- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqning budjet daromadlarini shakllantirishdagi roli

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 02.02.2017 @ 16:14 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун со­лиқ­нинг таъсирчанлигини ошириш масаласини унинг ставкаларидан айро ҳолда тасаввур этиш мумкин эмас. Чунки, бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда, бу солиқнинг таъсирчанлигини унинг ставкаси белгилаб беради. Шу муно­сабат билан қайд этиш лозимки, ушбу солиқнинг ставкаси даражасига, асосан, қуйидаги икки омил ўз таъсирини кўрсатади: ер усти ва ер ости сув ре­сурслари манбалари; уш­бу солиқ­ни тўловчи тоифалар.
     Юқоридаги омиллар таъсирида, аввало, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси таба­қа­ланган тарзда белгиланади. Бир вақт­да ставкаларнинг даражалари ушбу со­лиқ тўловчилар тоифаларига қараб янада табақалаштирилган тарзда ўрнатилади.
     Бизнингча, сув ресурсларидан фой­даланганлик учун солиқнинг та­бақалаштирилган ставкалари шу тарз­да ўрнатилар экан, мазкур ҳолатда со­лиқ таъсирчанлигини ошириш нуқ­таи-назаридан бир қанча захиралар мавжуд эканлигини аниқлаш мумкин. Бу ўринда, аввало, ушбу со­лиқ тўлов­чиларнинг алоҳида олинган тоифала­рига нисбатан белгиланган ставка­лар ва уларнинг таҳлил ишла­ри амалга оши­рилади. Айни пайтда уларнинг ҳар йили, мутта­сил ра­вишда ўзгариши, ўзгариш суръ­атларининг турли да­ражада эканлиги, шунингдек, сув ре­сурсларининг ер усти ва ер ости манбаларига нис­батан солиқ тўловчилар тоифаларига мувофиқ равиш­да ўрнатилган ставкаларнинг энг юқо­ри ва энг паст даражаларининг ўзаро нисбати ва бу нисбатнинг тегишли давр мо­байнида ўзгариши кузатилади.
     Бу ўринда биз, дастлаб, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг бюджет даромадларини шакллантиришдаги ролини бир неча йўналишлар бўйича кўриб чиқа­миз. Энг аввало, бу солиқ умумдавлат солиғи бўлганлиги учун унинг Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг даромадларини шакллантиришдаги ролини аниқлаш лозим. Шу билан бирга, сув ресурсларидан фой­даланганлик учун солиқ умумдавлат солиғи бўлишига қарамасдан, ҳар йи­ли давлат бюджети параметрлари қа­бул қилинаётган пайтда у маҳаллий бюджетларнинг ихтиёрига қолдири­ла­ётганлигини ҳам инобатга олиш мақ­садга мувофиқ.
     Ҳисобланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг суммаси билан, унинг ҳақиқатда бюджет­га келиб тушган суммаси, баъзи бир объектив ва субъектив сабаблар­га кў­ра, ҳамма вақт ҳам бир-бирига тўғ­ри келавермайди. Шу боис, бюджет даромадларини шакллантириш­да сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ролига баҳо берилаётганда муаммонинг бу жиҳа­ти ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.
     Юқоридаги ёндашувларни ҳисоб­га олган ҳолда, дастлаб, ҳар йили мам­лакатимиз бюджет даромадлари шакл­лантирилаётган пайтда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ­қа қандай ўрин ажратилаётганлигига аҳамият қаратилади. Яъни, бу жи­ҳат­га ҳам ўз навбатида маълум бир ўрин берилаяпти. Масалан, 2006–2016 йиллар давомида ушбу солиқ ҳи­собидан бюджет даромадларининг 0,53 фоизидан (2006 йил) 0,46 фоизгачаси (2016 йил) шакллантириш мўлжалланди. Бу рақамлар давлат бюджети даромадларини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ юкининг унча кат­та таъсир кучига эга эмаслигини анг­латади.
     Шуниси характерлики, таҳлил қи­линаётган йилларда давлат бюджети даромадлари ҳамда ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғининг ўсиш суръатлари йилдан-йилга юқорироқ суръатларда ўсиб бориши кўзда тутилган бир пайтда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар олиш, аксинча, пасайтириб бориш тен­денцияси режалаштирилган. Бунинг эса ўзига хос объектив сабаблари мавжуд. Хусусан, бундай манзара­нинг вужудга келганлиги, жумладан, кўпгина хўжалик юритувчи субъект­ларнинг ягона солиқ тўловига ўт­ган­лиги билан ҳам изоҳланади.
     2013 йилдан кейин бу борадаги вазият тубдан ўзгармоқ­да. Бу даврда олдинги йилларга нисбатан акс ҳо­лат юзага келмоқ­да. Жумладан, сув ре­сурсларидан фойдаланганлик учун солиққа тегишли бўл­ган режалаштирилган кўрсаткичларнинг ўсиш суръ­атлари дав­лат бюд­жети даромадлари ҳамда ресурс тўловлари ва мол-мулк со­лиғига тегишли бўлган худди шундай кўрсаткичларнинг ўсиш суръ­ат­ларидан юқо­рироқ даражада бўлиши режа­лаштирилмоқда. Бу эса, ўз нав­батида, ушбу солиқнинг тақди­рига нисбатан қараш ёки ёндашувлар ўзгараётганидан дарак беради.
     Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимиз давлат бюджети даромадлари шакллантирила­ётган пайтда ҳам сув ре­сурсларидан фойдаланганлик учун солиқ маълум бир ўринга эга бўлаяпти. Унга кўра, 2005–2014 йиллар давомида ушбу со­лиқ ҳисобидан бюджет даромадларининг атиги 0,35 фоиздан (2012 йил) 0,53 фоизгачаси (2006 йил) шакллантирилган. Бу, бюджет даромадларини шакллантириш­да сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ катта таъсирга эга эмаслигини кўрсатаяпти. Бундай ҳо­латнинг вужудга келишига, ҳатто айрим йилларда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиққа тегишли бўлган ҳақиқатдаги кўрсаткичларнинг, бошқа кўрсаткичларга қара­ганда, анча юқори ўсиш суръатларига эга бўлганлиги ҳам ўз таъсирини кўрсата олмаган. Умуман олганда, таҳлил қилинаётган даврда умумий манзара қуйидагича бўлган:
