- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Mebel mahsulotlari marketingining dolzarb muammolari

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 05.07.2017 @ 12:52 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилади. Яъни, иқтисодиётни барқарор ривож­лантиришда истеъмол товарлари иш­лаб чиқарувчи тармоқларнинг, шу жумладан, мебель саноатининг аҳо­ли турмуш даражасини ошириш­даги аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиш талаб этилмоқ­да. Ўзбекистонда мебель бозорининг барқа­рор ривожланиши учун мунтазам ва самарали маркетинг тадқиқотлари­ни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараён эса, аввало, унинг методологиясини ишлаб чиқиш ва та­комиллаштиришни тақозо этади. Шу маънода, рақобат муҳити ва инновация таъсирини, товарлар бозорини, талаб ҳамда таклифни, истеъ­мол­чилар хоҳиш-истагини, корхоналарнинг бозордаги ўрни ва стратегиясини тадқиқ этиш учун маркетинг ти­зимини такомиллаштириш талаб этилади. Мебеллар бозорида сегментлаш, позициялаш, дифференция­лаш, нархлаш стратегияларини белгилаш – мураккаб жараёнлар сифати­да юқори савиядаги таҳлилий маълу­мотлар билан боғлиқ бўлиши лозим.
     Мебель маҳсулотини харид қилиш жараёнларини хорижлик кўпгина олим­лар тадқиқ этишган. Масалан, венгриялик И.Хоффманн, К.Ж.Паки­ни­лар томонидан истеъмолчилар хо­ҳиш-истаги ва харид қилиш модели ишлаб чиқилган. Кейинчалик К.Ж.Па­ки­ни ва Е.Беднариклар ҳаммуал­лиф­лигида ушбу модель такомиллаштирилиб, мебель маҳсулоти истеъмолчилари қарорига таъсир этувчи му­ҳим омил оила аъзолари фикри эканлиги қайд этилади. Шунингдек, амери­калик C. Ён Юнь ва Ж. Ёнг Чолар тад­қиқот ишларида мебель маҳсулотла­ри истеъмолчилари хоҳиш-истаги ва харид қилиш жараёнларини ўрганиш учун компьютер дастуридан фойдаланишни таклиф этишади. М. Фишбей­нинг компенсация моделида истеъ­мол­чи мебелнинг айрим жиҳатини паст баҳолаши, баъзи жиҳати маъқул ке­лиши ва натижада сотиб олинаётган мебелнинг афзаллиги ва камчиликлари бир-бирини компенсация қилиши­ни, сўнг харидор юқори балли мебелни танлашини башорат қи­ла­ди. Харид қарорини илмий нуқтаи-назардан тад­қиқ этган Д.Энжел мебель бозорининг ўзига хос хусусиятла­ри ва комплекс ривожланишини ҳи­собга олиб янги моделни таклиф этади.
     Бу борадаги ижтимоий-иқтисо­дий нуқтаи-назардан маркетингнинг асосий мақсади: истеъмолни, истеъ­мол­чилар хоҳишини, танлаш имкониятини, турмуш сифатини ошириш.
     Маиший мебель бозорини ўрганиш ва бирламчи маълумотлар йи­ғиш мақсадида, биз, ёзма, оғзаки ин­тервью ва яширин кузатув каби маркетинг тадқиқотларига асосланиб, 1050 нафар респондентдан ёзма сў­ровнома ва 15 та мебель дўконида эса икки ой муддатда кузатув, 20 на­фар танланма респондентдан оғзаки интервью олдик.
 
