Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Кескин рақобат шароити корхоналар учун бозордаги улушини сақлаб қолиш мураккаб вазифа сифатида намоён бўлган. Бундай шароитда корхоналар томонидан дастлаб қисқартирилган иш соати қўлланилган. Қисқартирилган иш вақти меҳнатни ташкил этишнинг эгилувчан шаклларидан бири ҳисобланади. Корхоналар кескин иқтисодий танглик даврида ходимларни ишдан бўшатишдан воз кечиб, иш вақти давомийлигини қисқартиришлари мумкин. Иш вақти давомийлигини қисқартириш ўз-ўзидан маошларни ҳам қисқаришига олиб келади, аммо айрим ходимлар ишсиз бўлиб қолишидан келиб чиқадиган салбий оқибатларга қараганда афзал ҳисобланади. Бунга Volkswagen компаниясининг тажрибасини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 1994 йилда компаниянинг автомобиль сотувлари қисқарганлиги туфайли корхона ночор аҳволга тушган. Ушбу шароитда корхона ходимларини ишдан бўшатмасдан, касаба уюшмалари билан келишган ҳолда, ҳафталик иш вақтини 35 соатдан 28,8 соатга қисқартирган. Ушбу чекловлар 35 мингга яқин ходимларга нисбатан қўлланилган, улар томонидан инқироз даврида корхона фаолиятини сақлаб қолиш учун етарли иш ҳажми ва иш вақти бажарилган. Ўз навбатида корхонада зарур мутахассислар ўрни сақлаб қолинган. Компания томонидан қўлланилган ушбу тажриба инқирозни енгган биринчи самарали усул сифатида тан олинган.
Меҳнатни ташкил этишдаги яна бир ўзгариш – телебандликнинг қўлланилиши бўлган (иш ўрнидан ташқаридаги фаолият). Бу каби бандлик турининг қўлланилишига ходимларнинг иш ўринлари билан бевосита алоқа қилиш имкониятини берувчи, меҳнат натижаларини қисқа муддатда корхонага етказиш имконини берувчи ахборот-коммуникацион технологияларнинг ривожланиши сабаб бўлди. Телебандлик турлари — уйдаги телебандлик (ходимнинг уйи иш жойи ҳисобланади), мобиль телебандлик (иш вақтининг асосий қисми иш жойидан ташқарида – иш юзасидан сафарлар, мижозлар билан учрашув), қисман телебандлик (меҳнат фаолиятининг маълум қисми уйда, маълум қисми корхона ҳудудида бажарилади). Телебандлик ходимлар учун қулайлик яратиши Европада ўтказилган сўровномаларда ўз аксини топган. Яъни, иштирокчиларнинг 72 фоизи телебандлик оила ва хизмат вазифаларига қулай вақт ажратилишини, 50 фоизи ўз вақтини тежашини, 3,6 фоизи соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишини, 1,1 фоизи таълим ва малака ошириш имкони яратилишини, 0,7 фоизи эса иш билан банд бўлишини таъкидлашган.
Иш ўринлари билан алмашиш меҳнатни ташкил этишнинг эгилувчан шаклларидан бири сифатида 1980 йиллардан татбиқ этила бошланган. Иш ўринларини алмашиш имконияти асосан бошқарув ходимларига қулайлик туғдиради, чунки хизмат вазифасининг маълум бир қисмини бажаргандан сўнг оилавий масалаларга, таълим олишга, соғлиқни тиклашга қўшимча вақт ажратиш имконияти пайдо бўлади.
Корхонанинг самарали фаолият юритиши, энг аввало, корхона бошқарувчилари томонидан ишлаб чиқаришни, меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этишга боғлиқ. Ушбу тадқиқотимизда келтирилган иш билан бандликнинг эгилувчан шаклларидан фойдаланишнинг ижобий натижаларидан ташқари салбий оқибатлари ҳам мавжуд. Иқтисодий вазиятни олдиндан кўра билиш, меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этиш орқали корхона рўбарў келиши мумкин бўлган мураккаб вазиятларнинг олдини олиш мумкин. Ушбу масала, энг аввало, мутахассис бошқарувчи кадрларни талаб этади.
Таҳлилларимиз натижасига кўра, қуйидаги хулосаларни қайд этиш мумкин:
● аҳолини иш билан бандлигида хизмат кўрсатиш улушининг ортиб бориши ўз-ўзидан иш билан бандликнинг эгилувчан шакллари қўлланилишига ва такомиллашиб боришига олиб келади;
● ушбу йўналишда корхона имкониятидан келиб чиққан ҳолда, келажакда кутилиши мумкин бўлган вазиятни кўра билиш, иш бошқарувчи – менежер кадрларни тайёрлаш самарадолигини ошириш лозим;
● бандликнинг эгилувчан шаклларининг амалиётда қўлланилиши корхоналар ўз фаолиятида юз тутиши мумкин бўлган мураккаб вазиятларда мутахассис ходимларни ишсизликдан сақлайди;
● иш билан бандликнинг эгилувчан шакллари қўлланилиши дунё иқтисодиётида кузатилаётган танг вазиятларда меҳнат бозоридаги ўзгаришларга тезкор жавоб беради;
● эгилувчан иш билан бандлик шакллари муаммони юмшатишга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини иш ўринлари билан таъминлашга ҳамда даромад манбаини яратишга ва малакасини оширишга имкон беради.
Дилмурод НАСИМОВ,
катта илмий ходим-изланувчи