Жаҳонда юз бераётган технологик ўзгаришлар, глобализация жараёни, ижтимоий оммавий воситалари ролининг ортиши, демографик ўзгаришлар ва аҳоли харид қобилиятларининг кўтарилиши мебель ишлаб чиқарувчилар ва чакана сотувчилар учун катта имкониятлар очиб бермоқда. Маълумки, алоҳида мамлакатлар ва минтақалар иқтисодиётларининг шаклланиши ва ривожланишига узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорининг барқарор ўсиши жиддий таъсир кўрсатади. Узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар ишлаб чиқариш жаҳондаги интеграцион жараёнлар омилларидан бири ҳисобланади, узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорлари эса иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бирига айланади. Жаҳон иқтисодиётидаги глобал мойилликларнинг кўпчилиги айнан узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорларига киради. Айнан шундай бозорлардан бири бу мебель бозоридир.
Глобализация таъсирида бозорлардаги рақобат муҳити ўзгариб туриши бир томондан, мебель ишлаб чиқарувчилар ўз маҳоратлари ва қобилиятларини оширишни тақозо этса, иккинчидан, истеъмолчиларнинг янги маҳсулот ва ассортиментга бўлган талабининг кучайиши мебель саноатида янги инновациялар жорий этишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитасининг маълумотларига кўра 2014 йилда республикамизда 2336 та мустақил балансга эга корхоналар бўлган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 2385 донани ташкил этди. Уларни учта гуруҳга ажратишимиз мумкин: кичик корхоналар (ишчилар сони 50 кишидан кам), ўрта (51–200 киши) ва катта корхоналар (ишчилар сони 200 кишидан юқори). Кичик ва хусусий тадбиркорлик корхоналари кўпчиликни ташкил этади ва уларнинг жами ишлаб чиқаришдаги улуши 60 фоизга тенг. Аксарият кичик корхоналар маҳаллий технология ва кам капитал билан иш юритади. Йирик корхоналар (Файз холдинг компанияси, Тошкент мебель, Кенг макон ва бошқа.) бозордаги асосий ва етакчи мебель таклиф этувчилар ҳисобланади. Йирик корхоналар замонавий технология ва йирик капитал асосида иш юритади. Уларнинг айримлари ўз мебель марка ва брендларига эга.
Мебель саноатининг ривожланиш одимлари юқори бўлишига қарамасдан унинг экспорт потенциалидан тўлалигича фойдаланилмаяпти. Ўзбекистоннинг ташқи (экспорт) мебель бозори унча ривожланмаган. Таҳлиллар 2015 йилда мебель экспортининг улуши паст эканлигини кўрсатди, аммо у ўсиш тенденциясига эга. Ташқи бозорга Ўзбекистон ёғочдан ва металлдан ишланган мебелларни сотади. Экспорт мебелидаги асосий харидорлар жумласига Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Миср, Туркия ва Россия Федерацияларини киритиш мумкин. Ўзбекистон мебель саноати қўшни мамлакатлар мебель саноатидан устунликкга эга. Бунга бетакрор маданият ва турмуш тарзига маҳсулотларнинг мослиги, саноатда қўлланилаётган материалларнинг ўринбосарлик хусусиятлари, ҳукуматнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашидир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ички ва халқаро талабни қондириш учун хизмат қиладилар. Ижтимоий муҳитнинг ўзгариши, бозор иқтисодиётида яшаш турмуш тарзининг кўп аъзолик оиладан кичик оилаларга ўтиш мебель саноатининг ривожланиши, уй жой жиҳозларига бўлган талабнинг ошишини тақозо этмоқда. Жаҳон молиявий иқтисодий инқирози мебель бозори динамикасига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Хомашё материаллари, электроэнергия ва ёқилғининг қимматлашуви ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига сабаб бўлмоқда ва бу шароитда локализация дастурини жадал суръатларда амалга ошириш зарур.
Халқаро мебель ишлаб чиқарувчилар (Италия, Туркия, Миср, Бельгия, Франция, Руминия ва б.) томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонга импорт қилинган мебеллар даромади юқори бўлган истеъмолчиларга мўлжалланган бўлиб, улар Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Навоий сингари шаҳар марказларидаги дўконларда сотилади. Хитойдан импорт қилинган мебеллар аҳолининг даромади паст қатламига мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикасининг мебель маҳсулотлари экспорти ҳам барқарор ўсиш тенденциясига эга. Мебель экспорт ҳажми 2010 йилда 1818 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2013 йилда эса 4205 минг АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2014 йилда мебель саноатида 2010 йилга нисбатан 2 баробардан зиёд ўсганлигини кўрсатади, аммо 2015 йилда бу кўрсаткич бир неча фоизга камайди (1-расм).
Мамлакатимизда мебель ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсиши мебель импортининг 2015 йилда 2011 йилга нисбатан 30 % га камайишига сабаб бўлди (2-расм).
Ҳар қандай тармоқнинг барқарор ривожланиши фақат маълум харид талабига эга бўлган товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Бу эса тармоқ истеъмолчиларининг хатти-ҳаракатини, уларнинг харидни амалга ошириш қарорини қабул жараёнига таъсир этувчи омилларни батафсил ўрганишини тақозо этади.
