(O´zbek) AKT rivojlanishi milliy taraqqiyotning muhim omili

2/2015

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Бугун мамлакатимизнинг ижти­моий-иқтисодий тарақ­қиётида ­ахборот-коммуникация технологияларининг аҳа­мияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб­лик касб этиб, ҳаётий заруратга ай­ланиб бормоқда. Албатта, қай бир соҳа ривожига аҳамият бермайлик, уларнинг замирида ахборот-коммуникация технологияларининг ҳиссаси юқо­ри бўлаётганини кўрамиз. Истиқлолнинг даст­лабки йиллариданоқ ахборот-ком­муникация технологияларини ҳар томонлама равнақ топтириш, унинг ҳуқуқий-ташкилий ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибор туфайли тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида АКТни замон талабларига мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш дастури яратилди.
     Тарихан қисқа даврда АКТнинг мустаҳкам инфратузилмаси, малакали кадрлар тайёрлаш тизими шакллантирилди. Ахборот технологияларининг давлат бошқаруви ва ишлаб чиқаришда кенг жорий қилинаётгани натижасида тармоқ мунтазам кенгайиб, унинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Узоққа бормайлик, бундан атиги 10 йил илгари алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида асосий вазифалар телекоммуникация ва маълумотлар узатиш тармоқларини, ахборот-коммуникация технологияларини ва ахборот тизимлари ҳамда ресурсларини ривожлантириш, соҳа­да ахборот айирбошлашнинг электрон шаклларига ўтиш дастурларини жорий этиш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини муҳофаза қилишдан иборат бўлган.
     Бугунги кунга келиб эса мамлакатимизда «электрон ҳукумат» тизими татбиқ этилмоқда, интернет тармо­ғига кенг полосали уланиш кенгайиб, рақамли телекоммуникация тизимларига тўлиқ ўтиш таъмин­ланмоқда. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматларини такомиллаштириш борасидаги фаолияти мувофиқлаштирилиб, идоралараро ахборот тизимлари яра­тилмоқда ва бошқарилмоқда. Шунингдек, рақобатдош дастурий маҳсулотларнинг мамлакатимиз­да ишлаб чиқарилишини, ички бозорни ҳамда уларга кўрсатиладиган хизматларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий технология­ларини татбиқ этиш, интернет тармоғининг миллий сегментини янада такомиллаштириш ҳам АКТ соҳаси олдида турган устувор вазифалар сирасига киради.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойи­даги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этилиши мазкур йўналишда босқичма-босқич ҳаётга жорий қилинаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга қара­тилган навбатдаги муҳим қадам бўлди.
     Жамиятимиз ҳаётида, қолаверса, иқтисодиётимизда ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни му­ҳимлигидан келиб чиқиб, 2013–2020 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирларнинг амалиётга изчил жорий этилиши туфайли жамиятни ахборот-коммуникация маҳсулотлари ва хизматлари билан тўла таъминлаш, соҳани мамлакат иқ­тисодий тараққиётини белгиловчи бош мезонлардан бирига айлантириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2015 йилнинг биринчи чорагида ахборот технологиялари ва коммуникациялари тизимида фаолият юритаётган корхоналар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 24,7 фоизга ўсди, компьютер дас­турлари билан боғлиқ хизматлар ҳажми эса 16,8 фоизга ошди.
     Маълумки, ахборот технология­лари ва коммуникацияларини ривожлантириш миллий тизимида ма­ҳаллий дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мазкур соҳа ривожининг пойдевори сифатида қабул қилинган тамойилдир. Маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида дастурчиларнинг Миллий реестри тузилиб, унга 69 та маҳаллий компания киритилган. Software.uz каталогига 1795 та маҳаллий дастурий маҳсулотлар киритилди. Миллий реестрга киритилаётган дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар берилмоқда.
Бугунги кунда давлат органлари веб-сайтлари ҳамда электрон ресурслари орқали 1088 турдаги интерактив хизматлар кўрсатилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон хизматлар тақдим этишнинг муҳим омили ҳисобланган давлат ахборот ресурслари сони 306 та, давлат органлари ахборот тизимлари сони 378 тага етди.
     «UZ» ҳудудидаги доменлар сони айни кунда 21 минг­дан ошиб, 2015 йилнинг биринчи чорагида яна тўрт мингга яқин янги веб-сайтлар ишга туширилди. Ўсиш олдинги йилнинг шу даврига нисбатан 114 фоизни, йил бошига нисбатан 9,6 фоизни ташкил қилди. Албатта, бу рақамлар интернет тармоғидаги миллий ҳудуднинг жадал суръатда ривожланаётганидан дарак беради.
     Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион нафардан ошди, яъни юртимиз аҳо­лисининг учдан бир қисми глобал тармоқ имкониятларидан баҳраманд бўлмоқда. Интернетдан фойдаланувчиларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида, рес­публикамизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси тўрт баробар оширилди, уланиш тезлиги эса 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, 2014 йилда интернетдан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайтирилди.
