(O´zbek) Мустаҳкам биродарлик ришталарига асосланган стратегик шериклик даражасидаги муносабатларимиз мукаммалдир

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ҳолда мустаҳкамланиб бормоқда. Олий даражадаги учрашувлар, парламентлар, вазирликлар, ишбилармонлар ва илмий-академик доиралар алоқалари фаоллашди ва тартибли тус олди. Ўзаро муносабатлар бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Давлат раҳбарлари бошчилигидаги олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи ва парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари каби кўплаб ҳамкорлик механизмлари яратилди. Халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Туркия ва Ўзбекистоннинг муносабати бир-бирига яқин. Кучли ҳамкорлик ва ўзаро хоҳиш-ироданинг натижалари қўшма иқтисодий лойиҳаларда ҳам ўз аксини топмоқда.
     Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Меҳмет Сурайё ЭР билан суҳбатимиз икки томонлама алоқаларнинг ривожи ва ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари ҳақида бўлди.
 
     – Жаноб элчи, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб Туркия Республикаси тан олган эди. Мамлакатларимиз Абадий дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаганига 24 йил бўлди. Халқларимиз чуқур тарихий илдизлар, умумий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини ва энг муҳим умумий нуқталарини қандай баҳолайсиз?
     – Ота юртимиз – Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи мамлакат сифатида биз ўтган асрнинг 90-йиллари бошида муштарак тамаддунга эга бўлган биродарларимизни бир асрга яқин давом этган айрилиқдан кейин яна бағримизга босдик. Ўзбекистон ва Туркиянинг тарихи, тили, дини ва маданиятининг муштараклиги, орамизда минглаб километр масофа бўлишига қарамай, бир-биримиз билан асрлар оша мустаҳкам қалб кўприклари билан боғланиб туришимизга имкон берди. Биз биродаримиз Ўзбекистоннинг мустақиллигини чин дилдан қўллаб-қувватлаганимиз каби ўзбек замини ўғлонлари ҳам бундан 100 йил муқаддам мустақиллик уруши пайтида Анадолудаги биродарларини ҳаёт-мамот курашида ёлғиз қолдирмади. 1920 йилда Бухоро Халқ Жумҳурияти томонидан бизни қўллаб-қувватлаш учун юборилган олтинлар янги барпо бўлаётган навниҳол Туркия Республикасига оби ҳаётдек мадад бўлди.
     Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўз номи билан мамлакатларимиз ўртасидаги расмий муносабатларнинг, халқларимиз ўртасидаги ришталарнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
     Сўнгги тўрт йил ичида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган Ўзбекистонни тубдан ўзгартириш жараёнида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги йўналишга эга бўлиб, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий дўстлик кучи билан стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ўтган йилнинг февраль ойида Президентларимиз раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва барча соҳалардаги ҳам­корликни яхшилаш бўйича Қўшма Баёнот имзоланди. Ўзаро муносабатларнинг жадаллиги барча соҳада ўзининг ижобий натижаларини кўрсатишда давом этмоқда.
     – Бугунги Туркия аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг юқори кўрсаткичига, илғор саноат иқтисодиётига ва мукаммал инфратузилмага эга, тараққий этган давлат. Мамлакатларимиз миллий иқтисодиётини ривожлантириш стратегиялари ўртасида ўхшашликлар борми? Сизнингча, бугунги Ўзбекистон қандай ривожланмоқда?
     – 1923 йилда ташкил этилган пайтда Туркия Респуб­ликаси деярли бутунлай аграр хусусиятга эга мамлакат эди. Шу билан бирга мамлакатимиз сиёсий мустақил­ликдан сўнг аҳолининг тез ўсиши билан иқтисодий мус­тақилликка эришиш учун муҳим қадамларни ташлади. Сўнгги 50 йил ичида эркин бозорни ривожлантиришга йўналтирилган сиёсати билан саноатлаштиришда ҳам, миллий даромаднинг ўсишида ҳам муҳим ютуқларга эришилди.
     Айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ҳозирги даври мамлакатимизнинг 80-йиллардаги ҳаётига ўхшайди. Хусусан, мамлакатимиз томонидан инновацион ишлаб чиқариш ва барқарор ўсиш борасида қилинган ишлар ҳозирда Ўзбекистонда ҳам амалга оширилмоқда.
