(O´zbek) Статистика фаолиятида янги технологиялар ва маълумотлар манбалари

2/2024

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
    Жорий йилнинг 2–4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган МДҲнинг II хал­қаро статистика форуми айнан шу мавзуга бағишланган.
    Маълумот учун: I халқаро статистика форуми 2023 йилда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган.
    Мустақил Давлатлар Ҳамдустлиги ташаббуси билан ўтказилаётган статистика соҳасидаги ушбу нуфузли хал­­қаро тадбирнинг иккинчисининг Ўз­­бекистонда ўтказилиши ўзига хос аҳамият касб этади. Бу ҳам бўлса, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотла­ри доирасида юртимизда барча соҳа ва тармоқлар, шу жумладан, статис­тика соҳасида оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самара­сидир.
    Умумий ҳисобда Форумда 22 та халқаро ташкилот, хорижий институтлар ва бошқа давлатларнинг миллий статистика идоралари ҳамда миллий идоралардан жами 150 нафардан зиёд вакиллар иштирок этдилар. Булар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комис­сиясининг Статистика бўлими, Муста­қил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия Қўмитаси, Мустақил Давлатлар Ҳам­дўстлиги Давлатлараро статистика қў­митаси, Мустақил Давлатлар Ҳам­дўстлигига аъзо мамлакатларнинг миллий статистика идоралари раҳ­барлари ва вакиллари, Россия Федерациясининг Олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари вакиллари.
    Шунингдек, Форумда Италия, Хитой, Сербия ва Монголия каби бошқа мамлакатларнинг миллий статистика идоралари вакилларининг иштирок этиши Формунинг халқаро миқёсда географик қамровининг кенгайишига хизмат қилди.
    Форум кун тартибига кўра қуйи­даги 5 та долзарб мавзу бўйича сессияларда жами 52 та тақдимотлар ўтказилди, Ўзбекистон тарафидан ушбу мавзулар бўйича 9 та тақдимот амалга оширилди:
    I. Маълумотларни бошқариш.
    Миллий даражада ахборот ресурсларини интеграциялаш – турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириш, улардан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ва шу билан бирга респондентларга ҳисобот юкини камайтириш имконини беради. Бунда қуйидаги муаммолар юзага келади: мавжуд ахборот манбаларини инвентаризация қилиш ва уларнинг сифатини баҳолаш; қўлланиладиган тушунчалар, таснифлар, форматлар ва технологияларни уйғунлаштириш, маълумотларнинг махфийлигини ҳи­моя қилиш.
Форум кун тартиби доирасида ушбу муҳим масала юзасидан Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикис­тон ва Ўзбекистон тажрибаси бўйича тақдимотлар қилинди. Турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириш, улардан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ва шу билан бирга респондентларга ҳисобот юкини камайтириш юзасидан илғор тажрибалар ўртоқлашилди. Шунингдек, мавжуд ахборот манбаларини инвентаризация қилиш ва уларнинг си­фатини баҳолаш, қўлланиладиган тушунчалар, таснифлар, форматлар ва технологияларни уйғунлаштириш, маълумотларнинг махфийлигини ҳи­моя қилиш ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар алмашинилди.
    II. Cтатистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва тарқа­тиш бўйича янги технологиялар.
    Унда статистика соҳасида касбий тайёргарлик, жумладан, жамиятни рақамлаштириш ва инновацион технологиялар билан боғлиқ устувор йўналишлар, хусусан статистик маъ­лумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг қуйи­даги замонавий тенденциялари кў­риб чиқилди: геоахборот тизимларини жорий этиш, Бизинес Интеллиженсе (BI) ва маълумотларни тезкор таҳлил қилиш технологияларидан фойдаланиш, сифат модделари (GSBPM, GSIM, GAMSO, NQAF), метамаълумотлар алмашишнинг халқаро стандартлари (SDMX), смарт-маълумотлар тамойилларига мос келадиган очиқ боғланган маълумотлардан статистика амалиётида фойдаланиш.
    Беларусь, Сербия ва Ўзбекистон Республикалари мутахассислари ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Статистика департаменти, МДҲ Статистика қўмитасининг Ахборот статистика ресурслари ва технологиялари бошқармаси, Халқаро валюта фонди маълумотларни бош­қариш бўлими вакиллари ва бошқа халқаро экспертлар ўз тажрибалари бўйича тақдимотлар қилишди.
    Шунингдек, МДҲ минтақасида профессионал статистика ҳамжамия­тини мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ўтказиш тажрибаси ва истиқ­боллари кўриб чиқилди, «МДҲ статистикасини ривожлантириш» лойи­ҳаси доирасида амалга ошириладиган МДҲ статистика қўмитасининг статистикада касбий компетенцияларни ривожлантириш бўйича янги йўналишлар тақдим этилди.
III. Маъмурий ва катта ҳажмли маълумотлар.
    Катта ва маъмурий маълумотлар – энг аввало, расмий статистикани шакллантириш учун фойдаланиш соҳасидаги миллий амалиёт намуналари кўриб чиқилди. Улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини яратиш, йиғиш ва айирбошлаш технологияларини самарали қўллаш – эътиборга молик муҳим масалалалардан бир ҳисоб­ланади. Аҳолини рўйхатга олишнинг – 2030 раундига тайёргарлик кўриш ва уни регистрлар ва бошқа маълумотлар манбалари асосида ўт­казиш, шунингдек, рўйхатга олиш­дан олдинги мониторингни такомиллаш­тириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон, Қозоғис­тон, Монголия, Россия, Озарбайжон ва Қирғизистон вакиллари тақдимот қилишди.
