(O´zbek) Yaratuvchanlik yo‘li – bunyodkorlik asosi!

2/2017

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистонда қурилиш-бун­ёдкорликнинг ўзига хос хусусиятлари халқимиз­нинг азалий анъаналари ва шар­қий менталитетини акс эттиради. Қадимий шаҳар­лар, қалъа, сарой, мадраса, масжид, миноралар архитектураси ана шундан далолат бериб турибди. Ўзбекистон шаҳар­лари­нинг тарихий марказлари, маш­ҳур меъморчилик ва архитектура ёд­горликлари ҳақли равиш­да ЮНЕСКО­нинг бутунжаҳон мероси объект­лари рўйхатидан жой олган бўлиб, ҳозирда улар сўлим зиёратгоҳ­ларга ва туризм марказларига айлан­ган. Қурилиш борасидаги асрлар мобайнида тўпланган катта тажриба, қуриш ва яратиш истаги авлоддан-авлодга ўтиб сайқал топиб келмоқда. Бугун қурилиш со­ҳаси мамлакатимиздаги етакчи тар­моқлардан бири ҳисобланади.
     Cифатли, чиройли, қулай ва замонавий иншоотлар қуриш учун сифатли қурилиш материаллари зарур. Бу масалада энг асосийси, ҳарбий тил билан айтганда: «сафда қадам ташлай олиш»: замон талабларидан ортда қол­маслик, илғор технологияларни қўллаш орқали тарихий анъаналарни уйғунлаштириш лозим. Айнан шу боис, ҳукуматимиз мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мазкур со­ҳани ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва уларга бўлган талабни қондиришга алоҳи­да эътибор қаратди.
     Қурилиш материаллари саноати тузилмасини янада ривожлантириш ва диверсификациялаш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, технологик ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестиция­ларни кенг жалб этиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ўзқури­лиш­материаллари» акциядорлик жа­мияти ташкил этилди. Ҳозирда жамият таркибига 120 тадан ортиқ йирик, ўрта ва кичик бизнес корхоналари киради.
     Агар 1991 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан жами 1,3 млрд сўмлик ёки ва­люта эквивалентида 36,7 млн долларлик 48 номдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган чорак аср мобайнида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, маҳсулот ассортименти ҳам бир неча марта ош­ди. Бундан ташқари, қўшимча равишда қурилиш материалларининг замонавий, энергия тежовчи, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Биргина 2015 йилда истеъмолчиларга 2,2 трлн сўмлик ёки 760,1 млн долларлик маҳсулот етказиб берилди. Шу тариқа, мустақиллик йиллари­да қурилиш материаллари саноатидаги ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 мар­тага оширилишига муваффақ бў­линди.
     Замонавий қурилиш материалла­ри ишлаб чиқаришни такомиллашти­риш, шу жумладан, истиқболли лойи­ҳаларни амалга ошириш, корхоналарни техник ва технологик жиҳат­дан ян­гилаш – давр талаби, бу борада мус­тақиллик йилларида юздан зиёд ло­йиҳани амалга ошириш учун ­ишлаб чиқаришни модернизация ­қилиш, қайта жиҳозлаш бўйича катта ҳажм­даги ишлар бажарилди. Маҳсулотнинг импорт ўрнини босувчи кўплаб турлари: сендвич-панеллар, полистирол асосидаги қоплама панеллар, газ-бе­тон, том усти материаллари, пластик профил, намга чидамли гипсокартон, қуруқ қурилиш аралашмалари, цемент, клинкер, оқ ва портланд ­цемент, керамик плиталар, майоликалар, йў­лак плиталари каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлашти­рилди.
     «Ўзқурилишматериаллари» АЖнинг хусусий, қўшма ва шуъба корхоналари қурилиш объектларини зарур қурилиш материаллари: цемент, оҳак, гипс, деворбоп, том усти учун, пардозлаш ва декоратив материаллар, ойна, мармар ва гранит маҳ­сулотлари билан таъминлайди. Шунингдек, гидроизоляцион ва теплоизоляцион материаллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналар томонидан асосий қурилиш маҳсулотлари­нинг жами 100 дан ортиқ тури ишлаб чиқарилмоқда.