     Шунингдек, Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун ўз эшикларини очди ва халқаро янги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш билан Туркиянинг стратегик шеригига айланди.
     Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётнинг барча соҳаcида, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва саноатда дадил қадамлар қўйилганини мамнуният билан кузатиб бормоқдамиз. Бугунги Ўзбекистон ҳар қандай соҳада муҳим ислоҳот­ларни жадал амалга оширмоқда ва Марказий Осиё минтақасида юксалаётган давлат сифатида ажралиб турибди.
     Туркия кўп йиллар давомида тўплаган тажрибаларини ҳар доим Ўзбекистон билан бўлишишга тайёр. Ташқи дунёга очилиб, халқаро стандартларга эришишга интилаётган давлатни, Ота юртимизни қўллаб-қувватлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
     – Туркия саноатнинг давлат-хусусий сектор шериклиги ва минтақанинг иқтисодий фаолиятини ривожлантириш соҳасида улкан тажрибага эга. Туркия ушбу тажрибани Ўзбекистон билан баҳам кўришга ва бу борада ёрдам беришга тайёрми?
     – Сиз таъкидлаганингиздек, Туркия саноатга ихтисослашган, минтақасининг ривожланишига ҳисса қў­шаётган ва ишлаб чиқаришда самарадорликни ошираётган Бирлашган саноат зоналари тузилмасини ташкил этиш борасида катта тажрибага эга. Бугунги кунда мамлакатимизда 32 858 гектар майдонда 190 та Бирлаш­ган саноат зоналари мавжуд.
     Саноат зоналари муваффақиятли фаолият олиб бориши учун кучли қонунчилик инфратузилмаси зарур. Туркиянинг кўп йиллар давомида қўллаб келаётган Бирлашган саноат зоналари тизимида юзага келган оқсоқлик ва камчиликлар 2000 йилда кучга кирган 4562-сонли қонун билан барҳам топди, Бирлашган саноат зонаси модели барқарор ишлайдиган тизимга айланди. Мамлакатимиз бундай тузилманинг Ўзбекистонда ҳам жорий этилиши учун қўлидан келган барча ёрдамни беришга тайёр.
     Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг энг муваффақиятли Бирлашган саноат зоналаридан бири бўлган «Гебзе» расмийлари ўтган йили Тошкентга кўп марта ташриф буюришди ва зарур маъмурий, техник ва ҳуқуқий жараёнлар бўйича интенсив алоқаларни ўрнатдилар. Биз Тошкентда “Гебзе”га ўхшаш саноат зонасини ташкил этиш бўйича маъмурий-ҳуқуқий жараённи якунлаш ишларини давом эттирмоқдамиз.
     – Иқтисодиётга инвестиция жалб қилиш ҳам­корликнинг устувор йўналишларидан биридир. Жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф доирасида бу йўналишда имзоланган шартномаларга мувофиқ қилинаётган ишларни қандай баҳолайсиз? Глобал пандемия қўшма ҳаракатлар ва лойиҳаларга қанчалик таъсир кўрсатяпти?
     – Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ало­қалар жадал ривожланиб бормоқда ва ҳамкорлигимиз доираси кенгаймоқда. Кенгашнинг февраль ойида бўлиб ўтган мажлисидан сўнг жаноб Мирзиёев имзолаган фармонлар билан сиёсий-ҳарбий, тижорат-иқтисодий-сармоявий ва маданий-инсонпарварлик соҳаларидаги кўплаб лойиҳалар доираси аниқ чизилиб, ҳамкорлик лойиҳаларига айлантирилди.
     Афсуски, бутун дунё бўйлаб узоқ ва оғриқли иқтисодий жараёнларни келтириб чиқарган глобал пандемия бизнинг икки томонлама иқтисодий ва тижорий муносабатларимизга ҳам таъсир кўрсатди. 2020 йил январидан бошлаб мамлакатимиздан Ўзбекистонга киритилган сармоялар ҳажмида пасайиш кузатилган бўлса, ташқи савдо айланмамизда ҳам бироз сусайиш кузатилди. Хизматлар савдосини ҳисобга олмаганда ташқи савдо умумий ҳажмимиз январь-июль ойларида 15 фоизга камайди ва 1,1 миллиард долларга етди.
     Ташқи савдодаги бу қисқариш ачинарли бўлса-да, ўнглаб бўлмайдиган даражада эмас. Тарифли авиақат­новларнинг тикланиши билан 2020 йилнинг сўнгги чорагида биз тижорат алоқалари яна фаоллашишини кут­моқдамиз, натижада 2019 йилдаги даражага қисқа вақт ичида етиб олишимиз ва, яхши эҳтимолга кўра, бу даражадан ошиб кетишимиз мумкин.
     Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр энергияси ва озиқ-овқат саноатига ҳам алоҳида эътибор беради; хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ушбу соҳадаги давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини тезлаштиради. Мамлакатимизнинг ушбу соҳа­лардаги ваколатлари ва тажрибасини инобатга олган ҳолда, келгуси даврда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик учун кучли салоҳият мавжуд, деб ўйлаймиз. Замонавий технологияларни узатишни осонлаштириш орқали энергия самарадорлиги ва саноатнинг рақобатбардошлигини оширишни мақсад қилган Ўзбекистонни ҳам давлат сифатида, ҳам хусусий компанияларимиз билан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кучли хоҳиш-иродамиз бор.
     Ва ниҳоят, биз учун мамлакатимиз ва Ўзбекистон ўртасида яқин кунларда ўтказилиши режалаштирилган имтиёзли савдо шартномаси бўйича музокараларнинг eттинчи раунди катта аҳамиятга эга. Шартноманинг шу йил ичида имзоланиши ҳар икки давлат учун фойдали бўлади. Юқорида айтиб ўтилган келишув ўзаро сармоя­лар ва савдо ҳажмини ошириш бўйича кўзлаган мақсад­ларимизга эришишда энг муҳим воситалардан бири бў­либ, ўзаро савдо ҳажмининг икки мамлакат Президент­лари томонидан белгилаб берилган 5 миллиард АҚШ долларлик маррасига тезлик билан етишимизга имконият яратади.
     Пандемия жараёни бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди. Бироқ, ушбу салбий ҳолатларга қарамай, биз икки томонлама муносабатларда муҳим роль ўйнайдиган барча учрашувларни видеоконференцалоқа орқали ўтказишни давом эттирдик ва тегишли муассасаларимиз доимий алоқада бўлишди. Ишонаманки, икки қардош давлат ушбу қийин даврнинг салбий оқибат­ларини минималлаштириш йўли билан енгиб ўтади. Ўз лойиҳаларимизни худди шу қатъият билан амалга оширишни давом эттирамиз.
     – Туркияда тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган кўплаб ташкилотлар мавжуд. Шунингдек, туркиялик сармоядорлар глобал инвестиция бозорида энг фаоллар қаторига киради. Туркия капитал корхоналари мамлакатимизда, ай­ниқса, тўқимачилик соҳасида муваффақиятли фаолият юритмоқда. Туркиядаги инвесторлар Ўзбекистондаги ҳар қандай вазиятни ҳал қилиш учун сизга мурожаат қилишадими? Турк ишбилармонлари дунёси билан самарали ҳамкорлик қилиш учун ўзбекистонлик тадбиркорларга нима таклиф қи­ласиз?
     – Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда турк капитали иштирокида 1400 дан ортиқ ком­пания мавжуд. Ушбу инвестициялар орасида тўқима­чилик саноатига тегишли бўлганлар миқдори бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Пахта ишлаб чиқарувчи дунё­даги етакчи мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистонда хом­ашёни илғор технологиялар билан бирлаштириб, юқори сифатли текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришда узоқ йиллик тажрибага эга бўлган турк компаниялари биринчи ўринга чиқмоқдалар. Туркия сармояси билан ташкил этилган фабрикаларда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари ички бозор эҳтиёжларининг бир қисмини қопламоқда ва экспорт қилиш йўли билан чет эл валютасининг кириб келишига имкон бермоқда.
