Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қайд этилганидек, юртимизда ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талаби қондирилиши баробарида, унинг катта қисми экспортга йўналтирилмоқда. Масалан, 1991–2016 йиллар мобайнида 50 та корхона томонидан ишлаб чиқарилган умумий қиймати 885 млн долларлик маҳсулот хорижга жўнатилди. Айни пайтда, компаниямиз корхоналарнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон ва яна бошқа бир қатор мамлакатларда дилерлик тармоқлари ва ваколатхоналарини очиш бўйича иш олиб бормоқда.
Шуни ҳам айтиш лозимики, «National Ceramics» қўшма корхонаси томонидан «Ангрен» махсус индустриал ҳудудида керамогранит, сопол плиткалари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш белгиланган бўлиб, умумий қиймати 21,1 млн долларлик ушбу лойиҳани амалга ошириш ишлари деярли якунланиб қолди. Бундан ташқари, шу кунларда Чирчиқ шаҳридаги «Crystal-Wei Jin Shi» қўшма корхонаси жамоаси шиша кристаллит маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Мана шундай ўсиш ва ижобий кўрсаткичлар натижасида эса республикамизнинг ички бозорида сифатли қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжлар тўлиқ қондирилиб, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Тармоқ корхоналари томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берувчи сифат бошқаруви тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли бугунги кунга келиб, компаниянинг 30 та корхонасида ISO 9001:2008 халқаро сифат менежменти тизими йўлга қўйилди. 2016–2017 йилларда «Ўзстандарт» агентлиги билан келишилган ҳолда, яна еттита корхонада ISO 9001 сифат менежменти, иккита корхонада эса ISO 50001 энергия менежменти тизимларини қўллаш кўзда тутилмоқда. Жорий йилда ISO 9001 сифат менежменти тизимини «Jahongir Servis» МЧЖ, «Оҳангаронцемент» АЖ, «Қувасойцемент» АЖда, ISO 50001 энергия менежменти тизимини «Бухорогипс» ҚК АЖда татбиқ қилиш белгиланган бўлиб, ҳозирги пайтга қадар «Бухорогипс» ҚК АЖ ва «Қувасойцемент» АЖга қайтадан сертификатлар бериш ишлари олиб борилмоқда.
Иқтисодиётни демократлаштириш ва эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тадбиркорлик соҳасида яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли, ички бозорни сифатли маҳаллий қурилиш материаллари, маҳсулотлар билан тўлдириш, импорт ўрнини босиш ва экспорт ҳажмини ошириш кўзда тутилмоқда. Натижада, ички бозорнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжлари тўлиқ таъминланиши баробарида, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи йил сайин кенгаймоқда. Хусусан, 2012–2015 йилларда республикамизга импорт қилинган қурилиш материаллари таҳлили асосида 150 млн долларлик 15 турдан зиёд қурилиш материалларини ўзимизда тайёрлаш масаласи кўриб чиқилган эди. Натижада, 50 дан ортиқ корхоналарда қуруқ қурилиш қоришмалари, «ТошҚМК» АЖ ҳамда«Moderna Ceramic Industries Fergana» қўшма корхонасида сопол плиткалар ишлаб чиқариш ҳажми оширилди. «Art Mosaic», «Azia Mosaic», «Bill Tosh», «Fiammata» сингари МЧЖларда эса «майолика», яъни безакловчи материалларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада, сўнгги уч йил давомида қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжлар ошиб бораётганига қарамасдан, уларни импорт қилиш ҳажми 3,5 баробарга қисқаришига эришилди.
Муҳими шундаки, 2015 йил натижаларига кўра компания томонидан 2,2 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўсиш суръати аввалги йилга нисбатан 6,1 фоизни ташкил этди. Жорий йилда ушбу натижалар янада яхшиланади. Яъни, тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар, истиқболли лойиҳаларни самарали татбиқ этиш, мавжуд ўзгариш ҳамда янгиланишлар ушбу мақсадни амалга ошириш учун пухта замин яратмоқда.
Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз саноати тез суръатлар билан ўсаётган, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалаётган замонавий давлатга айланди. Бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида қурилиш материаллари саноатидаги изчил ислоҳотларда, қайд этилган рақам ва кўрсаткичларда яққол кўриш мумкин. Қурилиш индустриясини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда йилига минглаб шинам ва қулай уй-жойлар ҳамда инфратузилма объектлари бунёд этилаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Бугун юртдошларимиз нигоҳидаги яратувчанлик иштиёқи, ўз меҳнати маҳсулидан мамнунлик, узоқ-яқиндаги қўшниларимизнинг эътироф этишлари қалбларимизни фахр-ифтихор туйғулари билан чулғайди.
Мамлакатимиз раҳбари кўп бор қайд этганларидек, биз ҳар бир хатти-ҳаракатимизни, амалга оширажак барча эзгу ишларимизни буюк келажак қуриш учун қаратсак, албатта, мақсаду муродимизга етамиз. Биз ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз, деган ғоя катта-ю кичикни, ёшу қарини илҳомлантириши, буюк ишларга сафарбар этиши аниқ!
Тимур МУХАМЕДЖАНОВ,
«Ўзқурилишматериаллари» АК матбуот хизмати котиби