Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши иқтисодиёт тармоқларига, илм-фан равнақига ва ижтимоий соҳаларга жалб қилинаётган инвестициялар, уларнинг ҳажмлари ҳамда самарали фойдаланиш даражасига боғлиқ. Бунга иқтисодиёти ва ижтимоий соҳалари жадал тараққий этаётган бир қатор Шарқий Осиё мамлакатларининг ривожланиш тажрибаси яққол мисол бўла олади. Ушбу мамлакатларда иқтисодиёт бирмунча танг аҳволда бўлишига қарамасдан, ўта муҳим тармоқларга ички ва ташқи инвестиция маблағлари қатъий назорат асосида жалб қилинмоқда. Натижада, мазкур мамлакатлар қисқа даврда жаҳон иқтисодиётида катта ўрин тутиб, йиллик ўсиш суръатлари ва кучли илмий салоҳиятини намоён этмоқда.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов «Биз оддий бир ҳақиқатни доимо эсда тутишимиз даркор. Яъни, сармоясиз тараққиёт йўқ, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди», деб жуда оқилона фикрни башорат қилган эдилар.
Мамлакатимизга кейинги йилларда катта ҳажмдаги инвестиция маблағлари жалб қилиниб, жуда кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Буни республикамизнинг барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, бу ҳудуд иқтисодиётига киритилган инвестициялар миқдори 2016 йил натижаларига кўра 3,7 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, қурилиш тармоғи ялпи ҳудудий маҳсулотда етакчи ўринлардан бирини эгаллаган ҳолда, 9,3 фоизни ташкил этди.
Сўнгги уч йилда республика иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар 13,6 трлн сўмни ташкил қилган. Ўзлаштирилган инвестицияларнинг 2,3 трлн сўми (16,9 %) марказлашган ва 11,3 трлн сўми (83,1 %) марказлашмаган манбалар улушига тўғри келмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имтиёзлар ва преференциялар натижасида жалб қилинаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори кейинги уч йилда ўртача 1,6–1,8 трлн сўмни ташкил қилиб, жами марказлашмаган инвестицияларнинг 51–52 фоизига тўғри келмоқда. Бунда, албатта, корхоналарнинг ўз маблағлари ва тижорат банклари кредит маблағлари ҳам салмоқли ўрин тутмоқда.
Жами инвестициялар миқдорининг 80–82 фоизи ишлаб чиқариш соҳаси улушига тўғри келиши, тармоқларининг ривожланиши бўйича катта миқдорда қурилиш ишларининг олиб борилаётганлигини кўрсатмоқда. Натижада, 2014–2015 йилларда ҳудудда кимё, нефткимё соҳаларида йирик лойиҳалар ҳаётга жорий қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига мувофиқ, кейинги уч йилнинг ўзида саноат соҳасида 856 та ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилди, 18 мингдан зиёд фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлди. Лойиҳаларни амалга оширишда энг муҳим омиллар сифатида барча манбалардан жалб қилинган 295,1 млрд сўм ва 30,2 млн долларлик инвестициялар салмоқли роль ўйнади.
Хусусан, 2015 йилда фойдаланишга топширилган «UZ-KOR GAS CHEMICAL» МЧЖ шаклидаги ҚКнинг Устюрт газ-кимё мажмуаси нафақат мамлакат, балки жаҳон миқёсида «энг самарали лойиҳа» сифатида тан олингани бу борадаги бунёдкорлик ишлари кўлами ва аҳамиятини яққол намоён қилмоқда.
2012 йилда қурилиши бошланган газ-кимё мажмуаси қуввати 4,5 млрд м3 табиий газни қайта ишлаб, 4 млрд м3 товар гази, 400 минг тонна турли зичликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тонна пиролиз бензинини ташкил этади.
Мажмуанинг умумий қиймати 4,16 млрд доллар, 2016 йилда жами 2,8 млрд метр куб табиий газ қазиб олиниб, 1859,1 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан 792 млрд сўмлик 3750,9 млн метр куб табиий газ, 774,3 млрд сўмлик 327,1 минг тонна полиэтилен, 157 млрд сўмлик 77,1 минг тонна полипропилен, 19,5 млрд сўмлик 77 минг тонна пиролиз дистиллят ва 91,7 минг тонна конденсат газ, 408,4 млн кВтч электр энергияси ишлаб чиқарилди. 354,4 млн долларлик 417,9 минг тонна (юқори сиғимдаги полиэтилен ва полипропилен) маҳсулотлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Италия, Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби ўндан ортиқ давлатларга экспорт қилинди. Қорхонада бугунги кунда 1400 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, уларнинг 300 дан зиёди касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
Қорақалпоғистон Республикасида шунингдек, йирик инвестициялар эвазига енгил саноат, ун-дон саноати, ёғ-мой саноати таркибидаги йирик корхоналарда катта ҳажмдаги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Диверсификация ва модернизация ишлари натижасида ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган 10 дан зиёд янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди.
Қўнғирот сода заводида 109,5 млн доллар инвестиция ҳисобига корхонанинг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилди. Натижада, корхонада кальцийланган сода ишлаб чиқариш қуввати йилига 200 минг тоннага етди, қўшимча 300 га яқин иш ўринлари яратилди.
Инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида Қўнғирот туманидаги «New Global» МЧЖда аргон газ (инерт газ), Нукус шаҳридаги «Tidy-Vita» МЧЖда синтетик кир ювиш воситалари, Тўрткўл туманидаги «Хуршид Ворис» МЧЖда каустик сода, Амударё туманидаги «Амударё чарм тайёрлов савдо» ширкатида пойабзал, Беруний туманида «Ҳайдар-Бекполат» корхонасида шпатлёвка, мих ва рубероид, Тўрткўл туманидаги «Сантехника Тўрткўл» корхонасида раковина, ванна ва унитаз, Хўжайли туманидаги «Нурбек Оқ Олтин» корхонасида аккумулятор, Қораўзак туманидаги «Сверхбелпроект» МЧЖда вермикулит концентрати, Чимбой тумани «Колдасбаева Мырзахан» МЧЖда кир ювиш воситалари, Мўйноқ тумани «Artemia group» МЧЖ артемияни қайта ишлаш, Қўнғирот туманидаги «Қўнғирот теплица» корхонасида ёнилғи брикети, Қонликўл тумани «Наурызлы Истам» ФХда сметана, музқаймоқ ва йогурт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди.
Жалб қилинаётган салмоқли сармоялар, кенг кўламли қурилиш-пудрат ишлари Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий соҳаларнинг ҳам ривожланишига имкон яратмоқда. Кейинги уч йилда 2,1 млн кв.м тураржой, шу жумладан, намунавий лойиҳалар асосида 1945 та уй-жойлар, 70 та умумтаълим мактаблари, 30 та касб-ҳунар коллежлари, олис туман марказларида барча шароитларга эга олтита замонавий мусиқа мактаблари фойдаланишга топширилди.
Республикада ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳага сармояларни жадал жалб этиш, қурилиш-пудрат ишлари ҳажмини кескин оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республиканинг олис туманларига инвестиция киритиш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш борасида қабул қилинган қарорлар ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 январдаги «2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги қарори асосида саноат соҳасида кўплаб микрофирмалар ва кичик корхоналар ташкил этилди.
Бундан ташқари, ушбу қарорда Оролбўйи минтақаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, янги иш жойлари яратиш, экологик ҳолатни яхшилаш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий донорларнинг техникавий кўмак маблағлари (грантлари)ни жалб этиш кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017–2018 йиллар давомида иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, 2017 йил 1 апрелдан 2027 йил 1 январга қадар «Мўйноқ» кичик саноат ҳудуди майдонида саноат ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи янгидан ташкил қилинадиган тадбиркорлик субъектлари барча солиқ турларидан озод қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ушбу ҳудудда рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йил 1 апрелдан 2022 йилнинг 1 январигача мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади.
Хулоса қилиб айтганда, яратилаётган ушбу имтиёз ва имкониятлар шубҳасиз келгусида Қорақалпоғистон Республикасида инвестициялар миқдорининг ошишига, қурилиш-пудрат ишлари ҳажмларининг жадал ўсишига, иқтисодий ва ижтимоий соҳада кўплаб лойиҳаларнинг амалга оширилишига имкон яратади. Бу эса, ҳудуд тараққиётига, аҳоли фаровонлигига, турмуш даражаси янада яхшиланишига ижобий таъсир этади.
Баҳромжон ГУЛИМОВ,
иқтисод фанлари номзоди