- Экономический вестник Узбекистана - https://evu.uz -

(O´zbek) Hududlarning innovatsion salohiyatini boshqarish strategiyasi

Posted By vestnik1919_is0g0ljt On 15.04.2016 @ 10:55 In № 1/2016,Архив номеров | No Comments

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский [1]”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ҳозирги пайтда ҳудудларни самарали бошқариш бў­йича икки хил қараш мавжуд, биринчиси, ҳудудлар самарали бош­қарилаётган­лигига иқтисодий фао­лиятнинг миқ­дорий кўрсаткичларини қиёслаш орқали баҳо бериш бўлса, иккинчиси, бошқарув аппаратини сақлаш учун сарфланган маб­лағлар миқдо­рида бошқарув қарори, қонун ёки қарорларнинг «ишлаб чиқариш» харажатларида билвосита акс этиши ва унинг нисбатига қараб баҳо беришдир.
     Самарали бошқариш бўйича баҳо бериш усулларида битта объектнинг талқини бутун ҳудуднинг барча жи­ҳатларини қамраб ололмайди ва бош­қарув самарадорлигини ҳам тў­лиқ очиб беролмайди. Шуни инобатга олиб, бизнингча, ҳудудлар ижти­моий-иқтисодий ривожланишини бош­қариш самарадорлигини аниқ­лаш учун янгича усулни татбиқ этиш лозим. Бу борада «ҳудуд – тизим» усу­лини қўл­лаш ва унинг барча узвий боғлиқ бўл­ган алоқаларини аниқлаш ҳамда тизимнинг хатти-ҳаракатига таъсир эти­шини намоён этадиган схемани яратиш масаланинг туб моҳия­тини очиб беришга хизмат қилади.
     Ҳудудларни самарали бошқариш муаммосини ҳал этишда тизимли ёндашувнинг бир қанча функцияларини келтириб ўтиш жоиз, яъни:
     ● бошқарувчи тизим;
     ● бошқариладиган тизим – жамиятнинг барча унсурларига объект сифатида қараш;
     ● ўзаро боғлиқ тизим – турли инс­титутлар алоқалари: тўғридан тўғри ёки билвосита; вертикал ёки горизонтал.
     Бу ерда бошқарувчи субъектдан бошқариладиган ахборот чиқади ва бошқариладиган объектдан қайта алоқа сифатида ахборотнинг узатилиши содир бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳудудлар ривожланишини бошқариш тизими жамиятда мавжуд бўлган барча ресурслар самарали сарфланишига шарт-шароит яратиб берилишини таъминлаши керак. Жумладан, моддий, интеллектуал, молиявий, ахборот, демографик ресурслар ва ҳо­казолар.
     Мамлакат иқтисодиёти ёки ало­ҳида ҳудуд ривожланишини тизимли бошқаришда уларга ягона тизим сифатида қараш, бир неча функционал боғлиқ иерархик бўғинлардан таркиб топганини ва ягона мақсад сари ҳара­катланишини қайд этиш лозим. Ҳу­дуд­нинг иерархик тузилиши тизимда мавжуд унсурларнинг ўзаро вертикал ҳамда горизонтал боғланишини юзага келтиради. Ҳудуднинг бошқа­риш тизими ўзига хос мураккаб бўлиб, у мавжуд гуруҳлар (хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўз-ўзини бош­қариш органлари, турли институтлар)ни ягона мақсад сари бирлаш­тириш билан бир қаторда, уларнинг манфаатларини инобатга олиш зарур. Демак, бу ерда турли манфаатларни мувофиқлаштириш, тузилмаларнинг ҳар бирини бозор қоидаларидан келиб чиқиб, индивидуал ривожланишига шарт-шароит яратиш, керак пайтда назорат қилиш ва мониторингини мунтазам олиб боришни йўлга қўйиш муҳим жиҳатлардан ҳисоб­ланади.
