- Журнал "Экономический Вестник Узбекистана" - https://evu.uz/en -

(O´zbek) Энергетика ҳамкорлиги: ривожланишнинг янги йўли

Sorry, this entry is only available in Uzbek [1]. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     – Озарбайжон ва бошқа туркий мамлакатлар ўртасидаги энергетика ҳамкорлигининг жорий ҳола­тини қандай баҳолайсиз?
     – Туркий давлатлар ўртасидаги муносабатлар ўз тарихида энг муҳим даврни бошидан кечирмоқда, ҳозирги алоқаларнинг изчил ривожланиши эса мамлакатларимиз раҳбарларининг ягона иродаси ва собитқадам сиёсати натижасидир. Озарбайжон Президенти жаноб Илҳом Алиевнинг «Бизнинг оила – туркий дунёдир» деган сўзлари эса бундай бирдамликнинг аҳамияти ва қудратини акс эттиради. Энергетика туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг муҳим соҳаларидан биридир. Кейинги йилларда энергетика ресурсларини яратиш ва узатиш соҳасида вужудга келган жадал шерикчилик алоқалари Марказий Осиёдан Европага қадар самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга имкон бериб, ҳам минтақавий, ҳам дунёвий энергетика бозорида стратегик позицияга эришиш учун шароитлар яратади.
     Боку – Тбилиси – Жайҳон (БТЖ), Боку – Тбилиси – Эрзурум, Трансанатолий газ қувури ва жанубий газ йўлаги лойиҳалари Озарбайжон ва Туркия энергетика ҳам­корлиги ютуқлари бўлиб, нафақат Туркия, балки бошқа кўпгина мамлакатларнинг энергетика хавфсизлигини таъминламоқда. БТЖ нефть қувури кўп йиллар давомида Туркманистон, сўнгги икки йилда эса Қозо­ғистон нефтини жаҳон бозорларига узатиш учун ишлатилмоқда. 2022 йилда SOCAR ва «ҚазМунайГаз» ўртасида ҳар йили 1,5 млн. тонна нефть узатиш бўйича тузилган битим асосида 2023 йил мартидан 2024 йил охирига қадар БТЖ нефть қувури орқали жаҳон бозорларига 2,5 млн. тонна Қозоғистон нефти етказиб берилди. Ўтган йил мартида имзоланган мазкур ҳажмларни босқичма-босқич ошириш тўғри­сидаги битимга кўра транзит ҳажмларини йилига 2,2 млн. тоннагача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, ўтган йили «Кашаган» конидан олинадиган нефть хомашёсининг БТЖ қувури орқали транзити бошланди.
     Туркий дунё дарвозаси» деб ном олган Нахчиван шаҳрига газ етказиб берадиган «Игдир-Нахчиван» газ қувурининг яқинда ишга туширилиши эса туркий давлатлар ўртасидаги энергетика ҳамкорлигининг яна бир муваффақиятли мисолидир. Туркия, Туркманистон, Қозо­ғистон ва Ўзбекистон билан нефть-газ конларидаги ўзаро фаолият эса бошқа бир долзарб устуворлик ҳи­собланади.
     Ўзбекистон билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик эса ҳозирги вақтда кўпгина йўналишларда ривожлан­моқда. 2022 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон энергетика вазирликлари ўртасида имзоланган Ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум ҳамда 2023-2025 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» бу соҳада муҳим натижа­ларга олиб келди. Ушбу ҳужжатларни амалга ошириш доирасида нефть, нефть маҳсулотлари, нефть-газ ва нефть-кимё маҳсулотлари савдоси ва логистикаси билан шуғулланувчи SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ қўшма корхонаси очилиб, «яшил» энергия соҳасида стратегик му­ҳим лойиҳани амалга ошириш борасида аниқ қадамлар қўйилди.
     Буларнинг бари туркий давлатлар билан энергетика ҳамкорлиги нафақат ривожланиб бораётгани, балки янги минтақавий лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни рағбатлантираётгани ҳақида далолат беради.
