Kuchli davlatdan – kuchli fuqarolik jamiyati sari

Tinchligim – baxtim

    Қува туманида “Маҳаллам – фахрим менинг, тинчлигим – бахтим менинг” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
 
    Фарғона вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 
    Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, улкан ўзгаришларнинг, бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўласиз. Чунки, энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан баҳри дилингиз яйрайди.
    Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институтининг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
     “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этаётган маҳаллаларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигининг мустаҳкамланаётгани ўқув масканларидаги таълим-тарбия жараёни сифатини оширишда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, 9-синфни битирган ўқувчиларни коллеж ва лицейларга тўлиқ қамраб олиш, қизларнинг касб-ҳунар эгаллашига яқиндан кўмаклашишда муҳим омил бўлаётир.
     Қува туманидаги 65 маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам мазкур йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда 20 дан ортиқ замонавий маҳалла гузари бунёд этилди. Маҳаллалар кўмаги билан кўплаб  оилавий ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишга туширилди. Жорий йилда ҳам маҳаллалар ободлиги йўлида аниқ тадбирлар белгилаб олинган. Айни кунларда нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 
     “Акбаробод” қишлоқ фуқаролар йиғинида ташкил этилган мазкур тадбир катта шодиёнага айланиб кетди. Ушбу қишлоқ фуқаролар йиғини нафақат туман, балки вилоятдаги энг обод масканлардан бири. 20 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда соғлом маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли ўртасида тиббий, ҳуқуқий, экологик билимларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Маҳаллалар ўртасида “Энг обод хонадон”, “Гулзор ҳовли” кўрик-танловлари, ҳудуддаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида “Қушлар байрами”, “Гуллар байрами” тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Ёшларни турли маънавий таҳдидлардан асраш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
    Тадбир доирасида ташкил этилган “Миллий либослар – миллат кўзгуси”, “Миллий таомлар” кўргазмалари, 29-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Мустақиллик шукронаси” давра суҳбати, “Нуронийлар ва ёш авлод” учрашуви иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Маҳалла ёшлари ўртасида миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ташкил этилди. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри, вилоят қўғирчоқ театрининг чиқишлари барчага манзур бўлди.
    – Тинчлик-тотувлик, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлашда маҳалланинг алоҳида ўрни бор, – дейди “Акбаробод” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Неъматжон Мамажонов. – Ҳудудимизда юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Томорқадан унумли фойдаланиб, яхши даромад олаётган оилалар сафи ҳам тобора кенгайиб бораётир. Қад ростлаётган хизмат кўрсатиш шохобчалари, замонавий уй-жойлар қишлоғимиз кўркига кўрк қўшмоқда.
    Санъаткорлар, бадиий жамоалар томонидан тайёрланган байрам дастури қишлоқ аҳлига завқ бағишлади.
 
ЎзА мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.