Мебель бозорини асосий икки гуруҳга, яъни маиший ва ташкилотлар учун мебелларга ажратиш мумкин. Ташкилотлар учун мебеллар бозори ичида ҳам ўзларининг ўзига хос хусусиятларига эга бўлган бир нечта махсус соҳаларни ажратиб кўрсатиш мумкин: офис мебели, ўқув муассасалари, шифохоналар, ресторанлар, дўконлар, омборхона бинолари кабилар учун махсус мебеллар.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган мебель маҳсулотларини турларига кўра ишлаб чиқариш таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, жами ишлаб чиқаришнинг 58 фоизи маиший мебелга, 39 фоизи ташкилотлар учун мебелларга ва 3 фоизи бошқа мебелларга тўғри келади. Ёғочдан ясалган мебелларнинг улуши 2015 йилда 61,3% ни ташкил этди.
Янги ахборот технологиялари мебель ишлаб чиқариш ва маркетингни тубдан ўзгартириш потенциалига эга. Бу технологиялар бозорларнинг глобаллашувини тезлаштиради, жумладан, улар жаҳон бозорларидаги ишлаб чиқарувчилар бозор ҳукмронлигини истеъмолчиларга ўтказиши мумкин.
Илгариги даврда Ўзбекистон мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар халқаро бозорлардан холи бўлганлиги туфайли улар маҳаллий бозорларда ҳукмронлик позициясида бўлиб, етарлича ва юқори сифатли хомашё материаллари, истеъмолчилар кўплиги ва мебелларни ташишда транспорт тўсиқлари борлигидан наф кўрганлар.
Ҳозирги пайтда маҳаллий мебель бозорлари умуман олганда халқаро рақобатли (халқаро бозорда рақобатбардош) бўлиб, уй-жиҳозлари импорти уларнинг экспортига нисбатан тез ўсиб бормоқда. Мебель жиҳозларини экспорт қилишда фаоллик кўрсатган вилоят ва ҳудудлар жумласига, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри киради. Чет эллик мебель маҳсулотлари ҳаридорларига асосан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон киради. Аммо Республикамизнинг мебелларини экспорт қилиш салоҳияти энди шаклланмоқда. Шу туфайли, ҳозирги пайтда республикамиз маҳаллий бозорида чет элда ишлаб чиқарилган мебель маҳсулотлари ҳукмронлик қилмоқда. 2015 йилда республикамизга 162,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мебель маҳсулотлари импорт қилинди. Маълумотларга кўра республикамизга асосий мебелларни экспорт қилаётган мамлакатлар қаторига Туркия, Хитой, Россия Федерацияси, Германия, Польша, Латвия, Чехия фирмалари киради.
Мебеллар импорти ошиши ташқи савдонинг эркинлашуви, логистика ва ахборот коммуникацияси технологиядаги ютуқлар ҳисобига амалга ошди. Аммо глобализиция ва халқаро рақобат туфайли мебель ишлаб чиқарувчи фирмалар доимо инновацияларни кенг жорий қилмоғи, хомашё етказиб берувчилар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, мебель дистрибютерлари ва сотувчилари янги маркетинг янгиликларини қўллаши лозим. Юқори рақобатли бозорларда, жумладан, мебель маҳсулотлари бозорида, ишлаб чиқарувчиларнинг «яшовчан»лиги учун ўзгаришлар, яъни янгиликлар қилиш ўта муҳимдир.
Давр талабига жавоб бериш, тўхтовсиз инновацияларни яратиш ва қўллаш, янги технологияларга, трендларга, шароитга мослашиш фирмаларнинг узоқ муддат «яшовчан»лиги гаровидир.
Мебель маҳсулотлари экспорти ва импортининг Ўзбекистонда кейинги йилларда ортишига бир неча ижобий омиллар сабаб бўлмоқда:
● биринчидан, ахборот технологиялари истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар, мебель ишлаб чиқарувчилар ва уларга хомашё етказувчилар алоқаларини кучайтирди, глобал ахборот алмашуви харидорлар танловидаги фарқларни ҳам пасайтирди;
● мебелларни контейнерларда ташиш халқаро транспорт харажатларини пасайтирди, уларнинг ташишдаги шикастланишига барҳам берилди. Истеъмолчиларнинг мебеллар қисмини осонгина йиғиш мумкин бўлган хилларига харидорларнинг талабини оширди;
● бугун мебель ишлаб чиқариш ва маркетингдаги янги технологиялар халқаро кўргазма ва ярмаркалар туфайли кенг қўлланишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда кейинги йилларда уч марта мебель маҳсулотларининг халқаро ярмаркаси ўтказилди;
● халқаро савдодаги мамлакатлар орасидаги тўсиқлар олиб ташланди ёки юмшатилди.
Юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида мебель бозорининг тез ўсиши ва кенгайиши даврига мос келди. Мустақиллик йилларида аҳоли сонининг ортиши, турмуш шароитининг яхшиланиши, даромадининг ортиши мебель маҳсулотларига бўлган талабни оширди. Бу эса мебель бозорининг ривожланишига сабаб бўлди.
Республикамизда тадбиркорлар ва инвесторлар учун яратилган қулай муҳит худудлар кесимида ҳам мебель ишлаб чиқаришнинг жойлашуви ва структурасига ижобий таъсирини ўтказмоқда. Бу соҳадаги тадбиркорлик айниқса, Андижон, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида ҳам кенг тараққий этмоқда. Мебель саноатини янада тезкор ривожлантириш учун маҳсулот сифатини янада ошириш, таннархини пасайтириш, товар ва хизматларни диверсификациялаш, инновацияларни кенг жорий этиш, аҳолининг талабини маркетинг тадқиқотлари асосида ўрганиш соҳанинг биринчи галдаги вазифалари қаторига киради.
иқтисод фанлари номзоди