- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Transport-logistika xizmatlari bozorida terminallar kompleksini modernizatsiyalash

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 09.12.2016 @ 14:26 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Иқтисодиёт тармоқла­рини мунтазам техник ва технологик жиҳат­дан янгиланишини таъ­минлаш илм-фанга бўлган эътибор кучайтирилишини талаб қилади. Айнан иқтисодиётни сифат жиҳатдан янги таркибий тузилмасини шакллантириш, ҳудудларда комплекс тарз­даги ўзгаришларни муваффақият­ли амалга ошириш учун йўл-транспорт ҳамда коммуникация тармоқ­ларини ривожлантириш зарур. Шу боис, рес­публикамиз минтақа­ларида замонавий транспорт хизматлари кўрсатиш, иқтисодиётнинг барча тармоқ­ларини модернизация­лашга катта эътибор берилмоқда. Мазкур таркибий ўзгаришлар янги тижорат тузилмаларининг шакллани­ши ва тадбиркорлик соҳаси ривожланиши, қўшни ва узоқ хорижий мамлакатлар билан хўжалик алоқа­лари интенсивлашуви, транспорт хизматлари бозорида терминаллар тизими ривожланиши, ша­ҳарлараро ва хал­қаро йўналишларда юклар ташувини ташкил этиш, маз­кур юк ташувчи­ларнинг маҳаллий субъектлар билан мувофиқлиги ва ўзаро ҳамкорли­гини таъминлаш талаблари ўсишида му­ҳим омил бўл­моқ­да. Бу эса, терминал технологияларига оид комплекс транспорт-экс­педицион хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этишни талаб этди.
     Мамлакатимиз Биринчи Президентининг «2015–2019 йилларда му­ҳан­дислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурининг асосий қоида ва йўна­лишларини сўзсиз бажариш бўйича бошланган ишларни 2016 йил­да ҳам давом эттириш энг муҳим вазифамиз­дир» маърузаси ва 2013 йил 18 март­даги «Жиззах» махсус индустриал зо­насини барпо этиш тўғрисида»ги фар­монига асосан ҳудудда юқори қўшил­ган қийматли рақобатбардош маҳсу­лотлар ишлаб чиқаришни таъминлай­диган замонавий, юксак технология­ли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун хорижий ва маҳаллий инвести­цияларни жалб қилиш бўйича қулай­ликлар яратиш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс тарзда самарали фойдаланиш асосида янги иш жойлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида, шунинг­дек, Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳа­сини ишга тушириш кўзда тутилган. Бунга мисол, умумий майдони 37 гектарни эгаллаган Сирдарё туманидаги «Пунг Шенг» корхонаси Ўзбекистонда хитойлик ишбилармонлар амалга ошир­ган кўп тармоқли йирик лойиҳа бўлиб, у керамик қатламлар-кафель тайёрлашга маҳаллийлаштирилган­лиги сабабли, ички бозорда мазкур маҳсулотнинг арзонлиги таъминланди. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда комп­лекс тарзда фаолият кўрсатувчи транс­порт – экспедицион тизимни яратиш долзарб вазифага айланган.
     Ҳозирги кунга келиб, мамлакатнинг транспорт комплекси ривожланиши ташкилий, таркибий, технологик, илмий-техник, тижорат-ҳуқуқий жиҳатдан такомиллашишни, юқори сифатли транспорт хизмати кўрсатишни талаб қилмоқда. Юк ташишни такомиллаштиришда транспорт боғ­ламалари, саралаш пунктлари, юк станциялари ишини яхшилаш, омборхоналар ва ускуналарни реконструкция қилиш, янги типдаги ҳара­кат­ланувчи қисмларни жорий этиш, транспорт-экспедиция хизмати билан мижозларни янада кенгроқ қамраб олиш, замонавий, юқори даражада механизациялашган терминал комп­лексларини яратиш, интермодаль юк ташувини ривожлантириш ҳамда та­комиллаштириш, бошқарувнинг иқ­ти­содий услубларини жорий этиш зарур.
     Мамлакатимизда транспорт терминалларига бўлган муносабатлардаги энг муҳим аломат автомобиль транспорти билан ташиладиган кичик ҳажмдаги жўнатувлар салмоғи ортиши билан боғлиқ бўлди. Агар бу кўр­саткич 1981 йилда 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, 1988 йилда 10,1 фоизни, 1992 йилда 15 фоизни, 2015 йилда эса 30 фоиздан ортди. Шу билан бир пайтнинг ўзида контейнерларда юк ташиш ҳажми уч баробардан зиёд ўсди. Бундай шароитда юк­ларни қайта ишловчи терминалларга бўлган талаблар ҳам кескин тарзда ўсди. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда шаҳарлараро йў­налишларда майда партияли юк­лар ва контейнерларни ташиш учун мавжуд базаларда мазкур талаблар 45 фоиз атрофида қондирил­моқда, холос.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан давлат дастури қабул қилин­ган. Дастурда терминал ва омборхона комплекслари, контейнер элементлари, транспорт-тақсимлаш инф­ра­тузилмаси иншоотларини яратиш, кенгайтириш ва реконструкция қилиш назарда тутилади.
     Дастурда бир қатор масалаларни ҳал этиш кўзда тутилган:
     ● барча турдаги транспорт йўна­лишлари бўйича юк оқимларидаги магистрал ташувни терминаллаштириш;
     ● иқтисодий ҳудудларнинг асосий транспорт боғламаларини техник жиҳатдан қайта ускуналаш;
     ● ҳудуд ичида терминал тизимларини вужудга келтириш;
     ● терминал ва омборхоналарда юкларни қайта ишловчи ва ахборот билан таъминловчи юқори самарали тизим яратиш.
     Ушбу дастурнинг амалга оширилиши натижасида турли мақсадларга хизмат қилувчи 20 дан ортиқ терминал объектлари, шу жумладан, учта янги йирик автомобиль терминали, мультимодал терминаллар қурилиши ва реконструкцияси кўзда тутилган. Албатта, транспорт-логистика масала ечимини топувчи муҳим тизимдир. Уни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Навоий ша­ҳар аэропорти базасида халқаро ин­термодаль логистика марказини таш­кил этиш чоралари тўғрисида»ги ва «Ангрен логистика маркази ЁАЖни ташкил этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қа­рорлари асос бўлди.
     Бугун мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, иқтисодиё­тимизнинг сифат жиҳатдан янги, замонавий таркибий тузилмасини шакл­лантириш, ҳудудларимизни комплекс ривожлантиришда йўл-транс­порт ва коммуникация тармоқларини самарали ташкил этиш муҳим аҳа­мият касб этади. Транспорт-юк терминал комплексини ривожланаётган тизимлар қаторига киритишда нафа­қат та­сарруф этилаётган транспорт-юк тер­минал комплекслари фаолиятининг ривожи, балки ривожланиш жараёнининг оптималлашуви ҳам кўз­да ту­тилади. Ушбу муаммонинг ҳал этили­ши кўпдан-кўп шарт-шароитлар ва чеклашлар билан боғлиқ бўлган кўп вариантли характерга эга. Транспорт-юк терминал комплекслари фаолиятларини лойиҳалаштириш, режалаш­тириш ва бошқаришда бир-бири би­лан ўзаро боғлиқ бўлган оптималлаш­тирувчи масалалар комп­лексини кў­риб чиқиш керак бўлади.
     Юзага келадиган вазият ташиш жараёнида муайян мукаммаллашувларни эмас, балки юклар ҳаракатла­нишидаги технологик жараёнларни, транспорт инфратузилмаси фаолиятини кескин ўзгартирувчи янги тизим шакллантирилишини талаб қил­моқда. Бу борада жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган тамойиллардан бири – бу, терминал мажмуаларини йирик шаҳарлар агломерацияси атрофида ва шаҳарга туташ зоналарда қуриш ўзини ҳар тарафлама оқлайди.
     Йирик шаҳарлар атрофига терми­наллар қурилиши шаҳарга катта юк автомобиллари киришининг қисқа­риши ёки тақиқланиши ҳисобига йўл-транспорт ҳаракати тезлашишига; терминаллардаги майда жўнатмалар­ни йўналишлар бўйича гуруҳлар­га ажратиш, уларни юқори қув­ват­ли ав­томобилларда ташилиши ҳаракат са­марадорлиги ва автомобилларнинг иш унумдорлиги оширилишига; двигателларнинг зарарли чиқиндилари камайиши экологик вазият яхшиланишига ва шаҳар ҳуду­дида юклар та­шилишининг рационализациялашуви асосида ҳаракат хавфсизлиги оширилишига хизмат қилади.
     Омборхона функциялари тў­лиқ ёки қис­ман ён атрофдаги терминалларга ўт­казилиши корхоналарнинг ом­борхона майдонидан фойдаланиши рационаллаштирилишига; терминалларнинг меҳмонхона, ов­қат­ла­ниш пункти, автотранспорт майдонлари, ҳаракатланувчи қисм ва контейнерларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларининг яқин ерда жойлашиши ҳайдовчи ва хизмат кўрсатувчилар учун қулайлик яратишига; терминал­лардан турли ташувларни амалга оши­рилиши темир йўл станцияси­даги юк­лар тиғизлигини камайтириш­га; бу эса, ўз навбатида, транспорт-экспеди­ция хизматлари бозори кенгайишини, халқаро йўналишларда юк та­шиш ҳаж­ми ортишини таъминлайди.
     Терминал мажмуалари фаолияти тўғри ташкил қилиниши нафақат қай­та ишланаётган юклар ҳажми ва ассортиментига, балки функционал им­кониятлари кенгайишига, айниқса, таъминот-сотиш ва экспедиция хизматлари кўрсатилишини янада ортишига хизмат қилади.
 
Мақоланинг давоми [2]


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/transport-logistika-xizmatlari-bozorida-terminallar-kompleksini-modernizatsiyalash.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/transport-logistika-xizmatlari-bozorida-terminallar-kompleksini-modernizatsiyalash.html/print

[2] Мақоланинг давоми: http://evu.uz/magazine/transport-logistika-xizmatlari-bozorida-terminallar-kompleksini-modernizatsiyalash-davomi.html

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.