(O´zbek) Асосий вазифа: банк секторини ислоҳ қилиш

1/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Жаҳон банки прогнозига кўра Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиш суръати 2020 йилда 5,7 фоизни ташкил этади. Шу тариқа миллий иқтисодиётимиз Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари иқтисодиётига нисбатан тезроқ ўсади. Мамнуният ила бемалол айтиш жоизки, республикамиз бугунги кунда ҳам замон талабларига монанд жадал ривожланмоқда. Унинг халқаро рейтинглардаги ўрни тобора яхшиланаётгани ва халқаро молия институтлари томонидан ишонч билдирилаётгани ҳам шундан далолат бермоқда.
     Ўтиш даври иқтисодиёти бўйича таниқли эксперт, иқтисод фанлари доктори, физика-математика фанлари номзоди, профессор Сергей Маратович ГУРИЕВ журналимиз Бош муҳаррири билан мулоқот чоғи юртимизда изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар, миллий иқтисодиётимизнинг салоҳияти ва соҳадаги ривожланишлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
 

     – Сергей Маратович, маълумки, ҳар қандай мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга четдан туриб, холисона баҳо бериш муҳим аҳамиятга эга. Модомики, шундай экан, Сиз ўз соҳасининг ҳар томонлама етук билимдони сифатида Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларни қандай изоҳлайсиз?

     – Ислоҳотларнинг тезкорлиги ва кўлами кенглиги нуқтаи назаридан қараганда Ўзбекистон кутилганидек дадил илгарилашда давом этмоқда. Бошқа тарафдан ёндашганда қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп. Айтайлик, ҳали ислоҳотларнинг критик массасига эришилганича йўқ. Қолаверса, Ўзбекистон ҳозирга қадар рақобатлашувчи бозор иқтисодиёти ва демократик сиёсий институтларга эга мамлакат саналмайди.

     – Сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик давлат тараққиётига таъсир этувчи муҳим омилдир. Ислоҳотларнинг энг юқори самарадорлигига қандай эришиш мумкин?

     – Ислоҳотларнинг бетакрорлиги ва самарадорлиги пировард натижада демократик сиёсий институтлар шаклланиши ҳамда жамиятнинг очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этишга бўлган садоқати билан белгиланади. Бунга эришиш учун сайловлар адолатли ўтишини ва рақобатбардош бўлишини таъминлаш, шунингдек, мустақил ва самарали фаолият юритувчи суд тизимини яратиш зарур.

     – Бошқарувни ислоҳ қилиш ва иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги суръатлари билан биз яқин йилларда бозор иқтисодиётига тўлиқ ўта оламизми? Ёхуд МДҲга аъзо мамлакатлардан қай бири ҳозир бунга жуда яқинлашди?

     – Болтиқбўйи давлатлари ва Грузия постсовет маконида амалга оширилаётган ислоҳотлар чемпиони бўлиб қолмоқда. Марказий Осиёда эса Қозоғистон етакчи. Умуман олганда барча постсовет давлатлари (Болтиқбўйи мамлакатлари бундан мустасно), бозор иқтисодиётини шакллантира олган Марказий Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ ҳали бу борада узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишлари керак. Айни чоғда, Марказий Европа тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, агар исталса, ислоҳотларни тезкор амалга ошириш ҳам мумкин.

     – Коррупция иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилувчи ўта жиддий иллат эканлиги барчамизга бирдек аён. Ўзбекистон Коррупцияни қабул қилиш индекси рейтингида бир неча поғона юқорилади, бироқ ҳамон мамлакат позицияси пастлигича қолмоқда. Кўплаб мамлакатлар учун оғриқли саналган ушбу масалани ҳал қилишнинг қандайдир универсал формуласи мавжудми ёки бу борада индивидуал ёндашувни қўллаш маъқулроқми? Масалан, Ўзбекистон Грузия ёки Сингапур тажрибасидан фойдаланса бўладими?

     – Уларнинг тажрибасини ҳар қандай мамлакатда қўллаш мумкин. Ҳар қалай, коррупцияга қарши кураш Ньютон биноми эмас аксинча, барча рецептлари маълум. У сеҳр-жодуни эмас фақатгина сиёсий иродани талаб қилади. Ли Кван Ю шундай деган эди: «Бу курашни уч нафар дўстингизни қамоққа олишдан бошланг. Нима учунлигини аниқ биласиз. Ва одамлар сизга ишонишади». Бу валютанинг бозор курсига ўтиши билан бир хил ҳолат – иқтисодиёт учун зарарли, аммо қора бозорни назорат қилувчи манфаатдор гуруҳлар учун фойдали. Ўзбекистон бу муаммога ижобий ечим топди, истаса, коррупция муаммосини ҳам ҳал қилиши мумкин.

     – Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни таргетлаш Президентимиз томонидан белгиланган асосий вазифалардан бири. Ҳозирги шароитда бундай мақсадларга эришиш Ўзбекистон учун осонми?

     – Инфляцияни таргетлашга ўтиш муҳим, аммо техник вазифа. Бу муаммо нафақат ривожланган, балки ривожланаётган талай мамлакатларда ҳам ҳал қилинган. Марказий банк бу борада нима қилиш кераклигини яхши тушунади. Агар мустақиллиги таъминланса, у инфляцияни мақсадли даражага тушира олади.

     – Ўзбекистонда ҳозир беш миллионга яқин киши қашшоқликда яшаётгани, аҳолининг даромад даражаси кўрсаткичлари эса МДҲ миқёсида энг паст эканлиги эътироф этилди. Қашшоқликка қарши қандай курашиш мумкин?

     – Унинг асосий ва энг мақбул усули иқтисодий ўсишга эришишдир. Бунинг учун эса хусусий сармоялар керак, шунингдек, ислоҳотлар ўтказиш зарур.

     – Очиқлик сиёсати туфайли мамлакатимизга жаҳондаги йирик молия институтларининг инвестициялари оқими ҳам кўпайди. Масалан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг кредитлари портфели 2019 йилда рекорд кўрсаткичга – 576 млн. АҚШ долларига етди. Хўш, халқаро кредитлар оқимларига «Тўхта!» дейишимиз керак бўлган чизиқ қаерда? Ахир кредитларни қайтариш керак, акс ҳолда, давлат қарзлари кўпайишда давом этаверади-ку…

     – Ярим миллиард доллар Ўзбекистон йиллик ЯИМнинг атиги 1 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга ушбу инвестицияларнинг катта қисми давлат тасарруфидаги корхоналарга эмас, балки хусусий корхоналарга берилаётган кредитлардир. Ҳозирча Ўзбекистонда давлат қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетиши хавфи борасида муаммо йўқ. «Чизиқ қаерда?» деган саволнинг жавоби эса оддийгина – бу халқаро агентликларнинг суверен рейтинглари.

     – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида банк тизимини ислоҳ қилиш, банкларнинг давлат улушини стратегик ҳамкорларга босқичма-босқич сотиш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу чора мамлакат капитал бозорини, чунончи, банк сектори фаолиятини яхши томонга ўзгартира оладими?

     – Бу асосий вазифалар сирасига киради. Чунки ривожланаётган мамлакатлардаги давлат банклари ҳеч қачон сиёсий мақсадлардан буткул узоқлаша олмайди, бу охир-оқибат капитал бозоридаги рақобатга ҳам, молиявий барқарорликка ҳам путур етказади. Банкларни хусусийлаштириш рақобатлашувчи бозор молиявий тизимини яратиш учун зарур.

     – Мамлакат фонд бозори ҳали талаблар даражасида ривожланмагани туфайли тадбиркорлар ўз даромад манбаларини диверсификация қилиш имкониятига эга эмаслар. Боз устига молия бозори секторлари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланмаган. Қимматли қоғозлар бозорининг ҳолати ташқи ва ички инвестициялар кириб келишига қандай таъсир кўрсатади?

     – Қимматли қоғозлар бозори иқтисодий тараққиётнинг муҳим институтидир. У тўла-тўкис ишлаши учун нафақат молия институтлари ва молиялаштиришга бўлган талаб, балки узоқ муддатли инвестициялар таклифи ҳам зарур. Бунинг учун макроиқтисодий барқарорлик ва пенсия тизимини ислоҳ қилиш талаб этилади.

     – Иқтисодиётнинг инновацион турига ўтиш ва рақамлаштириш учун тегишли мутахассисларга эҳтиёж сезилади. Бизнинг асосий ресурсимиз эса инсон капиталидир. Зеро, Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистон аксарияти ёшлардан иборат энг кўп аҳолига эга. Бироқ мамлакатда мутахассис кадрларлар етишмаслиги муаммоси кескинлашмоқда. Инсон капиталидан энг катта фойда кўриш учун иқтисодий ривожланиш йўлида нимани ўзгартириш керак?

     – Аслида фаровонликнинг асосий манбаи табиий ресурслар эмас, балки инсон капиталидир. Шунга кўра таълимга катта миқдорда сармоялар киритиш, чет элларда ишлаб юрган ўзбекистонликлар юртга қайтиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, илғор хорижий олий ўқув юртларини Ўзбекистонга жалб этиш фойдадан холи бўлмайди.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    1/2020

    № 1/2020

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • РЕКЛАМА

  • Купить журнал

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.