(O´zbek) Инновацияларни амалиётга жорий қилувчи миллий офис

1/2022

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Республикамиз иқтисодиётини юксалтириш, ижтимоий соҳа, илм-фан ва илмий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кўплаб соҳаларда инновацияларни қўллаш – юртимизнинг илмий салоҳиятини юксалтириб, имкониятларимизни дунёга танитишга хизмат қилади.
     Президентимиз фармонлари билан 2017 йил 30 ноябрда ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан олиб борилаётган салоҳиятли вазифалар айни эзгу мақсадлар рўёбини таъ­минламоқда.
     Қуйида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига асосан ташкил этилган Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори Олимжон ТЎЙЧИЕВ билан суҳбатлашамиз.
 
     – Олимжон, Президентимиз таъ­кидлаганларидек «Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақо­бат, ривожланиш бўлмайди». Шу нуқтаи-назардан янги ташкил этил­ган миллий офиснинг мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтсангиз...
     – Ўзбекистон сўнгги беш йилда барча соҳаларда, айниқса инновацион янгиланишлар борасида кенг кўламли ишларни амалга оширди. Қисқа муддат ичида илм-фанга таянилиб, катта натижаларга эришишнинг ўзи – инновациядир. Бизнинг аждодларимиз Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, аз-Замахшарий, Ал-Берунийлар илмли, фозил кишилар бўлишган ва улар ҳар бир соҳада ўзига хос инновация ярата олишган, дея оламиз. Шу жиҳатдан илм-фанга меҳр, илмий изланиш бизнинг қо­нимизда бор.
     Тажрибага кўра инновацияларни амалиётга жорий этиш уларни яратишдан кўра мушкул саналади. Инновациялар Миллий офиси айнан шундай масъулиятли вазифани ҳал қилишдаги жараёнда қатнашади. Жорий қилишгача бўлган давр ора­лиғида янги ишланмани баҳолайди ва кузатувлар асосида таҳлил қилади. Иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда инновацияларни жорий этишга асосий эътиборини қа­ратади. Жумладан, янги қурилмалар, технологияларни яратиш ва жорий этиш, керак бўлса мавжуд энг самарали инновацияларни жалб қилади. Шунингдек, тижоратлаштиришга тайёр ишланмалар ва маҳсулотларни тарғиб этиш ҳамда тегишли инвесторларни жалб қилишда ёрдам бериш Миллий офиснинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
     – Республикамизнинг кўплаб вилоятларида инновацион ҳудуд­лар ташкил этилганидан хабаримиз бор. Бу ишларга сиз етакчилик қилаётган Миллий офис ҳам масъул саналади. Шулар хусусида…
     – Дарҳақиқат, бугунги кунда рес­публикамизнинг Сирдарё ва Наманган вилоятларида инновацион ҳу­дудлар ташкил этилган ва унинг географияси тобора ортмоқда. Бундан асосий мақсад – Инновациялар Миллий офиси чекка туман ва қишлоқ­ларга ҳам технологиялар олиб кириш ва у ерларда ҳам инновацион муҳит яратиш, уларни инновацион ҳудудга айлантириш борасида бир қатор вазифаларни амалга оширишни режалаштирган. Бу бўйича бир нечта вилоятларни ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилди. Айтайлик, Андижон вилояти Марҳамат туманида Андижон тажриба-кўргазма майдони ташкил этилди. Шу тариқа Андижон тажриба-кўргазма майдони негизида энг сўнгги технологиялар ва инновацияларни тарғиб этувчи ҳамда уларни аҳолига етказиб берувчи «техно шоп» тамойили асосида ишловчи инфратузилма пайдо бўлди.
     Сирдарё вилояти Сирдарё туманида Сирдарё бизнес-акселератор ўқув амалий маркази ташкил этилди. Марказда ёшлар янги технологияларда ишлашни ўрганиш билан бирга ўқув курсларини муваффақиятли тамомлагач, ўз иш ўринларига эга бўлмоқда.
     Наманган вилояти Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича олис ҳудудлардаги мактабларида инновацион кутубхонани жорий этиш амалга оширилди. Туманнинг энг чекка ҳудудларида жойлаш­ган 8 та мактабга Wi-Fi тизими шаклида таълим ва маълумотлар ресурсларини ўз ичига олган Q-Bох оффлайн тизими ўрнатилди. Вилоятнинг Марҳамат туманидаги илғор технологиялар асосида қад кўтарган кутубхонага ҳам мазкур тизим жойлаштирилгани ёшлар билими ўсишида қўл келмоқда.
     Шунингдек, Навоий вилоятининг Конимех, Учқудуқ ва Томди туманлари Халқ таълими бўлимлари ор­қали 73 та мактабларга «Мамлакатимизнинг тарихий ва маданий объектлари бўйлаб 3D саёҳат», болаларда ватанпарварлик руҳини уйғо­тувчи миллий мазмундаги компьютер ўйинлари ҳамда «QR» кодли инновацион аудио китоблардан иборат «Ин­новацион тўпламлар» етказиб берилди. Мазкур «Инновацион тўп­ламлар» орқали бугунги кунда бу ту­манлардаги 50 минг нафардан ор­тиқ ўқувчи-ёшларга мамлакатимизнинг тарихи ҳамда маданий обидалари тўғрисида маълумотга эга бўлиш имконияти яратилди.
     – Ёшлар – бизнинг келажагимиз. Улар томонидан берилаётган стартап лойиҳалар, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувват­лашга Миллий офис нечоғлиқ аҳа­мият қаратмоқда ва натижалар ҳақида қисқача…
     – Миллий офисимиз асосий эъти­борни – ёшларнинг меҳнатини қадр­лаш ва рағбатлантиришга қарат­ган. Иқтидорли ёшларни ўзида жамлаган «TechnoWays« технологик ривожланиш марафони мамлакатимиз ҳудуд­лари бўйлаб ўтказилиб келинди. Жумладан, 2021 йилнинг 12-13 март кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳо­кимлиги, Сурхондарё вилояти ҳоким­лиги ҳамда Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси билан ҳамкорликда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари кесимида «Инновацион ғоялар ва ишланмалар ҳудудий кўргазмаси» ташкил этилди. Тадбирда жами 1,2 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Мазкур кўргазмада 27 та ташкилот, жумладан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги 12 та ОТМ ва ИТМ ҳамда 15 та тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 113 та маҳсулот намойиш этилди. Кўргазмада намо­йиш этилган ишланмалар орасидан 23 та истиқболли лойиҳа танлаб олинди. Ҳудудлар иқтисодиётидаги муаммолар ечимига ҳамда соҳалар­ни инновацион ривожлантиришга қаратил­ган умумий қиймати 3,1 ­млрд. сўм бўлган 5 та шартнома имзоланди.
2021 йил 7-10 июнь кунлари Қўқон университетида Миллий офис томонидан «TechnoWays» технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичи ташкил этилди. Марафон охирида танлов ғолиблари сифатида 2 та йўналишда 6 та жамоа аниқ­ланди ва 1-ўрин учун 30 млн. сўм, 2-ўрин учун 20 млн. сўм ва 3-ўрин учун 10 млн. сўм, жами 120 млн. сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирландилар.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

RECOMMEND TO FRIENDS

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • ARCHIVE OF MAGAZINE NUMBERS

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.