Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини катта шодиёналар, улкан меҳнат зафарлари билан нишонламоқда. Чорак аср – тарихан жуда қисқа вақт бўлса-да, мамлакат ва халқнинг ҳаётида асрга татигулик ўзгаришлар содир бўлди. Яъни, энг аввало, кучли сиёсий ирода, мавжуд муаммоларнинг чуқур талқини, ривожланишнинг аниқ стратегияси ҳамда давлат ва жамият манфаатлари уйғунлигига эришилиши натижасида кўзланган аниқ мақсаднинг рўёбга чиқиши таъминланди.
Ўтган асрнинг 90-йилларини кўз олдимизга келтирайлик: Ўзбекистон ноёб табиий-иқлим шароитларига, улкан минерал хомашё ресурсларига, саводхон ва меҳнаткаш, тартибли халқига эга бўлишига қарамай, аҳоли жон бошига оладиган даромади бўйича дунёдаги энг камбағал давлатлардан бири эди. Бунинг асосий сабаби шунда эдики, марказлаштирилган режали тизимнинг умумий қусурларидан бири бедаво касалликка чалинган иқтисодиёт бўлиб, у кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалигига, фақат пахта хомашёси етиштиришга урғу берган ҳолда ривожлантирилди. Ҳозир бу гаплар кишига ғалати туюлар, аммо республикамиз катта миқдорда пахта хомашёси етиштиришига қарамай, ундан тайёрланган маҳсулотлар бошқа республикалардан келтирилар эди. Бу ҳолат саноат, минерал хомашёлари ишлаб чиқаришда ҳам кузатилар, умуман, республикада қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони жуда кам бўлган. Рақамлар билан мулоҳаза юритганда, 90-йиллар бошида республика иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги энг устувор соҳа ҳисобланиб, ялпи ички маҳсулотдаги улуши учдан бирни, пахта тозалаш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини қамраб олувчи саноат соҳасининг улуши эса, бор-йўғи 14 фоизга яқин эди.
Ана шундай шароитда Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлининг бошидаёқ, икки муҳим ва долзарб иқтисодий трансформацияни амалга оширишни олдига мақсад қилиб қўйди. Биринчиси – хўжалик юритишнинг марказлашган – режали тизимидан бозор иқтисодиётига ўтиш, иккинчиси – хомашё етиштирувчи аграр тизимдан юқори технологияли индустрияга эга бўлган замонавий иқтисодиётни шакллантириш. Бунда ўз-ўзидан аҳолининг асрлар давомида шаклланган ўзига хос менталитетини, миллий анъана ва урф-одатларини ҳамда турли элат, миллат ва эътиқодга мансуб кишилар турмуш тарзини инобатга олиш ниҳоятда муҳим эди.
Тан олиб айтиш керак, Ўзбекистон шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган тоталитар тузумдаги ягона республика эмас эди. Бироқ, бизнинг омадимиз шунда эдики, ўша пайтда республика бошқарувига уни ҳар жиҳатдан ривожланиши учун ҳисса қўшишга, замонавий тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлашини таъминлашга қодир бўлган, катта ҳаётий тажриба тўплаган Шахс келди.
Ҳа, гап мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов ҳақида. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан республикамиз «шок терапияси», ваучерли хусусийлаштириш ҳамда халқаро молия институтлари ва мутахассисларининг бир хил қолипдаги тавсияларини амалда қўлламай четлаб ўтди. Ушбу йўлдан борган республикалар эса улкан бойликларга, етарли даражадаги мутахассисларга, юқори маданиятга, заҳматкаш аҳолиси бўлишига қарамай, иқтисодий юксалиш босқичига чиқа олмади.
Ўзбекистон Президенти томонидан ишлаб чиқилган, кейинчалик халқаро эътироф бўйича «ўзбек модели» деб номланган ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтиш модели бешта тамойилга асосланади: иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, қонунчилик устуворлиги, давлат бош ислоҳотчи, кучли ижтимоий сиёсат, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш.
