Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2021 йилнинг ноябрь ойида Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Олий таълим муассасалари умумий рейтингининг «кучли ўнлик»дан жой олди. Ушбу олийгоҳ Ўзбекистондаги хорижий мамлакатларда ўз филиалини ташкил этган илк олий таълим муассасаси ҳисобланади. Имзоланган меморандумга асосан 2020-2021 ўқув йилидан институт профессор-ўқитувчилари МBBS (Тиббиёт ва жарроҳлик бакалаври) дастури асосида ўқишга қабул қилинган Ҳиндистон фуқароларига сабоқ беришади. Келишувга биноан, Ноида халқаро университети таълим жараёни учун зарур инфратузилма, моддий-техник база, ўқув лабораториялари ҳамда клиник базалардан фойдаланиш бўйича ёрдам кўрсатади. Талабалар ўқишнинг илк йилини Ҳиндистонда, қолган 4 йилини эса Бухорода ўтказишади.
Республикамиздаги олий ўқув юртининг хорижда ўз филиалига эга бўлиши – юртимиз ОЎЮнинг нуфузи дунё миқёсида тан олинаётганидан далолатдир. Қуйида Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат ТЕШАЕВ билан суҳбатлашамиз.
– Шуҳрат Жумаевич, аввало, Сизни Бухоро давлат тиббиёт институти олий таълим муассасалари миллий рейтингининг «кучли ўнлик»дан жой олгани билан табриклаймиз. Шу билан бирга Сиз раҳбарлик қилаётган олийгоҳ фаолияти билан яқиндан танишишни хоҳлар эдик. Сўнгги йилларда қандай ўзгаришлар юз берди?
– Авваламбор, муштарийларга салом. Бугун жамиятда барча жабҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам туб бурилишлар ясовчи ислоҳотлар олиб борилмоқдаки, бу жиҳат таълим сифати ва самарадорликда ўз исботини топмоқда. Ислоҳотлар натижаси ўлароқ, сўнгги 4 йил ичида талабаларни қамраб олиш сони қарийб 5 600 нафарга ошганлиги, мос равишда профессор ва ўқитувчилар, фан докторлари, доцентлар сони ҳам ўсиб, институтнинг илмий салоҳияти 45,9 фоизни ташкил этгани қувонарлидир. Институт тарихида илк марта Вазирлар маҳкамаси қошидаги Олий Аттестация комиссияси илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш очилди ва Стоматология, Аллергология ва иммунология ихтисосликларига, кейинчалик Хирургия; ва Морфология ихтисосликлари, 2-чи илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш томонидан – Акушерлик ва гинекология, Неврологияга ҳам рухсат берилди. Президентимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар туфайли институт 25 та давлатнинг 180 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ва ташкилотлар билан самарали алоқалар ўрнатди. 2019 йилда институт тарихида илк марта хорижий қўшма таълим дастурлари ташкил қилинди: 2020 йилда қўшимча «Фармация», «IT-шифокор», 2021 йилдан «Даволаш иши», «Педиатрия», «Фармация» (Петрозаводск давлат университети), «Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси», Kлиник ординатура: академик В.И. Кулаков номидаги Россия миллий акушерлик, гинекология ва перинатология тиббиёт маркази «Акушерлик ва гинекология», Россия Миллий тиббий тадқиқот профилактик тиббиёт маркази «Терапия», «Кардиология», «Рентгенэндоваскуляр диагностика ва даволаш», Россия федерал реаниматология ва реабилиталогия илмий-клиник маркази «Анестезиология-реаниматология». Магистратура: Польшанинг «National University Louis» Олий бизнес мактаби «Соғлиқни сақлашни бошқариш» ва б.
2020 йилда Германиянинг Франкфурт амалий фанлар университети билан докторантура очилди. 2021 йилда институтнинг Ҳиндистонда, Ноида халқаро университети базасида филиали ташкил этилди.
2020 йил ўқув ва илмий ишларни янада яхшилаш мақсадида ўқув ва илмий лабораториялар ташкил қилинди. Ўқув лабораториясига хориждан 1 млрд 558,3 млн. сўмлик микробиология ва одам физиологияси тўпламлари келтирилди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган индикаторлар асосида ўтган йилнинг февраль-июнь ойларида республиканинг 57 та олий таълим муассасалари фаолияти таҳлил қилинди ва 2019 йил рейтинг натижаларига кўра институт 16-ўриндан 12-ўринга кўтарилди. 2020 йил натижалари эса бунданда яхшироқ.
– Сизнинг институт Ўзбекистон ОТМлари ичида биринчи бўлиб хорижда ўз филиалини очган таълим даргоҳи саналади. Бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Шу хусусда икки оғиз…
– Тўғри таъкидладингиз, мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони ортиши баробарида, хорижий олийгоҳ филиалларининг улуши ҳам ортмоқда. Бухоро давлат тиббиёт институти 2019 йилдан жанубий ҳамда шарқий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб MBBS дастурини йўлга қўйган. Дастур асосида институтда Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал каби давлатлардан 200 дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Номи зикр этилган мамлакатларда аҳоли сонининг кескин ошиши ва давлат олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишларида ўқиш учун ажратилган ўринларнинг етишмаслиги тенденцияси кузатилмоқда. Қолаверса, кучли рақобат шароитида хусусий олийгоҳларда ўқиш жуда қиммат. Бу эса, талабгорларнинг Марказий Осиё давлатларида таҳсил олишларига сабаб бўлмоқда.
2019 йилда илк маротаба Ҳиндистондаги шаҳарларга бориб, қабул жараёнларини ташкил этганимизда, бизга ота-оналар томонидан шундай бир таклиф билдирилди. Яъниким, институтнинг дастурларини Ҳиндистоннинг ўзида ташкил этиш, ҳар бир ота-она учун фарзандининг ўз бағрида бўлиши муҳим. Биз 2020 йилда MBBS дастурини Ҳиндистонда ташкил этдик ва доимий ҳамкоримиз Peoplehive LLC компанияси орқали бир нечта олийгоҳлар билан музокаралар ўтказдик. Тез орада Noida халқаро университети билан меморандум ва шартномалар имзоланди. Дастурга қабул қилинган талабаларга Бухорога келиб, ўқишларини давом эттириш имконияти яратилди.
– Билишимизча, 2018 йили Бухоро давлат тиббиёт институти ва Туркия университети ўзаро талабалар алмашинувини йўлга қўйганди. Лойиҳа доирасидага ишлар билан ўқувчиларимизни таништирсак?