     Тўқимачилик саноатида бўлгани каби бошқа соҳа­ларда ҳам фаолият юритаётган турк компаниялари Ўзбекистонда «тенг фойда олиш» ёндашуви билан ҳаракат қилишмоқда. Бу ерда бизнинг пудратчилик ёки инвестиция фаолияти билан шуғулланадиган компанияларимиз Ўзбекистонга «ноу-хау» олиб келишмоқда ва иш билан бандликнинг кўпайишига ҳисса қўшмоқдалар. Тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак соҳасида кўплаб турк фуқаролари ўзбек сармояси иштирокидаги компанияларда фаолият юритмоқдалар. Яқиндан қурилиш соҳасида ҳам пудратчи, ҳам сармоядор бўлган турк компаниялари ўзбекистонлик шериклари билан архитектура, муҳандислик, лойиҳаларни бошқариш ва техник маслаҳат каби соҳалардаги билим ва тажрибаларини баҳам кўришга киришди. Биз рақобатбардош нархларда сифатли хизмат кўрсатадиган қурилиш компанияларимизни Ўзбекистон учун ажойиб имконият деб биламиз ва икки мамлакат компаниялари мамлакат келажагини барпо қилишда етакчи роль ўйнашига чин дилдан ишонамиз.
     Биз имкон қадар Ўзбекистонда фаолият юритаётган турк компанияларимиз билан учрашиб туришга ҳаракат қиламиз. Ушбу компанияларга ташриф буюрамиз. Пандемия туфайли бундай ташрифларни тўхтатиб туришга мажбур бўлсак-да, эпидемиологик вазият ўнгланганидан кейин айни жараённи давом эттиришни режа­лаштир­моқдамиз. Элчихонамизнинг Савдо ишлари бў­лими иш­билармон давраларимиз билан доимо ало­қада бўлиб, компанияларимизни Ўзбекистон бозоридаги иқтисодий ва тижорий ўзгаришлар ҳақида хабардор қилиб туради.
     – Маданий-гуманитар соҳада муваффақиятли ривожланган ҳамкорлигимиз ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Бунга туризм соҳасидаги илмий ҳам­корлик ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда таълим, фан ва соғлиқни сақлаш хизматларидаги шериклик алоқалари киради. Маданиятларимиз, тилларимиз, урф-одатларимиз ва динларимиз ўхшашлигини ҳисобга олган ҳолда мамлакатларимиз ушбу соҳаларда яна қандай қўшимча чораларни кўриш­лари керак деб ўйлайсиз?
     – Дарҳақиқат, сўнгги бир неча йил ичида муносабатларда эришилган суръат туфайли бизнинг маданий-маънавий соҳалардаги ҳамкорлигимиз янада чуқурлашди. Биз турк ва ислом тамаддунининг муҳим фан ва маданият ўчоғи бўлган Ўзбекистонни Ота юртимиз, деб биламиз. Мовароуннаҳрнинг ва тарихий Буюк ипак йўлининг юраги бўлган бу замин ҳақиқатан ҳам маънавий, ҳам тарихий-маданий жиҳатдан жуда қадрлидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга туркиялик сайёҳлар ташрифи ортиб бормоқда. Худди шу тарзда Туркияда кўплаб Ўзбекистон фуқароларининг борлиги халқларимиз ўртасидаги яқинликни оширмоқда.
     Бизнинг умумий тарихимиз, тилимиз ва маданиятимиз таълим соҳасида ҳам чуқур ҳамкорлик қилишга имкон беради. Олий таълим соҳасида Ибн Сино номидаги Бухоро тиббиёт факультети 2019 йилдан фаолиятини бошлади; Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг янги очилган Тошкент филиали 2020-2021 ўқув йили учун талабаларни қабул қилди. Кўпгина университетларимиз талабалар ва ўқитувчи-ходимлар алмашинуви, иккита диплом беришни кўзда тутувчи дастурлар ва турли қўшма тадбирларни давом эт­тирмоқдалар.
     Мамлакатларимизда туркология кафедралари кўпа­йиб бормоқда, Ўзбекистондаги кўплаб ёшлар турк сериалларини томоша қилиб, турк тилини равон ўрганиб олишмоқда. Буларнинг барчаси маданий-маънавий со­ҳадаги муносабатларимиз учун ниҳоятда фойдали унсурлардир.
     Албатта, таълим ва маданиятда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бизнинг Ўзбекистон расмийлари билан ушбу масала бўйича муносабатларни муносиб даражага кўтариш учун учрашувларимиз ва саъй-ҳаракатларимизда изчиллик бор.