     Ҳозир мамлакатимизда олти минг­дан ортиқ корхона қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шу­ғулланади. Улардан энг йириклари: «Кварц» АЖ – бир йилда 10 млн м2 ойна, «Бухорогипс» АЖ ҚК – 60 минг т қуруқ қурилиш аралашмалари, «Кнауф гипс Бухоро» МЧЖ ХК – 20 млн м2 гипсокартон, «Moderna Ceramic Industries Fergana» МЧЖ ҚК – 3,5 млн м2 керамик плитка, «Grand Art Ceramics» МЧЖ ҚК – 75 минг дона санитария-техник маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
     Бундан ташқари, 900 дан ортиқ корхона 3,6 млрд дона деворбоп материаллар ишлаб чиқармоқда. Кера­мик плита ишлаб чиқариш йиллик ҳаж­ми олти млн донадан 11 млн донагача, цемент ишлаб чиқариш 3,6 млн тоннадан 8,2 млн тоннагача оширилди.
     Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижасида акция­дорлик жамиятлари, масъулияти чек­ланган жамиятлар, хусусий, қўш­ма, хорижий корхоналар ташкил этил­ди. Мазкур субъектлар қарорлар қа­бул қилишда эркин бўлиб, ўз фаолия­тини бозор эҳтиёжларидан келиб чи­қиб амалга оширади ва унинг конъюнк­турасига тезда мослашиш имкониятига эга. Шунинг эвазига мавжуд қув­ватлар ортиб, зарур ҳол­ларда ишлаб чиқариш инфратузилмаси янгидан шакллантирилади.
     Ҳозирги пайтда «Ўзқурилишмате­риаллари» АЖ таркибига кирувчи «Қи­зилқумцемент», «­Бекободцемент», «Кварц», «Оҳангарон-шифер» акция­дорлик жамиятлари томонидан давлат улуши сотувга қўйилган бўлиб, хорижий инвесторларни жалб қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
     Эътиборлиси, мустақиллик йилларида тўлиқ тикланган қурилиш ма­териаллари саноати ҳозирда жадал ривожланиб, хорижий инвесторлар учун энг жозибали тармоққа айланди. Охирги ўн йилда тармоққа жалб этилган маблағлар ҳажми 270 млн доллардан ошиб, ўртача ўсиш суръати 49,2 фоизни ташкил қилмоқда.
     Бозорни республикамизда ишлаб чиқарилган рақобатбардош қурилиш материаллари билан тўлдириш, импортнинг ўрнини босишни чуқурлаш­тириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида «Ўзқурилишматериалла­ри» АЖ томонидан доимий асосда бозор эҳтиёжлари ўрганилиб, қури­лиш материалларини экспорт ва импорт қилиш операцияларининг мониторинги ва таҳлили олиб борил­моқда.
     Сўнгги йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми икки мартадан кўпга ошди. Мисол учун, гипсокартон ишлаб чиқариш­нинг умумий қуввати 60 млн м2 ни ташкил қилади, мамлакатимизнинг ички эҳтиёжи тўлиқ қондирилиб, ис­теъмолдан ортиқчаси четга экспорт қилинмоқда.
     Керамик плитка ишлаб чиқариш «ТошКСМ» АЖ томонидан 2,0 млн м2 ва «Moderna Ceramic Industries Ferga­na» ҚК томонидан 3,5 млн м2 ҳажмда амалга оширилмоқда. Ишлаб турган барча қувватлар ҳажми тахминан 13 млн кв. метрни ташкил қилмоқда. Жорий йил ҳам керамик плита ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш кутилмоқда. Лойиҳада белгиланган қувватларга эришилгач, «Prime Ceramics» МЧЖ Самарқандда бир йилда 2,75 млн м2, «Ehsan Maybod Manufacturing Group» МЧЖ ХК Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ту­манида бир йилда 2,1 млн м2 керамик плиталар ишлаб чиқариш имконияти туғилади.
     Майолика ишлаб чиқариш «Art Mosaic» МЧЖ, «Azia Mosaic» МЧЖ, «Bill Tosh» МЧЖ ва «Fiammata» МЧЖ томонидан ўзлаштирилган. Шиша-пластик арматура ишлаб чиқариш «Boston Tekstil» МЧЖ ва «ARM Com­posite» МЧЖда йўлга қўйилган бўлиб, улар 2015–2019 йилларда Маҳаллий­лаштириш дастурига киритилган. Бун­дан ташқари, «Мега инвестиндастриал» МЧЖ томонидан Жиззах ви­лоятида 2,5 минг тонна узлуксиз базальт толаси ва базальт-пластик арматура ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонани ташкил этиш лойи­ҳаси амалга оширилмоқда. 2016-2018 йилларга мўлжалланган мазкур ло­йиҳанинг инвестиция қиймати 51,8 млн долларни ташкил қилади.