    IV. Cтатистика саводхонлиги.
    Бугунги кун чақириқлари, хусусан глобаллашув жараёнларининг жадаллашиши статистика амалиётига янгича ёндашувларни жорий этишни талаб этади, услубиётлар такомиллашади, бу эса статистика саводхонлигини оширишни тақозо этади. Ушбу бўлимда, мутахассислар статистик таълим ва статистика саводхонлигини ошириш борасида ўз­ларининг фикрлари, қарашлари ва илғор тажрибалари билан ўртоқлаш­дилар. Халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлари ўзларининг статистика дастурлари доирасида ташкил этилган турли халқаро семинар ва треннинглари натижадорлиги ҳамда келгуси йиллар учун иш режалари билан ўртоқлашдилар.
    V. Cунъий интеллект ва расмий статистика.
    Сунъий интеллект ва расмий статистика – сунъий интеллект (СИ) бугунги кунда харажатларни сезиларли даражада камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мумкин бўлган кўплаб истиқболли йўналишларни таклиф қилади. СИ нинг статистикада қўлланилиши ҳам истисно эмас. СИ ёрдамида маълум жараёнларни автоматлаштириш, янги турдаги маълумотлардан фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш мумкин. Форумнинг ушбу бўлимида экспертлар ва олимлар СИ нинг статистикада қўл­ланилиши бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.
    Форум доирасида, шу жумладан, Форум якуни бўйича хорижлик иш­тирокчилар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу билан бирга миллий статистика тизими фаолиятини ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш борасида сўнгги йилларда эришилган ижобий ютуқлар юксак эътироф этилди ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг миллий статистика тизими халқаро миқёсда жадал ривожланиб бораётган етакчи тизимлар қаторидан ўрин олаётганлиги ало­ҳида қайд этилди.
    Форум тафсилотлари миллий ва хорижий ОАВларда, телеканал, радио, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди. Жумладан, «Oʻzbekiston 24» телеканалида 6 маротаба, «Toshkent» телеканалида 6 маротаба, «MY5» телеканалида 2 маротаба, «Yoshlar» ва «Mahalla» телеканалларида ҳамда «Mahallа радиосида эфирга узатилди. «Спутник», «ТАСС», «Кабар КГ», «NewsMailRu», «БелстатГов», «e-cis.info», «cis.minsk», «ritmeuratsia.ru» каби хорижий интернет нашр ва сайт­ларида, «UzA», «yuz.uz», «ogoh.uz», «aniq.uz», «uzdaily», «Rakurs24» ва бошқа кўплаб миллий интернет-нашрларда форумга доир хабарлар эълон қилинди. Спутник нашри матбуот марказида форум қатнашчилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди. Бундан таш­қари форум жараёнлари агентликнинг YouTube va Facebook платформасидаги расмий саҳифаларида тўғ­ридан-тўғри (жонли) эфирга уза­тилди.
Форум доирасида, Ўзбекистон Республикаси Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолгани, БМТ Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан эълон қилинган БРМ (SDG index) рейтингида 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллагани, Open Data Watch ташкилотининг сўнгги ҳисобо­тида «Очиқ Гендер маълумотлари индексида» 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олгани, БМТ Статистика бўлимининг расмий веб-саҳифа­сида Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 87 та энг илғор тажрибаларга эга давлатлар қаторига киритилгани ва бошқа ижобий натижалар эътироф этилди.
    Алоҳида эътиборга молик масала форум пайтида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги тизими фаолияти ва статистика маълумотлари сифат мезонларига мос келиши юзасидан миллий ва халқаро ISO-9001 сертификатини қўлга киритганлиги эълон қилинди ва тантанали равишда топширилди.
    Шунингдек, 3 октябрь куни МДҲ­га аъзо давлатлар статистика идоралари раҳбарлари кенгашининг 70-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
    Бундан ташқари Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги билан Тожикис­тон Республикаси Президенти ҳузу­ридаги Статистика агентлиги ўртасида статистика соҳасида ўзаро ҳам­корлик ва англашув меморандуми имзоланди.
    Шак-шубҳасиз, мазкур МДҲнинг II халқаро статистика форуми статис­тик маълумотлар ишлаб чиқарувчи­лари ва фойдаланувчилари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, статистика маълумотларига бўлган эҳти­ёжларни қондириш йўлида фаолият самарадорлигини ошириш, ноухау ва рақамли технологияларни амалиётга кенг жорий этиш каби долзарб масалаларда ўзига хос музокаралар ва илғор тажрибалар алмашинуви учун платформа бўлиб хизмат қилди.
 
 
Одилжон МАМАДАЛИЕВ Статистика агентлиги Халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашув бошқармаси бошлиғи, и.ф.ф.д. (PhD)

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.