     Ҳозирда мамлакатимизнинг олис ҳудудларида яшаётган аҳолининг ҳам ахборот-коммуникация технология­лари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб тортил­ган оптик алоқа тармоқлари 16 минг чақиримни ташкил этмоқда. 2014 йилда Қўнғирот, Бойсун, Узун, Мўйноқ каби олис туманларда икки минг километрдан зиёд оптик толали алоқа тармоқлари барпо этилди. «2015 йилда янги, амалдаги ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш, модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича йирик инвестицион лойиҳаларнинг манзилли дастури»га мувофиқ, 2015–2017 йилларда 6100 чақирим, жумладан, жорий йилда 1800 чақиримли кенг полосали оптик алоқа тармоқлари қуриш режалаштирилган.
     Оптик алоқа тармоқлари кенгайиши интернетга кенг полосали уланиш хизматлари сифатини оширди. 2015 йилнинг бошида мазкур хизматларни кўрсатиш учун ўрнатилган портлар сони 640 мингга оширилди, фойдаланилаётган портлар сони эса 135,1 фоизга ўсди. Пировардида, ушбу тармоқ орқали мижозларга видеотелефония, интернет-телевидение, юқори тезликдаги интернет, HDTV-каналлар ва бошқа хизматлар кўрсатилмоқда. Йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши симсиз алоқанинг тараққий этишига ҳам хизмат қилмоқда. Бугунги кунда мобиль алоқа операторлари тўртинчи авлод тармоғи – 4G (LTE)ни жорий қилмоқда.
     Мамлакатимиз аҳолисига юқори тезликдаги ва ишонч­ли интернет хизматларидан фойдаланиш имконини яратиб беришга хизмат қиладиган магистрал маълумот алмашиш тар­моқларининг ўтказувчанлик даражасини ошириш мақсадида, «Ўзбектелеком» АК Япониянинг NEC корпорацияси ҳамда Toyota Tsusho савдо уйи билан ҳамкорликда сониясига 100 Гбит маълумот ўтказиш имкониятига эга бўлган DWDM (тўлқин узунлиги бўйича маълумот узатиш каналларини зичлаштириш) алоқа тармоғини ишга туширди. Янги алоқа тармоғи пойтахтимизни юртимиздаги тарихий шаҳарлардан бири бўлган Бухоро билан боғлашга хизмат қилади.
     Айтиш жоизки, мазкур алоқа тармоғи Марказий Осиёдаги сониясига 100 Гбит маълумот ўтказиш са­лоҳиятига эга бўлган биринчи телекоммуникация тизими ҳисобланади. Тизимда когерент қабул қилиш ва тузатишнинг энг илғор технологиялари қўлланилган. Янги тизим сониясига 10 Гбит маълумот узатувчи анъанавий тизимдан афзалликлари билан ажралиб туради. Натижада, видеотелефония, интернет телевидение, юқори тезликдаги интернет, HDTV-каналларини томоша қилиш сифатининг юксалиши ва телекоммуникациянинг янги, замонавий хизмат турларини кўпайишига замин яратилди.
     Президентимизнинг «Ўзбекистон ­Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтиш бў­йича давлат дастури тўғрисида»ги қарорига асосан замонавий телекоммуникация технологияларини жорий этиш ишлари давом этти­рилмоқда. Дастур доирасида мамлакатимизда телеузатишларни рақамли форматга ўтказиш икки босқичда амалга оширилади. Ушбу жараённинг биринчиси 2013–2015, иккинчиси эса 2016–2017 йилларни қамраб олади.
     Бугунги кунда Ўзбекистон ҳуду­дининг 54 фоизи рақамли телевидение билан қамраб олинган бў­либ, хусусан, пойтахтимиз, Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг кўплаб туманларида рақамли телевидение дастурларини юқори сифатда томоша қилиш, интерфаол хизматлардан фойдаланиш мумкин. Дастурнинг биринчи босқичида 84 та юқори қувватли узаткичлар ўрнатилади. Натижада, мамлакатимиз аҳоли масканларининг 98 фоизини рақамли телевидение билан қамраб олиш имконияти юзага келади. Иккинчи босқичда эса 400 та кам қувватли узаткичлар ўрнатилиши билан бу кўрсаткич 100 фоизга етказилади.
Маълумки, интерактив давлат хизматлари инсон манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, шу асосда одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлмоқда, вақти, сарф-харажати тежалаяпти. Бошқача айтганда, «Электрон ҳукумат» тизими аҳоли ва бизнес субъектларининг юзага келган муаммоларини ҳал этишда катта қулайлик туғдирмоқда.
