Ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Шу боис юртимизда асосий эътибор кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигига қаратилган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юрт тараққиёти йўлида пойдевор вазифасини ўтамоқда. Кон-металлургия саноати нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади.
Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга йирик корхоналардан бири саналади. Сўнгги йилларда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар натижасида комбинат ҳар томонлама ривожланди, олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда катта бешликка кирувчи компанияга айланди.
Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик, табиий ресурсларнинг улкан захираси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги туфайли кейинги йилларда бошқа соҳалар қаторида кон-металлургия корхоналарига ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди. Жаҳоннинг кўплаб етакчи молиявий институтлари бу соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар ва унинг истиқболларига ишонч билан қарамоқда. Бу борада биз амалий ишларни олиб боряпмиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг таҳлилий шарҳида қайд этилишича, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ишлаб чиқариш ҳажми 6,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,8 фоизга ўсиши кузатилган. Ушбу тармоқдаги ижобий динамика, асосан тоғ-кон саноатида қайд этилади. Бугунги глобаллашув даврини бошдан кечираётган жаҳон ҳамжамиятида иқтисодий жараёнлар жадаллашиб, рақобат тобора кучаймоқда. Бундай шароитда мамлакат иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилмасдан кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.
Саноатнинг етакчи соҳалари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш жараёнларини якунлаш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган. Юртимизда трансформация жараёни, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидаги стратегик корхоналарда амалга оширилмоқда. Кон-металлургия саноати ушбу ислоҳотларнинг асосий иштирокчиларидан бирига айланди ва Навоий кон-металлургия комбинати бу жараёнга биринчилардан бўлиб жалб этилди.
Комбинатни ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, замонавий гидрометаллургия заводлари, янги кон-шахта ва бошқа объектларни қуриш, корхоналар қувватларини ошириш ҳисобига корхонада ишлаб чиқариш ҳажми, иқтисодий кўрсаткич ва натижалар йилдан-йилга ўсиб бораяпти. Масалан, 2016 йилда 60,1 трлн. сўмлик cаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 75,5 трлн. сўмни ташкил қилди ва ўтган даврга нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 26 фоизга ошди.
Комбинатда жорий йилнинг январь-август ойлари давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 57,6 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 106,1 фоизга таъминланди. Инвестиция дастури доирасида 468,2 млн. доллар маблағлар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткич 100,3 фоизга бажарилди. Натижада комбинат тизимида қўшимча 367 та янги иш ўрни ташкил қилинди. Шу билан бирга 177 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича 619 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани эътирофли ҳолат. Бу эса валютани иқтисод қилиш билан бирга комбинат фаолиятида янги имониятларни яратиб берди.
Комбинат тарихида илк бор «Fitch Ratings» ҳамда «S&P Global Ratings» халқаро рейтинг агентликлари томонидан «Барқарор» прогнози билан «ВВ-» даражасидаги узоқ муддатли кредит рейтинги олинди. Айни пайтда комбинатнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур доирасида хомашё базасини ривожлантириш, асосий ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш, инвестицион жараёнларни ривожлантириш, ESG ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа йўналишлар ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, йирик саноат компанияси балансидаги қимматбаҳо металлар захираларини Австралия «JORC Code» кодекси стандартлари талаблари асосида қайта баҳолаш, етакчи консалтинг компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини такомиллаштириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан 2022 йилдан бошлаб комбинатнинг молиявий ҳисоботлари Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тайёрланиб, нашр этилмоқда ва халқаро аудиторлик компаниялари томонидан ижобий хулоса олинмоқда.
Маҳсулот таннархини камайтириш, ўз навбатида, корхона фаолиятининг молиявий натижаларига ижобий таъсир кўрсатади. Комбинатда ҳар йили ишлаб чиқаришнинг энергия сарфини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва маҳсулот таннархини камайтириш бўйича изчил ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда комбинатда маҳсулот таннархини камайтириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида олтин таннархини 3,6 трлн. сўмга камайтириш кутилмоқда. Жумладан, ёқилғи энергетика ресурслари сарфини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 547,2 млрд. сўм, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, харидлар жараёнини оптималлаштириш ҳисобига 1212,8 млрд. сўм, асосий фондлар самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига 752,9 млрд. сўм, техник жиҳатдан модернизациялаш, технологик йўқотишларни камайтириш ҳисобига 742,6 млрд. сўм, технологик жараёнларни рақамлаштириш ҳисобига 215,8 млрд. сўм ҳамда бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига 131,1 млрд. сўм маблағларнинг иқтисод қилиниши таъминланади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳисобидан комбинатда олтин таннархи жаҳоннинг йирик компаниялари сафида энг пастларидан бири ҳисобланади. Жумладан, 2023 йил якунлари бўйича комбинат томонидан ишлаб чиқилган 1 унция олтиннинг таннархи халқаро амалиётда қўлланиладиган «AISC» усули бўйича 866 долларни ташкил қилди. Бу ўз навбатида якуний молиявий натижаларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган 2023 йилда соф фойда суммаси 14,9 трлн. сўмни (1,3 млрд. АҚШ доллари эквиваленти) ташкил этди, бу комбинатнинг барқарор молиявий ҳолатини таъминламоқда. Шу билан бирга, асосий фаолиятнинг самарадорлигини ифодаловчи «EBITDA» бўйича рентабеллик кўрсаткичи 58,1 фоизни ташкил этиб, етакчи жаҳон амалиётлари даражасига мос келди.
Олтин ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлар НКМКни жаҳоннинг олтин ишлаб чиқарувчи кучли ўнликдаги компаниялар сафида етакчи ўринларга олиб чиқди ва уни энг бой ерости бойликларини муваффақиятли ўзлаштираётган юқори даражада ривожланган саноат мажмуаси ва энг янги технологияларга эга бўлган компанияга айлантирди. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг фойдаланишга топширилиши самараси ўлароқ, комбинат олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 2016 йилдаги 7-ўриндан 2022 йилда 4-ўринга кўтарилди.
Комбинат мамлакатимизнинг энг йирик солиқ тўловчилари рўйхатида пешқадамлик қилиб келмоқда. Биргина 2023 йилда давлат бюджетига тўланган солиқлар ва дивидендлар суммаси 38,6 трлн. сўмни ташқил қилиб, бюджет даромадларининг 15,9 фоизини (божхона тўловларисиз) таъминлади.
Бу йилги кўзланган марраларимиз олдинги йиллардагидан ҳам юқори. Йил якунига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 87 трлн. сўмга етказиб, ўсиш суръатини 2023 йилга нисбатан 105,3 фоиз бўлишини таъминлашни режалаштирганмиз.
Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 11 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар умумий қиймати 402,2 млн. АҚШ доллари бўлган иккита инвестиция лойиҳа, жумладан, «Пистали конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш» ҳамда «Амударё-Зарафшон сув қувурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилади. Пировардида тизимда 490 та янги иш ўрни ташкил этилади ҳамда қўшимча қувватлар пайдо бўлади.
Мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кон-металлургия саноатини ривожлантириш учун катта марралар кўзланган. Жумладан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган олтинни – 1,5 баробар, кумушни – 3 баробар, уранни – 3 баробар, мис ишлаб чиқаришни 3,5 баробарга ошириш белгиланган.
Навоий кон-металлургия комбинатида келгуси олти йилда 20 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, «Кокпатас ва Довгизтов олтин конларида маъдан қазиб олишнинг 3-босқичи», «Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Сармиш кони заҳирасини очиш ва қайта ишлаш», «Нуқракон» ва «Космоначи» конларидан кумуш таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш», «7-ГМЗ қайта ишлаш қувватини кенгайтириш», «Олтинни уюмда эритиш цехини реконструкция қилиш», «Янги Довон-Тошкон конида маъданларни қазиб олишни кенгайтириш», «Мурунтов конини ўзлаштиришнинг (V навбати) 2-босқичи» каби инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш натижасида нафақат қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми ошади, қўшимча янги иш ўринлари яратилади.
7-сонли гидрометаллургия заводи замонавий технологиялар асосида техноген (аввал ишланган) чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Техноген чиқиндиларни қайта ишлашнинг муҳим жиҳатларидан бири, бу – маъданни қазиб олиш, технологик майдалаш, саралаш ва ташиш учун харажатларнинг йўқлигидир. Бундай чоралар заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини сезиларли даражада пасайтиришга олиб келди. Хусусан, ҳозирги кунда 1 унция олтиннинг дунё бозоридаги нархи 2 500 доллар атрофида бўлса, 7-сонли гидрометаллургия заводида олтин ишлаб чиқариш таннархи 772 долларни ташкил қилмоқда. Бу танланган технологиянинг нақадар самарали эканлигини исботлаб, комбинат мутахассисларининг оламшумул янгиликлар яратишга қодир эканлигининг ёрқин намунасидир.
Ушбу йирик лойиҳаларни молиялаштириш давлат кафолатисиз хорижий банкларнинг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 2020 йилдан бошлаб инвестиция лойиҳалари хорижий банкларнинг гаровсиз таъминот эвазига берилган кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. 2020-2023 йиллар давомида комбинат томонидан давлат кафолатисиз 2,5 млрд. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий кредитлар жалб қилинди. Хусусан, 2022 йилда НКМК томонидан «JP Morgan & Chase», «Citi», «Societe Generale», «Credit Suisse», «ICBC Standard», «Halyk Bank» каби етакчи халқаро банкларнинг 5 йил муддатга 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли синдикатланган кредити жалб қилинди. Маблағлар умумий корпоратив мақсадларни ва комбинатнинг Инвестиция дастурини молиялаштиришга йўналтирилди.
Инвестиция лойиҳаларининг истиқболли амалга оширилиши ва келгуси даврларда йирик самарадорликка эришиш учун ҳозирнинг ўзидаёқ комбинатимиз томонидан кўплаб лойиҳа, геологик, технологик ва экологик қидирув ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда халқаро ESG (Enviromental, Social, Governance) тамойилларини жорий этиш бўйича таҳлилий маълумот ва ҳисоб-китоблар тайёрланмоқда. Айни пайтда лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ишлари, яъни лойиҳа концепцияси, йириклаштирилган техник-иқтисодий асослар йўналишида изчил ишлар бажарилмоқда. Бу вазифаларни ўз вақтида бажариш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш учун комбинат барча имконият ҳамда ресурсларни ишга солади.
Комбинат келгусида тоғ-кон саноатида дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ишчи-ходимларининг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этиш, хорижий компанияларда маҳаллий кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Бу эса замонавий кон-металлургия саноати мажмуасини бошқариш учун малакали, замонавий кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, йирик солиқ тўловчи корхона ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Бақувват иқтисодий потенциалга эга комбинатимиз ишлаб чиқариш қувватининг сезиларли даражада ошиши, замонавий компаниялар қаторидан муқим жой олиши келгусида халқаро ҳамжамиятдаги обрўйини оширади. Бир сўз билан айтганда, комбинат Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланмоқда.