Янгийўлда металлконструкция заводи қурилади. Ундаги маҳсулотлар АЭС лойиҳаларига сотилади

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида металлконструкция заводи қурилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” ассоциацияси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида металлконструкция заводи қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар лойиҳа доирасида:

таъсисчиси “Enter Engineering Pte Ltd.” (Сингапур) компанияси бўлган “Steel Structure & Solutions” масъулияти чекланган жамияти шаклида хорижий инвестициялар иштирокида корхона ташкил этилган;

заводнинг қурилиши энергия тежайдиган ускуналардан фойдаланиш асосида буғ газларидан чиқувчи ортиқча иссиқлик ва чиқинди газларни қайтариб олиш технологиясини жорий қилган ҳолда инвестор маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

белгиланган тартибда инвестор билан ҳуқуқ ва мажбуриятларни, инвестициялар ҳажмини, яратилаётган иш ўринларининг режалаштирилган сонини, инвесторга бериладиган имтиёз ва преференцияларни, шунингдек, бошқа инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни иловага мувофиқ дастлабки техник-иқтисодий параметрларни ҳисобга олган ҳолда инвестиция шартномасини тузишни;

инвестор томонидан инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

“Steel Structure & Solutions” МЧЖ – буюртмачи;

“Enter Engineering Pte Ltd.” (Сингапур) компанияси – лойиҳани “калит ости” (Engineering, procurement and construction – ЕРС) шартлари асосида амалга оширувчи бош пудратчи ташкилот этиб белгилаб қуйилади.

Лойиҳа доирасида 2020 йил 1 июлигача бўлган даврда, истисно тариқасида, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни қурилиш-монтаж ишлари билан биргаликда бажаришга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги томонидан 2019 йил 1 декабргача буюртмачига қурилаётган металлконструкция заводи учун ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари учун мақбул уланиш жойлари берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги ишлаб чиқилаётган ишчи ҳужжатларни экспертизадан ўтказилишини ва объектларда қурилиш-монтаж ишлари сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси лойиҳанинг давлат экологик экспертизаси ўтказилиши ва уни амалга ошириш жараёнида экологик қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги, “Ўзметкомбинат” AЖ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” ассоциацияси томонидан, истисно тариқасида, тегишли буюртмалар бўйича лойиҳа доирасида металл прокат, цемент ва ёқилғи-мойлаш материалларини буюртмачига беришни, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича 100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан биржа котировкаларининг ўртача нархларида ажратиш таъминланади.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида қуйидагилардан озод қилинади:

а) буюртмачини ташкил этилганидан бошлаб ва қурилиш даврида, ишлаб чиқариш бошланганидан кейин 7 йил давомида – юридик шахсларнинг фойда солиғи, юридик шахсларнинг мулк солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар ва махсус тўловлар, қўшилган қиймат солиғи, автотранспорт йиғимлари, ер солиғи, сув солиғидан;

 

б) буюртмачи ва бош пудрат ташкилотини 2020 йил 1 сентябргача:

 

олиб кириладиган ва рўйхати ўрнатилган тартибда шакллантириладиган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва материаллар, машина ва механизмлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, махсус техникалар ва уларга эҳтиёт қисмлар ҳамда транспорт воситалари ва уларга эҳтиёт қисмлар, технологик оснасткалар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар, приборлар ва инструментлар, техник ва лойиҳа ҳужжатларини, шу қаторда «вақтинча олиб кириш» божхона режимида – божхона тўловларидан (божхона мажбурий тўловларидан ташқари);

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажарилган (кўрсатилган) ишлар (хизматлар) бўйича буюртмачини, шунингдек бош пудратчи ташкилотнинг Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан сотилган товарлар, ишлар (хизматлар)ни – қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

кўрсатилаётган хизматларни, олиб кириладиган товарлар, материаллар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик оснасткалар, приборлар, транспорт воситалари, эҳтиёж қисмлар, инструментлар, ёқилғи-мойлаш материалларини Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлаш учун йиғимлар, давлат божлари ва тўловларни тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасида тегишли аккредитацияланган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган ҳолда импорт қилинадиган материаллар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, технологик оснасткалар, приборлар, эҳтиёж қисмлар, инструментлар, транспорт воситаларини мажбурий сертификатлаш тартибидан;

лойиҳани амалга ошириш даврида буюртмачига иш ва хизмат кўрсатадиган хорижий компаниялар-норезидентларнинг доимий муассаса ва манбалар орқали олинган даромадлари (шунингдек, лойиҳалар доирасида хорижий банклар ва молия институтларининг даромадлари) юридик шахсларнинг фойда солиғидан;

буюртмачи ва бош пудратчи томонидан жалб қилинган хорижий ходимларни жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан.

Буюртмачи ишлаб чиқариш цикли учун олиб кирилаётган хом ашё ва материаллар (шу жумладан, лекин чекланмаган ҳолда: мател прокат, кимёвий реагентлар ва рангли металлар) учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Буюртмачига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича металлконструкцияни Ўзбекистон Республикасида биринчи атом электр станцияси лойиҳаларига ва нефт ва газ, энергетика соҳаларига сотиш учун рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Steel Structure & Solutions” МЧЖнинг талабномасига биноан лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга, зарурат бўлганда Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда, консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кўп марталик кириш визаларини берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги буюртмачининг талабномасига биноан белгиланган тартибда давлат божини ундирмасдан лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтиришни, шунингдек вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланган тартибда буюртмачининг талабномасига биноан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчиларни жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни бериш (узайтириш)ни таъминлайди.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.