Ушбу моделга қатъий риоя қилиниши туфайли 1996 йилда мамлакатимизда бошқа давлатларга нисбатан иқтисодий таназзулга қисқа муддатда барҳам берилиб, макроиқтисодий мувозанат таъминланди ва иқтисодиётнинг тизимли ўзгаришлари билан боғлиқ, бозор тамойиллари асосида ривожланаётган устувор иқтисодий масалаларнинг ҳал этилишига ўтилди. Яъни, бу аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий консенсус асосида олиб борилди.
«Ўзбек модели»нинг барқарорлиги ва муваффақиятини объектив фактлар ҳам тасдиқлайди, масалан: мамлакатимиз минтақавий ва жаҳон иқтисодиётининг 1997–1998, 2008–2009 йиллардаги ва ҳозирги кунгача давом этаётган инқироз даврининг барча «стресс-тестлари»дан муносиб тарзда ўтди. Ушбу даврларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши кузатилмади. Бундан ташқари, сўнгги 11 йил давомида ўсишнинг йиллик ўртача суръатлари 8 фоиздан кам бўлмади ва мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳон конъюнктураси ва ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий шароитнинг энг номувофиқ ўзгаришларига юқори мослашувчанлигини намоён этди.
Даставвал мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий трансформация стратегияси билан чуқур таниш бўлмаганларга 1996 йилда бошланган Миллий дастурлардан бири бўлган таълим ислоҳоти биринчилар қаторида турганлиги қизиқ ҳолатдек туюлган бўлса керак. Эндиликда кўпчиликка дунёда энг кучли рақобат юқори малакали меҳнат ресурслари учун олиб борилиши аён бўлди. Бироқ, эндигина оёққа тураётган мамлакатнинг таълим учун миллиардлаб маблағ ажратиши бошқалар учун кутилмаган ноодатий қарор эди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда уч йиллик касбий таълимни қамраб олувчи мажбурий 12 йиллик бепул умумий таълим тизимига ўтилди. Айни пайтда 1,5 мингдан зиёд касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ёшлар энг етакчи ва долзарб мутахассисликлар бўйича тайёрланяпти. Коллежлар моддий-техник базаси нафақат яхши жиҳозланган ўқув жиҳозлари ва лабораториялар билан, балки энг замонавий ускуналарга эга ишлаб чиқариш устахоналари билан ҳам қамраб олинди.
Бунда жами 8,2 мингдан зиёд замонавий лабораториялар ва компьютер синф хоналари мавжуд бўлган умумтаълим мактаблари қайта қурилиб, капитал реконструкция қилинди. Бугунги кунда ҳам, ислоҳотлар мактабгача таълим ва олий таълим тизимида давом эттирилаяпти. Бундан ташқари, мамлакатимизда бир қатор етакчи хорижий олий ўқув юртлари филиаллари фаолият юритмоқда: Россия (МДУ, Губкин номидаги Россия нефть ва газ институти, Плеханов академияси), Корея (Инҳа университети), Буюк Британия (Вестминстер университети), Италия (Турин политехника институти), Сингапур (Менежмент институти) шулар жумласидандир.
Ўзбекистонда таълим соҳасига ҳар йили сарфланадиган маблағлар ҳажми ЯИМнинг 10–12 фоизини ташкил этади, бу ЮНЕСКО томонидан мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун таълим соҳасига киритилиши тавсия қилинадиган инвестициялар ҳажмидан деярли икки марта кўпроқдир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Президентимиз бошчилигида Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани натижасида ҳозирги кунда республикамиздаги ҳар бир мактабда мажбурий тартибда ёзги спорт майдонларидан ташқари, тўлиқ спорт анжомлари билан жиҳозланган қишки спорт заллари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Барча ўқув юртларида спорт заллари ва иншоотларнинг бунёд этилаётгани боис умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 98,9 фоиз ўқувчилари спорт машғулотларига жалб қилинган. Қолаверса, сўнгги етти йил мобайнида мамлакатимизда 282 та мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, қайта таъмирланди. Бу таълим масканлари ўсиб келаётган ёш авлодни камол топтиришга, уларнинг таълим ва маданий савияларини оширишга хизмат қилади.
1996 йилдан эътиборан таълим ва спорт соҳасига эквивалентда 7,3 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарф қилинди. Ушбу инвестициялар, албатта эрта-индин катта наф келтиради, яъни ўсиб келаётган ёш авлод иқтисодиётнинг барча соҳасига жалб этилаётган энг замонавий технологияларни ўзлаштиришга қодир мутахассислар бўлиб етишади.
