- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Chortoq tumani

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 14.10.2016 @ 11:26 In Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Наманган вилояти мамлакатимиз иқтисодий сало­ҳияти, маънавий ва маданий ривожланишида етакчи ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таъбирлари билан айтганда: «Бу халқ ўзи­нинг меҳ­нат­севарлиги, одамийлиги, хушмуомаласи, меҳр-оқибати билан кишида ҳавас уйғота­ди». Дар­ҳақиқат, вилоятнинг сўлим, табиати бетакрор Чор­тоқ тумани аҳли ҳам ўз меҳнат­каш­лиги, ҳар ишда омилкорлиги билан ажралиб туради. Туман марказини, обод қишлоқ­ларини кезаркансиз, амалга оширилаётган кенг кў­лам­ли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.
     Ҳукуматимиз томонидан барча соҳаларга самарали татбиқ этилаётган ислоҳотлар боис, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалиб, фаровонлик тобора ортмоқда. Таъкидлаш жоизки, эришилаётган ютуқлар Чортоқ тумани аҳли ҳаётида ҳам кат­та ўзгаришлар ясаб, аҳоли турмуш тар­зи йилдан-йилга юксалмоқда. Қай­си соҳани қараманг, қишлоқ хўжали­ги ёки саноат, ишлаб чиқариш ёхуд қурилиш-пудрат, савдо ёки хизмат кўр­сатиш, қўйингчи, барчасида меҳ­нат аҳли фидойилиги, салмоқли натижаларнинг ёрқин изи бор. Бу эса, Наманган вилояти ижтимоий-иқтисо­дий нуфузининг ортишига муносиб ҳис­са бўлиб қўшилмоқда.
     Қайд этилганидек, аҳоли турмушининг тобора ободлашаётгани, меҳ­нати маҳсулидан баҳраманд бў­лиш­га ишончнинг юқорилиги ва ҳаёт­дан мамнунлик омиллари мус­таҳ­кам таг-заминга эга эканлиги, албатта, ижти­моий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилади. Ўз ҳаётидан кўнгли тўқ, амалга ошираётган ишидан мамнун, фар­зандлари келажагига қатъий ишончи бор кишигина катта ва буюк ишларга қўл уради. Шу каби инсоний муносабатларни англаш билан бутун фаолиятимизни мана шу мантиққа асосланган тарзда ташкил қилмоқ­дамиз. Шу билан бирга, шубҳасиз, иж­тимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваф­фақиятли, босқичма-босқич татбиқ этилиши, ҳукуматимиз томонидан иш­лаб чиқилган ҳаётий дас­турлар иж­роси таъминланиши ҳам ўз самараларини бермоқда. Яратувчанлик, бун­ёдкорлик ишлари изчил олиб борил­ган жойда эса, албатта, иқти­содий юксалиш, фаровонлик ва тўкинлик барқарор бўлади. Чортоқ туманининг асосий иқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратсак, юқо­ридаги таъриф ўз исботини топаётганига ишонч ҳо­сил қиламиз.
     2015 йили туманда барча турдаги саноат корхоналари томонидан 61 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқа­рилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш 106,2 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, аҳоли истеъмол моллари иш­лаб чиқариш 116,5 фоизга ўсиб, 55,1 млрд сўмга тенг бўлди.
     Маҳаллий аҳоли вакиллари азалдан деҳқончилик, мева-сабзавотчилик билан шуғулланиб келади. Мус­тақиллик туфайли деҳқону боғбон­ларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар қишлоқ аҳли имкониятларини янада кенгайтирди. Натижада, етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳ­сулотлари нафақат ўз эҳтиёжи­мизни қондирмоқда, балки хорижга ҳам чиқарилмоқда. Бу борада чор­тоқлик соҳибкорлар бошқаларга ҳар жиҳатдан намуна бўлмоқда, десак асло муболаға эмас. Ҳосилдорлик ортаётгани сабабли, ҳисобот даврида ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулот­лари ҳажми барча турдаги хўжалик­лар ҳисобига ўтган йилга нисбатан 107 фоизга ўсиб, 283,5 млрд сўмни ташкил этди.
     Жумладан, ўтган йили чакана савдо айланмаси 165,8 млрд сўмни, пулли хизмат кўрсатиш 87,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 109,9–114 фоизга тенг бўлди. Барча хўжаликлар томонидан 33085 тонна дон, 70096 тонна сабзавот, 23712 тонна картошка, 4208 тонна полиз маҳсулотлари, 29495 тонна мева ва резаворлар, 14206 тонна узум, 334 тонна мойли экинлар, 8441 тонна гўшт, 44110 тонна сут, 26,2 млн дона тухум, шунинг­дек, 75 тонна асал, 50 тонна балиқ маҳсулотлари тайёрланди. Айниқса, туманда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш­га алоҳида аҳамият қаратаётга­нимиз, ўйлайманки, ютуғимизнинг асосини ташкил қилади. Жорий йилда 15,1 минг тонна мева, 34,7 минг тонна узум, 79,6 минг тонна сабзавот, 26,7 минг тонна картошка, 4,5 минг тонна полиз маҳ­сулотлари ишлаб чиқариш режалаш­тирилган.
