Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Молия-кредит тизими ҳудудларга инвестициялар жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган иқтисодиётнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига кўра, самарали молия-кредит тизимини яратиш барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришишда муҳим омилдир. Ушбу фикримизни асослашдан олдин молия-кредит тизими тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Academic интернет сайтида молия-кредит тизимига қуйидагича таъриф берилади, яъни: «молия-кредит тизими, бу – макроиқтисодий тизимнинг муҳим элементи бўлиб, у давлатнинг молиявий ва кредит сиёсати амалга оширилишини таъминлайди ҳамда молия бозорини тўлиқ қамраб олади. Шу билан бирга, бирламчи ва иккиламчи бозорларни ўзаро боғлайди». Россиялик Н.И. Куликов, Л.С. Тишина ҳамда Е.Ю. Бабенколар таърифига кўра: «молия-кредит тизими – молия-кредит муносабатларининг турли-туман бўғинлари йиғиндиси сифатида пул маблағлари фондларини шакллантириш ва ишлатишда ўзига хос хусусиятлар ҳамда ижтимоий такрор ишлаб чиқаришдаги турлича вазифаларни бажаради. Молия-кредит тизими ўз ичига марказлашган ва номарказлашган молиявий маблағларни, шунингдек, уй хўжаликлари молиясини қамраб олади».
Ушбу тизимларнинг ҳар бири соҳаларга, бўғин ва бўлинмаларга бўлинади. Молия-кредит тизимининг ҳар бир элементи ўз ташкилоти, фаолият кўрсатиш механизми ҳамда ўз тартибига эга бўлишига қарамасдан, барчаси ўзаро бир-бири билан узвий боғланган шаклда миллий иқтисодиётнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Марказлаштирилган молия тизими давлат молиявий механизмларидан иборат бўлиб, улардан бутун миллий иқтисодиётни тартибга солиш мақсадида фойдаланилади. Яъни, хўжалик субъектлари ва фуқароларнинг пул маблағлари давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларда ижтимоий эҳтиёжларни қондириш учун йиғилади. Номарказлашган молия бўлса, хўжалик субъектларининг пул маблағи, яъни: (даромад ва жамғармаларини) товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш, шунингдек, капитал ва ишчи кучини такрор ишлаб чиқаришга йўналтиради. Бу эса, номарказлашган молиявий тизимчанинг асосини ташкил этади. Молиявий ресурсларнинг асосий қисми корхоналарга тааллуқли эканлиги сабабли, унинг барқарорлиги корхоналарнинг молиявий ҳолатига боғлиқ бўлади.
Уй хўжаликлари молияси, бу – фуқаролар пул маблағларидан иборат бўлиб, улар жамиятнинг алоҳида иқтисодий ячейкаси доирасида амал қилади. Уй хўжаликларининг молиясидан шахсий ва оилавий эҳтиёжларни қондириш мақсадида фойдаланилади ва у фуқаролар турмуш тарзининг моддий асосини ташкил этади. Ушбу молия даромадлар ва харажатларга ажратилади, яъни: оила аъзолари меҳнатига тўланадиган ҳақ; тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромадлар, шахсий мулк ҳамда кредит-молия операцияси; давлат нафақалари, ёрдам пули, стипендия ва бошқа ижтимоий трансфертлардан иборат бўлади. Уй хўжаликлари харажатлари учта гуруҳга бўлинади: истеъмол харажатлари (истеъмол товарлари, узоқ муддатли товарларни харид қилиш ҳамда хизматлар тўлови); солиқлар, мажбурий тўловлар ва ихтиёрий бадаллар; пул жамғармалари.
Кредит тизимчасида Марказий банк асосий ўрин эгаллайди. Айнан Марказий банк пул банкноталарини мутлақ эмиссия қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, Марказий банк давлат олтин ва валюта захиралари ва бошқа кредит муассасалари захира фондини сақлаш; иқтисодиётни пул-кредит орқали тартибга солиш; тижорат банкларини кредитлаш ва давлат муассасалари учун касса хизматларини амалга ошириш; ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш; кредит муассасалари фаолиятини назорат қилади.
Тижорат банклари эркин пул маблағларини йиғади ҳамда хўжалик субъектлари учун кредитлар беради. Шунингдек, ҳисоб-китобларни амалга ошириб, бутун миллий хўжалик кўламида тўлов айланмасини ташкил қилади ва бошқа операциялар (жумладан, комиссион ва воситачилик ҳамда фонд бозоридаги операциялар)ни бажаради. Эмиссия қилмайдиган банклар орасида фаолияти алоҳида операцияларни бажаришга қаратилган ихтисослашган банклар ўзига хос ўрин эгаллайди. Жумладан, инвестицион банклар қимматли қоғозларни чиқариш ва фонд бозорида жойлаштириш операцияларини ўтказади. Улар ўз капиталидан турли-туман хўжалик тармоқларини узоқ муддатли кредитлаш мақсадида фойдаланади. Ипотека банклари кўчмас мулкларни гаровга қўйиш асосида кредитлар беради.