Мамлакатимизда экспорт маҳсулотлари нархларининг номувофиқ халқаро конъюнктурасига қарамай, давлат бюджетининг 60 фоиз маблағлари ижтимоий заруратларга йўналтириляпти. Ушбу кўрсаткич 90- йиллар бошида бюджет харажатларининг учдан бир қисмидан ошмаганлиги ҳали ёдимиздан кўтарилган эмас.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Аграр сектордаги вазият жиддийлигига ва қишлоқ аҳолиси сонига нисбатан ер ресурслари чекланганлигига қарамай, Ўзбекистон ерни хусусийлаштириш йўлини танламади. Яъни, хўжалик юритишнинг замонавий фермерлик шаклига ўтилди, ер 49 йилга фойдаланувчига ижарага берилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди. Аграр секторда замонавий технологиялар, жумладан, интенсив боғлар яратишга, томчилатиб суғоришга, юқори технологияли чорвачилик хўжаликлари ташкил этиш ишларига катта эътибор бериляпти. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин, масалан, 1990 йилгача Ўзбекистонга беш миллион тоннадан зиёд ғалла четдан олиб келинар, ўзимизда эса бир миллион тоннадан камроқ ғалла етиштириларди. Бугун республикамизда йилига саккиз миллион тоннадан ортиқ ғалла етиштириляпти. Бу эса, нафақат ғалла мустақиллигига эришдик дегани, балки экспорт қилишга ҳам имконият пайдо бўлди деганидир. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиш суръатлари 6–6,5 фоизни ташкил этиб, 15 йил ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш қарийб 2,5 мартадан зиёдроққа ўсди.
Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати саналади. Шу билан бирга, юртимизда ҳали етарли даражада ишга солинмаётган кўплаб ички имкониятлар ҳам мавжуд. Улардан бири, бу – диёримизда етиштириладиган хуштаъм, мазали, сифатли мева, полиз маҳсулотларимиздир. Бундай сархил меваларнинг сўз билан тушунтириб бўлмайдиган таъми ва чиройини дунёнинг бошқа бирор жойида учратиш амри маҳол.
Мисол тариқасида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Россияга йилига бир неча миллион тонна миқдорида мева ва сабзавотларни янги узилган ҳолда, қуритилган ва қайта ишланган тарзда экспорт қилиш салоҳиятига эга. Маҳсулотларимиз намлиги паст бўлган кескин континентал иқлимнинг ноёб шароитлари туфайли бошқа давлатларнинг маҳсулотларига нисбатан сифати ва таъмининг юқорилиги билан ажралиб туради. Фермерларимизга мева ва сабзавотларни экспорт қилишда кўмаклашувчи, ихтисослаштирилган тарзда ташкил этилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси самарали фаолият юритмоқда.
Пойтахтимизда илк маротаба 12–16 июлда бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси айнан ушбу масалаларни ҳал этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ярмаркада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган барча турдаги ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар тақдим этилди. Унда 170 дан ортиқ маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, қайта ишлаш корхоналари ва экспортёрлар иштирок этиб, ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотларини намойиш этдилар.
Шунингдек, 27 мамлакатдан хорижий қайта ишлаш ва савдо компаниялари, халқаро савдо ташкилотлари, логистика компанияларининг 200 дан ортиқ вакиллари ташриф буюриб, ушбу халқаро тадбирнинг юқори савияда ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этиб, маҳсулотларимизнинг таъми, ширинлилик даражаси ва сифатига юксак баҳо бердилар. Маҳсулотлар намойиши давомида хорижий компаниялар билан уч миллион тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 361 та экспорт шартномалари тузилди. Шартномаларнинг 46 фоизи Россия Федерацияси, 27 фоизи – Қозоғистон, 7,5 – Озарбайжон, 6,8 – Қирғизистон, 3,6 фоизи Корея давлатлари ҳисобига тўғри келди.
Қолаверса, мамлакатимиз экспорт географияси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатлар сафига Шотландия (39,1 минг тонна) ва Янги Зеландия (12,5 минг тонна) мамлакатлари ҳам қўшилди.