Mamlakat va xalqlarni bir-biriga yaqinlashtirish yo‘lida

Сайёрамизда ҳар йили миллионлаб инсон­лар ўзга мамлакатларга саёҳатга отланишади. Туристлар хорижий мамлакат, у ерда яшаётган халқларнинг урф-одатлари, анъаналари, маданияти ва маърифати, тарихи ва табиатидан воқиф бўлади, гўзал масканларида бўлиб завқланади. Глобаллашув жараёнида туризм янада ривож топиб, натижада, ушбу саноат жаҳон товарлар ва хизматлар экспортида биринчи ўринга чиқиб олди. Статистик маълумотларга кўра, туристик оқим ҳозирда йилига бир миллиард нафардан зиёд кишини ташкил этмоқда. Инсониятнинг маданий бешикларидан ҳисобланган Ўзбекистон диёри ҳам ушбу оқимнинг ажралмас бўлаги саналади. Республикамиз ҳудудидаги қадимий цивилизациялар, ноёб тарихий ва маданий ёдгорликлар, архитектуранинг буюк намуналарини ўрганишга бугунги кунда Япония, Франция, Германия ва бошқа илғор мамлакатлар олимларининг киришгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Зеро, Ўзбекистон ҳам ўзининг жозибадорлиги, ноёб архитектура обидалари, маданий мероси ва дам олиш, саёҳатлар учун мўлжалланган масканлари билан жаҳондаги илғор мамлакатлардан қолишмайдиган йирик туристик давлатга айланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга турист сифатида таш­риф буюрувчи хорижлик фуқаролар сонини сезиларли даражада ошириш учун соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Натижада, Ўзбекистонда туристик хизматлар ҳажмининг ўсиши йилдан-йилга ортмоқда. Масалан, 2013 йилда ушбу кўрсаткич 16 фоизни ташкил қилиб, хизматлар экспорти 20 фоизга ошди, қарийб 600 минг нафар хорижлик туристлар республикамизда меҳмон бўлди.

Мамлакатимизда тарихий, маданий археологик, қадимий архитектура соҳасидаги ноёб объектлар сони етти мингтадан зиёдни ташкил қилади. Ўзбекистоннинг тўртта – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Эндиликда ушбу шаҳарлар очиқ осмон остидаги музейлар сифатида тилга олинмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хизматлар соҳасини, шу жумладан, туризм тармоғини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ушбу соҳа мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Мазкур тармоқни мамлакатимиз иқтисодий мажмуининг муҳим таркибий қисмига айлантириш йўлида муайян шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринларининг ташкил этилиши, аҳоли фаровонлигининг ўсиши, валюта ва солиқ тушумларининг кўпайишига сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Хорижлик меҳмонларни республикамизга кўпроқ жалб қилишнинг муҳим шартларидан бири, бу туризм инфратузилмасини жаҳон андозалари талабларига мос тарз­да ривожлантиришдир. Бу борада мамлакатимизда сўнг­ги йилларда самарали ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, кўплаб тарихий ва архитектура ёдгорликлари реставрация ва консервация қилинмоқда, кўплаб янги меҳмонхона ва йўллар қурилмоқда, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга сифатли сервис ва транспорт хизматлари кўрсатилмоқда. Ушбу хизматлар бозорида 500 тадан ортиқ меҳмонхона, туристик база ва кемпинг, 300 тадан ортиқ компания ишлаб турибди ва уларнинг сони мунтазам кўпаймоқда. Туристларга бевосита ишлаб чиқарувчиларнинг ўзларидан сотиб олинган Boeing ва Airbus компанияларининг самолётлари хизмат кўрсатиб, жумладан, жаҳоннинг 40 дан зиёд шаҳрига авиапарвозлар амалга оширилмоқда. Шунинг­дек, меҳмонларга тижорат банкларининг кўп тармоқли тизими кенг доирадаги молиявий хизматларни тақдим этмоқда. Мамлакатимизнинг асосий қисми интернет тармоғига уланган уяли алоқа хизматлари билан қамраб олинган, бу туристларга мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган воқеалардан ҳамда яқин кишилари ҳолидан хабардор бўлиб туриш имконини беради. Мамлакатимизда хорижлик меҳмонларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда.

2013 йилда қабул қилинган Хоразм, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида туризм соҳасини ривожлантириш дастурлари республикамизда туризм соҳасини ривожлантириш жараёнидаги янги босқич бўлди. Мазкур дастурлар доирасида туризм инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, бу туристларни томоша объектларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, туристик марказларнинг муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, меҳмонхоналар, ресторанлар, истироҳат боғлари, боулинг-клублар ва кўнгилочар объектлар қурилиши сингари комплекс масалаларни қамраб олган. Дастурлар лойиҳалар ташаббускорлари учун мўлжалланган катта имтиёзлар тўплами билан таъминланган.

