- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz -

(O´zbek) «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ – Ўзбекистон кимё саноатининг йирик корхонаси

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     «ўнғирот сода заводи» МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида жойлашган йирик кимё саноати корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхона асосан кальцинацияланган сода – натрий карбонат (Na₂CO₃) ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
     Кальцинацияланган сода кимё са­ноатида муҳим хомашё бўлиб, у шиша саноати, синтетик ювиш воси­талари ишлаб чиқариш, қурилиш ма­­териаллари ишлаб чиқариш, кимё саноати, металлургия, сувни тозалаш ва бошқа соҳаларда кенг қўллани­лади.
     Завод тарихи ва ривожланишига назар ташлайдиган бўлсак, 1995 йилда «Қўнғирот сода заводи» қурилиши бўйича қарор қабул қилинган. Узоқ тайёргарлик ишларидан сўнг корхона 2005 йил ноябрь ойида илк маҳ­сулотларини ишлаб чиқара бошлади. 2006 йилдан эса «B» маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг асосий маҳсулотлари кальцинацияланган сода (Na₂CO₃ – асосий тайёр маҳсу­лот) ҳамда техник туз – ош тузининг тозаланган кўриниши ҳисобланади.
     Таъкидлаш лозимки, завод йиллар давомида ишлаб чиқариш қув­ватини босқичма-босқич ошириб келмоқда. Дастлаб корхонанинг йиллик қуввати 100 минг тоннани ташкил этган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 200 минг тоннага етказилди. Ҳозирги кунда кенгайтириш лойиҳа­лари доирасида ишлаб чиқариш ҳаж­мини 450 минг тоннага, узоқ муддатда эса 1 млн. тоннагача ошириш режалаштирилган. Ушбу кенгайтириш ишлари ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишга қаратилган.
     «Қўнғирот сода заводи» Марказий Осиёда кальцинацияланган сода ишлаб чиқарадиган ягона йирик корхоналардан бири сифатида унинг маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки Ўрта Осиё давлатлари, Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.
     Бундан ташқари, завод маҳаллий аҳоли фаровонлигига ҳам катта эътибор қаратиб, ижтимоий дастаклар, тиббий ёрдам жиҳозлари билан таъминлаш ва турли хайрия тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда.
     Заводнинг ўтган 2025 йилдаги фаолиятига назар ташласак, якунланган йилнинг 11 ойи давомида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари жами 208,87 минг тоннани ташкил этди. Шу жумладан 79,46 минг тонна А маркали кальцинацияланган сода ишлаб чи­қарилди.
     2025 йил якуни бўйича «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда жами 235 минг тонна кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шу жумладан, А маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш ҳаж­ми 85,3 минг тоннани ташкил эт­моқда. Ушбу кўрсаткичлар корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини бар­қарор ошириб бораётганини кўр­сатади.
     2025 йил давомида ишлаб чиқа­рилган маҳсулотнинг 131,34 минг тоннаси ички бозорга, 97,48 минг тоннаси эса ташқи бозорга, яъни экспортга йўналтирилган. Экспорт географиясига эътибор қаратилса, Қозо­ғистонга – 68,85 минг тонна, Туркманистонга – 15,20 минг тонна, Тожикистонга – 7,38 минг тонна, Қир­ғизистонга – 4,89 минг тонна, Афғо­нистонга – 0,788 минг тонна, Россия­га – 0,242 минг тонна, Грузияга – 0,128 минг тонна маҳсулот экспорт қи­линган.
     Таъкидлаш лозимки, ушбу кўрсаткичлар завод маҳсулотларининг халқаро бозорда ҳам рақобатбардош эканини тасдиқлайди.
     Корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш, маҳсу­лот таннархини пасайтириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бў­йича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маънан ва жисмо­нан эскирган дистилляция усулидаги тузсизлантириш ускунаси фаолияти тўхтатилди. Унинг ўрнига тес­кари осмос технологияси асосида ишловчи замонавий сув тозалаш ускунаси ўрнатилди. Мавжуд осмос тизими соатига қўшимча 60 м³ тузсизлантирилган сув ишлаб чиқариш имкония­тига эга бўлди. Сув тозалаш қуввати соатига 75 м³дан 135 м³ гача оширилди. Эски дистилляция қурилма­сини тўхтатиш орқали энергия сарфи сезиларли даражада камайтирилди.
     Ўтган 2025 йилда ишлаб чиқа­ришни янада такомиллаштириш мақсадида АДКФ цехида эскирган абсорбция ускуналари ва дистиллятор ўрнига янги замонавий ускуналар харид қилиниб, ўрнатилди. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлиги ва сифат кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
     Бугун қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқ­да. Мамлакатимизда ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда ҳам энергия тежамкорлик ва экологик барқарор­ликни таъминлаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қа­ратилмоқда. Жумладан, мавжуд 250 кВт қувватга қўшимча равишда 200 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. АДКФ цехи маъмурий бинолари, аммиак сақлаш омборхонаси ҳамда бутун корхона бўйлаб ёритиш тизими қайта тик­ланувчи электр манбаларига ўтка­зилди.
     Корхонада қадоқлаш инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам муайян чоралар кўрилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотни сифатли ва қулай қадоқлашни таъминлаш мақсадида 35 кг ва 45 кгли қоп­лар ишлаб чиқаришга мўлжалланган махсус ускуналар ўрнатилди. Бу чора маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш жараёнини янада самарали қилиш имконини беради.
     2025 йилда амалга оширилган ишлаб чиқариш режалари, технологик модернизация ва энергия тежамкорликка қаратилган чора-тадбирлар «Қўнғирот сода заводи» МЧЖнинг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади. Корхонанинг барқарор фаолияти нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бир сўз билан айтганда, «Қўнғи­рот сода заводи» МЧЖ мамлакат кимё саноатини ривожлантиришда, импорт ўрнини босиш ва экспорт са­лоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Корхонанинг доимий ривожланиши Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда минтақанинг саноат салоҳия­тини мустаҳкамлашга, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда.