Istiqlol odimlari

Ulug‘ maqsadlar yo‘li!

     «Жаҳон – кенг, дунёда мамлакат – кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга ато этилган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланиши лозим»
Ислом КАРИМОВ
 
     Бугунги Мустақиллик шодиёналари шукуҳи­нинг қадри ҳам, қиммати ҳам мана шу 25 йил даво­мида босиб ўтил­ган йўлнинг маз­мун-моҳия­тини чуқур англаб етишимиз билан белгила­нади. Президентимиз бошчилигида «ўзбек модели» барча жабҳаларга му­ваффа­қиятли жорий этилиб, буюк истиқболга эришиш йўли – Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаш­тириш ва фуқаролик жамиятини ривож­лантириш концепцияси амалга оширила бошланди.
     Озод ва обод ватанимизда чорак асрда ижтимоий-иқти­содий, маънавий-маърифий соҳаларда оламшумул натижаларга эришилишида, албатта, қўшни давлатлар билан тенг ҳуқуқли ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик йўли танлангани ҳам ўзига хос муҳим роль ўйнади. Яъни, «…биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўш­ни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўза­ро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзи­мизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз».
     Шу билан бирга, республикамизда давлат ва жамият бошқаруви самарали ташкил этилиб, мулкни давлат та­сарруфидан чиқариш, тадбиркорлигу ташаббускорлик­ка, деҳқону фермерлар фаолияти қўллаб-қувватлани­шига, ҳудудий ҳамда тармоқлараро дастурлар ижроси таъминланишига кенг йўллар очиб берилди. Ҳеч шак-шубҳа йўқ, республикамиз учун истиқлолнинг йигир­ма беш йиллик йўли жуда залворли ва зафарли бўлди.
     Президентимизнинг «Биз ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва шубҳасиз, ҳеч қачон кам бўлмаймиз», деган даъватлари юртдошларимизни яратувчанликка чорлади. Дарҳақиқат, қўлга киритилаётган ютуқлар кўла­мига назар ташлаб, халқимизнинг маданий, маърифий, илмий салоҳияти ҳеч кимникидан кам эмаслигига амин бўламиз. Бу эса, ўз олдимизга қўйилган мақсадларни сўзсиз амалга ошириш имконияти катта эканлигидан далолат беради. Бу жиҳат бизга чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.
     Бундай шодиёна, шукуҳли кунларда барча тармоқ ва соҳа вакиллари – ишчи-ю мутасадди, деҳқону фермер, тадбиркору ишлаб чиқарувчи, ҳар бир фуқаро орт­га, синовларга бой бўлган машаққатли ва зафарли йўлга бот-бот қараши, мамлакат тараққиётининг тамал тошлари қай тарзда, қандай мураккаб шароитларда қў­йилганини ғурур билан эслаши табиий.
     Халқаро ҳамжамият кенг миқёсда эътироф этаётганидек, республикамиздаги жиддий ўзгариш ва янгиланишларнинг асосий натижалари, энг аввало, инсон манфаатлари, юрт равнақи, ёш авлоднинг ёрқин келажаги учун йўналтирилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, тўғри танланган тараққиёт йўлимиз, ислоҳотларнинг юқори самарадорлигига эришилаётганлиги истиқлол асосларини мустаҳ­камлаб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.
     Ўзбекистонда собиқ республикалардан фарқли ўла­роқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар параллел равишда, адолат тамойилларига асосланиб ривожлантирилиб, давлат ва жамият бошқаруви салбий силсилаларсиз дунё андозаларига ўтказилди. Бу дегани, «Янгисини қур­май, эскисини бузмаслик» қоидасига қатъий амал қилин­ди. Яъни, ҳар бир соҳа ёки тармоқлар бўйича давлат дастурлари татбиқ этилишининг замонавий услублари аграр соҳага, саноат ишлаб чиқаришига, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш (таълим кўламини тубдан ўзгартириш, тиббий ва сервис хизматларини замонавийлаштириш, муҳтож аҳоли қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш, тадбиркору ҳунармандларга кенг кў­ламли иж­тимоий, молиявий кўмак бериш)га давлат сиёсати да­ражасида эътибор қаратилди.
     Айниқса, республикамиз раҳбарининг жаҳон мо­лиявий-иқтисодий инқирозига қарши чоралар дастури­нинг ўз вақтида қабул қилгани, бу – пул-молия муносабатларида нафақат кескинликнинг олдини олишга хизмат қилди, балки, иқтисодий жиҳатдан ривожланишни таъминлаш мақсадларига йўналтирилгани ва самарали натижалар бериши билан ўзига хос муваффақиятлар эшикларини очиб берди.
     Жамиятнинг фаровонлашуви ҳамда юксалиш даражасини илм-фаннинг ривожланиши, интеллектуал са­лоҳият белгилайди. Айниқса, тараққиётнинг ҳозирги ўз­гарувчан, мураккаб шароитида илм-фанга эътибор, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз билим ва имкониятларини намоён этишлари учун шарт-шароит яратиб бериш муҳим аҳамият касб этади.
     Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг улкан имкониятлар мамлакати эканлигини юзага чиқаришда ҳамда тараққий этишини таъминлашда – «ўзбек модели» бешта бир-бирига узвий боғланган комплекс моделлар сифатида мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишига, аҳоли турмуш фаровонлиги сифат жиҳатдан тамомила янги босқичга кўтарилишига, натижада эса, инсон омили ҳар томонлама ривожланишига замин яратди. Бунинг натижасида таълим-тарбия ва илм-фанда янги билимлар яратишга, уни ҳаётга татбиқ этишга қодир бўлган етук ва профессионал мутахассислар тайёрлашга киришилди.
     Энг муҳими, келажагимиз таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлоднинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашга, шу юрт­нинг ҳақиқий эгаси сифатида Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини кўриш энг улуғ бахтдир!
     Мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқ ва марралар – Ватанимиз салоҳиятини, иқтисодий ва интеллектуал куч-қудратини тўлиқ намойиш этишда, албатта, тўғри танланган стратегик йўлнинг аҳамияти катта. Бу йўл – буюк келажакка, улуғ мақсадларимиз манзилини яқинлаштиришга хизмат қилади!
 
 
Анвархон САЙДАХМЕДОВ,
«O‘zIA» махсус мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.