Молия-кредит тизимининг кредит тизимчалари банк соҳасидан ташқари парабанк соҳасидан иборат бўлиб, ушбу соҳага кенг гуруҳдаги жамғариш муассасалари, яъни ўзаро жамғарма кассалари, ишончли жамғарма банки, ссуда – жамғарма ассоциациялари, кредит ширкатлари ва бошқа муассасаларнинг барчаси майда жамғармалар ҳамда даромадларни жалб қилишга ихтисослаштирилган тарзда кредит тизимининг ёрдамисиз ҳаракат қилиш лаёқатига эга эмас.
Умуман, молия-кредит тизимининг молиявий ва кредит тизимчалари бир-бири билан узвий боғланган бўлиб, улар молия муассасалари, кредит ташкилотлари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият турлари учун хизмат қилади. Марказий банк ҳамда тижорат муассасалари бюджет маблағларини тўловчи ва қабул қилувчилар учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширади. Марказий банк давлат бюджетини шакллантиришда ахборот маркази ролини ўтайди, яъни, давлат бюджети маблағларини қабул қилувчиларнинг тадбиркорлик ва бошқа фаолият турларидан олинган маблағлари тўғрисидаги маълумотларни ҳукуматга тақдим этади, ҳукумат бюджет маблағлари ҳажми ва улардан фойдаланиш йўналишлари мониторингини амалга оширади.
Молия-кредит тизими ҳудудларнинг инвестициялар оқими ва инвестицияларни жалб қилишга таъсир кўрсатади. Яъни, ҳар қандай инвестор, жумладан, хорижий инвестор маълум ҳудудга ўз инвестициясини киритиш ва ривожлантиришда молия ва кредит тизимчаси қай даражада ривожланганлигига эътибор қаратади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, молия-кредит тизими самарали ташкил этилганлиги ички ва ташқи инвесторларни жалб этади. Тараққий этган давлатларнинг кредит тизимчасидаги парабанк соҳаси яхши ривожланган. Ғарбий Европа ва жануби – шарқий Осиё мамлакатларидаги экспорт-кредит агентликлари Эксимбанкларнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари экспорти учун ажратадиган кредит-суғурта хизматлари учун ихтисослаштирилган бўлиб, ушбу ҳолат ҳудудлардаги суғурта хизматлари рақобатбардош эканлигидан далолат беради. Бу эса, ҳудудларга инвесторлар қизиқишларини янада ошириш учун хизмат қилади.
Биз, қуйидаги фикр-мулоҳазаларимиз орқали инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимлари фаолияти қай даражада ташкил этилиши керак, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз, яъни:
● ҳудудларда эркин тадбиркорликка асосланган бозор муносабатлари ривожлангани сари, ушбу субъектларга хизмат кўрсатадиган молия-кредит тизимининг институционал асослари ҳам ривожланиб боради. Бу эса, ҳудудларга ички ва ташқи инвестицияларнинг кириб келиши учун қулай шарт-шароитлар тизими яратилишига замин яратади;
● айни пайтда дунёдаги кўплаб ривожланган мамлакатлар маълум ҳудудларни эркин иқтисодий ҳудудларга айлантириш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга эътибор бермоқда. Бу борада жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳудудларнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун биринчи навбатда, улардаги молия-кредит тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади;
● ҳудудларда инновациялар ва юқори технологияларга асосланган замонавий ишлаб чиқаришларни ривожлантиришда ҳам молия-кредит тизими ўзидаги молиявий имтиёзлар билан инвестициялар жалб қилинишини қўллаб-қувватловчи асосий тизим ҳисобланади. Масалан, АҚШда жойлашган юқори даражада ривожланган Силикон водийсида венчур, яъни, рискли капитал эгаларини қўллаб-қувватлаш сиёсати бир-неча йиллардан буён ушбу ҳудуднинг дунёдаги машҳур инновацияларни яратувчи ҳудуд номини қозонишига сабаб бўлди.
Дарҳақиқат, инвестицион имкониятлар ва инвестицион салоҳиятни оширишнинг энг муҳим шарти – мазкур ҳудуддаги молия-кредит тизимининг ривожланганлик даражаси билан боғлиқ. Яъни, ҳам молия, ҳам кредит тизимчаларининг барча соҳа ва бўғинлари бир хил даражада ривожланганлигида ўз ифодасини топади. Бу инвестицияларни жалб қилиш суръатларини янада оширишга хизмат қилади.
Россиялик О.В. Беспалова ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизими самарадорлигига таъсир қилувчи омилларни икки гуруҳга бўлади: яъни, молия-кредит тизими самарадорлигига кенг кўламда таъсир этувчи омиллар (бунда молия-кредит тизимининг қандайдир битта элементига эътибор қаратилмайди); молия-кредит тизими самарадорлигига тор маънода таъсир қиладиган омиллар (бунда молия-кредит тизимининг қандайдир битта элементига эътибор қаратилади).
