Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Аввал айтиб ўтилганидек, 2019 йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида самарали мулоқот учун замин яратди. Ушбу ташриф давомида мамлакатимизда электростанциялар қуришга доир ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди – жаҳонда энг йирик Mubadala (БАА) инвестиция холдинги ва унинг Masdar компанияси Ўзбекистон энергетика соҳасига инвестициялар киритадиган бўлди. Худди шу йили ноябрь ойида Навоий вилоятида умумий қуввати 100 мегаваттлик фотоэлектр станцияси қурилиши тўғрисидаги инвестиция битими имзоланиши бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири эди.
Юртимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида мазкур фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилганидан хабарингиз бор.
БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад Ал МАЗРУИ Жаноби Олийлари «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журнали Бош муҳарририга берган интервьюсида энергетика соҳасини ривожлантириш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Маълумки, Амирликларнинг нефть-газ саноати жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Яқин вақтлардан буён мамлакатингизда атом энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электроэнергия ишлаб чиқариш соҳасида лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Қуёш энергиясига доир илк лойиҳа БАА да 2009 йилда ишга туширилган эди – бу қуввати 10 мегаваттлик Masdar фотоэлектр қурилмасидир. Бугун эса БАА пойтахти Абу-Дабида жаҳонда энг йирик қуёш, Ал-Дафрада қуввати 2 гигаваттлик фотоэлектр (PV) электростанциялари бунёд этилмоқда. Бу қуёш фотоэлектр тизимлари бўйича бир киловатт-соати учун 1,35 центлик энг арзон нархга эга бўлган ва жаҳонда қиёси йўқ илғор лойиҳадир.
Шунингдек, Муҳаммад бин Рашид Ал Мактумнинг қуёш паркини эслатиб ўтиш жоиз. У ҳозирги вақтда босқичма-босқич қурилмоқда ва 2030 йилга бориб якунланади. Бугун парк 1 ГВт электроэнергия ишлаб чиқармоқда ва иккала қуёш электротехнологиясидан (PV ва CSP) фойдаланиш асносида бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 5 ГВтга етиши кутилмоқда. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада қуёш энергияси ёрдамида водородни электролизлайдиган биринчи қурилма ҳамда Соф технологиялар инновацион маркази ушбу мажмуа таркибидан ўрин олган.
2050 йилгача бўлган давр учун мўлжалланган Миллий энергетика стратегияси йўлга қўйилгач, мамлакатимиз энергетика соҳасида ўтишнинг турли кўрсаткичлари ўзгарди. 2020 йилда араб қитъасида илк атом электростанцияси – «Барака» АЭС ишга туширилди. У тўртта тинч ядро энергетика реакторидан иборат бўлиб, 2024 йилда уларнинг умумий ишлаб чиқариш қуввати 5600 мегаваттга етиши кўзланмоқда.
Муқобил энергия бутун дунё бўйлаб юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Ривожланган мамлакатлар орасида муносиб ўрин эгаллашга интилишимиз ҳамда қазилма энергия манбаларимиз чексиз эмаслигини англашимиз бизни энергия ишлаб чиқаришнинг ушбу соҳасини ривожлантириш бўйича чоралар кўришга даъват этди.
– БАА энергия тизими умумий қувватининг қанча фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади? Гарчи БАА нефть захираларига бой мамлакат бўлса-да, давлат ушбу соҳага ёрдам берадими?
– Энергетика ва инфратузилма вазирлиги 2017 йилда БААнинг биринчи узоқ муддатли энергетика стратегиясини йўлга қўйган эди. Ушбу стратегия энергия самарадорлигини 40 фоиз ошириш эвазига электроэнергетика қувватлари тизимида 50 фоиз соф энергия олинишини мақсад қилди. Белгиланган вазифалар маҳаллий манфаатдор томонларнинг кўп қиррали ҳамкорлиги меваси бўлиб, бу ҳамкорлик энергия истеъмолини моделлаштириш билан тўлдирилди. Ҳар бир амирликдаги маҳаллий манфаатдор томонлар экологик соф энергия бўйича узоқ муддатли мақсаднинг 50 фоизига эришишни қўллаб-қувватлаш режасини ишлаб чиқишди. Улар энергияни мустақил ишлаб чиқарувчи (IPP) режим орқали ёки маҳаллий ҳокимият органларининг бюджетлари ва соҳа инвестиция режаси ҳисобига лойиҳа қийматини қопладилар.
– Абу-Дабида Mubadala Corporation иштирокида жаҳонда ўхшаши йўқ Маsdar-City номли экошаҳар бунёд этилмоқда. Ушбу ноёб ва улкан лойиҳа ҳақида бизга кенгроқ маълумот берсангиз.