     Фикримизча, ҳудудлар ривожланишини тизимли бошқаришни лойи­ҳалаштиришда ривожланиш жараёни моделининг таркибини аниқлаб олиш лозим. Бу жараённи прогноз қилиш иложсиз бўлганлиги учун ҳам моделни турли вазиятларга тез мос­лаша оладиган таркиб ва параметрлар билан лойиҳалаштириш мақ­садга мувофиқдир. Бошқача айтганда, моделда иштирок этадиган таркиб ва параметрлар жараённинг ўзгаришига қараб тез мослашувчан, зарур пайтларда уларнинг ўзи ҳам ўзгара оладиган бўлиши лозим. Бунинг учун ҳудудлар ривожланишининг ҳар бир даврида танланган моделнинг параметрлари ўзгарувчиларнинг кириш ва чиқиши билан баҳоланиши зарур.
     Маълумки, ҳудудий тизим бир қан­ча унсурлардан таркиб топган ҳол­да, улар ўртасидаги боғлиқлик да­ражаси ҳам юқори ҳисобланиб, унсурлар ўртасида нофункционал боғ­лиқлик мавжуд. Таассуфки, айнан ушбу алоқалар уларни бир бутун тарз­да ривожланишига тўсқинлик қи­ла­ди. Шу боис, «Ҳудудлар ривожланишини стратегик бошқариш кон­цепцияси»ни ишлаб чиқиш лозим. Чунки ҳудудни яхлит бозор, ижтимоий субъект ва иерархик алоқалар тизими сифатида таҳлил қилиш ўрин­лидир.
     Ҳудуднинг ишлаб чиқариш сало­ҳиятини баҳолаш назарий ва амалий жиҳатдан ниҳоятда муҳим бўлиб, бу ерда жойлашган ишлаб чиқариш кор­хоналари салоҳиятини аниқлаш, уларни жамлаш мамлакат иқтисодий салоҳиятини белгилашда зарурий шарт ҳисобланади. Чунки, бу корхоналарни ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳисоблаш, сарфланган ресурсларни, шу билан бирга, уларни келажакда қайта тақсимлаш ва оқилона инвес­тиция сиёсатини амалга ошириш учун зарур. Ишлаб чиқариш харажатларини ҳисоблаш корхонанинг иқти­содий салоҳиятини баҳолашда бозор шароитида олаётган фойдасини ҳи­соблашда қанчалик муҳим бўлса, ҳу­дуд учун ҳам унинг ижти­моий-иқти­содий салоҳиятини баҳо­лаш шунчалик аҳамиятлидир.
     Бугунги кунда ҳудуд салоҳиятини баҳолашда аҳоли сони билан биргаликда, уларнинг даромадлари, жам­ғар­малари ва орттирган мулклари ҳамда аҳолининг интеллектуал сало­ҳияти ҳам ҳисобга олинади. Ушбу кўрсаткичлар ҳамда ҳудудда мавжуд бўлган ишлаб чиқариш ресурслари аниқланиб, ишлаб чиқариш кучлари жойлаштирилади ва ҳудуднинг инвестицион дастури ишлаб чиқилади.
     Замонавий глобал рақобат шароитида ижроия ҳокимиятининг асосий эътибори иқтисодиётни жадал ва барқарор ривожлантиришнинг инновацион ривожланишига, илмий салоҳият мавжуд бўлган соҳаларда инновацион фаолликни кучайтиришга қаратилиши лозим.
Инновацион ривожланиш манбасини тадқиқ қилиш ҳудуднинг шаклланган инновацион салоҳиятини таҳ­лил ва синтез қилишни талаб қи­лувчи комплекс муаммо ҳисобла­нади, бу эса, ўз навбатида, ушбу ривожланиш имкониятларини акс эттиради.
     Инновацион салоҳиятни ўлчашда Халқаро иқтисодий форум (ХИФ) глобал рақобатбардошлик ҳисоботла­рини тайёрлашда фойдаланиладиган «Глобал рақобатбардошлик индексининг инновацион салоҳият субиндекси («Growth Competitive Index» – GCI) кенг қўлланилади. Иқтисодиёт ривожланишининг жорий даражасини акс эттирувчи ушбу кўрсаткич, қис­қа муддатли ривожланишда миллий иқтисодиётнинг барқарор иқти­содий ўсишга эришиш қобилиятини аниқлашга қаратилган. «GCI» мамлакатларнинг қисқа муддатли ҳамда узоқ муддатли ривожланишида иқти­содий ўсишга таъсир қилувчи технологиялар, давлат институтлари ва мак­роиқтисодий ҳолат категорияларига асосланади.
