Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi – Экономический вестник Узбекистана» журнали таҳририяти сиз азиз ўқувчиларимиз билан яна қайта учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Журналимизга тааллуқли бўлган айрим ўзгаришларни тушунган ҳолда қабул қилишингизга умид қилиб қоламиз.
«O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi – Экономический вестник Узбекистана» журнали – бу шунчаки мамлакатимизнинг энг қадимий нашри эмас, балки ноёб бренд, иқтисодиёт босма сўзининг тарихий мероси ҳамдир. Бугун таҳририятнинг ёш жамоаси 100 йилик тарихга эга нашрни сақлаб қолиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг кўмагида «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi – Экономический вестник Узбекистана» МЧЖ шаклида ташкил этилди. Шу тариқа журнални янги форматда тиклаш учун имконият берилди. Ривожланиш учун янги туртки олган ҳолда, журнал янги вазифаларга ва мамлакатимизни барча соҳаларда ривожлантириш истиқболларига мувофиқ ахборот-таҳлилий материални жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорликда тақдим этишнинг янги, янада юқори даражасига чиқмоқда.
Биз барча олимларга ва журналнинг Таҳририят кенгашига, нашримизнинг салоҳиятига ишонган, унга бефарқ бўлмаган ва машаққатли дамларда бизни маънавий қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирамиз.
Сизнинг ишончингиз ва кўмагингиз туфайли журналимиз ўз фаолиятини яна давом эттиради ҳамда нашримизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган барча манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишга умид қилиб қоламиз. Биз ўз навбатида, сизнинг ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламиз ва зиммамизга олган барча мажбуриятларни муносиб равишда уддалаш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.
«Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»га мувофиқ журнал янги, янада инновацион форматда нашр қилинади. Журналнинг асосий мақсади:
● Марказий Осиё ва МДҲда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда бизнес-коммуникацияларни кенгайтириш;
● минтақанинг ягона ахборот маконини яратиш;
● инновацион жараёнлар ва лойиҳалар доирасида фан ва таълим, маданият ва санъат, иқтисодиёт ва бизнеснинг ҳукумат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши;
● республикамизнинг жаҳон аренасида рақобатбардошлиги ошиши;
● мамлакатимизда инвестициявий муҳитнинг яхшиланиши;
● турли маданий-маънавий дунёқарашларнинг толерантлиги доирасида мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига кўмаклашиш;
● нашрни, минтақаларни ва умуман мамлакатимизни инновацион ривожлантириш муаммоларини муҳокама қилиш халқаро майдончасига айлантиришдан иборат.
Ҳеч нарса жаҳон мамлакатлари ва халқларини биргаликдаги маданий-маърифий ва фан-таълим тадбирлари, тарихий меросни ўрганишга доир тажриба ва билимлар билан алмашиш каби бир-бирига яқинлаштира олмаслиги боис журналда «Маданият иқтисоди» ва бошқа янги рукнларга алоҳида эътибор берилади. Ушбу рукнда журнал саҳифаларида мазкур соҳага тааллуқли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз иқтисодиётига, ватанимизнинг бой маданий, маънавий ва тарихий меросига қўшаётган ҳисса ва унинг аҳамияти ёритиб борилади.
Кўзланган мақсадларни ҳаётга тадбиқ этишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда Таҳририят кенгаши шакллантирилмоқда. Унинг таркиби машҳур олимлар, иқтисодчилар, маданий-маърифий ва молиявий тузилмалар вакиллари, муваффақиятли тадбиркорлар, давлат тузилмалари ва республика ҳукумати вакилларидан ташкил топади, шунингдек, кенгаш таркибига меценат ва ҳомийларни жалб қилиш ҳам режалаштирилган.
Журналимизнинг биринчи сонидан Жиззах минтақаси иқтисодий рейтингининг ошиши ва у ерда инновацион лойиҳаларнинг фаол амалга оширилаётганлиги муносабати билан вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг тақдимоти жой олган. Мақолалар вилоят ҳокимлиги билан биргаликда тайёрланди. Бош муҳаррир саҳифасидан фойдаланган ҳолда мазкур соннинг шаклланишида бизга яқиндан ёрдам берган барча ҳамкорларга ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.
Журналимизнинг кейинги сони мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда ҳозирда Қозоғистонда ўтаётган Ўзбекистон Республикаси йили доирасида икки мамлакатнинг ҳамкорлигига бағишланади. Ушбу сонни республикамизнинг мустақиллик байрами арафасида чоп этишни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилади. Мазкур соннинг тиражини дипломатик корпуслар, меҳмонхоналар, авиайўналишлар, вазирликлар ва идораларга тарқатиш режалаштирилган. Барча манфаатдор шахслар, ташкилотлар ва идораларни ушбу сонни тайёрлаш юзасидан ҳамкорлик қилишга таклиф этиб қоламиз.
Биз сизнинг таклифларингиз, ғояларингиз билан ва мамлакатимиз равнақи йўлида биргаликда ишлашга доимо тайёрмиз! Қадрли муштарийлар, ўқувчилар ва ҳамкорлар таҳририятимиз жамоаси сизнинг ишончингиз ва кўмагингиз учун яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдиради!
Азамов Шохрух