҳолаш мезони сифатида ўзгарувчининг ретроспектив, прог­ноз ва амалий қийматлари ўртасидаги корреляция коэффициентидан фойдаланилди. Мазкур қийматнинг хатолик даражаси Тейл коэффициенти бўйича 0,01 қийматни ташкил қилиб, амалга оширилган прогноз сифати юқори эканини кўрсатади.
 
10-Xamidov3-2
     МЭТҲларни баҳолашнинг якка тартибдаги мезон қийматлари асосида экологик туризм ривожланишини бошқаришни баҳолаш усули ишлаб чиқилди, мазкур услубиятга кўра, МЭТҲларнинг барча тоифаларини алоҳида ва биргаликда баҳолаш йўналишларини ўзида ифода этувчи мезон қийматлари дастлаб aij матрица шаклига келтирилди. Бунда, жад­вал қаторлари бўйича МЭТҲларнинг мезон қийматлари (i = 1, 2, 3, … n) ҳамда жадвал устунлари бўйича уларнинг экотуристик ресурслар са­ло­ҳияти белгилари (j = 1, 2, 3, … m) жойлаштирилди. Шундан сўнг, ҳар бир кўрсаткич бўйича максимал эталон қиймати аниқланди, уларда экологик туризмни ривожлантириш кўр­саткичлари қуйидаги формула ёр­дамида стандартлаштирилган кўрсаткичларга келтирилди:
 
    (1)
 
     Тадқиқот усулига кўра, МЭТҲларда экологик туризмни ривожлантириш индекси (Kj) қуйидаги формула ёрдамида аниқланди:
 

10-Xamidov4-2(2)

     Таъкидлаш лозимки, ривожланиш индекси 0 ≤ Rj ≤ 1 оралиқда бўлиб, ушбу қийматнинг 1 га яқинлашуви МЭТҲ­ларда экологик туризмнинг барқарор ривожланишини ифодалайди.
     Жумладан, мазкур индекс миллий боғларда 0,78 қийматни, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида 0,64, давлат буюртмахоналарида 0,51, табиий питомникларда 0,34, табиат ёдгорликларида 0,29, давлат қўриқ­хо­на­ларида эса 0,19 қийматни ташкил этади.
     Мамлакатимизда экологик туризм­ни ривожлантириш туризм тармоғи бошқарувида ўзига хос стратегиялар­ни ишлаб чиқиш ва шакллантиришни талаб этади. Тадқиқотимизда экотуризм бозори стратегияларининг шакл­ланиш вариантларидан бири кўриб чиқилди. Экотуризм бозорида экотуристик хизматларни таклиф этув­чи, шу орқали юқори даромад олиш учун турли стратегияларни амал­га оширувчи муҳофаза этилади­ган табиий ҳудудлар хатти-ҳаракат­лар жараёнларига ўйинлар назария­си орқали ойдинлик киритилди.
     Ўйинлар назариясининг асосий тео­ремасига кўра, ҳар қандай чекли 0 йиғиндили жуфт ўйин ҳеч бўлмаган­да битта ечимга эга, у аралаш страте­гиялар соҳасида ҳам бўлиши мумкин.Оптимал стратегияни қўллаш билан ўйинда νопт баҳосига тенг ютуққа эга бўлиш мумкин:

10-Xamidov4-3
(3)
 
     Ҳар бир муҳофаза этиладиган та­би­ий ҳудуднинг зиддиятли вазиятлар­ни ҳал этиш борасидаги ҳаракат дас­тури МЭТҲнинг стратегияси ҳисобла­ниб, бундай вазиятни таҳлил этишда МЭТҲлар сони, стратегиялар мажмуаси ва уларнинг ютуқлари асос бўлиб хизмат қилади. Шу жумладан, экотуризм бозори субъектлари хатти-ҳа­ра­катини ўйинлар назарияси орқали таҳлил қилдик. Ушбу бозорда юқори даромадга эга бўлиш учун бошқа рақобатчи табиий ҳудудлар бўлишини, ҳар бир МЭТҲнинг имкониятлар тўплами ва стратегиясини қатъий ҳисобга олиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик натижаларига кўра мазкур муносабатларда МЭТҲ хатти-ҳаракатлари ўз­гариши бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларлар қарорига куч­ли даражада таъсир кўрсатиши исботланди.
     Биз тавсия қилаётган ва асосланган методологияга кўра, экотуризм­дан олинадиган даромадлар ва ЯИМ ҳажми ўртасида чизиқли боғла­ниш мавжуд бўлиб, уларни регрессия тенг­ламасининг назарий кўриниши қу­йи­дагича бўлади:
 
ŷx = a0 + βx + ε      (4)
 
     бунда ε – тасодифий хатолар катталиги.
     Келтирилган тенгламадаги регрессия коэффициенти (β)ни ҳисоблаш учун нормал тенгламалар тизимидан фойдаланилган.
Эмпирик натижаларга кўра, Ўзбекистонда экотуризмдан олинадиган даромадлар ва ЯИМ ўртасидаги регрессия тенгламаси қуйидагича бўлади:
 
ŷ = 74,32 + 3,57x     (5)
 
Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда экотуризмдан олинадиган даромадлар ва ЯИМ ўртасида кучли чизиқли боғланиш мавжуд бўлиб, экотуризмдан келадиган қўшимча даромадларнинг бир фоизга ортиши республика ЯИМнинг қўшимча равишда 0,87 фоиз ортишига олиб келади. Агар мазкур тармоқнинг жаҳон ЯИМдаги улуши 10,2 фоизни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, у ҳолда ушбу қиймат республика ЯИМнинг барқарор тенденциясини таъминлашга қодир эмас. Бундан шун­дай хулоса қилиш мумкин, мамлакатимизда ҳали экотуризм сало­ҳиятидан ва бу борадаги мамлакат имкониятларидан етарли даражада фойдаланилаётгани йўқ.  
 
Обиджон ҲАМИДОВ,
иқтисод фанлари номзоди


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/mamlakatimizda-ekologik-turizmni-rivojlantirish-imkoniyatlari.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/mamlakatimizda-ekologik-turizmni-rivojlantirish-imkoniyatlari.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.