(O´zbek) Xorijiy investitsiyalarni jalb etish va uni takomillashtirish

2/2017

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимиз иқтисодиё­тини юксалтириш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳоз­ланган янги кор­хоналарни ташкил этиш, реконструкция ишларини амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу авваламбор, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш каби муҳим ижтимоий муаммо­ларни ечиш имконини беради. Шу боис, мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб эта­ётган корхоналарни иқтисодий жи­ҳатдан рағ­батлантириш, уларга зару­рий шарт-шароитлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасига кўтарил­ган.
     Иқтисодиётнинг етакчи тармоқ ва соҳаларига хорижий инвестиция­ларни киритмасдан, иқтисодиётда тар­кибий ўзгаришларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш, шунингдек, рақобатбардош маҳсулот­лар ишлаб чиқаришни йўлга қў­йиш жуда қийин.
     Миллий иқтисодиётни ривожлантиришда хорижий инвестицияларнинг муҳим аҳамияти қуйидагилар билан изоҳланади:
     ● ишлаб чиқаришга илғор техни­ка ва технологиялар жорий этилиши таъминланади;
     ● замонавий касблар шаклланади, янги иш ўринлари ташкил этилади, иқтисодиётда бандлар сони кў­пайиб, аҳолининг даромади ўсади;
     ● аҳолини меъёрдаги турмуш да­ражасини таъминлаш, ижтимоий-иқ­тисодий эҳтиёжини қондириш имко­ни яратилади;
     ● экспортга мўлжалланган маҳсу­лотларни ишлаб чиқариш кенгаяди;
     ● маҳаллийлаштириш дастурининг изчил амалга оширилиши импорт ўрнини босувчи товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажми кес­кин ортишига олиб келади;
     ● маънавий ва жисмоний жиҳат­дан эскирган ишлаб чиқариш қувват­лари истеъмолдан чиқарилиб, моддий-техник база янгиланади.
     Таркибий ўзгаришларни янада чу­қурлаштириш, реал сектор корхоналари инвестиция фаолиятини жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни мо­дер­низация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуролланти­риш дас­турларини амалга ошириш­да, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвес­тицияларга устуворлик берил­моқда.
     Ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, чет эл инвестицияларини иқтисодиётга жалб қилиниши маз­кур давлатларнинг юксак даражада тараққий этишида ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида муҳим роль ўйнаганини кўриш мумкин.
     Дунёда инвестицияларни жойлаш­тириш ва жалб қилиш бўйича давом этаётган рақобат кураши авж олмоқ­да. Бир томондан, трансмиллий компаниялар (ТМК)нинг ривожланиб бо­раётганлиги, иккинчидан, ресурслар­га эгалик қилиш борасида бозорларни тақсимлаш ва қайта тақ­симлаш би­лан боғлиқ чора-тадбирларнинг фаоллашуви, учинчидан, гло­баллашув шароитидаги молиявий инқирознинг таъсири каби омиллар инвесторларнинг қарорларида ҳал қилувчи аҳа­мият касб этмоқда.
     Бу дегани инвестор ўз маблағи­нинг тегишли қисмини бугуннинг ўзи­да бой бериши билан боғлиқ таваккалчиликка қўл уради. Бунинг учун халқаро иқтисодиётдаги вазиятни, халқаро инвестициялар бозорида юз бераётган ижтимоий-иқти­содий тенденцияларни таҳлил қили­ши, молиявий-иқтисодий вазиятлар билан бир қаторда, ҳукуматлар қабул қилаётган сиёсий қарорларни ҳам кузатиб бориши лозим.
     Хорижий инвестициялар иштирокида корхона ташкил этиш сабаб­ларини асосан уч туркумга ажратиш мумкин: ички, ташқи ва стратегик. Ички сабаблар таркиби қуйида­гилардан иборат:
     ● яратилган инвестиция муҳити­дан фойдаланиш;
     ● бошқарувнинг янги усулларини ўзлаштириш;
     ● замонавий ва энг қулай тартиб­га эришиш;
     ● маҳаллий ишчи кучидан фойдаланишни кенгайтириш;
     ● хориж бозорига кириш жараёнини тезлаштириш;
     ● ижтимоий, маданий ва сиёсий билимларни кенгайтириш;
     ● ходимлар малакасини ошириш.
