Жорий йилнинг 2–4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган МДҲнинг II халқаро статистика форуми айнан шу мавзуга бағишланган.
Маълумот учун: I халқаро статистика форуми 2023 йилда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдустлиги ташаббуси билан ўтказилаётган статистика соҳасидаги ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг иккинчисининг Ўзбекистонда ўтказилиши ўзига хос аҳамият касб этади. Бу ҳам бўлса, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида юртимизда барча соҳа ва тармоқлар, шу жумладан, статистика соҳасида оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир.
Умумий ҳисобда Форумда 22 та халқаро ташкилот, хорижий институтлар ва бошқа давлатларнинг миллий статистика идоралари ҳамда миллий идоралардан жами 150 нафардан зиёд вакиллар иштирок этдилар. Булар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комиссиясининг Статистика бўлими, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия Қўмитаси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлатлараро статистика қўмитаси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг миллий статистика идоралари раҳбарлари ва вакиллари, Россия Федерациясининг Олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари вакиллари.
Шунингдек, Форумда Италия, Хитой, Сербия ва Монголия каби бошқа мамлакатларнинг миллий статистика идоралари вакилларининг иштирок этиши Формунинг халқаро миқёсда географик қамровининг кенгайишига хизмат қилди.
Форум кун тартибига кўра қуйидаги 5 та долзарб мавзу бўйича сессияларда жами 52 та тақдимотлар ўтказилди, Ўзбекистон тарафидан ушбу мавзулар бўйича 9 та тақдимот амалга оширилди:
I. Маълумотларни бошқариш.
Миллий даражада ахборот ресурсларини интеграциялаш – турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириш, улардан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ва шу билан бирга респондентларга ҳисобот юкини камайтириш имконини беради. Бунда қуйидаги муаммолар юзага келади: мавжуд ахборот манбаларини инвентаризация қилиш ва уларнинг сифатини баҳолаш; қўлланиладиган тушунчалар, таснифлар, форматлар ва технологияларни уйғунлаштириш, маълумотларнинг махфийлигини ҳимоя қилиш.
Форум кун тартиби доирасида ушбу муҳим масала юзасидан Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон тажрибаси бўйича тақдимотлар қилинди. Турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириш, улардан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ва шу билан бирга респондентларга ҳисобот юкини камайтириш юзасидан илғор тажрибалар ўртоқлашилди. Шунингдек, мавжуд ахборот манбаларини инвентаризация қилиш ва уларнинг сифатини баҳолаш, қўлланиладиган тушунчалар, таснифлар, форматлар ва технологияларни уйғунлаштириш, маълумотларнинг махфийлигини ҳимоя қилиш ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар алмашинилди.
II. Cтатистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш бўйича янги технологиялар.
Унда статистика соҳасида касбий тайёргарлик, жумладан, жамиятни рақамлаштириш ва инновацион технологиялар билан боғлиқ устувор йўналишлар, хусусан статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг қуйидаги замонавий тенденциялари кўриб чиқилди: геоахборот тизимларини жорий этиш, Бизинес Интеллиженсе (BI) ва маълумотларни тезкор таҳлил қилиш технологияларидан фойдаланиш, сифат модделари (GSBPM, GSIM, GAMSO, NQAF), метамаълумотлар алмашишнинг халқаро стандартлари (SDMX), смарт-маълумотлар тамойилларига мос келадиган очиқ боғланган маълумотлардан статистика амалиётида фойдаланиш.
Беларусь, Сербия ва Ўзбекистон Республикалари мутахассислари ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Статистика департаменти, МДҲ Статистика қўмитасининг Ахборот статистика ресурслари ва технологиялари бошқармаси, Халқаро валюта фонди маълумотларни бошқариш бўлими вакиллари ва бошқа халқаро экспертлар ўз тажрибалари бўйича тақдимотлар қилишди.
Шунингдек, МДҲ минтақасида профессионал статистика ҳамжамиятини мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ўтказиш тажрибаси ва истиқболлари кўриб чиқилди, «МДҲ статистикасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган МДҲ статистика қўмитасининг статистикада касбий компетенцияларни ривожлантириш бўйича янги йўналишлар тақдим этилди.
