Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиб бораётгани мамлакатимиз қурилиш саноатининг ривожланиш кўрсаткичлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Қурилиш ва бунёдкорлик ишларини қурилиш материалларисиз амалга ошириб бўлмайди. «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» мамлакатимизда асосий қурилиш материали – цемент ишлаб чиқариш ҳолати ва қўлланиши борасидаги саволлар билан цемент материаллари ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилди. Мамлакатимиз цемент саноатининг энг кекса вакили – «Қувасойцемент» корхонасининг ахборот кўмагида тайёрланган мақолада саволларга тўлиқ жавоб топилди.
Инсоният бир неча асрлар аввал уйни мустаҳкам қуриш ҳақида бош қотира бошлаган. Ўша вақтларда тупроқ биринчи табиий бириктирувчи материал бўлган. Ҳақиқатдан ҳам, тупроқ сув билан аралаштирилиб, қуритилганидан кейин бирмунча мустаҳкам кўринишга келади. Бетоннинг дастлабки қадимий кўриниши Дунай дарёси қирғоғида аниқланган: тош асри аҳолисининг кулбасида (эрамиздан 5000 йил олдин) 25 сантиметргача қалинликдаги бетон пол бўлган. Бундай полнинг таркибида шағал ва маҳаллий қизғиш оҳак бор эди. Лекин эрамиздан аввалги 3–4- минг йилликка келибгина бириктирувчи моддаларни оммавий ишлаб чиқариш тарихи бошланди. Бу тоғ жинсларини куйдириш ва унинг маҳсулотларини майдалаш жараёни эди. Бундай усулда ишлаб чиқарилган дастлабки бириктирувчи моддалар – оҳак ва гипс – Мисрдаги лабиринт галереялари, Римдаги Пантеон, Буюк Хитой девори, Мексикадаги қадимий уйлар пойдеворларини қуришда қўлланилди.
Ҳозирги цементнинг ихтирочиси – 1824 йилда уни тайёрлаш учун патент олган инглиз Джозеф Аспинд ҳисобланади. Аспинд цементни тупроқни оҳак чанги билан аралаштириб, ушбу қоришмага юқори ҳарорат остида ишлов бериш орқали тайёрлашни таклиф этди.
Бунда хом материал – клинкер олинар эди. Кейин уни майдалаб, сув билан аралаштириш керак эди. Клинкер қуритилганида ундан ўта мустаҳкам материал ҳосил бўларди. Ушбу материал портландцемент (Портланд шаҳрида ўзининг мустаҳкамлиги ва ранги бўйича Аспинд томонидан олинган цементга ўхшаш тош қазиб чиқарилган) деб номланарди.
Цемент энг муҳим қурилиш материалларидан бири ҳисобланади. Ундан бетонлар, асбестоцемент, бетон ва темир-бетон маҳсулотлар, қурилиш қоришмалари тайёрлаш учун қўлланилади. Цемент гуруҳига барча турдаги портландцемент, пуццолан портландцемент, шлакопортландцемент, глинозёмсимон цемент, кенгаювчи цементлар ва айрим бошқа цементлар киради. Цементнинг ҳар бир тури қотганда унинг маркаси билан тавсифланадиган турли мустаҳкамликка эга бўлиши мумкин. Цемент маркалари ГОСТ, турли қурилиш нормативлари ва қоидалари билан регламентланган. Одатда, кўпроқ 200, 300, 400, 500 ва 600 маркали цементлар ишлаб чиқарилади.