- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Xizmat ko‘rsatishning investitsion samaradorligini oshirish

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 02.02.2017 @ 16:26 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Жаҳоннинг етакчи давлатлари тараққиёти­да саноат ривожланишидан кейинги босқичда иқти­содий ўсиш омилларининг роли ва ўрни ўз­гараётгани кузатилмоқда. Анъанавий ҳисобланган уч омилга: яъни, меҳ­нат, ер ва капиталга фан-техника омили ҳам қўшилди. Ахборот ва билимлар эса, энг муҳим ресурслар сифатида қайд этилмоқда. Айни пайтда инновацион иқтисодиёт бевосита ана шу асосларда шаклланиб, ушбу жараёнда инсон ва унинг салоҳияти ҳал қилувчи роль ўйна­моқда.
     Билимларга асосланган иқтисоди­ётнинг ривожланиш ҳолатини аниқ­лаш ва баҳолаш учун ижтимоий ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини таснифлашдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Дастлаб бундай таснифлашни америкалик иқтисодчи олим К.Кларк амалга оширган бўлса, кейин­чалик бу йўналиш машҳур социолог ва иқтисодчи Д.Белл томонидан ривожлантирилди. Ушбу таснифлашга кўра, ижтимоий ишлаб чиқариш­ни бирламчи, иккиламчи ва учламчи со­ҳа­ларга ажратиш мумкин. Бирламчи соҳага асосан табиий ресурслар билан боғлиқ бўлган фаолият турлари (қишлоқ хўжалиги, фой­дали қа­зилма­лар, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги)ни киритиш мумкин. Иккиламчи со­ҳа – бу, ресурсларни кенг маънода қайта ишлаш билан боғлиқ фаолият турлари бўлиб, яъни, машинасозлик ва металлни қайта иш­лаш, кимё ва нефть кимёси, енгил ва озиқ-овқат саноати, энергетика, қурилиш, метал­лургия ва бошқалар. Учламчи соҳани илм-фан, маданият ва санъат, телекоммуникация, программа таъминотини ишлаб чиқариш, мудофаа, савдо, тиббиёт хизматлари, таълим, бош­қарув ва хизматларнинг бошқа турлари ташкил этади.
     Мазкур ёндашувга асосланиб, бу­тун жамият тарихини уч даврга – саноатлашишгача, саноатлашган ва пост­индустриал ёки юқори саноатлашган даврларга ажратиш мумкин. Саноат­лашишгача бўлган даврда қиш­лоқ хў­жалиги ва табиий ресурслар билан боғ­лиқ фаолият турлари устуворлик қилганини ҳисобга олиб, жамиятда иш билан бандларнинг кат­та улуши айнан ушбу соҳа улушига тўғри келганини таъкидлаш мумкин. Ўша пайтда меҳнат унумдорлиги паст­лиги са­бабли, иш билан бандларни бошқа соҳаларга ўтишининг имкони мавжуд бўлмаган. Бу даврда илм-фан яхши ри­вожланмаган, техник салоҳиятдан фой­даланиш паст даражада бўлган. Бу даврни дастлабки ўрта аср Европа дав­латлари ёки ҳозирда ўтиш иқтисо­диётига асос­ланган мамлакатлар мисолида кўриш мумкин.
     Қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ўсиши натижасида бандлар сони камайиб, бутун жамиятни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳажми ортиб борди. Бу эса, иккиламчи соҳанинг кенгайишига, саноатнинг ривожланишига олиб келди. Ўз навбатида, техник воситалар ва қурилмалар татбиқ этилиши натижасида иккиламчи соҳада ишлаб чиқариш қувватлари ўса бошлади. Иккиламчи соҳага хос бўлган яна бир хусусият, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва конвейер усулидан фой­даланиш. Ушбу даврда учламчи соҳа молия ва давлат бошқаруви со­ҳалари яхши ривожлана бошлади.