Биринчи гуруҳ омиллари, яъни молиявий-иқтисодий омиллар гуруҳининг таркибини тадқиқ этишда М. Абрамова, М.Ю. Головнин, С.Е. Дубова, С.В. Кузнецова кабиларнинг илмий ишларидан фойдаланилди. Ушбу гуруҳ омилларидан бюджет соҳаси ҳолати омили ҳар қандай ҳудуд учун муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат ҳудуднинг молиявий имконияти ва ҳудуддаги хўжалик субъектларини муваффақиятли иқтисодий ривожланиш даражаси, балки бюджетдан ҳудуд ривожланишига бериладиган эътибор, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланишдаги эркинлик даражасини билдиради.
Иккинчи гуруҳ омиллари, яъни ташкилий-иқтисодий омилларни ўрганишда Ю. Ф. Борисов, Г. Г. Фетисов, О. И. Лаврушин ва И. Д. Мамоновалар илмий ишларидаги молия-кредит тизими шаффофлиги омилларига эътибор қаратадиган бўлсак, бу инвесторларни ҳудуд иқтисодиётига жалб қилишдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Молиявий-иқтисодий омиллар гуруҳини тадқиқ этиш жараёнида Т.Г. Ильинава, О. П. Овчинниковалар илмий ишларида қайд этилган асосий жиҳатларга эътибор қаратилди. Ҳудудлардаги банк тизими барқарорлиги ҳар қандай инвестицияни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Инвестициялар оқими барқарорлигини таъминлашда банклар ўзининг кўплаб функциялари, шу жумладан, инвестициялар кафолатини ўташ функцияси билан энг фаол институционал объектлар ҳисобланади.
Учинчи гуруҳ – ижтимоий омиллар гуруҳини тадқиқ этишда америкалик Зви Боди, Алекс Кейн ҳамда Алан Маркусларнинг «Инвестициялар» асарида, молия-кредит тизими фаолиятини таъминлашга қаратилган тадбирлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий ҳолатларнинг ҳисобга олиниш даражаси муҳим ижтимоий омил эканлиги қайд этилади. Дарҳақиқат, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ҳудудлар молия-кредит тизими замонавий талабларга жавоб бериши, яъни тадбиркорлик муносабатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан ажралиб туриши зарур.
Масалан, Ҳиндистондаги «Bank of India», яъни Ҳиндистон Банки тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган юридик ҳамда жисмоний шахсларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Банкнинг муҳим тадбиридан бири – тадбиркорлик билан шуғулланадиган шахсларга ҳеч қандай гаровларсиз энг яхши бизнес-лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар беришдан иборат. Бу эса, табиий равишда, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган шахслар учун қулай имкониятларни яратиб беради. Банкнинг бундай сиёсати ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш учун шарт-шароит яратмоқда.
Умуман, ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига таъсир қилувчи кенг маънодаги ҳамда тор маънодаги омиллар гуруҳлари ўртасидаги асосий фарқларни қуйидагилар орқали ифодалаш мумкин, яъни:
● молия-кредит тизимига таъсир этувчи кенг маънодаги омиллар – макродаражадаги омиллар бўлиб, улар нафақат давлат молия-кредит тизими билан ҳудудлар молия-кредит тизимлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ифода этади, балки ҳудудлардаги молия-кредит тизимига таъсир кўрсатадиган ташқи, яъни халқаро бозорлардаги иқтисодий омиллардан ҳам иборат бўлади;
● молия-кредит тизимига тор маънода таъсир қиладиган омиллар асосан ҳудудлар даражасида татбиқ этилади. Улар бевосита ҳудудларнинг ўзида инвестицияларни жалб қилишда ҳудудий молия-кредит тизимига таъсир қиладиган омилларни қамраб олади.
Биз, юқорида ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, молия-кредит тизими самарадорлигига таъсир қиладиган омиллар таснифини россиялик ҳамда хорижлик мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини илмий-назарий таҳлил қилиш асосида келтириб ўтдик. Шундай қилиб, ушбу омиллар жумласига қуйидагиларни киритишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз: ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати; ҳудудларга инвестициялар жалб қилишнинг ҳолати; ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимининг тутган ўрни.
Ҳудудларнинг ривожланиш ҳолати инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига таъсир этадиган барча ижтимоий-иқтисодий омилларни ифода этади. Шу ўринда айтиш жоизки, инвестицияларни жалб қилиш оқимининг кўпайиши, молия-кредит тизимининг ривожланиши биринчи навбатда ҳудуддаги иқтисодий ривожланиш даражасига боғлиқ бўлади. Ҳудудларга инвестицияларни самарали жалб қилиш туфайли, янгидан-янги ишлаб чиқариш субъектлари, бино ва иншоотлар ҳамда ривожланаётган инфратузилмалар вужудга келади.
Зулкуфиддин ЧОРИЕВ,
ТДИУ тадқиқотчиси