Туризм инфратузилмаларини ривожлантириш масалалари биринчи марта юртбошимизнинг 2012 йилда Хоразмга қилган ташрифи чоғида берган топшириқларида ўртага ташланди. Айнан ўшанда туристик оқимнинг ўсиши хорижлик меҳмонлар учун яратилган шароитлар билан бевосита боғлиқлиги таъкидланди. Шунинг учун, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан бекаму-кўст транспорт ва сервис хизматлари кўрсатишни, сифатли йўллар, турли даражадаги меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа кўнгилочар жойларни ўз ичига олган юқори даражали туризм инфратузилмасини яратиш – давр талаби эканлиги белгилаб берилди. Бу мақсад мазкур соҳанинг ҳар бир ходими учун ҳаракатлар дастурига айланиши лозим.

Қабул қилинган қарорлар доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Ҳудудларда бир қатор янги меҳмонхоналар, ресторанлар ва кўплаб маиший объектлар қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Янги томоша объектлари барпо этилиб, туристлар учун маданий дастурлар жорий этилмоқда. Тарихий шаҳарлар уникал марказлари Wi-Fi симсиз алоқа билан таъминланмоқда. Чет элда оммалашган маршрутлар билан бир қаторда янги, ғайриоддий маршрутлар яратилмоқда. Авиа ва темир йўл қатновларининг сони оширилиб, ушбу транспортларда ташувлар нархини шакллантиришнинг мослашувчан усули қўлланилмоқда. Испаниянинг «Тальго» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган «Афросиёб» тезюрар поездининг ишга туширилиши билан «Тошкент – Самарқанд» йўналишида қатнайдиган хорижлик туристларнинг сони сезиларли даражада ошди. Тошкентда бўлиб ўтган 19-Халқаро туристик ярмаркада яна бир поезд – туристик ташкилотларнинг якка тартибдаги буюртмаларига асосан қатнайдиган «Афсона»нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Барча ҳудудларда ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Ўтган ёзда мамлакатимиздаги энг яхши туристик марказлардан бири ҳисобланган Хива шаҳрида ички ту­ризмнинг салоҳиятини ошириш мақсадида «Uzbekistan Travel Workshop-2013» минтақавий туристик форуми ўтказилди. Форумнинг умумий йўналиши – мамлакатнинг турли минтақаларида фаолият кўрсатувчи туроператорларнинг ўзаро узвий ҳамкорлиги асосида Ўзбекистоннинг ички туризмини ривожлантиришдан иборат бўлиб, бу туристик мавсумни янада узайтириш ва туристик инфратузилманинг йил давомида иш билан банд бўлишини таъминлаш имконини беради. Форум доирасида «Лаззатбахш таом тортиш ва шарқона меҳмондорчилик» мавзуида семинар, туристик ва меҳмонхона бизнеси вакиллари томонидан маҳорат дарслари, Ўзбекистоннинг туристик саноатига оид истиқболли лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди.

Мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини чет элда намойиш этишга бағишланган тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Юқорида тилга олинган кўргазмалар ва дастурлар билан бир қаторда, Euronews телеканали билан 2013 йил октябрь ойининг охиридан бошлаб Life циклидан республикамизнинг тарихий-маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган телекўрсатувларни намойиш этиш ҳақидаги келишувга эришилди. Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида ҳикоя қилувчи дастлабки кўрсатувлар чет эл аудиториясига намойиш этилди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг 12 декабридан бошлаб мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган реклама ролиги 2014 йилнинг апрелигача мунтазам трансляция қилинади. Мазкур тадбирлар натижасида чет эллик туристлар оқимининг ўсиши ва мамлакатимиз аҳолисининг туризм соҳасидан келадиган даромадларини ошириш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда.