     Юқори саноатлашган жамиятда иш билан бандларнинг таркибий тузилмаси сифат жиҳатидан ўзгарди. Бунда иқтисодий фаол аҳолининг кам сонли қисми бирламчи соҳада банд бўлиб, бу кўрсаткич ўртача 5–10 фоизни ташкил этди. Иккиламчи соҳада иш билан бандларнинг улуши 20–30 фоизгача пасайди. Натижада, аҳоли­нинг катта қисми учламчи секторда, яъни ижтимоий ишлаб чиқариш тизимининг номоддий соҳа ва тармоқ­ларида фаолият юрита бошлади. Бир­ламчи ва иккиламчи соҳаларда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаш­тирилиши ҳисобига иш билан банд­лар салмоғи пасая бошлади. Улар асосан жадал йириклашиб бораётган учламчи соҳалар улушига тўғ­ри кела­ди. Ҳозирги кунда бу ривожланиш да­ражаси юксак тараққий этган давлатларга хос хусусият.
     Постиндустриал жамият Ғарб ва Осиёнинг баъзи юқори даражада ри­вожланган давлатларида ҳам шаклланиш жараёнини бошдан кечирмоқ­да. Хусусан, АҚШда жами иш би­лан бандларнинг 2/3 қисми хизматлар соҳаси улушига тўғри келса, саноат ва қурилиш соҳалари ҳисса­сига жами бандларнинг 20 фоизи тўғри ке­лади. Сўнгги йигирма йил ичида янги иш ўринлари кенгайиши асосан банк соҳаси, суғурта хизмати, меҳ­мон­хона хўжалиги, чакана савдо хиз­матлари ҳисобига амалга оширилган. Саноат тармоқларида иш ўринлари сони деярли ўзгаришсиз қолмоқда.
     Бизнинг фикримизча, учламчи со­ҳанинг керагидан ортиқ даражада йириклашиб бориши ушбу соҳадан тўртламчи ва бешламчи соҳаларнинг ажралиб чиқишини тақозо этади. Тўрт­ламчи соҳа таркибий қисмига молия хизматлари, ҳуқуқий хизматлар, ахборот ва бизнесга хизмат кўрсатувчилар киритилади. Иқтисодиёт­нинг бешламчи соҳасига эса, ниҳоят­да юқори малакали мутахассислар хизмат турлари (таълим, тиббиёт, бош­қарув хизматлари ва б.)ни киритиш мумкин.
     Учламчи соҳанинг ялпи ички маҳ­сулотдаги ва иш билан банд аҳоли со­нидаги улуши ортишини тор маънода, яъни маиший хизматлар ва аҳо­лига шахсий хизматлар кўрсатишнинг улуши ортиши билан боғлиқ ҳолат, деб тушуниш нотўғри бўлади. Хизмат кўрсатиш соҳаси салмоғи ортиб боришини ушбу соҳанинг ўзидаги таркибий ўзгаришлар натижасида юзага келмоқда, деб қараш тўғри бўлади. Хусусан, жами хизматлар таркибида бизнесга хизмат кўрсатиш (банк, суғурта, ҳуқуқий, бухгалтерия ва бош­қа тадбиркорликка оид хизматлар) салмоғи ортиб бормоқда. Ижтимоий хизматлар (тиббиёт, таълим, давлат бошқаруви) улуши ҳам кўпай­моқда. Шу билан бирга, тақсимот хиз­матлари сифатида қараладиган транспорт, алоқа, ул­гуржи ва чакана савдо, маиший хизматларда банд аҳо­ли салмоғида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмаяпти. Масалан, АҚШда тақсимот хизматлари ва маиший хизмат соҳала­рида иш билан банд аҳо­лининг сони сўнгги 60 йил давомида деярли ўзгаргани йўқ. Айни пайтда, сўнгги 10 йил давомида бизнесга хизмат кўрсатиш соҳаларида иш билан банд бўлганларнинг сони беш фоиздан 14 фоизгача етган. Ижтимоий хизматлар соҳасида банд бўл­ганларнинг салмо­ғи ҳам ўн фоиздан 25 фоизгача ортган.
     Мустақиллик даврида миллий иқ­тисодиётимиз таркибий тузилмаларининг соҳа ва тармоқларида иш би­лан банд аҳоли сонида катта ўзгариш­лар содир бўлди. Жумладан, бугунги кунда жами иш билан банд аҳолининг ярмидан зиёди хизмат кўр­сатиш со­ҳа­сида фаолият кўрсат­моқда.