     Ташқи сабаблар таркиби:
     ● жаҳон бозорига чиқиш;
     ● соғлом ва самарали рақобат;
     ● сиёсий кескинлик юмшаши;
     ● маҳаллий ҳокимият талаб­лари.
     Стратегик сабаблар таркиби:
     ● замонавий иш юритиш усулидан фойдаланиш;
     ● мустаҳкам хомашё базасига эга бўлиш;
     ● технологиялар трансферти;
     ● ишлаб чиқаришни кенгайтириш.
     Хорижий инвестицияларни импорт ва экспорт қилишдан асосий мақсад корпорациялар (­инвесторлар) даромадини ошириш ҳамда рискларни пасайтириш. Хорижий инвестициялар фаоллашувига ТМКларнинг иқтисодий самарадорлиги ва фойда меъёрининг ошиши таъсир кўрсатади. Хорижий инвестициялар экспорти ва импортига таъсир этувчи мак­роиқтисодий сабабларга қуйидаги­ларни киритиш ўринли:
     ● жаҳон хўжалиги субъектлариаро молиявий, меҳнат ва материал ресурслари нотекис тақсимланган­лиги;
     ● табиий-экологик шарт-шароит­ларнинг турличалиги;
     ● реал капитал ресурсларининг бир ҳудудда ортиқча тўпланганлиги, бошқа ҳудудларда етишмаслиги;
     ● бўш молиявий маблағларнинг тўпланиб қолганлиги;
     ● давлатларнинг инвестицион шарт-шароити ва ривожланиш бўйи­ча олиб бораётган сиёсатининг турличалиги.
     Юқорида қайд этилганидек, айни пайтда, хорижий инвестицияларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга импорт ва экспорт қилиш ҳиссаси кўп­роқ ТМКлар ва ТМ банкларга тўғри келади. Улар томонидан янги истеъ­мол бозорларини эгаллаш, хомашё ва меҳнат ресурслари бозорига яқин­лашиш иштиёқи юқорилиги сабабли капиталнинг ҳаракати содир бўлади.
     Капитални экспорт қилишнинг асосий сабабларига қуйидагиларни киритиш ўринли:
     Биринчидан, технологик жиҳат­дан биринчи бўлишга интилиш. Корпорациялар илмий-техника ва фан ютуғига кўпроқ маблағ ажратган ҳол­да сотув ҳажмини кенгайтириш, юқо­ри технологияларни яратиш ва ишлатиш бўйича биринчиликни бой бермай мавқеини сақлаши. Бундай харажатларнинг улуши юқори бўлиши тўғридан-тўғри инвестициялар экспорт ҳажми кўп ёки аксинча бўлишини таъминлайди.
     Иккинчидан, ишчи кучи салоҳия­ти ва малакаси. Ушбу омилни аниқ­лашда меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси, қиймати ҳисобга олинади. Корпорацияларда меҳнатга тўланадиган иш ҳа­қининг юқорилиги инвестициялар экспорт ҳажми ўсишини ­таъминлайди.
     Учинчидан, реклама бўйича устуворликка эга бўлиш. Корпорацияларнинг рекламага йўналтираётган харажати билан унинг сотув ҳажми ва ТТХ инвестицияларни экспорт қилиш ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд.
     Тўртинчидан, масштаб самараси. Яъни, корпорациялар ички бозорнинг эҳтиёжларини қондириш учун ўз имкониятларини максимал равишда ишга солади (масштаб самарасидан фойдаланган ҳолда), кейин бўш маблағларни даромад олишни кўзлаб четга экспорт қилади. Шу сабабли, корпорациянинг ички бозордаги улуши қанчалик юқори бўлса, четга тўғридан-тўғри инвестицияларни экспорт қилиш ҳажми ҳам шунчалик юқори бўлади.