Туризм соҳасига юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Негаки, тармоқни изчил ривожлантириш, олдинга қўйилган вазифаларга эришиш бевосита тармоққа малакали мутахассисларни тайёрлаш даражасига, кадрлар сифатига боғлиқ. Мамлакатимизда туризм билан боғлиқ ўқув йўналишига эга бўлган қатор таълим муассасалари фао­лият кўрсатиб турибди. Шунингдек, «Ўзбектуризм» МК қошидаги Рес­публика илмий-ўқув консалтинг маркази ҳам айнан шу масалалар билан шуғулланади. Кадрларни ўқитиш гид – экс­курсоводларни, туристик ва ресторан-меҳмонхона бизнеси менежерларини, чет эл ошхонаси ошпазларини тайёрлаш, туроператорлик ва меҳмонхона фаолиятини ташкил этиш бўйича доимий равишда фао­лият кўрсатувчи курсларда амалга оширилмоқда. Тармоққа оид маслаҳатлар бериш курсларида эса амалий машғулотлар ўтказилмоқда. АҚШ, Франция, Германия, Туркия каби мамлакатлардан таниқли мутахассисларни таклиф этган ҳолда ўтказилаётган семинар-тренинглар яхши самара бермоқда.

Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида 100 нафар ошпаз учун «Ресторан ва меҳмонхона олами: жаҳон пазандалик санъатининг энг янги тенденциялари» мавзуида тренинг ўтказилди. Тренингга машҳур эксперт Ханс Дирк Хальбфелл таклиф этилди. Бу каби курслар ва тренингларни тез-тез ўтказиб туриш режалаштирилган.

Қатор халқаро ва хорижий ташкилотлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди. Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш GIZ – Германия халқаро ҳамкорлик жамияти техник кўмагининг жалб этилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

«Ўзбектуризм» МК ўқув маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда «Туризмнинг долзарб муаммолари» илмий ишлар йиллик тўпламининг чоп этилиши ҳам кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Ўзбектуризм» МК халқаро алоқаларни кенгайтириш соҳасида ҳам бир қатор вазифаларни амалга оширмоқда, жумладан, мамлакатимизнинг туристик имкониятларини хорижда намойиш этишга бағишланган тадбирларга ҳам катта эътибор берилмоқда. Республикамиз туристик салоҳиятининг тақдимотлари Испания, Германия, Буюк Британия, Италия, Франция, Япония, Россия, Туркия ва Латвия каби мамлакатларда доимий ўтказиб турилади. Кўргазма майдонлари ва туристик фирмалар вакиллари йўл ҳақининг имтиёзли тўланиши давлат ташкилотлари томонидан таъминланади. Яъни, Ўзбекистон туристик компаниялари томонидан туристларни қабул қилиш имкониятлари тақдимотини ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

2013 йил мобайнида «Ўзбектуризм» МК, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК ҳамда хусусий туристик компаниялар вакил­ларидан иборат мамлакатимиз делегация аъзоларининг юқорида тил­га олинган халқаро туристик кўргазмаларда фаол иштироки таъминланди. Кўргазмаларда Ўзбекистон туристик салоҳиятининг имкониятлари кенг намойиш этилди. Экс­позиция даври мобайнида вакилларимиз кўргазмаларга ташриф буюрувчилар ва иштирокчиларни Ўзбекистондаги дам олиш зоналари, энг яхши турис­тик маршрутлар билан таништириш ва республикамиз ҳақидаги ранг-баранг видеороликларни намойиш этишга муваффақ бўлишди.

Шу билан бир қаторда, хорижий туристик маъмуриятлар, БМТ Бутунжаҳон туристик ташкилоти раҳбарлари билан туристик сафарлар сонини ошириш, 2014 йилда Самарқанд шаҳрида БСТ Ижроия кенгашининг 99-сессиясини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ва хорижий дастурларда иштирок этиш ҳамда туризм соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан қатор учрашувлар ўтказилди.

2013 йил октябрда бўлиб ўтган «Буюк ипак йўли» 19-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ҳар томонлама жозибали бўлди. У БМТ БСТнинг кўмагида ўтказилиб, жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган туристик фирмалар ва ташкилот вакилларини қамраб олди. Ўзбекистоннинг туристик экспозицияси шундай ташкил этилдики, хорижлик туроператор ва ярмаркага ташриф буюрувчилар мамлакатимизнинг барча минтақалари имкониятлари ҳақида тўлиқ ахборотга эга бўлишди. Кўргазма туристик саноатнинг барча йўналиш­ларини муфассал қамраб олди ва унинг ўтказилиши жараёнида Ўзбекистон билан бошқа мамлакатлар ўртасида туристик алмашув ҳақидаги мақсадлар баённомалари ва шартномалар имзоланди. Мазкур форум доирасида «Туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида экотуризмнинг ролини ошириш» ҳамда «Туризм ва таълим: уларнинг ўзаро ҳамкорлиги йўллари» мавзуидаги халқаро конференцияни ўтказиш имконини берди. Бугунги кунда Тошкент ярмаркасида иштирок этиш учун ҳозирча бизнинг бозорда қатнашмаётган, лекин ушбу фаолиятни бошлаш истагида бўлган ўнлаб хорижий тур­операторларни жалб қилиш ҳисобидан ушбу ярмарканинг самарадорлигини ошириш устида фаол ишлар олиб борилмоқда.