     Ушбу масаланинг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, хизмат кўрсатишда бандлар улуши ортиб бо­риши иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги бандликнинг қиё­сий аҳамияти тўғрисидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартириб юбормоқ­да. Масалан, АҚШ иқтисо­диётида тоғ-кон саноатида иш билан бандлар улуши жами иш билан банд аҳолига нисбатан 0,6 фоизни, сартарошхона ва косметика хизмати кўрсаткичи эса 0,7 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, биргина тадбиркорлик хизматларида иш билан бандларнинг умумий салмоғи 14 фоизни ташкил этаётгани қишлоқ хўжалиги, озиқ-ов­қат, текстиль, кимё, металллургия ва машинасозлик саноатларида жами иш билан бандларнинг (11,7 %) барчаси биргаликда олингандан ҳам ор­тиқроқни ташкил этади.
     Бу жиҳат нафақат АҚШда балки дунёнинг барча ривожланган давлатларида иш билан бандликнинг тар­кибий тузилмаси қуйидагича ўзгара­ётганини англатмоқда:
     ● қишлоқ хўжалигидаги иш ўрин­лари қисқариб бормоқда;
     ● саноатда иш билан бандлар со­ни қисқариши малакали ходимлардан иборат ўзак мутахассислар қол­гунга қадар давом этади. Қисқар­ган иш ўринлари саноат ишлаб чиқари­шидан хизмат кўрсатиш соҳасига ўтади;
     ● тадбиркорликка хизмат кўрсатиш ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари иш билан бандликнинг энг тез ўсаётган соҳаларига айланиб боради;
     ● бошқарув соҳаси ва юқори малакали мутахассислар учун иш ўринлари сони ошиб боради;
     ●  чакана савдо соҳасида иш билан бандликнинг улуши нисбатан бар­қарорлашади;
     ● ўзини-ўзи банд қилиш ва тў­лиқсиз бандларнинг (АҚШ иқтисо­диётидаги умумий улуши 30 %га етади) муайян миқдорида ўзгаришлар рўй беради. Яъни, тўлиқ иш куни ва аниқ белгиланган меҳнат қилиш тар­тиб-қоидалари ва чегараларига асос­ланган иш билан бандликнинг асосий моделида ёки бошқача айтганда, меҳ­нат қилиш жараёнининг асосий моделида емирилиш ҳолатлари кузатила бошлайди.
     Кўплаб мамлакатларнинг иқтисо­дий ривожланиши ижтимоий ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилмасида­ги ўзгаришлар билан бевосита боғ­лиқ бўлмоқда. Истеъмол жараёни ин­дивидуаллашиб бормоқда, кўплаб турдаги ишлаб чиқариш қис­қариб бо­раяпти, бошқача айтганда, ишлаб чиқариш оммавийлашувига тескари жараён содир бўлмоқда. Бунда ишлаб чиқариш жараёнининг интеллек­туаллашуви чуқурлашмоқда, яъни унинг асосий омилига ахборот ресурслари сезиларли даражада таъсир қилмоқда. Шу билан бирга, меҳнат­нинг янги қирралари очилмоқда, уш­бу жараёнга ижодий ёндашув борган сари ортиб бормоқда, яъни, намуна­ли ва ижодкор ишчи-ходимларга та­лаб кучаймоқда. Ўз касбу корига са­доқат билан ёндашаётган, иш жараёнига янги элементларни олиб кираётган ходимлар хизмати юқо­ри даражада қадрланмоқда. Паст ва юқори технологик тармоқлар ўртасидаги та­фовут йўқолиб бормоқда: яъни, бош­қарув, молия ва тижорат инновация­лари оқимини ўзига қам­раб олаётган соҳа ва тармоқларнинг фан сиғими ўсиб бормоқда.
     XX асрнинг иккинчи ярми XXI асрнинг бошларида иқтисодий тизимда бир-биридан муҳим ҳодисалар рўй берди, жумладан, тараққий этган ва тараққий этаётган давлатларда хиз­мат кўрсатиш соҳасининг ривож­ланиши ҳамда бандлар сони кенга­йиши кузатилди. Ҳозирги пайтда ри­вожланган мамлакатларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги бандлар салмо­ғи 70 фоиздан зиёдни ва ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 80 фоизни таш­кил этмоқда.
