(O´zbek) Ўзбекистон ва Франция муносабатларининг жадал ривожи

3-4/2019

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Европа йўналиши давлат мустақиллиги қўлга киритилган дастлабки йиллардан бошлаб энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишда Ўзбекистон нафақат Европа, балки жа­ҳондаги етакчи давлатлардан бири бўлган Франция билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтиришга ало­ҳида аҳамият бермоқда.
     Франция Республикаси ҳамма вақт жаҳон иқтисодий ва сиёсий жараёнларида катта роль ўйнаган ҳам­да бутун инсон цивилизациясига кат­та таъсир кўрсатган. Франция замонавий Европа интеграциялашувининг бошида турган. Унинг Европа Иттифоқини тузишдаги аҳамияти бебаҳо. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач дарҳол Франция билан икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга интилди.
     Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Франция Республикаси Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини 1992 йил 3 январда тан олди, икки ой ўтиб – ўша йилнинг 1 мартида мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Энг юқори даражадаги икки томонлама муносабатлар интенсив хусусиятга эга бўлди, бу томонларнинг ҳамкор­ликни ривожлантиришдан манфаатдорлигидан далолат бе­рарди.
     Хусусан, 1993–1996 йилларда Ўзбе­кистон Республикаси Биринчи Президентининг Парижга иккита таш­рифи (1993 й. ва 1996 й.) ва Франция Республикаси Президенти Ф. Мит­тераннинг Тош­кент­га давлат ташрифи (1994 й.) амал­га оширилди. Давлатларимиз раҳбар­лари кўп томонлама форматларда – 1996 йил июнда Европа Итти­фоқи давлатлари бошлиқларининг Флоренциядаги сам­мити доирасида ва 2002 йил ноябрда НАТО/СЕАПга аъзо мамлакатларнинг Прагадаги саммитида учрашиб туришди.
     Таъкидлаш лозимки, юқори даражадаги фаол ало­қалар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йилларга мўлжалланган ҳар томонлама ҳам­корликка мустаҳкам асос солди. Хусусан, транспорт ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари ўртасидаги юқо­ри даражадаги алоқалар мунтазам равишда амалга оширилди. Таш­қи сиёсий идо­ралар ўртасидаги, хусусан ташқи ишлар вазирлари даражасидаги сиёсий маслаҳатларнинг 10 та раунди бўлиб ўтди.
     Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 8–9 октябрида Францияга амалга оширган расмий ташрифи Ўзбекистон ва Франциянинг икки томонлама муносабатларидаги му­ҳим воқеа бўлди. Охирги 22 йил ичида биринчи марта ташкил этилган юқори даражадаги мазкур ташриф Ўзбекистон ва Франция халқларининг ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифани очди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп режавий ҳамкорлик­нинг ривожланишига, дўстлик ва ҳам­жиҳатликнинг янада мустаҳкам­ла­нишига кучли туртки берди.
     Президентимиз Ш.Мирзиёев Европага ўзининг ­Президент сифатидаги биринчи ташрифини айнан Фран­цияга амалга оширганлиги ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Европа йўналишини ривожлантиришда Франциянинг аҳамияти ва халқаро обрўсининг яна бир бор тан олиниши бўлди. Франция Республикаси Президенти Э.Макрон билан очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, Сенат раиси Ж.Ларше ва парламент, ҳукумат, ишбилармонлик доиралари ва жамоатчи­ликнинг бошқа вакиллари билан уч­рашувлар томонларнинг икки мам­лакат халқларининг узоқ муддатли ва туб манфаатларига жавоб берувчи ўзаро муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиришга интилишини яна бир бор тасдиқлади.
     Олий даражадаги учрашув мин­тақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг муҳимлиги таъкидланди. Француз дав­лати бошлиғи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, мамлакатимиз раҳбария­ти­нинг дўстлик, ўзаро фойдали ҳам­корлик ва манфаатларни ўзаро ҳисоб­га олиш принципларига асосланган ташқи сиёсатига юқори баҳо берди.
     Савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, технологик ва ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда икки томонлама мулоқотни ривожлантириш масалаларининг муҳокамаси кун тартибининг асосий бандларидан бири бўлди. Ушбу соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш мақсадида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлар­аро комиссияси тузилди. Томонлар 2019–2020 йилларга ­мўлжалланган ташқи сиёсий идоралар ҳамкорлиги дастурини имзолашди.
     Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкор­ликни янада кенгайтириш борасида имзоланган икки томонлама битимлар ва эришилган келишувларнинг тўлиқ кўламда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2018 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси билан Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳам­корликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги қарори қабул қилинди.
     Бундан ташқари Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг Францияга ташрифи жараёнида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар, инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари, шунингдек 2018–2019 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Рес­публикаси билан Франция Республикаси ўртасида кўп режавий ҳам­корликни янада кенгайтириш бўйича битимларни амалга ошириш юза­сидан «йўл хариталари» ишлаб чи­қилди.
     Мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро фаол ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатасида Франция парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилган. Ўз навбатида, Франция Республикаси Сенатида «Франция – Марказий Осиё» парламентлараро гуруҳи, Миллий ассамблеясида «Франция – Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи ишлаб турибди.
     Томонларнинг мунтазам асосда тадбирлар ўтказиш ва ўзаро ташрифларни амалга ошириш, ҳуқу­қий базани такомиллаштириш ва тажриба алмашиш йўли билан муайян йўналишлар бўйича парламентлараро алоқа­ларни янада ривожлантиришга интилишини таъкидлаш лозим. Охирги бир неча йил ичида икки мамлакат парламентарийларининг ўндан ортиқ ўзаро таш­рифи амалга оширилди. Бундай алоқаларнинг амалга оширилиши ва уларнинг тизимли хусусиятга эга бўлиши шубҳа­сиз, икки мамлакат халқ­ларининг манфаатлари йўлида дўстлик ва ҳам­корлик ришталарини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.
     Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган фаол иқтисодий дип­ломатия контекстида Франция билан ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш республикамиз Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятининг устувор йўналиш­ларидан бири ҳисоб­ланади. Биз француз компанияларининг инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш, Ўзбекистон маҳ­сулотларини Франция бозорига экспорт қилиш ҳажмини ва ўзаро турис­тик оқимни оширишдан манфаат­дормиз.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.