Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«ўнғирот сода заводи» МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида жойлашган йирик кимё саноати корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхона асосан кальцинацияланган сода – натрий карбонат (Na₂CO₃) ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Кальцинацияланган сода кимё саноатида муҳим хомашё бўлиб, у шиша саноати, синтетик ювиш воситалари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё саноати, металлургия, сувни тозалаш ва бошқа соҳаларда кенг қўлланилади.
Завод тарихи ва ривожланишига назар ташлайдиган бўлсак, 1995 йилда «Қўнғирот сода заводи» қурилиши бўйича қарор қабул қилинган. Узоқ тайёргарлик ишларидан сўнг корхона 2005 йил ноябрь ойида илк маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлади. 2006 йилдан эса «B» маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг асосий маҳсулотлари кальцинацияланган сода (Na₂CO₃ – асосий тайёр маҳсулот) ҳамда техник туз – ош тузининг тозаланган кўриниши ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, завод йиллар давомида ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб келмоқда. Дастлаб корхонанинг йиллик қуввати 100 минг тоннани ташкил этган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 200 минг тоннага етказилди. Ҳозирги кунда кенгайтириш лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини 450 минг тоннага, узоқ муддатда эса 1 млн. тоннагача ошириш режалаштирилган. Ушбу кенгайтириш ишлари ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишга қаратилган.
«Қўнғирот сода заводи» Марказий Осиёда кальцинацияланган сода ишлаб чиқарадиган ягона йирик корхоналардан бири сифатида унинг маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки Ўрта Осиё давлатлари, Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.
Бундан ташқари, завод маҳаллий аҳоли фаровонлигига ҳам катта эътибор қаратиб, ижтимоий дастаклар, тиббий ёрдам жиҳозлари билан таъминлаш ва турли хайрия тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Заводнинг ўтган 2025 йилдаги фаолиятига назар ташласак, якунланган йилнинг 11 ойи давомида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари жами 208,87 минг тоннани ташкил этди. Шу жумладан 79,46 минг тонна А маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқарилди.
2025 йил якуни бўйича «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда жами 235 минг тонна кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шу жумладан, А маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш ҳажми 85,3 минг тоннани ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткичлар корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини барқарор ошириб бораётганини кўрсатади.
2025 йил давомида ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 131,34 минг тоннаси ички бозорга, 97,48 минг тоннаси эса ташқи бозорга, яъни экспортга йўналтирилган. Экспорт географиясига эътибор қаратилса, Қозоғистонга – 68,85 минг тонна, Туркманистонга – 15,20 минг тонна, Тожикистонга – 7,38 минг тонна, Қирғизистонга – 4,89 минг тонна, Афғонистонга – 0,788 минг тонна, Россияга – 0,242 минг тонна, Грузияга – 0,128 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу кўрсаткичлар завод маҳсулотларининг халқаро бозорда ҳам рақобатбардош эканини тасдиқлайди.
Корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маънан ва жисмонан эскирган дистилляция усулидаги тузсизлантириш ускунаси фаолияти тўхтатилди. Унинг ўрнига тескари осмос технологияси асосида ишловчи замонавий сув тозалаш ускунаси ўрнатилди. Мавжуд осмос тизими соатига қўшимча 60 м³ тузсизлантирилган сув ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди. Сув тозалаш қуввати соатига 75 м³дан 135 м³ гача оширилди. Эски дистилляция қурилмасини тўхтатиш орқали энергия сарфи сезиларли даражада камайтирилди.
Ўтган 2025 йилда ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш мақсадида АДКФ цехида эскирган абсорбция ускуналари ва дистиллятор ўрнига янги замонавий ускуналар харид қилиниб, ўрнатилди. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлиги ва сифат кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бугун қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Мамлакатимизда ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда ҳам энергия тежамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мавжуд 250 кВт қувватга қўшимча равишда 200 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. АДКФ цехи маъмурий бинолари, аммиак сақлаш омборхонаси ҳамда бутун корхона бўйлаб ёритиш тизими қайта тикланувчи электр манбаларига ўтказилди.
Корхонада қадоқлаш инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам муайян чоралар кўрилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотни сифатли ва қулай қадоқлашни таъминлаш мақсадида 35 кг ва 45 кгли қоплар ишлаб чиқаришга мўлжалланган махсус ускуналар ўрнатилди. Бу чора маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш жараёнини янада самарали қилиш имконини беради.
2025 йилда амалга оширилган ишлаб чиқариш режалари, технологик модернизация ва энергия тежамкорликка қаратилган чора-тадбирлар «Қўнғирот сода заводи» МЧЖнинг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади. Корхонанинг барқарор фаолияти нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бир сўз билан айтганда, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ мамлакат кимё саноатини ривожлантиришда, импорт ўрнини босиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Корхонанинг доимий ривожланиши Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда минтақанинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Добавить комментарий