     Бешинчидан, корпорация ўлчами. Корпорациянинг ўлчами (катта-кичиклиги) билан инвестициялар экс­порт ҳажми ўртасида тўғридан-тўғ­ри боғлиқлик мавжуд.
     Олтинчидан, ишлаб чиқаришнинг концентрациялашуви. Маълум бир товарни ишлаб чиқариш бўйича концентрациялашув даражасининг юқо­ри бўлиши (корпорациялар кесими бўйича), шунчалик даражада тўғри­дан-тўғри инвестициялар экспорти ҳам юқори бўлишидан дарак беради. Улар ўртасида тўғридан-тўғри боғ­лиқ­лик мавжуд.
     Еттинчидан, табиий ресурсларга эгалик қилиш даражаси. Корпорация­нинг бирон бир табиий ресурсга эҳ­тиё­жи қанчалик юқори бўлса, мазкур ресурс мавжуд давлатга инвес­тиция киритиши шунчалик юқори бўлади.
     Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, инвестицияларни экспорт қилиш­га сабаб бўладиган омилларнинг бир қисми: технологик жиҳатдан биринчи бўлишга интилиш; ишчи кучининг малакавий даражаси; реклама устуворлигига эга бўлиш; масштаб самараси; корпорациянинг ўлчами; ишлаб чиқаришнинг концентрациялашуви каби омиллардан ташқари қуйидаги омиллар инвестициялар импортига таъсир кўрсатади:
     ● капиталга бўлган эҳтиёж. Корпорацияларнинг капиталга бўлган эҳ­ти­ёжи, ҳажми ва инвестициялар импорти ўртасида тўғридан-тўғри боғ­лиқлик мавжуд;
     ● миллий филиаллар ҳажми. Рес­публика ичида корпорация филиали, уларга бўйсунувчи бўлинмалар кўп бўлиши тўғридан-тўғри инвестиция­лар импорт ҳажми ҳам юқори бўлишини таъминлайди;
     ● ишлаб чиқариш харажати. Инвестиция киритилган давлатда ишлаб чиқариш харажати билан тўғридан-тўғри инвестициялар импорт ҳажми ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд;
     ● ички товар бозори хавфсизлиги. Ички товар бозорининг юқори муҳо­фазаси (божхона тарифларини тартибга солиш) инвестицияларнинг им­порт оқими кўпайишига олиб келади;
     ● бозор ҳажми. Мамлакат ички бозор ҳажми билан инвестициялар им­порти ўртасида тўғридан-тўғри боғ­лиқлик мавжуд;
     ● бошқа омиллар. Тўғридан-тўғ­ри хорижий инвестиция ҳисобига са­ноатнинг экспортга ихтисослашганлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратил­ган давлат дастурлари мавжудлиги.
     Тўғридан-тўғри хорижий инвес­тициялар оқимини мамлакат иқтисо­диётига йўналтириш орқали ижтимоий-сиёсий масалалар маълум маъ­нода ҳал этилади. Глобаллашув шароитида инвесторларнинг қарорла­рига нафақат иқтисодий нафлилик, балки ижтимоий нафлилик ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.
     Корпорациялар маблағларини бошқа давлатга жойлаштириши ва хорижий бозорларни эгаллашининг олтита ҳуқуқий шакли мавжуд:
     ● хусусий корхона ташкил этиш;
     ● фаолият юритаётган корхонани сотиб олиш;
     ● қўшма корхона ташкил этиш;
     ● лицензия ёки франчайзинг тақдим этиш;
     ● дистрибьютерлик ёки агентлик битими;
     ● ваколатхона ташкил этиш.
     Бугунги кунда республикамизда хорижий инвестицияларни жалб қи­лишнинг бир қанча шаклларидан фой­даланилмоқда.
     Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига интеграциялашув жараёнини давлат таркибий тузилмалари бўйича эмас, балки хусусий сектор даражасида ҳам фаоллашувни назарда тутади. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни барпо этиш қуйи­даги босқичларни ўз ичига олади: корхонани ташкил этиш сабабларини инобатга олиш; ишончли шерик танлаш; хорижий инвестициялар иш­тирокидаги корхонани ташкил этиш ҳа­қида қарор қабул қилиш.