     Мамлакатимиз иқтисодиётини ди­версификациялаш ва энг муҳим тар­моқларни модернизациялашда хизмат кўрсатиш корхоналарини бозор муносабатлари шароитида бар­қа­рор иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун уларнинг инновацион-инвестицион самарадорлигини ошириш механизмини такомиллаштириш талаб этилади. Чунки, хиз­мат кўрсатиш корхоналари инновацион-инвес­тицион самарадорлигини ошириш механизми интенсивлигини ошириш, ресурслардан фойдаланишда тежамкорликка эришиш, меҳнат қилиш са­марадорлиги ва хизмат кўрсатиш си­фатини яхшилаш, истеъмолчилар та­лабини тўлиқ қон­ди­риш масалалари соҳанинг ўзига хос муаммоларидан бири ҳисобланади.
     Хизмат кўрсатиш субъектларининг рационал инвестицион сиёсатни амалга ошириш ва ташкил этиш жараёнидаги мослашувчанлик тамо­йилларига мувофиқ равишда бош­қарув таъсиридаги ҳолатини қайта кўриб чиқиш имкониятини олдиндан кўра билиш зарур. Мазкур хўжалик юритувчи субъектларнинг истиқболга мўлжалланган инвестицион сиёсати­ни муваффақиятли ташкил этиш учун узоқ муддатга мўлжалланган инвес­тицион чора-тадбирларни амалга оширувчи махсус ташкилий таркибни шакллантириш зарур. Мазкур таш­килий тузилманинг хизмат кўрсатиш соҳаси хўжалик юритувчи субъект­нинг фаолият кўлами билан аниқла­нади. Кичик корхонада инвестицион фаолиятни бошқариш, инвестицион сиёсатни амалга ошириш ва шакллантиришни бевосита мазкур субъектнинг раҳбари амалга ошириши мум­кин, зарурият туғилганда эса ихтисослашган ташкилотни жалб этади. Шу билан бирга, йирик корхоналарда инвестицияларни бошқариш бў­йича махсус тузилмани шакллантириш зарур, чунки, улар масаланинг мурак­каблиги ва турли хиллиги, кўп сонлилиги билан боғлиқ бўлиб, бу эса, мав­жуд инвестицион ресурсларни оптимал тақсимлашга хизмат қи­лади.
     Хизмат кўрсатиш соҳаси хўжалик субъектининг инвестицион самарадорлигини ва истиқболли йўналишларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуасини амалга оширишга асос­ланган натижаларга эришиш меҳнат салоҳиятидан максимал фойдаланиш­ни таъминлайди. Хусусан, инвестици­он дастурлар самарадорлигини оширишга қуйидаги чора-тадбирлар асо­сида эришиш мумкин:
     ● инвестицион лойиҳаларни амал­га оширишда қатъий харажатлар ли­митини ўрнатиш;
     ● инвестицион чора-тадбирларни амалга ошириш учун керак бўладиган моддий ресурсларни етказиб берувчиларни танлашда ходимларнинг муайян мустақилликка эга бўлиши;
     ● кўрсатилаётган хизмат турлари ва сифати учун зарар етказмайдиган инвестицион лойиҳаларни амалга оши­риш жараёнида хўжалик юритувчи субъектга сарфланадиган хара­жатларни камайтириш.
     Умуман, хизмат кўрсатиш корхоналари рақобатбардошлигини таъминлаш учун тармоқларда асосий капитални тузилмавий-инновацион модернизация қилишга мақсадли йў­налтириш, янги технологик база асосида миллий иқтисодиётни ривож­лантиришнинг қудратли омили бўл­ган капитал қўйилмаларни самарали бошқариш талаб этилади.
 
Ислом ЭРГАШЕВ,
мустақил изланувчи


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/xizmat-ko-rsatishning-investitsion-samaradorligini-oshirish.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/xizmat-ko-rsatishning-investitsion-samaradorligini-oshirish.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.