Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Инсоннинг ҳаёт тарзи уч нарса билан бахтли кўриниш олади: «муҳаббат, қизиқарли касб, саёҳат қилиш учун имконият», деган эди Иван Бунин. Ҳақиқатан ҳам, саёҳат ҳордиқ чиқаришнинг энг мароқли, қизиқарли ҳамда энг қимматли тури ҳисобланади. Айни пайтда туризмдан келаётган даромадлар нефть ва автомобиль саноати билан рақобатлашаётгани фикримиз исботидир. Яъни, туризм имкониятлари мавжуд мамлакатларда иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари параллель равишда тараққий эттирилмоқда. Маълумотлардан маълум бўлишича, баъзи давлатларнинг туризмдан келаётган даромади ЯИМнинг 15–35 фоизини ташкил этмоқда.
Жаҳон туристик ташкилоти концепциясида туризмнинг барқарорлигига эришиш – келажак учун режалаштирилаётган имкониятларни яхшилаш ва кенгайтириб боришда, ҳудудлар эҳтиёжлари ва фаровонлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши қайд этилади. Бу эса, ўз навбатида, табиий ва ижтимоий ресурсларни тўлиқ сафарбар этишда ўзига хос тизим ҳисобланади. Жумладан, ижтимоий-иқтисодий ва эстетик эҳтиёжларни, маданий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга, экологияга нисбатан муносабатларни тартибга келтиришга, биологик хилма-хилликни асраб-авайлашга, аҳолининг ҳаёт даражаси тубдан яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Туризм бозорининг мавжуд аҳволи мамлакатнинг ижтимоий – сиёсий ва иқтисодий ҳолатига баҳо беради. Яъни, у мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда инвестиция ва капитал оқимини таъминлаш даражаларини аниқлашда муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Туризм нафақат иқтисодий жиҳатдан даромад келтиради, балки алоқа, қурилиш саноати ривожланиши, транспорт коммуникациялари шаклланиши ҳамда аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқарилиши, меҳмонхона инфратузилмаси такомиллаштирилиши, маиший хизмат кўрсатиш сифатини оширишга самарали таъсир қилади. Айниқса, иш билан таъминлашда мазкур соҳанинг ўрни беқиёс. Айни пайтда жаҳонда 292 млн нафардан ортиқ киши туризм соҳасига жалб қилинган. Туризмнинг ҳар тарафлама тараққий эттирилиши мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жабҳалари юксалиши учун ҳамда ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, шунингдек, талаблар даражасидаги кемпинг, мотель, меҳмонхоналар қурилиши, ресторанлар, йўллар бунёд этилиши, тарихий ёдгорликлар таъмирланиши, атроф-муҳит мусаффолиги таъминланиши, ҳудудлар ободонлаштирилиши учун сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизнинг бой тарихи, қадимий ёдгорликлари, мўътадил иқлими ҳамда меҳмондўст халқи хорижликларни ўзига жалб қилиши табиий. Айниқса, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ришталари, миллатлараро бағрикенглик муносабатлари ўрнатилгани туризм ривожланишининг энг муҳим омиллари ҳисобланади. Юртимизда туристларга исталган шаклдаги хизмат турларини таклиф этиш имкониятлари мавжуд. Бугун туристик имкониятларимизнинг 33 фоизи архитектура ёдгорликлари билан боғлиқ. Яъни, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиз очиқ осмон остидаги ўзига хос музейлар сифатида юртимизнинг кўп асрлик тарихини намойиш этмоқда. Улар Миср, Ҳиндистон, Қадимги Греция ва Рим ёдгорликларидек муқаддас зиёратгоҳлар эканлигини ташриф буюраётган сайёҳлар қайта ва қайта тилга олишмоқда.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари қабул қилинишига ҳам катта аҳамият берилмоқда. Қайд этиш керакки, 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда миллатлараро алоқаларни кенгайтириш, халқаро туристик бозорга интеграция қилиш, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва маънавий меросини тарғиб қилиш ва шу билан бирга, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга алоҳида урғу берилган. Ушбу мақсадларни амалга ошириш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг минтақавий бўлинмалари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган. Қўмита республиканинг экспорт имкониятлари ва туризм инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга оширмоқда.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 30 июнида қабул қилинган «Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида»ги фармони мазкур йўналишдаги долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон туризм бўйича халқаро ярмаркаларнинг доимий иштирокчиси эканлиги, Тошкент шаҳрида ҳар йили мунтазам ўтказилаётган «Буюк ипак йўли бўйлаб туризм» халқаро ярмаркаси ўзбек туризми имкониятини, унинг маълум бир қирраларини намойиш этмоқда. Шундай кўргазмалар жаҳон туристик компанияларини мамлакатимизда туризмнинг ривожланиши билан яқиндан таништириш ва ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиши учун замин яратади.
