Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2020 йилда Ўзбекистон банк-молия соҳасида рақамли трансформация ишлари фаол амалга оширилди. Буни бир томондан, тижорат банклари дунё банк бизнесини ўзлаштиришга интилаётган муқаррар жараён, иккинчи томондан эса кутилмаган пандемия шароити туфайли юзага келган зарурат ҳосиласи, дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, ўтган йили коронавирус пандемияси таъсирида жаҳон бўйлаб оғир вазият ҳукм сурди. Карантин туфайли айрим соҳаларда «иқтисодий таътил»лар эълон қилинди. Бу борада мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ўз вақтида қабул қилинган муҳим қарорлар кўпгина тармоқлар қатори республика молия бозорини ҳам катта зарар кўришдан асради.
Хусусан, «Ўзсаноатқурилишбанк» тизимида йил бошида Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) мутахассислари билан ҳамжиҳатликда бошланган трансформация тадбирларининг 2-босқичи бўйича ишлар бир зум ҳам тўхтамади. Аксинча, лойиҳаларнинг аксарияти карантин шароитидан келиб чиқиб, ўз муддатидан аввал ҳаётга татбиқ этилган бўлса, заруратга кўра яна бошқа янги лойиҳаларга ҳам қўл урилди.
Банк бошқарувидаги ўзгаришлар
Трансформация жараёнида халқаро талабларга мос бўлган корпоратив бошқарув ва риск менежмент тизими яратилди. Бунинг учун Бош банкда Корпоратив бошқарув хизмати ҳамда корпоратив маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Банк Кенгаши таркибига 4 нафар мустақил аъзо қўшилди. Кенгаш ҳузурида 5 та янги қўмита (Стратегия, Тайинлаш ва рағбатлантириш, Йирик ва манфаатли битимлар, Таваккалчиликларни назорат қилиш, Аудит қўмиталари) ташкил этилди.
Мижозларга йўналтирилган банкнинг янги ташкилий тузилмаси жорий қилинди. Халқаро тажриба асосида ташкилий тузилмалар 5 та, жумладан, Корпоратив, кичик ва ўрта бизнес, чакана бизнес, Кредит, Операцион, Риск, Молия блокларига ажратилди.
«Ўзсаноатқурилишбанк»да биринчи марта Лойиҳа бошқаруви (PMO) фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир бизнес йўналишларида мижозбай хизмат кўрсатувчи универсал ходимлар тайёрланди (RM).
Молиявий режалаштириш ишларини автоматлаштириш йўналишида Германиянинг SAP компанияси дастури асосида молиявий прогнозлаштириш тизими, CERT халқаро стандартлаштириш ташкилоти билан ҳамкорликда «антикоррупция» тизими ишга туширилди.
Чакана бизнес йўналишида ишлаётган барча ходимларни KPI тизими асосида рағбатлантириш йўлга қўйилмоқда.
Чакана банк бизнеси
Чакана банк бизнесида амалга оширилаётган трансформация ишларида банк хизматларини халққа илғор технологиялар асосида оддий ва қулай тарзда етказишга устувор аҳамият берилмоқда.
Хусусан, банк хизматларини мижозларга яқинлаштириш мақсадида банк хизматлари офислари 42 тага, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари (24/7) 89 тага етказилди.
Филиаллар тармоғида мижозларга банк хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида қўшимча 30 та электрон навбат ускунаси ўрнатилиб, қамров 90 фоизга етказилди.
Рақамли банк хизматларини кўрсатиш йўлида аҳоли учун мутлақо янги 58 та хизмат турини ўз ичига олган «Joyda» мобил иловаси ишга туширилди. Илова билан биргаликда хизмат ва товарларни истеъмол кредити ҳисобига масофадан сотиб олиш имконини берувчи электрон савдо майдончаси (маркетплейс) ташкил этилди.
Шунингдек, мазкур мобил илова орқали банкда пластик карта очган мижозларга онлайн микроқарз ажратиш, хорижий валютани миллий валютага конвертация қилиш, «Золотая корона» халқаро пул ўтказмалари тизимидан келган маблағни тўғридан-тўғри пластик картага ўтказиш хизматлари ишга туширилди.
Пластик картага онлайн буюртма бериш ва уларни мижозларга етказиш, жисмоний шахслар учун кредит қарздорликларини СМС-хабарнома орқали тўлаш хизмати жорий этилди. Натижада муомаладаги пластик карталар сони 31 фоизга ортиб, 1,3 млн. донани, ўрнатилган терминаллар 23 фоизга ўсиб, 35,2 минг тани, банкомат ва инфокиосклар тармоғи 24 фоизга кўпайиб, 423 тани ташкил қилди. Масофавий хизматлардан фойдаланувчилар сони 2,1 баробарга ортиб, 1,7 млн. нафарга етди.