     Ягона интерактив давлат хизматлари портали юқори суръатларда ривожланиб бормоқда. Ўтган вақт мобайнида фуқаролар ва тадбиркорлардан умумий ҳолатда 201 мингта электрон мурожаатлар қабул қилинди. Унинг маълумотлар маркази 13 мингга яқин чақирувларни қабул қилди. Аҳоли ва давлат идоралари ўртасида электрон муносабатлар ўрнатилгани давлат органларининг иш самарадорлигини ошиши, аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Ягона портал орқали қилинган мурожаатларнинг 95 фоизига давлат идоралари томонидан жавоб йўлланган, муносабат билдирилган. Таҳ­лиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ҳокимликларнинг фуқаронинг мурожаатига жавоб йўллаш муддати қисқариб, бугунги кунда ўртача беш иш кунини ташкил этмоқда. Ҳозирда портал орқали 235 та интерактив хизматлар кўрсатиляпти. Хусусан, ягона порталдаги давлат идоралари раҳбарлари қабулига онлайн ёзилиш, судланганлик ёки судланмаганлик ҳолати тўғрисида маълумот олиш, меҳнат стажи тўғ­рисидаги архив маълумотномасини олиш, мурожаат йўллаш каби хизматлар оммабоп ҳисобланади. Мисол учун, бугунги кунгача уч мингга яқин фуқаро судланган ёки судланмаганлик тўғрисидаги маълумотни олишда ягона порталдан фойдаланган бўлса, 400 дан зиёд интернет фойдаланувчилари давлат идоралари раҳбарлари қабулига онлайн тарзда ёзилган. Қолаверса, етти минг­дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари портал орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтказилди.
     Айтиш жоизки, 2015 йилнинг январь ойида ягона порталда тадбиркорлик фаолиятига тегишли ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойи­ҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилинган норматив ҳужжатларни баҳолаш бўйича янги тизим ишга туширил­ган эди. Бугунги кунга қадар мазкур тизимда 80 та ҳужжат лойиҳалари муҳокамага қўйилган. Улардан тўққизтаси интернет фойдаланувчилари фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилди. Айни вақтда 23 та ҳужжат лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан муҳокамалар давом этти­рилмоқда. Кўриб турганимиздек, ягона портал давлат қурилишида аҳо­лининг фаол иштирокини таъминлашнинг муҳим воситасига айланиб улгурди.
     Мамлакатимизнинг барча таълим муассасалари ZiyoNET таълим тармоғига уланган. 2014 йилда янгиланган портал кутубхонасида ўқув қўлланмалари, диссертация ишлари, илмий мақолалар ва бошқа турдаги материалларни жамлаган 75 мингдан зиёд ахборот-таълим ресурси мавжуд. Хорижий тилларни ўргатиш учун ташкил этилган интерактив бўлим тўрт мингдан зиёд материалларни ўз ичига олган. Шунингдек, респуб­ликамиздаги ахборот-кутубхона марказларини техник жиҳозлаш давом эттирилиб, ўтган йили Қашқадарё, Наманган, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ахборот-кутубхона марказлари янги замонавий ускуналар билан таъминланди.
     Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тизимдаги кадрларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида, 2015 йилнинг январь-апрель ойларида 76 соатга мўлжалланган «Давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва янада ривожлантириш» дастури асосида ўқув курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида жами 362 нафар ходим билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлди. Яъни, ахборотлаштириш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, лойиҳалар танлаш амалиётини шакллантириш ва мониторинг асосида маблағлардан самарали фойдаланиш механизмини яратиш, давлат органлари манфаатлари учун энг муҳим ва устувор идоралараро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумот­лар базалари, идоралараро маълумотлар узатиш тар­моқларини шакллантириш каби йўналишларда замонавий билимларни ўзлаштирдилар. Шунингдек, соҳа мутахассисларининг инглиз тили саводхонлигини ошириш юзасидан ҳам алоҳида ўқув соатлари ажратилди. Ўқув соатлари режа асосида Тошкент ахборот технология­лари университети малакали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
     Соҳани ривожлантиришда шуб­ҳасиз, кадрлар тайёрлаш масаласи ўта долзарб ҳисобланади. Шу боис, ушбу масалага катта эътибор қаратилиб, иқтисодиётимизнинг турли соҳалари учун малакали кадрлар етказиб бериш тизими шакллантирилмоқда. Ушбу мақсадда Тошкент ахборот технологиялари университетида компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари, телевизион технологиялар, иқтисод ва менежмент каби йўналишлар фаолият кўрсата бошлади. Шунингдек, ўтган йили университетда магистратуранинг икки янги йўналиши очилди. Булар «Электрон ҳукумат» тизими бошқаруви ҳамда ахборотлаштириш ва кутубхоначилик йўналишларидир.
     Президентимизнинг 2014 йил 24 мартдаги «Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан, пойтахтимизда Инха университети филиалининг иш бошлагани катта воқеа бўлди. Бу кадрлар тайёрлашда муҳим қадам ҳамдир.
     Айни пайтда Инха университети филиалида компьютер инжиниринги ва дастурий инжиниринг факультети иш бошлаган бўлиб, унда Корея Республикасидан таш­риф буюрган 11 нафар профессор-ўқитувчилар ҳамда юртимиз мутахассислари бакалавриат йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга ахборот-коммуникация сирларидан сабоқ бермоқда.
     Давр билан ҳамқадам бўлиш та­раққиётнинг асосий шартидир. Бу эса изчил ҳаракат, узоқни ўйлаб қабул қилинган стратегик режаларни жадал амалга ошириш билан узвий боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ҳам мамлакатимизда АКТ тармоғини барча соҳаларга изчил татбиқ этиш билан бир қаторда, юртимизнинг ушбу соҳада катта ютуқларга эришган илғор давлатлар сафига қў­шилишига хизмат қилади.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.