Ўзбекистонда транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли, сўнгги йилларда қиймати уч млрд долларлик инвестициялар ҳисобидан узунлиги 2600 км бўлган замонавий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилди. Шунингдек, кемпинглар, овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш масканларидан иборат кўплаб йўлбўйи инфратузилма объектлари барпо этилди. Жумладан, самарали фаолият кўрсатаётган 11 та халқаро аэропортда энг замонавий авиалайнерлар, тезюрар поездлар туристларга ўз саёҳатларини тез, қулай ва хавфсиз ташкил этиш имконини бермоқда.
Мана шундай чора-тадбирлар, яратилаётган шарт-шароитлар ва қулайликлар натижасида мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сони икки миллион нафардан ошмоқда. Айни пайтда, республикамизда туризм соҳасида 200 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётгани, ҳар йили улар сафи мунтазам кенгайиб бораётгани тўғрисидаги кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг келажакда дунёнинг туризм соҳаси ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиш учун астойдил ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
Туризм иқтисодиётнинг таркибий қисмларидан бири сифатида давр талаблари даражасида фаолият кўрсатишига эришиш жуда кўплаб тармоқларнинг бир-бирига узвий боғланишига, яхлит тизим шаклига келтирилишига, ишлаб чиқариш жараёнлари ва хизмат кўрсатиш турлари бевосита ва билвосита ривожланишига замин яратади.
Мамлакатимизнинг туризм индустрияси бозор муносабатларига босқичма-босқич мослаштирилмоқда. Республикамизда мавжуд бўлган шарт-шароитларни халқаро туризм талабларига, умумжаҳон тенденцияларига мувофиқ ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада республикамизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳар тарафлама чуқур таҳлил қилиш, турли мезонлар ҳамда қарашларни умумлаштириш йўли билан кўзланган мақсадларни амалга ошириш мумкин.
Бутунжаҳон туризм ташкилотининг тавсиялари ва мезонларига эътибор қаратиш, мазкур бозордаги талаб ва таклифнинг ўзаро мутаносиблигига эришиш талаб этилади. Масалан, ички туризм бозоридаги нархлар даражасини қайтадан кўриб чиқиш, хорижий туристик фирмаларга бераётган таклифларни ва тарифларни «чўнтакбоп» қилиш уларнинг қизиқишлари ошишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш таклифларимизни жаҳон андозалари даражасига етказиш имконини беради.
Бу жиҳат туристик оқим йўналишлари самарали ташкил этилишига, талаб ва таклиф мувозанатлари меъёрлашишига таъсир қилади. Мисол учун, туризм соҳаси ривожланган мамлакатларда туризм турлари уйғун ҳолатда, мутаносиб равишда ташкил этилади, унинг мунтазамлигига, хизмат қилувчи барча омилларнинг мувозанати сақлаб турилишига катта эътибор берилади.
Статистик маълумотлар таҳлиллари шуни кўрсатадики, четдан кириб келувчи ҳамда ички сайёҳлар ўртасидаги тафовутларни камайтиришга эришиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу, четга чиқувчи ҳамда четдан кирувчи, ички сайёҳлик баланслари ўртасидаги фарқни камайтириб бориш билан бевосита боғлиқ. Мазкур ўринда ушбу йўналишлар фаолиятини алоҳида-алоҳида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Миллий туризм истиқболларидан бири – малакали туризм хизматларининг йўлга қўйилиши ҳамда оммабоплигини таъминлаш, ҳар тарафлама жозибадорлигини ошириш сайёҳлар сонининг узлуксиз кўпайиб боришига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда сайёҳлик индустриясининг жадал ривожлантирилиши бўйича амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ҳудудларнинг табиий ва ижтимоий ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаётган маҳаллий дастурлар ижроси яқин келажакда ўз натижаларини бериши шубҳасиз.
Хуллас, ҳар жиҳатдан имкониятларга бой бўлган юртимизнинг жаҳон туризмининг муҳим марказларидан бирига айланишида, унинг барқарор ривожланишида давлат ҳамда маҳаллий дастурлар ижроси мақсадни амалга оширишда дастуриламал бўлади.
Ғайбулла ҚЎЧҚОРОВ,
иқтисод фанлари номзоди