Har yili yuqori hosil yetishtirilmoqda

     Қудрат Шарипов — Деновнинг ишчан фермерларидан бири, замонамиз руҳига мослаб айтганда, қишлоқ мулкдори. Болаликдан суяги меҳнатда қотган, ер билан тиллашиб, сирлашиб пилла, ғалла, пахта, боғдорчилик ва полиз маҳсулотларидан ҳар йили юқори ҳосил етиштириб келаётган бу уста деҳқонни яқинлари “Устоз фермер”, дея қадрлашади.
     Бу бежиз эмас, албатта. Тажрибали қишлоқ хўжалиги ходими Деновда биринчилар қатори фермерлик ҳаракатини ёқлаган, ташаббускорлар сафида уни туманда кенг жорий этишга ўз ҳиссасини қўшган. Бугунги кунда у бошқараётган “Караматуллахон” фермер хўжалиги Денов туманидаги кўп тармоқли иқтисодий бақувват жамоалардан саналади.
     — Ҳосили кўзни қамаштириб турган мевали боғларни айланиб, кенг далаларда баравж ривожланаётган ғўзаларни оралаб, жаннатмонанд юртимизга бўлган меҳру муҳаббатим янада ортади, — дейди Қудрат Шарипов.
     Уста деҳқон яхши эслайди. 2002 йили “Караматуллахон” фермер хўжалиги С.Отабоев ҚФЙ ҳудудидаги 10 гектар экин майдонида иш бошлади. Унинг 6 гектари пахта, 4 гектари ғалла майдонларидан иборат эди. Қудрат ака бу ерлардан самарали фойдаланиб, пахта ва ғалладан бир неча йил юқори ҳосил олди. Кўрилган фойданинг бир қисмига трактор ва бошқа зарур ускуналарни сотиб олиб, фермер хўжалигининг техник базасини мустаҳкамлади. Йилдан-йилга жамоанинг иқтисодий аҳволи яхшиланди, имкониятлари кучайди. Экин майдонлари кенгайди. Ҳозирги кунда фермер 64 гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда. Унинг 26 гектарида пахта, 10 гектари боғ, қолганида ғалла маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ўз ишини пухта билган фермер бошқараётган бу хўжаликда бу йилги кўрсаткичлар ҳам қувончли бўлди. Давлатга пилла топшириш режасини ортиғи билан уддаланди. 28 гектар майдондаги ғаллазорнинг ҳар гектаридан 60 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди, бу борадаги давлат буюртмасини ортиғи билан бажарилди. Фермер хўжалигида ишлаётган 15 нафар пахтакору ғаллакор, соҳибкор бу йил ҳам бир неча тоннадан янги буғдой ҳосилига эга бўлди. Уларнинг дастурхони нонга, хонадонлари ризқу баракага тўлди.
     — Ишлаган одам элда азизу мукаррам бўладиган даврлар келди, — дейди Денов тумани фермерлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев. — Буни биз уста деҳқон Қудрат Шарипов фаолиятида ҳам кўрамиз. Ҳалол меҳнати боис у юртга танилди, элда обрў-эътибор топди. Туманимиздаги кўплаб фермерларнинг устозига айланди. Оиласи тинч, ҳаёти гўзал, турмуши фаровон бу замондошимизга кўпчиликнинг ҳаваси келади.
     Ҳар бир инсон бахт учун яралади. Унга тўкин ҳаёт, бахт-саодат ва бойлик ғойибдан келмайди, аксинча кўп йиллар қилган фидокорона меҳнатлари эвазига шундай ризқу насибага эга бўлади, мартаба орттиради. Қудрат Шарипов ҳам шундай: фермерлик касбини ихтиёр этиб кам бўлмади. Меҳнатлари муносиб қадрланиб, деновлик “Олтин фермер”лар сафидан жой олди. Рафиқаси билан бирга етта фарзандни тарбиялаб, камолотга етказди. Қудрат аканинг ўзида “Дамас”, “Спарк” автомашиналари бор. Икки тадбикор ўғилда ҳам замонавий “Нексия” автомобили.
     Шу кунларда Қудрат Шарипов ҳосили кўзни яшнатиб турган мевали боғлардаги юмушлар билан банд. Кенг далаларда баравж ривожланаётган ғўзаларга ишлов бериш билан машғул. Чунки август ҳосилга ҳосил қўшадиган ой, ғўза парваришида муҳим палла. Бу пайтда агротехник тадбирлар пухта амалга оширилиб, далага астойдил ишлов берилса, бўлиқ кўсаклар кўпаяди. Ҳосилдорлик ортади. Аслида ҳақиқий деҳқон учун дала ишлари йил-ўн икки ой тўхтамайди. Ҳосилдан бўшаган майдонларда полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Бозорлар орқали бу ноз-неъматлар арзон нархларда эл дастурхонига етиб боради. Халқ фаровонлигини оширувчи шундай омиллар туфайли элимиз ризқи бутун, дастурхони тўкин бўлиб бораверади.
 
           Мазкур мақола adolatgzt.uz  сайтидан олинган. 
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.