(O´zbek) Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳар соҳада ривож топмоқда

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати Жевдет ЙИЛМАЗ давлат сиёсий элитасида ва халқ орасида обрўли шахслардан бири. У Туркия ­Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг яқин сафдошларидан ҳисобланади. Ривожлантириш, барқарор тараққиёт соҳаларида халқаро миқёсда танилган тажрибали мутахассис.
     Журналимизнинг нуфузли меҳмони Ўзбекистонда расмий таш­риф билан кўп маротаба бўлган. Табиийки, суҳбатимиз аввалида камтарин ва зиёли бу инсоннинг юртимиз ҳақидаги ёрқин таассуротларини билишга уриндик.
 
     – Жаноб Йилмаз, Ўзбекистоннинг қадрдон дўстларидан бири саналган Сиздай инсон билан суҳ­батлашиб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Сиз юртимизга бир неча бор келган экансиз. Ўлкамизнинг айнан қаерларида бўлдингиз? Сизни Ўзбекистоннинг нимаси кўп­роқ мафтун этди? Халқимиз­нинг турмуш тарзи, урф-одатлари… булар билан ҳам қизиққан бўлсангиз керак?
     – Ўзбекистонга турли даврларда ташрифларим бўлган. Улар давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари билан яқиндан танишдим. Хусусан, Тошкентдан Самарқандга тезюрар поезд билан борганимизда йўл бўйлаб ўзим учун янги бир қанча жозибали ҳудудларни ҳам кашф этдим. Ўзбекистонда мени энг кўп таъсирлантиргани – бу мамлакатингизнинг тарихий-маданий бойлиги. Тошкентда ҳам, Самарқандда ҳам Ўзбекистоннинг шарафли ўтмишидан ҳикоя қиладиган жуда кўп жойларни кўрдим. Бутун Ислом дунёси учун жуда муҳим бўлган Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби уламоларнинг мақ­бараларини зиёрат қилиш қалбимда бошқача ҳиссиётлар уйғотди. Амир Темур, набираси Улуғбек каби давлат бошқаруви ва илмни бирлаштирган буюк тарихий шахслар – улар билан ҳар қанча фахрланса, оз.
     Тарихий ва маданий муҳит билан биргаликда қардош элнинг бағри­кенглиги менга кучли таъсир қилди. Иш юзасидан ташкил этилган расмий учрашувларда ҳам, кўча-кўйда ва бозорларда фақат очиқ чеҳра, истарали кишиларни кўрдим. Шу боис ҳам ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис этгандирмиз. Бу ҳиссиётлар бизнинг Анадолу ва Ўзбекистон ўртасида чуқур ва кучли ришталар мавжудлигини англашимга сабаб бўлди. Тил ва тарихий бирликдан ташқари маи­ший урф-одатлар, ҳатто стереотип­лар ҳам нақадар яқин эканлигига шоҳид бўлдим. Географик жиҳатдан бироз йироқда яшасак ҳам, кўнгилларимиз жуда яқинлигини, аслида ҳар биримиз айни тамаддунга мансуб эканлигимизга ишончим ортди.
     – Ўзбекистон ва Туркияни боғ­лаб турадиган жиҳатлар кўп. Тилимиз ва тарихимизнинг муштараклиги, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ўхшашлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Юртимизда бўлган чоғингизда халқларимиз ўртасида яна қандай ўхшашлик­ларни кузатдингиз?
     – Хаёлимга келган илк ўхшашлик  – бу меҳмоннавозлик, мусофирга бўлган илиқ муносабат. Ўзбекларнинг самимийлиги ва жўмардлиги таҳсинга сазовор. Бундан ташқари ҳар икки халқнинг ҳам ҳаётида маънавиятнинг аҳамияти катта эканлигини кўрдим. Дастурхон устидаги дуолару саломлашувга қадар кундалик ҳаётга сингиб кетган анъаналарда бир эътиқодга шоҳид бўлдим. Яна бир ўхшашлигимиз бу тарихий шахс­ларга, айниқса, илмли инсонларга бўлган юксак ҳурмат-эътибордир. Юқорида айтганимдек, ўхшашликлар шу қадар кўпки, ўзимни Ўзбекистонга ҳеч ҳам бегона, деб билмадим.
     – Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ҳа­қида нима дейсиз?
     – Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ва чуқур ўзгариш­лардан жуда таъсирландим. Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари етакчилигида рўй бераётган янгиланиш жараёнида мамлакатнинг дунёга очилаётгани, миллий иқтисодиётда бозор қонун­лари амал қила бошлагани эътирофли жиҳатдир. Кучли раҳбарлар фа­қатгина бугунни эмас, балки келажакни ўйлаб фаолият юритадилар. Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни XXI асрда янада фаровон ва кучли давлатга айлантиришга бел боғлаганини ҳар соҳада кўриш мумкин.
     Бундай жадал ва очиқ ислоҳотлар мамлакат ичкарисида тадбиркорликни ривожлантириш билан биргаликда чет эллардан хорижий сармояни жалб этишда ҳам катта роль ўйна­моқда. Айниқса, замонавий дунё билан мутаносиб ташкилотларнинг ту­зилиши ва қонунчиликнинг янгиланиши мамлакатда мавжуд бўлган баъзи ноаниқликларни бартараф эт­моқда ҳамда хорижий сармоя учун жозибадор муҳитни шакллантир­моқда. Таълим тизимига, ижтимоий инфратузилмага киритилаётган сармоялар айнан мамлакат келажаги учун хизмат қилади.
     Бугун дунёда қатор мамлакатларда кучли ислоҳотчи раҳбарларга эҳтиёж мавжуд. Ўзбекистоннинг бу борада худди Туркия каби омади келган. Жаноб Мирзиёев ҳам, Жаноб Эрдоған ҳам ўзгаришлардан чўчимайдиган қатъиятли раҳбарлардир. Узоқни кўра биладиган бундай лидерлар белгилаб берган марралар ва уларнинг ғайрат-шижоати давлатларимиз учун сармоявий жозибадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Оддий мисол, қаерга борсак ҳам – Тошкентгами, Самарқанд­гами – азми бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилганини кўрдик, қатор соҳаларда жадал ривожланиш жараёнига дуч келдик.
     – Айтиш керакки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон – Туркия муносабатлари динамик тарзда ри­вожланмоқда ва ўсиш тенденция­си ҳамкорликнинг барча жабҳа­сида кўзга ташланмоқда. Ўзаро алоқа­лар икки давлат парламент­лари ўртасида ҳам жонланди, тўғрими? Хўш, парламентлараро ҳамкорлик­нинг самараси қандай бўлмоқда? Бу кутилган натижани бераяп­тими?
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.