III. Маъмурий ва катта ҳажмли маълумотлар.
Катта ва маъмурий маълумотлар – энг аввало, расмий статистикани шакллантириш учун фойдаланиш соҳасидаги миллий амалиёт намуналари кўриб чиқилди. Улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини яратиш, йиғиш ва айирбошлаш технологияларини самарали қўллаш – эътиборга молик муҳим масалалалардан бир ҳисобланади. Аҳолини рўйхатга олишнинг – 2030 раундига тайёргарлик кўриш ва уни регистрлар ва бошқа маълумотлар манбалари асосида ўтказиш, шунингдек, рўйхатга олишдан олдинги мониторингни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Монголия, Россия, Озарбайжон ва Қирғизистон вакиллари тақдимот қилишди.
IV. Cтатистика саводхонлиги.
Бугунги кун чақириқлари, хусусан глобаллашув жараёнларининг жадаллашиши статистика амалиётига янгича ёндашувларни жорий этишни талаб этади, услубиётлар такомиллашади, бу эса статистика саводхонлигини оширишни тақозо этади. Ушбу бўлимда, мутахассислар статистик таълим ва статистика саводхонлигини ошириш борасида ўзларининг фикрлари, қарашлари ва илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлари ўзларининг статистика дастурлари доирасида ташкил этилган турли халқаро семинар ва треннинглари натижадорлиги ҳамда келгуси йиллар учун иш режалари билан ўртоқлашдилар.
V. Cунъий интеллект ва расмий статистика.
Сунъий интеллект ва расмий статистика – сунъий интеллект (СИ) бугунги кунда харажатларни сезиларли даражада камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мумкин бўлган кўплаб истиқболли йўналишларни таклиф қилади. СИ нинг статистикада қўлланилиши ҳам истисно эмас. СИ ёрдамида маълум жараёнларни автоматлаштириш, янги турдаги маълумотлардан фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш мумкин. Форумнинг ушбу бўлимида экспертлар ва олимлар СИ нинг статистикада қўлланилиши бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.
Форум доирасида, шу жумладан, Форум якуни бўйича хорижлик иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу билан бирга миллий статистика тизими фаолиятини ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш борасида сўнгги йилларда эришилган ижобий ютуқлар юксак эътироф этилди ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг миллий статистика тизими халқаро миқёсда жадал ривожланиб бораётган етакчи тизимлар қаторидан ўрин олаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Форум тафсилотлари миллий ва хорижий ОАВларда, телеканал, радио, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди. Жумладан, «Oʻzbekiston 24» телеканалида 6 маротаба, «Toshkent» телеканалида 6 маротаба, «MY5» телеканалида 2 маротаба, «Yoshlar» ва «Mahalla» телеканалларида ҳамда «Mahallа радиосида эфирга узатилди. «Спутник», «ТАСС», «Кабар КГ», «NewsMailRu», «БелстатГов», «e-cis.info», «cis.minsk», «ritmeuratsia.ru» каби хорижий интернет нашр ва сайтларида, «UzA», «yuz.uz», «ogoh.uz», «aniq.uz», «uzdaily», «Rakurs24» ва бошқа кўплаб миллий интернет-нашрларда форумга доир хабарлар эълон қилинди. Спутник нашри матбуот марказида форум қатнашчилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди. Бундан ташқари форум жараёнлари агентликнинг YouTube va Facebook платформасидаги расмий саҳифаларида тўғридан-тўғри (жонли) эфирга узатилди.
Форум доирасида, Ўзбекистон Республикаси Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолгани, БМТ Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан эълон қилинган БРМ (SDG index) рейтингида 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллагани, Open Data Watch ташкилотининг сўнгги ҳисоботида «Очиқ Гендер маълумотлари индексида» 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олгани, БМТ Статистика бўлимининг расмий веб-саҳифасида Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 87 та энг илғор тажрибаларга эга давлатлар қаторига киритилгани ва бошқа ижобий натижалар эътироф этилди.
Алоҳида эътиборга молик масала форум пайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги тизими фаолияти ва статистика маълумотлари сифат мезонларига мос келиши юзасидан миллий ва халқаро ISO-9001 сертификатини қўлга киритганлиги эълон қилинди ва тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, 3 октябрь куни МДҲга аъзо давлатлар статистика идоралари раҳбарлари кенгашининг 70-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги билан Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ўртасида статистика соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва англашув меморандуми имзоланди.
Шак-шубҳасиз, мазкур МДҲнинг II халқаро статистика форуми статистик маълумотлар ишлаб чиқарувчилари ва фойдаланувчилари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларни қондириш йўлида фаолият самарадорлигини ошириш, ноухау ва рақамли технологияларни амалиётга кенг жорий этиш каби долзарб масалаларда ўзига хос музокаралар ва илғор тажрибалар алмашинуви учун платформа бўлиб хизмат қилди.