     «Ўзметкомбинат» АЖ 2015 йили дастлабки минг тонна базальт толаси ишлаб чиқарди. Корхона 10 минг тоннагача базальт толаси ёки бир йилда 120 минг м3 дан ортиқ базальт асосидаги теплоизоляцион материаллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Маҳсулот истеъмолчилари – қу­рилиш, кимё, нефть-газ ва электр қув­вати корхоналари бўлиб, лойиҳа қиймати 16 млн АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил қилади.
     «Ecoclimat» МЧЖ шиша толаси асосидаги теплоизоляцион материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўй­ган. «Жиззах» ЭИЗда фаолият кўрса­тувчи мазкур корхонада ҳар йили 10 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чи­қарилади.
Ҳозирги вақтда республикамиз­даги иккита корхона санитария-техник керамика ишлаб чиқармоқда, бу­лар: Тошкент вилоятининг Чиноз ту­манидаги йиллик 75 минг дона маҳ­сулот ишлаб чиқариш қувватига эга «Гранд арткерамикс» ҚК ҳамда Анг­рендаги йиллик 25 минг дона маҳ­сулот ишлаб чиқариш қувватига эга «Kapsantex» УК.
     «Кнауф Интернационал Гмбх» (Германия) компанияси томонидан йиллик 120 минг тонна қуруқ қури­лиш аралашмалари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонани қу­риш ва гипсокартон ишлаб чиқиш ҳаж­мини ошириш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 52,5 млн АҚШ дол­лари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган.
     Мамлакатимизда цемент маҳсу­лотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқроқ қондириш мақсадида «Бекободцемент» АЖда ишлаб чиқариш линия­лари модернизация қилиниб, «қуруқ усулда» цемент ишлаб чиқариш бў­йича йиллик 750 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга янги линия фойдаланишга топширилди. Натижада, 180 га яқин янги иш ўрни барпо этилди.
     Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида оқ ва портланд цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонанинг ишга туширилиши натижасида 340 та янги иш ўрни яратилди.
     Тармоқ корхоналарининг рақо­батбардошлиги ва экспорт салоҳия­тини ошириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берувчи сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш­га алоҳида эътибор қаратилмоқ­да. Бугунги кунда компаниянинг 30 та корхонасида ISO 9001:2008 хал­қаро сифат менежменти тизими йўлга қў­йилган бўлиб, келажакда «Jahongir Servis» МЧЖ, «Оҳангаронцемент» ва «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятларида ҳам жорий этиш режалаштирилган. «Бухорогипс» АЖ ҚКда ISO 50001 энергетик менежмент тизими жорий этилади.
     Бугунги кунда нафақат ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талаби қондирилаяпти, балки уларнинг катта қисми экспортга ҳам жўнатилмоқда. Масалан, 1991–2016 йиллар мобайнида тармоқнинг 50 та корхонаси 885 млн доллар қиймати­даги маҳсулотни четга етказиб ­берди.
«Ўзқурилишматериаллари» компанияси раҳбарияти экспорт имкониятларини янада ошириш мақсадида Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон каби мамлакатларда ўзининг дилерлик тар­мо­ғи ва ваколатхоналарини очиш юзасидан фаол иш олиб бормоқда.
     Шундай қилиб, ўтган 25 йил мобайнида қурилиш материаллари саноати ўз олдига қўйилган аниқ мақ­сад ва устувор вазифаларнинг ўз вақ­тида ва сифатли бажарилишини таъминлаган ҳолда замонавий – модернизация қилинган, техник ва технологик янгиланган, иқтисодий бар­қарор ва рақобатбардош тармоққа айланиб улгурди. Буни эса тармоқда эришилаётган, кўплаб чет эллик мутахассис ва экспертлар томонидан эъти­роф этилаётган салмоқли ютуқ­лар яққол тасдиқлайди.
 
Тимур МУҲАММАДЖОНОВ,
«Ўзқурилишматериаллари» АЖ матбуот хизмати раҳбари

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.