     Туманимиз иқтисодий салоҳия­тини оширишга оид дастурлар ижроси ҳам айтиш мумкинки, тўлиқ таъ­мин­ланмоқда. Жумладан, саноат со­ҳаси бўйича 18 та лойиҳа ижросига жа­ми 4,3 млрд сўм сарфланиб, 217 та янги иш ўрни яратилди. Қишлоқ хў­жалиги соҳасини ривожлантириш бў­йича 102 та лойи­ҳа ижросига 12,3 ­млрд сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида, қўшим­ча 502 та иш ўрни ташкил этилгани эса, шунча оила муқим даромад манбаига эга бўлди, деганидир. Лойиҳа­лар бўйича янги маҳсулот турларини ишлаб чи­қаришда «Зам-зам текс» МЧЖда тў­қувчилик, «Элдор» МЧЖда йўлак плиткаси, брусчатка, «Кўшан» МЧЖда пишган ғишт, кондитер маҳ­сулотлари ишлаб чиқа­рувчи «Чортоқ Мунира ширинлик» МЧЖ ҳар жи­ҳатдан бош­қаларга намуна бўлмоқда.
Шунингдек, «Чортоқ Ломман парранда» ХК томонидан тикувчилик маҳ­сулотлари, «Водий соф қоғози» МЧЖ­да қоғоз маҳсулотлари, «Анор­тоғ насл­чилик бўрдоқичилик» фермер хўжа­лиги томонидан сутни қайта ишлаш бо­расидаги лойиҳалар бўйи­ча амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бутун мамлакатимиздаги каби Чор­тоқ туманида ҳам корхоналарни замон талабига мос қилиб қайта жи­ҳозлаш, импорт ўрнини босувчи маҳ­сулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳа­лар амалга оширилмоқда. Жорий йил­да туманда Маҳаллийлаштириш дас­турига киритилган «Муҳаммад Ибро­ҳим шифо мед» хусусий корхонасида маҳаллий хомашёдан фойдаланиб, импорт ўрнини босувчи тиббиёт қоп­қоқлари ишлаб чиқариш йўлга қўйил­ди. Таъсисчилар яқин келажакда мо­дернизация ишларини олиб бориб, хорижга ҳам маҳсулот чиқариш­ни ре­жалаштирмоқда. Вилоятда бўлиб ўтаётган анъанавий ҳудудий яр­марка ва кооперация биржалари эса ҳам­кор­лар топиш, ўзаро битимлар тузишда кўприк вазифасини ўтамоқ­да.
     Ҳукуматимиз чет эллик сармоядорларга қулай шарт-шароитлар яратиб бераётгани уларнинг мамлакатимизда бизнес юритиш имкониятини оширмоқда. Бу эса, юртимизнинг бар­ча ҳудудларида бўлгани каби Чор­тоқ туманида ҳам турли соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва самарали фаолият юритиш имконини бер­моқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, пахта толасидан калава ип ишлаб чи­қарувчи «Чортоқ дейхан текстиль» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ҳамда «Чортоқ азия агрофрукт» МЧЖ экспортёр корхоналар қаторига бу йил «Намсиб агро бизнес» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, «Боғис­тон» ва «Чортоқ гулшани» агрофирмалари ҳам қўшилди. Натижада, маҳ­су­лотларини хорижий бозорларга чи­қараётган корхоналар сони бештага етди.
     Қувонарлиси, 2016–2019 йилларда туманда ўнта корхонанинг ишга туширилиши режага ки­ритилган. Шун­дан тўрттаси жорий йил­да фаолиятини бошлайди. Улар орасида «Чор­тоқ минерал вотер» МЧЖ ҳам бор. Мазкур корхона «Чор­тоқ» ичимлик сувини жаҳон андозалари даражасида қадоқлаб, нафақат маҳаллий, балки хорижий истеъмолчиларга ҳам етказиб беришни режалаштирган.
     Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини мунтазам ошириб бориш ижтимоий-иқтисодий ислоҳот­ларнинг бош мақсад-муддаоси ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимиз­да аҳоли саломатлигини асраш, «Cоғ­лом она ва бола йили» давлат дасту­ридан келиб чиқиб тиббий маданиятни ошириш, намунали тиббий хиз­мат кўрсатиш билан боғлиқ ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун чекка қишлоқлардаги саломатлик марказлари энг сўнгги даволаш, ташхис қўйиш ускуналари билан жи­ҳозлангани айни муддао бўлмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига қараш­ли марказий шифохонада лойиҳа қий­мати 3,2 млрд сўмлик кенг қам­ровли реконструкция, қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Қола­верса, ту­манда яна кўплаб янги тиб­биёт мас­канлари барпо этилмоқда.

Xaydarov-1

Мақоланинг давоми [2]


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/8549.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/8549.html/print

[2] Мақоланинг давоми: http://evu.uz/magazine/8554.html

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.