(O´zbek) Мижозларга янада яқинроқ

6/2021

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     Банк бозорининг ҳозирги ривожланиш ва рақобат даражаларида ма­ҳаллий банклар мижозлар учун фаол­роқ кураша бошлади. Бу ҳар қандай банкнинг келажаги ва фаолиятининг узоқ муддатли натижалари мижоз­ларнинг содиқлиги ва улар билан ўзаро муносабатларнинг барқарорлигига боғлиқлигини англаш туфайли содир бўлмоқда. Шунинг учун замонавий банк фақат мижозларга хизмат кўрсатишнинг классик моделига таянган ҳолда самарали бизнес стратегиясини ярата олмайди. Амалиёт кредит ташкилотларини мижозларга хизмат кўрсатиш механизмлари ва технологияларини модернизация қилиш­га, инновацион ёндашувларни излаш­га мажбур қилмоқда. Мижозларга си­фатли хизмат кўрсатиш тизимининг ривожланиши ҳақида «Ипотека-банк» АТИБ Бошқаруви раиси Элёр ИНОМЖОНОВ журналимизга берган интервьюсида сўзлаб берди.
 
     – Элёр Исроилович, мамлакатимиз банк хизматлари бозорида рақобат кун сайин кучаймоқда, янги банк маҳсулотлари пайдо бўлиб, хизмат кўрсатиш яхшилан­моқда. Ипотека-банкнинг ўзгартириш стратегияси қанақа?
     – Ўзбекистоннинг энг йирик банк­ларидан бири – мана чорак асрдирки хусусий ва корпоратив мижозларга молиявий хизматлар кўрсатиб келаётган «Ипотека-банк» АТИБда банк менежерларининг яқин ўзаро ҳамкорлиги ва кўмаги асосида мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш тизими яратилган. Охирги 3 йил мобайнида «Ипотека-банк» Халқаро молиявий корпорация билан институционал ўзгартириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Мижозлар эҳтиёжларини таҳлил қилиш асосида банк ХМК экспертларининг кўмагида мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги форматига ўтишни бошлади. Бу эса ривожланиш стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш, мижознинг ролини қайта англаш имконини берди.
     – Мижозлар билан ишлашдаги янги ёндашувнинг моҳияти нимадан иборат?
     – Банк ишончли бизнес алоқа­ларини ўрнатиб, натижаларга ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўналтирилганликни намойиш этган ҳолда мижозлар билан шаффоф, ҳалол ва очиқ ишлашга интилмоқда. Бу шуни англатадики, банк мижозлар талаб­ларини олдиндан кўра билишга ва сифатли қондиришга, хизматлар сифатини муттасил оширишга ҳаракат қилмоқда. Хизматга талаб юзага кел­ган тақдирда банк ушбу хизматни кўрсатиш учун бор саъй-ҳаракатлари ва билимларини йўналтиради. Шунингдек, бозор конъюнктурасининг ўзгаришига тезкорлик билан муносабат билдириш ва ресурсларни ис­тиқболли йўналишларга қаратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
     Амалга оширилаётган мижозларга йўналтирилганлик тамойили банкнинг ўз маҳсулотига эмас, балки мижозларнинг реал эҳтиёжларига йўналтирилишини назарда тутади, бу эса, ўз навбатида, банк мақсадла­рининг аниқ қўйилишини, уларга эришиш йўллари ва усулларининг шакллантирилишини, шунингдек, мавжуд ва потенциал мижозлар гу­руҳларининг градацияси доирасидаги режаларни амалга ошириш учун муайян чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини талаб қилади. Бундан ташқари банкнинг мижозларга йўналтирилганлиги мижозлар эҳти­ёжларини чуқур англаш ва самарали қондирилиши ҳисобидан унинг қў­шимча фойда олиш қобилиятини белгилайди.
     – Рақобат молиявий муассасани ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Банкингизнинг молиявий хизматлар бозорида муваф­фақиятли рақобатлашиш имконини берувчи устунликлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Мижозга йўналтирилганлик бизнинг асосий рақобат устунлигимиз бўлиб, у банкка ўз фаолиятида асосий омиллар қуйидагилардан иборат бўлган самарали натижаларга эришиш имконини беради: биринчидан, мижозлар сиёсатининг мавжудлиги; иккинчидан, янги мижоз­ларни доимий равишда жалб қилиш бўйича фаол фаолият; учинчидан, иш жойларида мижозлар билан ишлаш бўйича рақобатбардош бизнес технологияларининг мавжудлиги; тўртинчидан, сўров ўтказиш ва мониторингни амалга ошириш орқали мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини доимий равишда баҳолашни ўтказиш; бешинчидан, мижозлар базасини сегментлаш; ва ниҳоят, мижозларга уларнинг тижорат ва бошқа фаолият турларида ёрдам бериш орқали мижозлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг мавжудлиги муносабат­ларни ривожлантиришнинг барча бос­қичларида банкнинг ўз мижозлари билан муваффақиятли ишлашининг зарурий ва етарли шарти ҳи­собла­нади.
