- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/en -

(O´zbek) Геология фанлари университети – илмий салоҳият ва амалий тажриба уйғунлиги

Sorry, this entry is only available in Uzbek [1]. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     Ўзбекистон ҳудуди ер ости бойликларига, турли минерал-хом ашё базасига эга бўлган ҳудуд ҳисоб­ланади. Мавжуд ер ости захираларини ўрганиш, улардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш геология хизматини ривожлантиришни, малакали кадрлар тайёрлашни тақозо қилади.
     Шу мақсадда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қаро­ри қабул қилиниб, шу асосда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида Геология фанлари университети ташкил этилди.
     Ушбу қарорга асосан ташкил этил­ган Геология фанлари университети геология соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, кон-геология соҳаси корхоналари ва иқтисоди­ётнинг бошқа тармоқлари учун ил­мий-тадқиқот ишларини олиб борадиган ихтисослашган олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
     Ҳозирда университетда 16 та ­йўналиш бўйича бакалавриат дас­турлари ва 6 та мутахассислик ­бўйича магистратура дастурлари, 6 та ка­федра мавжуд бўлиб, амалий машғу­лотлар машҳур фойдали қа­зилма конлари ва кон объектларига таш­риф буюриш билан 70 фоизга етади.
Университет ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, даргоҳнинг илмий салоҳияти йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, олий таълим масканида жами 434 нафар илмий ходим ва профессор-ўқитувчилар фаолият юритади, улар орасида 78 нафари профессор, 40 нафари фан доктори (DSc) ва 120 нафар фалсафа доктори (PhD) ҳисобланади. Замонавий кампусда 4 та илмий-тадқиқот институти, геология музейи, малака ошириш институти, кенг лабораториялар мавжуд. Талабалар қулай турар-жойлар – ётоқхона билан таъминланган.
     Геология фанлари университети замонавий таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш амалиётини ўзаро уйғунлаштирган етакчи олий таълим муассасаси сифатида таълим жараёнини халқаро стандартлар асо­сида ташкил этган ва назарий билимлар амалий тажриба билан мустаҳкамлаб борилади. Талабалар йирик кон-геология корхоналарида амалиёт ўташ орқали реал иш шароитида ишлаш кўникмаларига эга бўладилар.
     Ушбу амалиётлар давомида талабалар замонавий геологик қиди­рув усуллари, кон қазиб олиш техно­логиялари ҳамда геоахборот тизимлари билан яқиндан танишадилар. Назарий ва амалий билим ва кўникмаларга эга бўлган битирувчилар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги йирик иш берувчи корхона ва ташкилотларга ҳамда хорижий инвестиция лойиҳаларига ишга жойлаштирилади.
     Университет томонидан назария ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида жаҳон миқёсида етук таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан тегишли тадбирлар ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, 2025 йилда АҚШнинг Колорадо кончилик мактаби билан музокаралар ўтка­зилиб, университет кампусида Кон-гео­логия компетенциялар маркази фао­лияти йўлга қўйилди. Унинг негизида мамлакатимизнинг геология ва кончилик соҳасида фаолият юритаётган йирик корхоналар билан қўшма технологик-инновацион лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
     Умуман халқаро ҳамкорлик университет фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Қа­тор нуфузли хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан қўшма дастурлар йўлга қўйил­ган. Хусусан, Италиянинг Пиза университети билан бакалавр босқичида «4+0» ва «1+3» қўшма дастурлари, М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети билан бакалавр босқичи «2+2» қўшма дастури, шунингдек, Томск давлат университети, Беларусь миллий техника университети ҳамда Ухань шаҳридаги Хитой геофанлар университети билан магистратура босқичи «1+1» қўшма дас­турлари йўлга қўйилган. Айни вақт­да ушбу дастурлар доирасида ГФУнинг 250 дан ошиқ талабалари таҳсил ол­моқдалар. Бунга қўшимча равиш­да, 2025 йилнинг ноябрь ойида Германиянинг Фрайберг кончилик академияси ҳамда Австриянинг Леобен кончилик техника университети билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб магистратура босқичи 3 та дипломли «0,5+0,5+1» қўшма дастурни йўлга қўйиш келишилди.
     Бундан ташқари Университет нуфузини ошириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб хориждан талабаларни жалб этиш бўйича кенг ташви­қот ишлари олиб борилиб, хозирда Хитой, Мўғулистон, Тунис, Россия, Тожикистон, Покистон ва Афғонис­тон каби давлатлардан бакалавр ва магистратура босқич талабалари таҳсил олмоқда.
     Шу билан бир қаторда, академик мобиллик ва маданиятлараро алоқа­ларни кучайтириш учун талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, талабаларнинг геология, кончилик, экология ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича тажриба ўрганиши, қўшма илмий лойиҳалар, шу жумладан, халқаро грант дастурлари доирасидаги лойиҳалар, дала ва лаборатория машғулотлари, илмий конференциялар ва стажировкалар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, 2025 йилда Қирғизистоннинг Ўш технология университети, Мўғулистон давлат университети ҳамда Фрайберг кончилик академияси профессор ва талабалари учун ёзги мактаблар ва семинарлар ташкил этилди.
     Геология фанлари университети ва унинг таркибидаги илмий-тад­қиқот институтлари томонидан 2025 йил мобайнида, 320 дан ортиқ илмий лойиҳалар доирасида жами 200 миллиард сўмдан ортиқ илмий тадқиқот ишлари бажарилди. Хусусан, Университет таркибидаги илмий-тадқиқот институтларида Хитой, Жанубий Корея, Финляндия, Германия ҳамкор­лари билан 5 та халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда. Инновацион ривожланиш агентлиги грант лойи­ҳалари доирасида 17 та илмий-тад­қиқот ишлари йўлга қўйилган.
     Ходимларнинг стажировка ўташи учун ҳам қулай имкониятлар тақдим этиб келинади. Хусусан, 2025 йилда университетнинг 86 нафардан ортиқ ёш кадрлари геология соҳасида илмий инновацион тадқиқот усулларини ўрганиш учун АҚШ, Германия, Беларусь, Франция, Хитой, Россия, Швейцария, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларда малака ошириб келдилар.
     Шунингдек, университет ёш олимларининг хорижий илмий журналларда мақола чоп этиш фаоллигини ошириш мақсадида, Web of Science, Springer Nature электрон ресурслари, Elsevier Scopus ва SciVal тизимидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Scopus халқаро илмий маълумотлар базасида ва ма­ҳаллий ҳамда халқаро илмий журналларда ўнлаб мақолалар чоп этил­моқда.
     Умуман, Геология фанлари университети – замонавий билим, илмий янгилик ва амалий тажрибани ўзида мужассам этган, келажак кон-геология соаҳси мутахассисларини тайёрлашда муҳим ўрин тутадиган таълим маскани ҳисобланади. Бу ерда соҳа йўналиши бўйича замонавий кадрларни тайёрлаш учун барча шароит ва қулайликлар яратилгани ва хал­қаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга молик.
 
Аъзам КАДИРХОДЖАЕВ, Геология фанлари университети ректори