14 март

Baxshisi bor yurtda bolalar botir bo‘lgay

…Пурвиқор тоғлар аро дўмбира жаранги акс-садо беради. Баҳор нафаси кезган бепоён кенгликлар, ям-яшил қиру адирларни сеҳрли сознинг мафтункор оҳанги тутади. Белини маҳкам боғлаган, ўзини зўр ишга чоғлаган бахшининг соҳир овози дўмбира жарангига жўр бўлиб дилларни сел қилади:
 
          От ўрнини той босар-эй, той босар,
          Эрксиз элни ёв босар-эй, ёв босар.
          Ёвлар беор бўлурлар-эй, бўлурлар,
          Тойлар тулпор бўлурлар-эй, бўлурлар.
 
     Бахши дилидан қуйилиб келаётган сатрлар тингловчилар тасаввурида эзгу ва боқий тушунчаларни яна бир бор жонлантиради: ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик аҳамияти, эрк қадри, юрт ишқи, ёр васфи, адолат тантанаси…
 
     Халқимиз яратган ўлан ва лапарлар, эртак ва достонлар, мақол ва маталларнинг тиллардан тилларга, диллардан дилларга кўчиб, бизгача етиб келишида бахшиларнинг хизматлари беқиёс. Улар минг йиллар давомида халқ оғзаки ижоди намуналарини қалб ардоғида асрашни ва авлодларга бекаму кўст етказишни ўзларининг муқаддас бурчи, деб билган.
 
     Миллий маданиятимизни ривожлантиришга, аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб халқ достонлари китоб ҳолида нашр этилиб, уларни кенг кўламда илмий ўрганишга киришилди. 1999 йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги кенг нишонланди.
 
     Минг йиллар давомида бундай достонларни куйлаб, гавҳардек асраб-авайлаб, бойитиб келган бахшилар номи маънавиятимиз тарихига олтин ҳарфлар билан битилган. Уларнинг анъаналарини давом эттириб келаётган бахши-шоирлар эътибор ва эъзозга мушарраф бўлаётир. Президентимизнинг 2000 йил 14 мартдаги фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвонининг таъсис этилиши маънавий ва маданий меросимиз давомчиларига кўрсатилган улкан ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди.
 
     Ўтган йилларда халқимиз орасида алоҳида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган кўплаб бахшилар мазкур унвон билан тақдирланди.
 
     Бахшичиликнинг янгича руҳ билан ривожланишида турли танлов ва маданий-маърифий тадбирларнинг ўрни катта. Термиз шаҳрида ўтадиган бахши-шоир ва оқинларнинг халқаро кўрик-танлови, фольклор-этнографик ансамбллар фестивали ва бошқа тадбирлар куй-қўшиқ, боқий анъана ва урф-одатларимиз, жумладан, бахшичилик ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
     Мамлакатимизда бахши, жировлар мактаблари, уларнинг асл маънавий илдизлари тикланиб, тарбия омили сифатида янгича руҳда изчил ривожлантирилмоқда. 2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланишга оид Давлат дастури бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
 
     Очил бахши Чоршанбиев – Қашқадарё бахшичилик мактаби вакили. У олти ёшида “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларидан парчалар ёдлаган, тўққиз ёшида кичик-кичик давраларда достон куйлаган. Ўз санъати билан мамлакатимиз ва чет давлатларда ўтказилган кўплаб танлов ва фестивалларда бош совринларни қўлга киритган. Ўзбек бахшичилик санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирланган.
 
     Бахши бугун Ғузор туманидаги 46-умумтаълим мактабида ёшларга мусиқадан дарс бермоқда, бахшичилик анъаналарини кенг тарғиб этмоқда.  
 
     – Қўлимга дўмбира олган илк йиллар билан бугунги кунларни қиёслаб, миллий маънавиятимизни юксалтиришга, адабиёт ва санъатимизни  ривожлантиришга қаратилган юксак эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилади, – дейди Очил бахши. – Бир пайтлар миллий меросимизнинг кўплаб намуналари каби достонларимиз ҳам қораланиб, қатағонга учраган эди. Бироқ оққан дарё оқмай қолмас экан. Ота-боболаримизнинг энг эзгу орзу-ниятлари ушалди. Давлатимиз мустақиллиги биз, бахшиларга эркин ижод учун кенг йўл очди, меҳнатимиз қадр топди. Бундай эътибор бизга куч-ғайрат, илҳом бағишлайди. Эл орасида жасорат кўрсатган миллий қаҳрамонларимиз улуғланган достонларни янада жўшиб куйлашга ундайди.
 
     Халқимиз “бахшиси бор юртнинг ботири кўп бўлади”, дейди. Зеро, гўзаллик, жисмоний ва маънавий камолот, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, садоқат, муҳаббат, мурувват, яхшилик сингари инсоний фазилатлар мадҳ этилган достонлар руҳида тарбия топган авлод қалби ҳамиша ана шундай эзгуликларга ошён бўлади.
 
 
Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА шарҳловчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.