     – Маълумки, «Ипотека-банк» томонидан янги форматдаги хизматлар кўрсатишга асосланган инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа ҳақида ба­тафсилроқ сўзлаб берсангиз.
     – «Ипотека-банк» янги офисларининг лойиҳаси «ягона дарча» тизими орқали мижозларга хизмат кўрсатиш форматини қуйидаги йўналишлар бўйича ўзгартиришга қа­ратилган: банк маҳсулотлари бўйича маслаҳат бериш; мижозлар эҳтиёж­ларини қондириш; банкоматлар ва бошқа терминаллар орқали ўз-ўзига хизмат кўрсатиш.
     Янги технологияларнинг жадал ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда банкимиз ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тармоғи ва универсал виртуал маконни ривожлантиришга эътибор қаратишда давом эт­моқда. Шунинг учун банк ходимларининг иши мижозларнинг молия­вий саводхонлигини ва рақамлаш­тирилиш даражасини оширишга қа­ратилган.
     – Мижозларни кредитлаш тизими қанчалик ўзгарди?
     – Қисқа вақт ичида банк томонидан барча бизнес жараёнлари тубдан қайта кўриб чиқилиб, мақбуллашти­рилди. Агар илгари мижоз бирон-бир хизматни олиш учун 3-5 нафар ходимга мурожаат қилиши керак бўлган бўлса, энди ушбу масалалар биргина менежер томонидан ҳал қилинмоқда, хизмат вақти эса 2-3 марта қис­қарган, бу ҳол навбатларнинг тўлиқ йўқ бўлишига олиб келди. Ёки масалан, яқиндагина чакана кредит олиш учун мижозга 3 кундан 15 кунгача керак бўлар эди, энди эса ушбу жараён 2 соатдан ошмайди. Ва энг му­ҳими, банкнинг скоринг тизими туфайли қарор қабул қилишда инсон омили тўлиқ истисно этилади.
     Мижозларга қулайлик яратишга йўналтирилган янги банк хизматлари маркази концепцияси ва уларга хизмат кўрсатишдаги тубдан янги тамо­йиллар ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Хизмат кўрсатишнинг ушбу форматида мижозлар билан банк ходими ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида жойларда нотариат, суғурта ва баҳолаш хизматларини кўрсатиш бўйича сервис ташкил этилган. Бу мижозга вақтни ҳам, пулни ҳам тежаш ва ходимлар ваколатининг оширилиши ҳисобидан маҳсулотни олиш­нинг бутун циклини бир жойда ниҳоясига етказиш имконини бе­ради.
     – Ипотека кредитини бериш ҳозирги вақтда уй-жой сотиб олишнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. «Ипотека-банк» томонидан ушбу йўналиш­даги сервисни яхшилаш учун нималар қилинди?
     – Бугунги кунда ипотека кредитини бериш дастурида мижозларимизга ипотека кредитини бериш бўйича хизмат кўрсатишнинг тезлигини ошириш вазифаси қўйилган. Ва натижалар яққол кўринмоқда. Масалан, илгари мижоз билан дастлабки алоқада бўлинган пайтдан бошлаб кредит олиш муддатлари 15 кундан 30 кунгача ташкил қилган бўлса, энди ушбу вақт икки кунгача қисқарган. Бунга скоринг моделидан фойдаланиш ёрдам берди, унда кредит бериш тўғрисидаги қарорни банкнинг автоматлаштирилган тизими қабул қилади.
     – Ва охирги савол, Элёр Исроилович, банкингизнинг ривожланиш истиқболлари қандай?
     – Келгусида биз ўз фаолиятимизни ўзгартиришни давом эттириш, IT-платформаларини яхшилаш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги иштирокини кенгайтириш ва ўз мижозларига юқори сифатли хизмат кўрсатишни режалаштирмоқдамиз.
     Ўз вақтида ва тўғри танланган ўзгартириш стратегияси банкка ички жараёнларни сифат жиҳатидан яхшилаш, мамлакатимизда одамлар ва бизнес учун ҳаётни осонлаштирадиган янги онлайн маҳсулотлар ва сервисларни яратиш имконини берди. Бунинг натижасида бугунги кунда 1,3 миллиондан ортиқ мижоз «Ипотека-банк»ка ишонади. Банк ҳам ишонч билан одимлашни давом эттирмоқда.
     – Суҳбат учун раҳмат.
 

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.