     – 2024 йилда имзоланган энг аҳамиятли ҳужжат­лардан бири Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасида «яшил» энергетика соҳасидаги битим бўл­ди. Озарбайжон Марказий Осиё, Кавказ ва Европани ягона энергия йўлаги билан бирлаштиришдек улкан мақсад қўйди. Ўзбекистон учун бу истиқболда мамлакатда ишлаб чиқариладиган «яшил» энергиянинг Европа Иттифоқига экспортига йўл очади. Ушбу лойиҳа қандай амалга оширилаётгани ва уни рўёбга чиқариш муддатлари ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
     – Озарбайжон Президенти таъкидлаганидек, «Бугун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Каспий ҳудуди ягона геосиёсий минтақага айланмоқда ва мамлакатларимизда кечаётган ижобий жараёнлар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муваффақиятли ҳам­корликка боғлиқ». Шу маънода «яшил» энергия соҳасидаги ҳам­корликка катта аҳамият берилади. Бокуда COP29 доирасида олий даражада имзоланган «Озарбайжон, Қозо­ғистон ва Ўзбекистон ўртасида «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги ҳукумат­лараро битим» «яшил» энергетика йўлагини яратиш, минтақага интеграцияланган электр энергияси бозорларини шакллантириш ва бошқа минтақаларга қайта тикланувчи энергия экспортини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Ушбу тадбир чоғида Саудия Арабистони Қироллиги билан ҳам ҳуж­жатлар имзоланди, бу эса ACWA Power ва Saudi Electricity Company лойиҳасида иштирок этишни таъминлади. Озарбайжонни Марказий Осиё билан боғлайдиган ушбу йўлакни яратиш жараёни муваффа­қиятли давом этмоқда. Ўтган йил декабрида «Азерэнер­жи» ОАЖ, «Қозоғистон электр тармоқларини бошқа­риш компанияси» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тар­моқлари» АЖ ўртасида «Яшил йўлак бирлашмаси» қўш­ма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги Таъсис битими имзоланди. Қўшма корхонанинг бош қарорго­ҳини Бокуда жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу йил 4 апрелда Жанубий газ йўлаги Маслаҳат кенгаши доирасидаги 11 вазирлар мажлиси ва «яшил» энергия бўйича Маслаҳат кенгаши доирасидаги 3 вазирлар мажлиси чоғида уч мамлакат энергетика вазирликлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилма ва инвестициялар банки ўртасида «яшил» энергетика йўлаги лойиҳаси 1 босқичининг техник-иқтисодий асослари (ТИА)ни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу чора-тадбирларнинг барчаси лойиҳани амалга ошириш йўлида муҳим қадамлардир, ТИА натижалари эса барча зарур ахборотни таҳлил қилишимизга, мўлжалланган оқим­ларни баҳолашимизга ва қурилиш босқичини бошлашимизга имкон яратади. Биз «Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергетика йўлаги»ни йирик ягона «яшил энергетика платформаси»ни шакллантиришда муҳим бўғин сифатида баҳолаймиз, бу платформа йўлакни «Каспий – Қора денгиз – Европа» ва «Озарбайжон – Туркия» «яшил» энергетика йўлаклари билан боғлайди. Бу ташаббус «яшил» электр энергияси ва «яшил» водороднинг йирик ҳажмларини Озарбайжон ва Марказий Осиёдан Туркия ва Европа бозорларига узатишни ҳамда Осиёдан Европага қадар улкан ҳудудда қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш марказларини бирлаштиришни, қайта тикланувчи энергияни бошқариш ва унинг мувозанатини таъминлашни ўз ичига олади. Бир сўз билан айтганда, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика тизимларини бирлаш­тириш стратегик ва тарихий аҳамиятга эга лойиҳадир. Бу йўлак нафақат икки мамлакат, балки бутун туркий дунё энергетика ҳамкорлигида янги саҳифа очади.
     – «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR Озарбайжон ва Ўзбекистонда нефть конларини ишлаш, нефть-газ со­ҳасидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Бу ишлар қандай амалга оширилмоқда?
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин. [2]