     Инвестиция муҳитига ижобий ва салбий таъсир кўрсатувчи омилларни гуруҳларга ажратган ҳолда қуйи­дагича талқин қилиш мумкин: мамлакатнинг сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги, инвесторлар манфаатига хизмат қилувчи ҳуқуқий кафолатлар берилганлиги. Инвесторларни қизиқтирадиган навбатдаги муҳим омиллардан бири – хомашё ресурс­лари, қулай ишлаб чиқариш ва талаб даражасидаги маҳсулот сотиш ин­фратузилмалари, солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилганлиги.
     Корхоналарни инвестиция фаолиятини ривожлантириш истиқбол­лари инвестиция дастури доирасида ва алоҳида илмий асосланган лойи­ҳаларни ишлаб чиқиш орқали амалга оширилади. Инвестиция лойиҳа­лари турли шакл ва мазмунга эга, яъни корхоналарни ташкил этиш, турли объектлар қуриш, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа мақ­садларни амалга оширишга йўналтирилади.
     Аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, бугунги кунда инвестиция му­ҳитига бир қанча салбий омиллар таъсир кўрсатмоқда. Бунга мавжуд инфратузилмалардан фойдаланиш муаммоларини киритиш мумкин.
     Шунингдек, солиқ, божхона, банк соҳасида ва инвесторларга ер ажратиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар учраб турибди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Бирин­чи Президенти И.Каримовнинг қуйи­даги ибораларини ёдга олиш жоиз: «Биз оддий бир ҳақиқатни доимо эс­да тутишимиз дар­кор. Яъни, сармоясиз тараққиёт йўқ, ишлаб чиқа­ришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди».
     Ҳақиқатан ҳам, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик жадал ривож­ланиши учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, ташкил этиш ҳамда фаолиятни йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, жиноий ва маъмурий қонунчи­ликни либераллаштириш ҳисоби­дан тадбиркорларга янада эркинлик бериш­да инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбат­лантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури қабул қилинишини тақозо этмоқда.
     Давлат бошқарувининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ишбилармон­лик муҳитини янада такомиллашти­риш, максимал даражада қулай ин­вестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви очиқли­гини оширишда автоматлаштирилган «On-line-мониторинг» ахборот тизими жо­рий этилиши муҳим ўрин тутади.
     Мазкур автоматлаштирилган ахборот тизими «2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури»да белгилаб берилган прогноз кўрсаткичлари ба­жарилиши ҳамда ушбу дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича мониторинг ишларида алоҳида аҳамият касб этади.
     Айни пайтда, 2015 йилнинг 15 май куни қабул қилинган «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ишбилармонлик муҳити ва бизнес шароитини яхшилаш таъсирчанлигини оширди. Яъни, ушбу ҳуж­жат тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулк улушини изчил ошириш, қулай иқти­содий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишда янги босқични бошлаб бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
     2000 йилда иқтисодиётга йўналтирилган хорижий инвестициялар умумий ҳажми 172,3 млрд сўмни, шундан 14,5 фоизи ТТХИ ташкил этган. 2005 йилда хорижий инвестициялар ҳажми беш баробарга кўпа­йиб, 687 млрд сўмга етган. Иқтисоди­ётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, уни сифат жиҳатдан самарадорлигини оширишга қаратилган инвестиция сиёсати туфайли, 2010 йилда ТТХИнинг умумий хорижий инвестициялардаги улуши 68,5 фоизга тенг бўлган.
     Глобал молиявий-иқтисодий ин­қирознинг кейинги тўлқини дунё дав­латларини тўлиқ қамраб олган бир пайтда Ўзбекистонга четдан кириб келган хорижий инвестициялар ҳаж­ми 4,3 трлн сўмни, ТТХИ улуши эса энг юқори кўрсаткични, яъни 87 фоизни ташкил этган. 2015 йилда ТТХИлар қиймати қарийб 6,2 трлн сўмни, яъни бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан 1,6 баробарга кўпайган.
