- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/en -

(O´zbek) Технологиядан – масъулият сари

Sorry, this entry is only available in Uzbek [1]. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     2022 йилда ташкил этилган Ўзбекистон ФинТех Ассоциацияси мамлакатда рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш учун институционал асосларни изчил равишда шакллантириб келмоқда. Финтех бозорининг жадал ўсиши шароитида Ассоциация эътиборни технологик пойгага эмас, балки фойдаланувчилар манфаатлари ва молиявий инструментларга бўлган ишонч марказида турган барқарор, шаффоф ва масъулиятли экотизимни шакллантиришга қаратмоқда. Ассоциация директори Наргис ДЎСТМАТОВА журналимизга берган интервьюсида соҳанинг асосий ривожланиш векторлари – ўз-ўзини тартибга солиш, масъулият ва BNPL тизимининг тизимли ривожланиши ҳақида гапириб берди.
 
     – Ҳурматли Наргис Умеджоновна, Ўзбекистон ФинТех Ассоциа­циясининг молиявий хизматлар ва ин­новацион технологиялардан фой­даланган ҳолда хизматлар кўр­­сатиш бозорида фаолият юритаётганига уч йил бўлганига қа­рамай унинг ушбу даврдаги фаолият натижалари жуда таъсирли. Ассоциациянинг мамлакатимиз фин­тех-экотизимидаги ўрни қандай?
     – Ўзбекистон ФинТех Ассоциа­цияси финтех-компаниялар, банклар, регулятор органлар ва эксперт ҳам­жамияти ўртасида мулоқот платформаси сифатида фаолият юритади. Ассоциация фаолиятининг асосий мақсади – ўз-ўзини тартибга солиш механизмларини ривожлантириш, соҳавий стандартларни ишлаб чиқиш ва тизимли хавфларни камайтириш­дан иборат. Бундай ёндашув бозорнинг янада барқарор ва прогноз қилинадиган тарзда ривожланишини таъминлайди, давлат органларига эса тартибга солиш сиёсатида профессионал ҳамжамиятнинг эксперт позициясига таяниш имконини беради.
     – Ассоциация ўз фаолиятини қайси асосий йўналишлар бўйича ривожлантирмоқда, хусусан BNPL сегментида?
     – Ассоциация фаолияти бир неч­та стратегик йўналишлар бўйича шакл­лантирилган:
     ● соҳавий стандартлар ва хулқ-атвор кодексларини ишлаб чиқиш;
     ● норматив-ҳуқуқий ташаббус­лар ва регулятор ўзгаришларини му­ҳокама қилишда иштирок этиш;
     ● бозор иштирокчиларининг профессионал компетенцияларини ривожлантириш;
     ● молиявий инклюзияни ва ра­қамли тўлов ечимларини илгари суриш;
     ● истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий маҳсу­лотларга нисбатан этик ёндашувни шакллантириш.
     Аҳолининг молиявий хулқ-атво­рига бевосита таъсир кўрсатадиган сегментларга алоҳида эътибор қа­ратилмоқда. Шундай сегментлардан бири – BNPL (Buy Now, Pay Later) бозоридир.
     – BNPL хизмати уни банк маҳ­сулотлари орасида энг оммабоп йўналишлардан бирига айлантирган устунликка эга. Аммо нега BNPL юқори масъулият талаб қи­ладиган соҳа ҳисобланади?
     – BNPL моделлари классик кредитлашга муқобил сифатида фаол ривожланиб, товарлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бироқ шаффоф қоидалар мавжуд бўлмаган шароитда бундай маҳсулотлар аҳоли қарз­дорлигининг ортиши ва фойдаланувчилар молиявий барқарорли­гининг пасайиши хавфини келтириб чиқа­ради. Ушбу сегментнинг сезгирлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекис­тон ФинТех Ассоциацияси BNPL’ни алоҳи­да иш йўналиши сифатида белгилади. Асосий эътибор бозор иштирокчиларининг ўз-ўзини тартибга солиши ва профессионал масъулия­тига қаратилди, хусусан этик кодекс ишлаб чиқилди.
     – У ҳолда BNPL Этик кодекси нима ва унинг моҳияти нимада, деган табиий савол туғилади.
     – Ушбу йўналишда Ассоциациянинг асосий инструменти BNPL’нинг Этик кодекси ҳисобланади. Мазкур ҳуж­жат бўлиб тўлаш ва кечиктирил­ган тўлов хизматларини кўрсатувчи компаниялар учун ҳалол ва масъулиятли хулқ-атворнинг ягона тамо­йилларини белгилаб беради. Кодекс ахборотни ошкор этиш, мижозлар билан ўзаро муносабатлар, тўлов қо­билия­тини баҳолаш, муддати ўтган қарз­дорликни бошқариш, шунингдек, ички комплаенс жараёнларини тартибга солади. Унинг асосий мақ­сади – фойдаланувчилар учун тушунарли ва адолатли шартларни таъминлаш, бозор иштирокчилари учун эса репутацион ва регулятор хавф­ларни камайтиришдан иборат. Му­ҳим жи­ҳати шундаки, ушбу Кодекс амалий характерга эга бўлиб, формал талабларни бажаришга эмас, балки BNPL маҳсулотларига бўлган узоқ муддатли ишончни шакллантиришга қара­тилган. Ҳозирги кунда бозорнинг 80 фоизини шакллантирадиган энг йирик BNPL-провайдерлар ушбу Кодексни қабул қилиб, имзолаган, қол­ган бозор иштирокчилари эса унинг тамойилларини 2026 йилдан бошлаб жорий этадилар.
     – Бугун финтех бозорининг молиявий регулятор билан ўзаро ҳам­корлиги қандай йўлга қўйилган ва уни тартибга солишда қандай трансформациялар кутилмоқда?
     – Ўзбекистон молиявий сектори ҳозирда фаол трансформация босқи­чини бошдан кечирмоқда ва бу жараёнда норматив-ҳуқуқий база ҳал қилувчи ўрин тутади. Айнан тартибга солиш сифатининг юқорилиги янги маҳсулотларни бозорга чиқариш тезлигини, фойдаланувчилар ишонч даражаси ва компанияларнинг масштаблашиш имкониятларини белгилаб беради. Бугунги кунда регулятор, со­ҳавий ассоциациялар ва бизнес ўр­тасидаги ўзаро муносабатлар очиқ, конструктив ва тизимли тус олмоқ­да – бу ўтган йиллар билан солиш­тирганда сезиларли эволюциядир.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [2]