12-1_Ostonakulova
 
 
     Мазкур тадқиқот натижаларига кў­ра, мебель маҳсулотлари маркетин­гини амалга оширишда баъзи мил­лий хусусиятларимизни ўрганишга тўғри келди. Яъни, маркетингни қўллаш им­конияти ва самарадорлиги сезиларли даражада бозор тури, ишлаб чиқа­раётган ва сотилаётган маҳсулот­лар, бозордаги рақобат кураши миқ­ёсига боғлиқлиги маълум бўлди. Жум­ладан, маркетинг концепциясини қўл­лашда универсал, стандарт, бирхиллаштирилган тавсиялар мавжуд эмаслиги муҳим ўрин тутиши, амалий маркетингда ҳамма нарса ташқи ва ички омилларга, истеъ­молчилар хусусиятларига боғлиқлиги билан сезиларли даражада ажралиб туради.
     Ўзбекистонда 5–6 йил аввал маркетинг концепциясини қўллашда «ялпи» ёндашув устунлик қилган бўлса, айни пайтда дифференцияли ёндашувдан кенг фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулот­ларини таркиб турларига кўра таҳлил қиладиган бўлсак, 58 фоизи маиший мебелга, 39 фоизи ташкилотлар мебелига ва уч фоизи бошқа мебелларга тўғри келади. Бу борада сал­моқ­ли улуш офис мебеллари ва ўқув муассасалари, савдо дўконлари, шифохона, ресторан, дўконлар, омборхона, сартарошхона кабилар учун махсус мебелларни ташкил этади.
     Мебель маҳсулотлари ишлаб чи­қариш таркибининг ҳудудлар кесими таҳлили шуни кўрсатдики, маиший мебелнинг 52 фоизи Тошкент шаҳри­га, 14 фоизи Фарғона вилоятига, 10 фоизи Тошкент вилоятига, ташкилот мебелларининг 47 фоизи Тошкент шаҳрига, 15 фоизи Самарқанд вилоятига, бошқа мебелларнинг 35 фоизи Тошкент шаҳрига, 29 фоизи Қашқа­дарё ва 20 фоизи Наманган вилоятлари улушига тўғри келди.
     Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳар қандай тармоқнинг барқарор ри­вожланиши фақат харид талабига эга бўлган товарларни ишлаб чиқа­риш ва сотиш билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, тармоқ корхоналари маркетинг фаолияти са­марали ташкил этилиши, мебель бо­зори мунтазам ўрганилиши, истеъ­молчилар хоҳиш-истаклари инобатга олиниши, харид жараёни омиллари батафсил таҳлил қилиб борилишини тақозо этади. Технологик ўзгариш, ижтимоий медиа роли ортиши, демографик ўзгаришлар ва аёллар харид қобилияти ошиши мебель ишлаб чиқарувчилар ва чакана сотувчиларнинг маркетинг ишларида ҳи­соб­га олиниши керак бўлган асосий жиҳатлардир. Биз, мамлакатимиз ме­бель маҳсулотлари истеъмолчилари хоҳиш-истагини ўрганишда тарих, ма­даният, урф-одат, анъ­аналар ва мебель маҳсулотлари­нинг хусусиятидан келиб чиқиб, уларни сегментлашни мақсадга мувофиқ, деб топдик.
     Мебель маҳсулотларини сотиб олишда истеъмолчилар кенг кўлам­даги ахборотдан фойдаланади, яъни: турли ахборотларни таҳлил қилади, хариднинг оптимал вариантини топишга интилади, маҳсулотни ўзининг турмуш тарзи, диди ҳамда имкониятига қараб танлайди. Шунингдек, истеъмолчи узоқ муддатга яроқли товарни сотиб олишда молиявий, техник, вақтни йўқотиш ва психологик таваккалчиликларни ҳам инобатга олади.
     Харидор уй жиҳозларини сотиб олиш қарорини амалга ошириш учун бир-бири билан боғлиқ бир-неча босқичдан иборат эҳтиёжига аниқлик киритгандан кейингина, уни сотиб олиш ва фойдаланиш амалларини бажаради. Яъни, умумий эҳтиёж қу­йи­даги муаммоларни ҳал этишга қа­ратилади:
     ● қайси турдаги мебель унинг эҳ­тиёжини тўлиқ қондиришини аниқ­лайди;
     ● товарни бозордан, фирма дў­конидан ёки интернет орқали сотиб олади;
     ● товарнинг қандай афзаллиги бор, сотувчи қандай кафолат беради, ушбу товардан қанча муддат фойдаланиш мумкин?
     Мебель сотиб олиш учун ахборот воситалари қай даражада таъсир кўр­сатади: таҳлил шундан далолат бера­дики, уй жиҳозларини харид қи­лишда 52,5 фоиз аҳоли телекўрсатув, 43,1 фоизи газета ва журналлар рекла­маларидан, 49,7 фоизи фирма дўкон­ларига ташриф буюришдан, 50,6 фои­зи каталог ва брошюралардан фойдаланади.
     Олинган маълумотлар таҳлили шу­ни кўрсатдики, респондентлар уй жи­ҳозларини сотиб олишга режа асо­сида астойдил киришиб, рационал қарорлар қабул қилишга ҳаракат қилади. Хусусан, ўртача ҳар бир ­оила уч йилда (47,7 %) битта уй жиҳозини ха­рид қилади, сотиб олиш учун ахбо­ротларни каталоглар (60,1 %) орқа­ли тўплайди, камида учта дўконга (42,4 %) ташриф буюради. Харидларни фирма дўконларида пластик карта орқа­ли (68,1 %) амалга оширади. Шунинг­дек, харид мақсади ва сабабига кўра 68 фоизи тўйга, яъни қизлар сарпосига, 17 фоизи алоҳида яшай бошлаган ёш оилалар учун кўпроқ ошхона ва юмшоқ мебеллар олиш, тўқ­қиз фоизи жисмонан ва маънан эс­кирган мебелларни алмаштириш, олти фоизи уйни бутунлай янги ме­беллар билан жиҳозлаш учун сотиб олади.
     Тадқиқот натижаларига кўра, уй жиҳозларини сотиб олишда аёллар учун асосий омил мебелнинг услуби, ранги ва дизайни бўлса, эркаклар учун асосий мезон унинг нархи ва си­фати ҳисобланади. Шунингдек, аёллар анъанавий ва миллий урф-одати­мизга мос келадиган мебель жиҳоз­ларини танлашлари маълум бўлди.
     Маҳаллий маиший мебель бозори сиғимини аниқлашда ҳамда башоратлашда вояга етган қизи бор оилалар сонини бир мезон сифатида ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ташкилотлар учун мебеллар бозори сиғимини аниқлашда корхона, ташкилот, ўқув муассасалари, шифохона ва бошқалар сонини, бинолар ҳажми каби мезонларни эътиборга олиш лозим.
     Бу борада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бў­йича қабул қилинган тармоқ дастурларини амалга оширишда халқаро сифат стандартларига ўтиш Ўзбекис­тон мебель саноатининг ҳам ички, ҳам ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлайди.
 
Гулсара ОСТОНАҚУЛОВА,
иқтисод фанлари номзоди


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/mebel-mahsulotlari-marketingining-dolzarb-muammolari.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/mebel-mahsulotlari-marketingining-dolzarb-muammolari.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.