     Таҳлил қилинаётган даврда бош­қа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ўзига хос ўзгаришлар рўй берганини қайд этиш ўринли. 2000 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 24,5 млн кишини, ишлаб чиқарилган ЯИМ ҳажми эса жорий нархларда 3,3 трлн сўмни ташкил этган. 2015 йил якунлари бўйича ишлаб чиқарилган товар ва хизматларнинг умумий ҳажми 171,4 трлн сўм­дан иборат бўлган.
     Агар ушбу рақамларни миқдор ва сифат кўрсаткичлари орқали изоҳ­лайдиган бўлсак, бунинг учун жон бошига ҳамда ривожланаётган мамлакатларнинг худди шу кўрсаткичлар бўйича натижаларини қиёсий таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда аниқ ва ҳар томонла­ма адолатли, мантиқий хулоса чиқа­риш имконияти юзага келади.
     Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили ўртача 1,6 фоизга кўпайиб бормоқда. Демак, жон бошига тўғри келадиган иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори бўлишини таъминлаш учун битта банд аҳолига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳаж­мини йилдан-йилга ошириб бориш (аҳолининг ўсиш суръатидан юқори ҳажмда) талаб этилади. Бунинг учун, кам энергия сарфловчи ва юқори унумдорликка эга бўлган техника ва технологияларни сафарбар этиш, ма­лакали ишчи-ходимлар тайёрлаш, за­монавий менежментнинг илғор усул­ларини амалиётга жорий этиш лозим. Бунда ТТХИ кўламини жадаллаштириш, корпоратив бошқарув­нинг асосий принципларини кенг ҳажмда корхона ва компаниялар фаолиятига татбиқ этиш муҳим аҳа­мият касб этади.
     Айни пайтда республикамиздаги мавжуд асосий воситаларнинг катта қисми жисмоний-маънавий жиҳатдан эскирган. Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, ҳукумат томонидан айнан ТТХИларнинг республика иқтисоди­ётига жалб этилишига устуворлик бе­рилаётганлиги ҳам бежизга эмас.Рақамлар таҳлилига эътибор берсак, мутлақ қийматда жон бошига тўғри келган ЯИМ 2010 йилда 1778,2 минг сўмга, 2015 йилда 5475,1 минг сўмга, ЯИМ умумий ҳажми жорий нархда 171,4 трлн сўмга тенг бўлган.
     Таъкидлаб ўтилганидек, аҳоли со­нига нисбатан маҳсулот ишлаб чи­қариш ҳажмининг ўсиш суръати юқо­ри бўлиши ишлаб чиқариш самараси мусбат эканлигидан далолат беради. Ишлаб чиқаришда мусбат самарасига эришиш жон бошига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳажми, жон бошига тўғри келадиган даромад ошиши, шунингдек, омил унумдорлиги ўсишини келтириб чиқа­ради.
     Таҳлилларга кўра, аҳоли сони ўсиш суръатига нисбатан жон бошига тўғри келадиган ЯИМ, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад, асосий фондларнинг қиймати, асосий капиталга киритилган инвес­тициялар ҳажмининг ўсиш суръати юқори бўлган. Демак, жорий давр даражаси базис давр даражасига нисбатан бир неча маротаба кўп эканлигидан далолат бериб турибди.
     Ушбу маълумотлар ўзаро бир-бирига боғлиқ равишда таҳлил қи­линаётганда нархлар индексини инобатга олиш лозим. Кўпгина ҳолларда инфляциянинг таъсири, унинг йиллик ўзгаришини инобатга олмаслик оқи­батида хато хулосаларга келинади. Шу боисдан, вақтлар қатори бўйича таҳлил амалга оширилганда кўрсаткичларнинг таққосланиши талаб этилади. Бунинг учун, улар нафақат бир хил ўлчов бирлигида ва аниқлик даражасида ифодаланиши, балки шу билан бирга замон ва макон жиҳа­тидан ҳам таққосланиши зарур.
 
Шерзод МУСТАФОҚУЛОВ,
иқтисод фанлари номзоди

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    1/2019
  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.