     ● давлат бюджети жами даромадлари ижро кўрсаткичларининг ол­динги йилга нисбатан ўсиш суръатлари билан таққослаганда – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаларининг ўсиш суръатлари 3 ҳолда юқори ва 6 ҳолда паст даражада;
     ● ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғи ижро кўрсаткичларининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари билан таққослаганда – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаларининг ўсиш суръатлари 5 ҳолда юқори ва 4 ҳолда паст даражада бўлган.
     Мазкур вазиятнинг хилма-хил ва тескари йўналишларга эга эканлиги, ўз навбатида, сув ресурсларидан фой­даланганлик учун солиқнинг давлат бюджети даромадларини шаклланти­ришдаги ролига таъсири нуқ­таи-на­заридан айрим хулосаларнинг таркиб топишига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
     Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг бюджет даромадларини шакллантиришдаги роли фақат уни режалаштириш ва ҳақиқат­да ундирилиш жараёнларидаги суммаси ва салмоғига боғлиқ бўлмас­дан, балки шу солиқ бўйича солиқ қарз­дор­ликларининг суммаларига ҳам бе­восита боғлиқ эканлиги маълум бўлади. Шунинг учун, энди биз, муҳокама этилаётган муаммони ана шу жиҳат­дан кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз:
     ● 2005–2015 йиллар давомида мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздор­ликларининг абсолют суммалари ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, у 2005 йилда 0,1 млрд сўм, 2015 йилда 0,7 млрд сўмга тенг бўлган;
     ● шу йиллар давомида унинг жами солиқ қарздорликлари суммаларига нисбатан салмоғи 0,07 фоиздан (2006 йил) 0,17 фоизгача (2008 йил) тебранган бўлиб, бу кўрсаткичнинг даражаси 2005–2008 йиллар орали­ғида бироз тебраниб турган бўлишига қарамай, кейинги 2009–2015 йилларда бир хил даражада (0,1 фоиз) бўлиб келмоқда;
     ● таҳлил қилинаётган даврда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздорлигининг ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ қарздорлигидаги салмоғи, асосан, 0,4–0,5 фоизга тенг бўлиб, кес­кин ўзгариш характерига эга бўлмаган;
     ● сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздорлиги кўрсаткичларининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари баъзи йилларда қарама-қарши йўналиш ва ха­рактерга эга бўлсада, айрим ҳол­лар­да 1,3 баравардан 2,0 бараварга­ча юқори бўлаётгани ташвишли ҳол.
     Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммалари ортган са­ри, улар ушбу солиқнинг бюджет да­ромадларини шакллантиришдаги ро­лига салбий таъсир кўрсатади ва ак­синча. Шунинг учун, бюджет даромадларини шакллантиришда сув ре­сурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ролини ошириш лозимли­ги ҳам абсолют суммаларда ва нис­бий суммаларда ҳам, қатъий равиш­да, йилдан-йилга пасайиб бориш тен­денциясига эга бўлиши лозим.
     Бизнинг фикримизча, сув ресурс­ларидан фойдаланганлик учун со­лиқ ўзига хос мақсадли солиқ бўлиб, барча солиқлар сингари икки мақсадга хизмат қилади. Биринчиси, давлат бюд­жетини даромадлар билан таъминлаш бўлса, иккинчиси, сув ресурсларидан самарали фойдаланишга рағ­батлантирув­чи таъсир кўрсатишдир. Шундай бўлишига қарамасдан, наза­римизда, бу солиқнинг асосий мақса­ди давлат бюджетини даромадлар билан таъминлаш эмас, балки сув ре­сурсларидан самарали фойдаланишга рағ­бат­лантирувчи таъсир кўрсатиш ҳисобланади. Шу маънода, бюджет да­ромадларини шакллантириш­да бу солиқнинг иштироки иккинчи даражали аҳамият касб этади. Бироқ, ундан қатъий назар, ушбу солиқ айни пайтда ҳар икки вазифани муваф­фа­қиятли даражада бажараяпти, деб бўлмайди. Унинг давлат бюджети да­ромадларини шакллантиришдаги ро­ли ёки сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш таъсирчанли­гини ошириш лозим.
     Юқорида қайд этилган хулоса, ил­мий таклиф ва амалий тавсиялар инобатга олинса, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларнинг улуши жами бюджет даромадидаги улуши ортиши билан бирга, бозор иқ­тисодиёти талабларига янада тў­лиқ­роқ жавоб бериши ва респуб­ликамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
 
Дониёр ҚУРБОНОВ,
катта илмий ходим-изланувчи


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/suv-resurslaridan-foydalanganlik-uchun-soliqning-budjet-daromadlarini-shakllantirishdagi-roli.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/suv-resurslaridan-foydalanganlik-uchun-soliqning-budjet-daromadlarini-shakllantirishdagi-roli.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.