«Ўзбектуризм» МК томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК билан биргаликда республикамиз хусусий туристик компаниялари кўмагида ўтказилаётган «Мега-ахборот-тур» лойиҳасининг амалга оширилиши давом этмоқда. Мазкур лойиҳа хорижий мамлакатлар туристик компания­лари ва ОАВ вакиллари учун мамлакатимиз бўйлаб воқеаларга бой бепул таништириш сафарларини ўзида намоён этади. Дастурда жаҳоннинг 18 та мамлакатидан турис­тик саноат ва ОАВнинг 171 нафар вакили иштирок этди. Бу каби тадбирлар мамлакатимиз ҳақидаги ахборотни чет элда кенг ёйиш, Ўзбекистонга янада кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади. Ҳозирги вақтда мазкур дастурни янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

2013 йилнинг муҳим халқаро воқеаларидан бири Тошкентда ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия, Ўзбекистон-Латвия, Ўзбекистон-Польша ва Ўзбекистон-Туркманистон комиссияларининг навбатдаги мажлисларини алоҳида таъкидлаш лозим. Мажлислар доирасида томонлар туристик оқим истиқболлари, туристик алмашув ҳажмини ошириш чора-тадбирларининг татбиқ этилиши масалаларини муҳокама қилиш баробарида, туризм соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган бир қатор идоралараро халқаро шартномаларни имзолашди, хусусан, Латвия ва Туркманистон туристик ташкилотлари билан ана шундай келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, 2013 йил ноябрь ойининг бошида Лондонда туризм соҳаси учун иккита ниҳоятда муҳим тадбир – БМТнинг Бутунжаҳон туристик ташкилоти томонидан ташкил этилган Вазирлик саммити ва «WTM-2013» халқаро туристик ярмаркаси бўлиб ўтди. Саммит ишида жаҳоннинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 40 нафар туризм вазирлари иштирок этди. Бунда ҳаво транспорти, инфратузилмани ривожлантириш, солиқлар ва йиғимлар, виза режимини соддалаштириш масалалари қатнашчиларнинг диққат марказида бўлди. Учрашув жараёнида «Ўзбектуризм» МК томонидан ЮНВТОнинг Самарқанддаги офисига мазкур ташкилотнинг таркибий бўлинмаси мақомини бериш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди. ЮНВТОнинг молиявий имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Лондонда бўлиб ўтган туристик ярмаркада жаҳоннинг қарийб 200 та мамлакатидан ташриф буюрган фирмалар ва компаниялар иштирок этди. Ярмарка мобайнида хорижий туроператорлар ва кўплаб тадбир иштирокчиларида ўзбек туристик компанияларининг стендлари катта қизиқиш уйғотаётганлиги таъкидланди.

Республикамизнинг туристик салоҳиятини оммалаш­тириш ишларини амалга ошириш баробарида, «Ўзбек­туризм» МК нафақат мамлакатимизга қўшимча турис­тик оқимларни жалб қилиш, балки, ушбу соҳада ­хусусий секторнинг ривожланишига кўмаклашишга ҳам ин­тилмоқда. Лицензиялаш тартибини янада такомил­лаштириш ва туристик фаолиятни амалга ошириш, кичик бизнес субъектларининг тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида «Ўзбектуризм» МК томонидан «Лицензиялаш тартибини такомиллаштириш ва туристик фаолиятни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Унга мувофиқ, лицензияланиши лозим бўлган, туристларга хусусий тарзда хизмат кўрсатувчи воситаларнинг сони ортиши, шунингдек, меҳмонларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилади. Мазкур қарорга кўра, туристларни жойлаштирувчи оилавий корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун мўлжалланган мамлакатимиз бўйлаб хизмат турларини ташкил этувчи тур­операторларнинг устав фонди миқдори камайтирилади. Қарорда яна кўплаб ижобий жиҳатлар назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи туризм соҳаси ривожланиши тобора фаоллашмоқда, бу жиҳат маҳаллий ҳамда республикамизга ташриф буюрувчи хорижлик меҳмонлар оқимининг доимий равишда ўсиб боришидан далолат беради.

Фаррух РИЗАЕВ,

«Ўзбектуризм» МК раиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.