     – Ўзбекистон сайёҳлик секторини фаол ривож­лантирмоқда. Туркиянинг бу борадаги тажрибаси ҳам биз учун жуда муҳимдир. Туркия фуқаролари мамлакатимиз сайёҳлик сало­ҳиятидан қай даражада хабардор ва бундай йўналиш сайёҳлар орасида машҳурми?
     – Кундай равшанки, Ўзбекистон улкан сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакат. Дарҳақиқат, биз 2020 йилда Хива шаҳри Турк дунёси маданий пойтахти ва Бухоро шаҳри Ислом олами пойтахти сифатида танланганидан жуда хурсандмиз. Афсуски, коронавирус пандемияси глобал туризмга жиддий зарба берди.
     Бироқ ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнида Ўзбекистоннинг муваффақияти пандемия туфайли юзага келган салбий омилларни тезда бартараф этишга имкон беради. Ўйлаймизки, туризм инфратузилмаси ривожланиши билан мамлакатга келадиган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошади. Шунингдек, биз Туркиянинг туризм соҳасидаги тажрибасини қардош Ўзбекистон билан баҳам кўришга тайёрмиз. Бизда ушбу соҳада таж­рибали мутахассислар ва маслаҳатчилар ҳамда Ўзбекистонга сармоя киритадиган муваф­фақиятли ишбилармонлар бор.
     Биз, айниқса, Ўзбекистон илгари сураётган ва қўшни мамлакатлар билан ҳам ҳамкорликни кучайтирадиган «Ипак йўли сайёҳлиги» ташаббусини қўллаб-қув­ват­лаймиз. Марказий Осиёнинг марвариди, Мовароуннаҳр маркази ва тарихий Буюк ипак йўлининг бир парчаси бўлган Ўзбекистоннинг ўзи муносиб бўл­ган дунё эътиборини жалб қила бошлаганини мамнуният билан кузатиб бормоқдамиз.
     Ўзбекистон Туркияда ҳам кўпроқ қи­зиқиш билдирилаётган сайёҳлик йўналишлари орасида тобора оммалашиб бормоқда. Зотан, маънавий ва маданий сабабларга кўра кўплаб турк­лар Ота юртларини келиб зиёрат қилишни истайдилар. Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги даврда туризм со­ҳасида инфратузилмани ривожлантириш ва халқаро парвозлар сонини янада ошириш билан туризм соҳасида янги рекордларни ўрнатишига ишонаман.
     – Ҳурматли элчи жаноблари, журналимиз анъанасига мувофиқ, мулоқотимиз охирида сизга бир нечта қисқа саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз. Биринчи савол, сизни мамлакатимизга жалб қила­диган хусусиятлар қайсилар?
     – Аввал айтганимдек, биз Ўзбекистонни Ота юртимиз, деб биламиз. Биз кенг туркий географиянинг юраги бўлган бу заминда ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис қиламиз. Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва маънавий гўзалликлари мени бошқалар сингари бу ерга жалб қиладиган сабаблардан яна бири. Шунингдек, палов ва ўзбек таомлари ҳам, албатта…
     – Туркия ва Ўзбекистон халқларининг қандай қардошлик хусусиятлари бор?
     – Биз улкан турк дунёсининг қалбан бир-бирига чамбарчас боғланган парчаларимиз. Ўзбекистоннинг 2019 йилда Туркий Кенгашга аъзо бўлишига ана шу сабабдан катта аҳамият бердик. Бизнинг қардош халқларимиз умумий руҳ ва муштарак маданиятга эга. Бизнинг тарихимиз, тилимиз, динимиз ва маданиятимиз битта.
     – Сиз оптимистмисиз ёки прагматикмисиз?
     – Худога шукр, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида иккисига ҳам эҳтиёжим йўқ. Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз кетар экан, оптимист ёки прагматик бўлиш шарт эмас, чунки мус­таҳкам биродарлик ришталарига асосланган стратегик шериклик даражасидаги муносабатларимиз, зотан, мукаммал даражада! Биз ўзаро муносабатларни ва ҳар қандай соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида тўхтовсиз ишламоқдамиз. Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, биз мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва ривожланиш жараёни ҳамда ўзаро алоқалар даражаси билан ғурурланамиз. Шу сабабли мени иши бошидан ошган, жуда банд, лекин ўз ишидан фахрланадиган шахс сифатида тавсифласангиз, тўғрироқ бўлар эди.
     – Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.