Visa карталари учун 3D Secure ҳимоя тизими ишга туширилди.
Банкнинг сармоявий фаолияти
Коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш борасида «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра карантин сабабли қийин аҳволга тушиб қолган 1235 нафар тадбиркорни қўллаб-қувватлаш учун 4 трлн. сўм, 91 та экспортёрга 2,6 трлн. сўм кредит ажратилди, 3 809 та мижознинг 2,9 трлн. сўмлик кредитлари муддати 6 ойга узайтирилди. 132 та экспортёрга айланма маблағларни тўлдириш учун 3,6 трлн. сўм молиялаштирилди.
Мижозларни тезкор кредитлаш мақсадида тадбиркорлар учун 26 турдаги, йирик корхоналарга 8 турдаги ва аҳоли учун 22 турдаги модулли кредитлар жорий қилинди. 630 млрд. сўм миқдоридаги 2197 та кредит ана шу механизм асосида ажратилди.
Тадбиркорлар ва аҳолини кредитлашда инсон омили иштирок этмайдиган янги скоринг тизимига асосланган Андеррайтинг йўлга қўйилди. Бу билан аввалги 5 поғонали кредитлаш тизими 2 поғоналига туширилди.
Ўзбекистонда биринчи бўлиб яшил лойиҳаларни молиялаштириш механизми ишга туширилди. Бу йўналишда молиялаштирилган дастлабки лойиҳалар сони 17 та бўлиб, уларга 31,9 млн. АҚШ доллари жалб қилинди.
Шунингдек, жами 978 та лойиҳа, шундан ҳудудларни ривожлантириш дастурларига асосан 966 та лойиҳа молиялаштирилди. Шаҳрисабз туманидаги «Шаҳрисабз текстиль» МЧЖнинг йилига 5,8 минг тонна синтетик тола ва мато ишлаб чиқариш, Фарғона шаҳридаги «Ўз-сеганг» қўшма корхонасининг йиллик қуввати 5,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, Сардоба туманидаги «Сардоба оқсарой текстиль» МЧЖнинг йилига тайёр ҳолдаги 1,4 млн. дона маҳсулот ва 900 минг тонна мато ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳалари шулар сирасига киради.
Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 1149 млн. АҚШ доллари ҳажмида халқаро молия муассасалари ва чет эл банкларининг кредит линиялари жалб қилинди. Бу йўналишда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Осиё тараққиёт банки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, «Raiffeisen Bank» (Австрия), «Commerzbank» (Германия), «Гаспромбанк», «Промсвязьбанк» (Россия) кабилар билан ҳамкорлиги юқори суръатда давом этди.
Умуман олганда, пандемия шароитига қарамай, ортда қолган йил «Ўзсаноатқурилишбанк» учун сермаҳсул кечди. Республика тижорат банклари орасида умумий капитали (6,7 трлн. сўм, ўсиш 2019 йилга нисбатан 7 фоиз), жами активлари (49 трлн. сўм, ўсиш 2019 йилга нисбатан 1,4 баравар) ҳамда кредит қўйилмалари (қарийб 40 трлн. сўм, ўсиш 2019 йилга нисбатан 35 фоиз) ҳажми жиҳатидан 2-ўринни эгаллади. Депозит базаси 2,4 трлн. сўмга ёки 1,3 баробарга ўсиб, 11,4 трлн. сўмни ташкил қилди (4-ўрин). Банк кредит портфелида хорижий валютада кредитлар улуши 66,8 фоиздан 68,6 фоизга ўсди. Бундан ташқари «Fitch Ratings», «Standard & Poor’s» халқаро рейтинг агентликларининг «ВВ-» ҳамда «Ahbor-Reyting» миллий рейтинг агентлигининг «АА-» рейтинг баҳолари ҳам ушбу банкнинг бозор мавқейи сақланиб қолишида муҳим омил бўлди.
Жорий йилдан Халқаро молия корпорацияси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Ўзсаноатқурилишбанк» фаолиятини трансформация қилишнинг 3-босқичи бўйича жараёнлар бошланди. Бу йилги лойиҳаларнинг ҳам ҳар бири мижозлар манфаатларига йўналтирилган бўлиб, уларни татбиқ этиш ишлари жадаллик касб этмоқда.
«Ўзсаноатқурилишбанк» Ахборот хизмати