     «GCI» 90 дан зиёд ўзгарувчанларни жамлайди ва тўққизта индексга асосланади. Улардан бири инновацион фаолиятдир. Рақобатбардош­ликнинг глобал индекси ЯИМни аҳо­ли жон бошига тўғри келадиган даражасидан келиб чиққан ҳолда барча мамлакатлар ривожланишини учта асосий ва иккита ўтиш даври бў­йича тақсимлайди: ресурсларга таянган ривожланиш босқичи (аҳоли жон бошига ЯИМ < 2000 АҚШ доллари), самарадорликнинг ўсиш бос­қичи (аҳоли жон бошига 3000–9000 АҚШ доллари) ва инновацион ривожланиш босқичи (аҳоли жон бошига ЯИМ > 17000 АҚШ доллари).
     ХИФ экспертларининг услубиятига мувофиқ, қисқа ва узоқ муддатли ривожланишда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш имкониятлари тенг даражада бўлган учта ўзгарувчан категорияларга боғлиқ бўлиб, яъни, улар макроиқтисодий муҳит, давлат институтлари ва технологиялардан иборатдир.
     Ҳудудлар кесимида инновацион салоҳиятни баҳолаш алгоритми уч босқичда амалга оширилади. Бу борада олимлар мавжуд кўрсаткичларни икки гуруҳга – умумлашма ва хусусий кўрсаткичларга ажратиш лозимлигини таъкидлайдилар. Улардан биринчиси – базавий таснифлагич сифатида юзага чиқади ва чегаравий аниқлашни талаб қилади, иккинчиси – ёрдамчи вазифани бажаради ва асосан ҳудудий инновацион ривожланишда ушбу ҳолатларни тушунтиришга хизмат қилади.
     Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳудудларнинг инновацион ривожланиши ва унга баҳо беришда инсон капиталининг ҳолати, ҳудудда­ги мавжуд техник-технологик ишланмалар, ихтиролар сони, уларнинг аҳо­ли сонига нисбати бўйича кўрсаткичларни таҳлил қилиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу борада ҳудудларнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш бўйича хорижий давлатларнинг илғор илмий-услубий тажрибаларини Ўзбекистон шароитига мослаштириш ва амалий тавсия­ларни ишлаб чиқиш соҳа тад­қиқот­чиларининг асосий вазифаларидан биридир.
     Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига баҳо беришда иқтисодий ресурслар, интеллектуал салоҳият ва ушбу салоҳиятдан амалда нечоғлиқ фойдаланилаётганлиги, унинг ресурс салоҳиятидан техник ва технологик жиҳатдан фойдаланиш имкониятлари ва уларнинг кўламидан келиб чи­қиб, бошқа омилларнинг инобатга олиниши ва турли ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши зарурий шартлардан ҳисобланади.
Зеро, умумэътироф этилган ва амалиётда ўз тасдиғини топган ишланмаларни ўрганиш ва татбиқ этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда амалга ошириш ҳудудларнинг комплекс равишда ривожлантирилиши учун ишлаб чиқи­лаётган ҳудудий дастурлар ва концепцияларнинг самарали натижа беришини таъминлайди.
     Ҳудуднинг бошқариш тизими ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, у мавжуд гуруҳлар (хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат таш­килотлари, ўз-ўзини бошқариш органлари, турли институтлар)ни ягона мақсад сари бирлаштириш билан бир қаторда, уларнинг манфаатларини ҳам инобатга олиши талаб этилади.

Шерзод МУСТАФАҚУЛОВ,
иқтисод фанлари номзоди;

Баҳодир АҲМЕДОВ,
Банк-молия академияси тингловчиси


Article printed from Экономический вестник Узбекистана: https://evu.uz

URL to article: https://evu.uz/magazine/o-zbek-mahalliylashtirish-sanoatni-rivojlantirish-asosi.html

URLs in this post:

[1] Узбекский: https://evu.uz/uz/magazine/o-zbek-mahalliylashtirish-sanoatni-rivojlantirish-asosi.html/print

Copyright © 2015 EVU. All rights reserved.