Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мазкур ДТС ва ўқув дастури асосида бошланғич 1–4-синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) яратилиб чоп этилди ва ўқувчиларга бепул тарқатилди. 5–9-синфларда дарс бераётган ўқитувчилар учун чет тиллари бўйича методик қўлланмалар янги стандарт асосида қайта яратилиб, чоп этилди.
Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. 2014 йилда 2457 та бошланғич синфларга ноутбук компьютерлар, проектор ва бошқа техник воситалар етказиб берилган бўлса, 2015 йилда эса 4193 та бошланғич ва 1500 та 5–9-синфлар ана шундай илғор техник жиҳозлар билан таъминланди. Йилнинг энг яхши 42 нафар инглиз тили ўқитувчиси Буюк Британиянинг нуфузли университетида ихтисослик бўйича малака оширишди.
Президентимиз ташаббуси билан фарзандларимиз истеъдодини рўёбга чиқариш ва камол топтириш, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, улар қалбига санъат орқали миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни сингдириш мақсадида қабул қилинган болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини тубдан яхшилашга оид 2009–2014 ва 2016–2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурлари қабул қилинди. Ана шу дастурлар доирасида 301 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва учта мусиқа академик лицейлари янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада, бугунги кунда 142 та ёки 47 фоиз болалар мусиқа ва санъат мактаблари замонавий биноларга эга бўлди. Улар 137 млрд сўмлик мебель, мусиқа чолғу асбоблари ва махсус ускуналар билан жиҳозланди. Дастур доирасида болалар мусиқа ва санъат мактаблари 48 номдаги 19741 нусхада ўқув қўлланмалари, 39603 та ноталар тўплами, жаҳон ва миллий композиторларнинг асарлари қайд этилган 1112 та CD дисклар, 556 та кўргазмали материаллар билан таъминланди. Натижада, болалар мусиқа ва санъат мактабларига 2008 йилдаги 38 минг нафар ўрнига 2016 йилда 59,3 минг нафар ўқувчи жалб қилинди.
1991 йилда республика халқ таълими тизимидаги барча спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларининг сони бармоқ билан санарли эди. Мустақиллик йилларида эса мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг миқёсда ривожлантириш устувор масалалардан бирига айланди. Айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, 2479 та иншоотни (2178 таси спорт иншооти, 301 таси болалар мусиқа ва санъат мактаби) қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш учун жами 1,58 трлн сўм маблағ сарфланди.
Мамлакатимизда ўқувчи ёшларни оммавий равишда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишга қаратилган спорт мусобақаларининг уч бўғинли ягона тизими жорий этилди. Айни пайтда «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш тажрибаси дунёдаги кўплаб ривожланган давлатларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда спорт билан шуғулланувчи болалар улуши 2003 йилдаги 20,4 фоиздан 2016 йилда 57,2 фоизга ошди, қизлар улуши эса мос равишда 16,4 фоиздан 46,9 фоизга етди.
1991 йилда халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида ўнта олтин, тўққизта кумуш ва 13 та бронза – жами 31 та медаль олинган бўлса, мустақиллик йилларида ўтказилган 487 та халқаро спорт мусобақаларида 5369 нафар (1955 нафари қизлар) ўқувчи-спортчиларимиз жами 1886 та, жумладан, 716 та олтин, 534 та кумуш, 636 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик, миллий ифтихор туйғуларини ривожлантириш, уларни миллий менталитетимизга ёт ғоялар ва маънавий таҳдидларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш, улар онгида соғлом турмуш тарзи, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш борасида мақсадли ва тизимли ишлар амалга оширилди.
Мустақиллик давригача «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолияти маълум бир йўналиш асосида ташкил этилиб, уларнинг моддий-техник ҳолати таъмирталаб ва ачинарли ҳолатда бўлган бўлса, мустақиллик даврида мазкур таълим масканлари кўп тармоқли, замон талабларига жавоб берадиган йўналишларга асосланган таълим марказларига айлантирилди.
Республикамизда ташкил этилган 211 та «Баркамол авлод» болалар марказларидаги беш мингдан ортиқ техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларидаги тўгаракларда 114 минг нафарга яқин ўқувчи-ёшларга қизиқишлари бўйича бошланғич касб-ҳунар сирлари ўргатилмоқда. Шунингдек, умумтаълим мактабларида ташкил этилган 150 мингдан ортиқ фан тўгаракларига 2,8 млн нафар ўқувчи жалб қилинган. Ўқувчиларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказишлари учун ҳар йили 1000 дан зиёд соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритмоқда.
1995 йилгача республикамиз мактаб ўқувчилари бирорта халқаро фан олимпиадасида иштирок этмаган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини амалда таъминлаш юзасидан олиб борилган улкан ишлар натижасида республикамиз мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок эта бошлади. Яъни, 253 тадан – 20 та олтин, 58 та кумуш, 175 та бронза медалини қўлга киритган ўқувчиларимизнинг муваффақиятидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Мисол учун, 2015 йилнинг 27–31 июль кунлари Хитойнинг Чанчунь шаҳрида математика бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақада икки нафар ўқувчимиз жаҳоннинг 29 та давлатидан 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар орасида кумуш медалига лойиқ, деб топилди. Умумжамоа ҳисобида эса Ўзбекистон ўқувчилари иккинчи ўринга сазовор бўлишди.
Мусиқа ва санъат таълимига берилаётган эътибор, яратилаётган замонавий шарт-шароитлар натижасида ўқувчиларнинг халқаро танлов ва фестивалларда қўлга киритаётган ютуқларига ҳар қанча тасанно айтсак ҳам оз. Қолаверса, фарзандларимиз мунтазам равишда иштирок этиб келаётган бундай халқаро танловларнинг географияси кенгайиб бормоқда. Бундан 20 йил олдин 3–4 нафаргина ўқувчимиз халқаро танловга йўлланма олган бўлса, мустақиллик йилларида истеъдодли ёшларимиз ҳар йили Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Руминия, Голландия, Польша, Россия, Озарбайжон каби кўплаб давлатларда ўтказилган турли хил нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, 44 та Гран-при, 255 та 1-ўрин, 159 та 2-ўрин ва 170 та 3-ўринни олишга мушарраф бўлди.
Бу заминда устоз-мураббийлар ҳамиша эъзозда. Давлатимиз томонидан фарзандлар камолига меҳнати сингган, уларнинг таълим ва тарбияси учун умрини бахшида этган устоз мураббийларга доимо алоҳида эътибор қаратиб келинади. Мустақиллик йилларида таълим соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси ва фидокорона меҳнати учун жами 4026 нафар устоз ва мураббийлар турли давлат мукофотлари билан тақдирлангани юқоридаги фикримизнинг далилидир. Шулардан 6 нафари «Ўзбекистон қаҳрамони», 124 нафари «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 33 нафари «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 300 нафари «Меҳнат шуҳрати» ордени, 508 нафари I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени, 392 нафари «Дўстлик» орденлари билан мукофотланди. Бундан ташқари, ёш авлодни ақлан ва жисмонан баркамол этиб тарбиялашдаги ҳалол ва самарали хизмати учун 20 нафари «Жасорат» медали, 1351 нафари «Шуҳрат» медали, 303 нафари Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, 315 нафари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, 398 нафари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвонларига сазовор бўлишди.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлар асосида яратилган малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг стратегик мақсадларга эга эканини намоён қилмоқда. Бу эса, шубҳасиз мамлакатимизнинг буюк келажагини қуришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати